Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:58

Россиянинг бўлгинчи ҳудудларни тан олиши нимани англатади?


Reuters манбасига кўра, Владимир Путин кеча душанба куни Франция ва Германия раҳбарларига Украина шарқидаги икки бўлгинчи вилоятни мустақил деб тан олиш ҳақидаги фармонни имзолашни режалаштираётганини маълум қилди.

Қўшма Штатлар Россия Украина чегаралари яқинида тўплаган 190 000 лик қўшин билан Украинага бостириб киришга тайёрланаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Бўлгинчи ҳудудлар ҳақида

Донецк ва Луганск (умумий қилиб Донбасс деб аталади) вилоятларидаги Россия қўллаб-қувватлайдиган айирмачилар 2014 йилда Украина ҳукумати назоратидан чиқиб, ўзларини мустақил “халқ республикалари” деб эълон қилди. Шу пайтгача бу ҳудудлар расман тан олинмаган. Ўшандан бери жангларда 15 мингга яқин одам ҳалок бўлгани айтилади.

Россия можаро иштирокчиси эканлигини инкор этган, бироқ Москва айирмачиларни турли йўллар билан, жумладан яширин ҳарбий ва молиявий ёрдам, COVID-19 вакциналарини етказиб бериш ва 800 000 аҳолига Россия фуқаролигини бериш орқали қўллаб-қувватлаб келади. Москва Украинага бостириб кириш режасини рад этиб келмоқда.

Россиянинг тан олиши нимани англатади?

Россия биринчи марта Донбассни Украинанинг бир қисми деб ҳисобламаслигини айтмоқда. Бу эса Москвага Украинадан ҳимоя қилиш баҳонасида сепарат ҳудудларга очиқдан-очиқ ҳарбий куч киритишига йўл очиши мумкин. Россия парламенти депутати ва Донецкнинг собиқ сиёсий етакчиси Александр Бородай ўтган ой Reuters’ агентлигига айирмачилар Украина кучлари назорати остидаги Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисмини назорат қилиш учун Россиядан ёрдам сўрашини айтган эди. Агар бу амалда содир бўлса, бу Россия ва Украина ўртасида очиқ ҳарбий можаро келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Минск тинчлик жараëни

Россиянинг сепарат ҳудудларни тан олиши 2014-15 йиллардаги Минск тинчлик келишувларини амалда йўққа чиқаради. Келишув бандлари ҳали ҳануз амалга оширилмаган бироқ, барча томонлар, хусусан, Москва мазкур битимни энг яхши ечим сифатида кўради. Ушбу келишув Украинадаги икки вилоятга мухторият беришни назарда тутади.

Ғарбнинг жавоби қандай бўлади?

Ғарб ҳукуматлари Москвани Украина чегарасига даҳл қилгудек бўлса, бунга оғир молиявий санкциялар билан жавоб берилиши ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта бўлгинчи ҳудудларни тан олиш “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказади. Бу халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш ҳисобланади ва Россиянинг дипломатияни давом эттириш мажбуриятини шубҳа остига қўяди”, дея баёнот берган эди.

Унинг қўшимча қилишича, тан олиш қарори Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларини “тезкор ва қатъий” жавоб чораларини кўришга ундайди.

Россия илгари ҳам бўлгинчи ҳудудларни тан олганми?

Москва 2008 йилда Грузия билан қисқа уруш олиб борган Абхазия ва Жанубий Осетиянинг мустақиллигини тан олган эди. Ўшанда ҳам Россия айирмачиларга молиявий ёрдам берган, кўпчилик аҳолига Россия фуқаролигини тақдим қилган ва у ерда минглаб ҳарбийларни жойлаштирган.

Москва учун бунинг “+” ва “–” лари

Грузия билан бўлган ҳолатда, Россия қўшни собиқ Иттифоқ давлатида муддатсиз ҳарбий иштирокини оқлаш учун бўлгинчи ҳудудларни тан олишдан фойдаланган ва Грузияни ўз ҳудуди устидан тўлиқ назорат қилишдан маҳрум қилиб, НАТОга бўлган интилишларини фалаж қилган. Айни шу фикрлар Украинага ҳам тегишли.

Бошқа томондан, Москва узоқ вақтдан бери Минск жараёнига содиқлигини даъво қилиб, сўнг ундан воз кечгани учун халқаро санкциялар ва танқидларга дуч келади. Қолаверса, саккиз йиллик уруш натижасида вайрон бўлган ва кенг кўламли иқтисодий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган икки ҳудуднинг жавобгарлиги ҳам Кремлнинг елкасида бўлади.

XS
SM
MD
LG