Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2022, Тошкент вақти: 13:32

Ўзбекистон хабарлари

Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларида ўқиётган талабалар ўқиши Ўзбекистонга кўчирилади

Россиялик талабалар амалий машғулот чоғида (иллюстратив сурат)

Россия Федерациясининг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига кўчирилади. Давлат тест маркази маълумотига кўра, бунга давлат комиссиясининг 7-сонли баёни билан истисно тариқасида рухсат берилган.

Комиссия қарорига мувофиқ, талабаларнинг ўқиши уларнинг аризаларига мувофиқ доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош (мос ва турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин бўлган) таълим йўналишига кўчирилади.

“Ўқишни кўчириш бўйича аризалар 2022 йил 1 ноябрдан 20 ноябрга қадар Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти (“Россия Федерациясидан ўқишни кўчириш” бўлими) орқали қабул қилинади”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Озодлик Курск тиббиёт университетида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларнинг бир гуруҳи президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқишиб, Россия билан Украина ўртасидаги тўқнашув кундан-кунга кучайиб бораётганларидан хавотирланганлари учун ўқишларини Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кўчиришни сўрашгани ҳақида хабар қилган эди.

Хабар ортидан Ташқи ишлар вазирлиги талабалар мурожаати Россиядаги ўзбек дипломатлари томонидан ўрганилаётганини билдирган.

Кун янгиликлари

Путин “уч томонлама газ иттифоқи” бўйича келишилиши лозим бўлган масалалар кўплигини айтди

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқи тузиш масаласи ўзаро мувофиқлаштирувни ва муросавий қарорлар қабул қилишни талаб этишини билдирди, дея хабар қилди РИА Новости агентлиги.

Агентлик қайдича, Путин бу борада “ўзаро мувофиқлаштирувни, қайта ишловни ҳамда келишилган ва балки ҳатто муросавий қарорларни қабул қилишни талаб этувчи масалалар жуда кўп”лигини айтаркан, масаланинг ечими аниқ топилиши мумкинлигини урғулаган.

“Яъни шу жиҳатдан бу қандайдир энергетика альянси бўлиши мумкин”, деган Россия президенти.

Владимир Путин Евросиё иқтисодий иттифоқи олдидаги мажбуриятлар масаласига ҳам тўхталган.

“Ўзбекистон ҳозирча кузатувчи мақомида, бироқ бу ҳолат ўша Ўзбекистон учун ҳам ЕОИИ ишига янада диққат билан қараш ва ташкилот билан туташ нуқталарни топиш учун сабаб бўлиши мумкин”, деган В. Путин.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истагини Владимир Путин ўтган ой охирида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Москвадаги учрашуви чоғида билдирган эди.

ОАВ: Ўзбекистон ҳукумати айрим озиқ-овқат ва ёғилғи маҳсулотлари нархларини назорат остига олиш ниятида

Ўзбекистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотлари, бензин, кўмир ва бошқа шу каби стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархида барқарорликни таъминлаш ва уларни назорат қилиш бўйича яқин кунларда қарор қабул қилади. Бу ҳақда хабар қилган Podrobno.uz нашри маълумот манбасини очиқлаган эмас.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат қабул қилинганидан кейин Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин, кўмир, металл, цемент ва бошқа шу каби 45 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар ҳамда ун, гўшт, нон, шакар, ўсимлик мойи ва бошқа шу каби 10 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол моллари нархининг асоссиз оширилиши устидан назоратни амалга оширади.

Бу вазифани адо этиш учун қўмита мазкур товарлар нархларининг ўзгариш динамикаси кузатади, нарх ўсишига таъсир кўрсатаётган омил ва сабабларни таҳлил қилади.

Нархлар асоссиз оширилгани ва сотувчиларнинг ўзаро тил бириктиргани аниқланган тақдирда, қўмита мутахассисларига мулкчилик шакли қандай бўлишидан қатъи назар, хўжалик субъектлар биноларига кириш ва омборда сақланаётган захираларни инвентаризация қилишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, қўмита ортиқча маҳсулот топилган тақдирда, уларни сотиш ва асоссиз оширилган нархларни пасайтириш бўйича мол эгалари бажариши мажбурий бўлган буйруқ ва йўриқномаларни чиқаради.

Бу буйруқлар муддатида бажарилмайдиган бўлса, тегишли тартибда жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўрилади.

Нашрнинг ёзишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур қарорнинг қабул қилиниши стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилишига ишонмоқда.

Ўзбекистонда аҳоли сони 36 миллиондан ошди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда доимий аҳоли сони, 2022 йилнинг 9 декабрь ҳолатига кўра, 36 миллион нафардан ошган.

Давлат статистика қўмитаси қайдича, бундан 18 миллион 76 минг 273 нафарини эркаклар, 17 миллион 849 минг 466 нафарини эса аёллар ташкил қилган.

Аввалроқ қўмита Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи, аниқроғи 50,7 фоизи шаҳарларда, 49,3 фоизи эса қишлоқларда истиқомат қилиши ҳақида маълумот тарқатган.

Марказий Осиё минтақасида энг кўп одам яшайдиган Ўзбекистон айни пайтда аҳоли сони бўйича жаҳондаги мамлакатлар орасида 41-ўринда турибди.

Академик Абдумавлон Абдуллаев вафот этди

Олим ўзининг қарийб 70 йиллик илмий фаолияти давомида Фанлар академиясида меҳнат қилди.

Ўзбекистонда генетика соҳасининг етакчи намояндаси, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Абдумавлон Абдуллаев 8 декабрь куни 92 ёшида вафот этди. Бу ҳақда президент расмий сайтида маълум қилинди.

1930 йилнинг 13 июлида Наманган вилоятида туғилган Абдуллаев 1952 йили Ўрта Осиё давлат университетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Ўсимликшунослик илмий текшириш институти Ўрта Осиё тажриба станциясининг кичик илмий ходими лавозимида бошлади. 1961 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Олим ўзининг қарийб 70 йиллик илмий фаолияти давомида Фанлар академиясида меҳнат қилди. Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти кичик, катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, ЎзРФА Президиумининг қишлоқ хўжалиги фанлари бўлими раиси ҳамда умрининг сўнгги кунларигача институти бош илмий ходими лавозимида ишлади.

“А.Абдуллаев илмий фаолияти давомида ғўза генетикасининг фундаментал асосларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Олим яратган илмий мактаб асосида ғўзанинг бир қатор янги навлари кашф этилди ҳамда генетика селекциясида ғўзанинг ёввойи турларидан фойдали донорлар сифатида фойдаланиш имконияти яратилди. Мамлакатимиз пахтачилик илм-фани ривожининг фундаментал асоси ва миллий бойлиги бўлган ғўза генлари коллекциясининг асосчиларидан биридир”, дейилади президент расмий сайтида эълон қилинган таъзияда.

У 600 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 10 дан ортиқ монографиялар муаллифи. Илмий мақолаларининг 300 дан ортиғи халқаро нуфузли журналларда чоп этилган.

Абдуллаевнинг раҳбарлигида 20 дан ортиқ фан доктори ва 40 га яқин фан номзодлари тайёрланган.

Академик “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” (1980), “Меҳнат шуҳрати” ордени (2003) “Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти” (2011) билан мукофотланган эди.

Ўзбекистонда ҳудудларнинг электр таъминотидан узишнинг мукаммал графиги ишлаб чиқилади

Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистонда 11 декабргача ҳудудларнинг электр таъминотидан узишнинг мукаммал графиги ишлаб чиқилади ва жамоатчиликка эълон қилинади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Газета.uz»га берган интервьюсида маълум қилди.

Унга кўра, ҳудудларни эълектр таъминотидан узиш графиги вилоят ва туман ҳокимлари, маҳаллий электр таъминоти корхоналари билан ҳамкорликдла ишлаб чиқилади. Вазирнинг айтишича, айни пайтда ҳам бу каби график мавжуд ва унга амал қилинмаяпти, чунки у мукаммал эмас.

Жўрабек Мирзамаҳмудов ўзи ишлаб чиқараётган электр энергиясидан ташқари Туркманистондан ҳам қўшимча электр сотиб олинаётганини айтган.

“Буларнинг барчасини эҳтиёжни қоплашга сарфлаяпмиз. Биз 20 млн кВт·соат электр энергиясини хориждан сотиб оляпмиз, бунинг учун кетган валютанинг бир қисмини қоплаш учун 5−6 млн кВт·соатга яқин электр энергиясини Афғонистонга сотяпмиз”, деди вазир.

Хоразмда бобо ва набира ис газидан вафот этди

Хоразм вилоятининг Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида яшаган 64 ёшли Ж. Р ҳамда унинг 13 яшар невараси Р. Б. 8 декабрь куни ис газидан заҳарланиш натижасида ўз уйида вафот этишган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот тарқатди.

“Олиб борилган дастлабки суриштирувлар натижасида воқеа содир бўлган хонадонда 9 нафар фуқаро бўлганлиги, шулардан 2 нафари вафот этганлиги ва қолган 7 нафари туман шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилганлиги ва уларнинг соғлиги яхши бўлганлиги учун уйига рухсат берилганлиги аниқланди”, дейилган ФВБ хабарномасида.

Қайд этилишича, икки фуқаронинг ўлими бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланган, ҳолат юзасидан тергов Янгибозор тумани прокуратураси томонидан олиб бориляпти.

Жорий йилнинг 1 ноябридан буён Ўзбекистон матбуотида ўлим билан тугаган ис газидан заҳарланиш бўйича 20 дан зиёд ҳолат ёритилган.

Президент Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи қолдирилди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи бошқа кунга қолдирилгани тўғрисида хабар берди. Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи 10 декабрда бўлиши кутилаётган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги билдирувида айтилишича, Ўзбекистон президенти йил охиригача Қирғизистонга ташриф қилади. Лекин бу ташриф қачон амалга оширилиши ҳозирча аниқ эмас. Расман билдирилишича, бундай қарор икки давлат президентларининг телефон орқали мулоқоти пайтида қабул қилинган.

“Бишкекда ўтадиган Евросиё иқтисодий кенгаши саммитига Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов келади”, дейилади вазирлик билдирувида.

Евросиё иқтисодий кенгаши саммити 9 декабрда бўлиб ўтади.

Бир неча кун олдин Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Ўзбекистон президенти 10 декабрда Бишкекка давлат ташрифи билан келишини билдирган эди.

«Газета.uz» ҳам Ўзбекистон президенти Администрациясидаги манбага таянган ҳолда Шавкат Мирзиёевнинг “Қирғизистонга давлат ташрифи Қирғизистон расмийлари айтганидек, шу ҳафта эмас, балки шу ой охирида бўлиб ўтади”, деб билдиргани тўғрисида хабар берди.

Ўзбекистон Ҳайратон - Мозори Шариф темир йўли бошқарувидан маҳрум этилганини рад этди

Ҳайратондаги "Дўстлик" кўприги- март, 2016.

Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўлини бошқариш Қозоғистоннинг Mansour Fatih ширкатига берилди, деб хабар берди Tolo News. Бироқ “Ўзбекистон темир йўллари” бу хабарни рад этмоқда.

Tolo News хабарида айтилишича, Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўлини бошқариш юзасидан Қозоғистон ширкати билан шартнома имзоланган.

Шартномани имзолаган Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Бахт Раҳмон Шарафат: “Биз бу ширкатга йилига 4,1 миллион доллар тўлайдиган бўлдик. Ўзбекистоннинг “Сўғдиёна транс”ига эса 15 миллион тўлар эдик. Бунинг эвазига “Сўғдиёна транс” Ҳайратонгача бўлган 22 километрга хизмат қўрсатар эди. Янги ширкат эса 106 километрга хизмат кўрсатади”, деб айтган.

Mansour Fatih ширкати раҳбари ўринбосари Бисенбай Маханов эса “Биз шартномани тендер орқали ютиб олдик”, деб билдирган ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мазкур йўналишдаги ходимлар сони кўпайтирилишини маълум қилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” 2010 йил ноябрида лойиҳавий қиймати 129 миллион долларга баҳоланган 75 километрлик мазкур линияни қуриб битирганини билдирганди.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг “Сўғдиёна транс” шўъба корхонаси 2011 йил декабрда Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини бошқариш ва таъмирлаш мақсадида ташкил этилган эди.

“Ўзбекистон темир йўллари” Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўлини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлганини рад этувчи баёнот берди.

Расман билдирилишича, 5-6 декабрь кунлари Афғонистон темир йўл бошқармаси билан Ҳайратон-Мозори-Шариф темир йўл участкасидан фойдаланиш бўйича 2023 йилга мўлжалланган музокаралар бўлиб ўтган.

“Музокаралар якунида Афғонистон ҳудудидаги темир йўлларга хизмат кўрсатиш (эксплуатация)да иштирок этиш учун афғонистонлик маҳаллий техник ходимларини босқичма-босқич жалб қилиш бўйича амалдаги шартномани узайтириш ва йўл харитасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди”, дейилади баёнотда.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг билдиришича, бундан олдин ҳам айни мана шу мавзуда асоссиз маълумотлар тарқатилган ва буни Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Бахт Раҳмон Шарафат расман рад этган.

Энергия муаммосини ҳал этиш учун Бош вазир раислигида ишчи гуруҳ тузилди

ЎзАнинг 8 декабрда хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан, Бош вазир Абдулла Арипов раислигида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилиб бориш бўйича ҳукумат ишчи гуруҳи тузилади.

Ишчи гуруҳга энергия тақчиллиги муносабати билан юзага келган вазиятни қисқа муддатларда чуқур таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тезкор чоралар кўриб бориш вазифаси юкланди.

Бундан ташқари гуруҳ электр ва газни биринчи навбатда аҳолига етказиб бериш заруриятини эътиборга олган ҳолда, мавжуд энергия ресурсларини мувозанатли тақсимлаб боради ва назорат қилади.

Гуруҳга муқобил энергия билан аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз таъминлаш ишларини жадаллаштириш, ижтимоий объектларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун зарур маблағларни ажратиш, уларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш, энергия тақчиллиги ва унинг оқибатида юзага келадиган салбий оқибатлар, айниқса иқтисодиётга таъсирини камайтириш мақсадида, комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш вазифаси ҳам юклатилди.

Президент администрациясида энергетик коллапсдан чиқиш йўллари муҳокама этилди

Ўзбекистонда энергетик коллапсдан чиқиш йўллари президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов 7 декабрда ўтказган йиғилишда кўриб чиқилди.

Йиғилишда президент маслаҳатчилари ва бош вазир ўринбосарлари вилоятларга бириктирилди ва уларга газ, электр энергияси, кўмир таъминотини яхшиланишини назорат қилишга кўрсатмаси берилди.

Бундан ташқари Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида кун-тун ишлайдиган штаблар ташкил этиш топширилди. Уларга аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиш топширилди.

Йиғлишида вилоятларга қўшимча табиий газ, суюлтирилган газ, электр энергияси ва кўмир етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Энергетика тармоғида юзага келган вазиятни енгиллаштириш учун товар газ етказиб бериш ҳажмини суткасига 5 миллион куб метрга оширишга қарор қилинди.

Шунингдек, 2023 йил 1 мартга қадар давлат идоралари тасарруфидаги сиқилган газда ҳаракатланадиган автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаш, уларни бензинга ўтказиш;

хорижий давлатлар билан қўшимча табиий газ, электр энергияси, кўмир, мазут харид қилиш бўйича музокараларни жадаллаштириш;

2 ой муддатга Аи-80 бензини импорти учун акциз солиғи ва уни чакана сотиш учун акциз солиғини ҳисоблаш ва ундиришни тўхтатиб туриш;

биржа сотувларига қўйилаётган Аи-80 бензининг кунлик ҳажмини ошириш;

Аи-80 бензини нархининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, нарх ошиши бошланғич нархнинг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслигини таъминлаш.

Тегишли соҳа ва тармоқлар раҳбарларига шу ва бошқа топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш, қилинган ишлар юзасидан кунлик ҳисобот киритиб бориш топширилди.

Самарқандда 2 минг йиллик қозон топилди – у 29 йилдан буён маҳаллий турғун рўзғорида ишлатиб келинган

Пайариқ туманида топилгани айтилаётган бронза қозон (Маданий мерос агентлиги фотосурати)

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида милоддан аввалги II–I асрга оид бўлган бронза қозони топилган. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусовнинг ёзишича, топилдиқ сак қабилалари томонидан ишлатиб келинган.

Аниқланишича, мазкур қозон аслида туманнинг Муҳаммадий қишлоғи турғуни Анвар Шоғдоров томонидан 1993 йили топилган. Ўша пайтда мактаб директори бўлиб ишлаган Шоғдоров бронза буюмни Қароқчи тоғи ва Тешиктепа археологик ёдгорлиги оралиғидаги адирдан канал қазиш вақтида топиб олинганини айтган. Шундан кейин қозонни топиб олганлар унинг ноёблигини билишмагани учун ундан уй-рўзғор ишларида фойдаланиб келишган.

Қайд этилишича, қозоннинг баландлиги 37 сантиметр, оғиз қисмининг диаметри 52 сантиметрни ташкил этади.

“Ушбу ҳудудда бронза қозонларнинг аниқланиши биринчи марта эмас. Қароқчи тоғининг Қўшработ туманидан ўтган қисми ён бағрида жойлашган Сирлибойтепадан, Пайариқ туманидаги Кўктепа археологик ёдгорлигидан ҳам сакларга оид бронза қозонлар топилган. Шунингдек, 2017 йилда Каттақўрғон туманининг Оқтов тоғларига туташ Йилқиҳайдар қишлоғидан ҳам маҳаллий аҳоли томонидан топилган сакларнинг бронза қозони музей-қўриқхонага топширилган”, дейилган М. Юнусовнинг Маданий мерос агентлиги сайтида ёйинланган мақоласида.

Қирғизистон жанубида ўзбекистонликка қарашли автомобиль ёниб кетди

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида ўзбекистонлик ҳайдовчига тегишли автомобиль номаълум сабабларга кўра портлаб, ёниб кетган. Бу ҳақда Kaktus нашри Боткен вилоят ИИБдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 6 декабрь куни ўзбекистонлик ҳайдовчи ўзининг Lasetti машинасида Риштон-Сўх автойўлидан келаётган пайтда мазкур йўлнинг 16-километрида (Мингчинор қишлоғи ҳудуди) автомобиль портлаган.

Ҳодиса чоғида машина ичида тўрт нафар ўзбекистонлик бўлгани, уларнинг ҳеч бирига шикаст етмагани айтилмоқда.

Аниқлик киритилишича, машинага газ жиҳозлари ўрнатилган бўлган. Айни пайтда ҳодиса юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мирзиёев Конституция куни муносабати билан 400 дан зиёд маҳкумни афв этишга оид фармонни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Конституция қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 402 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Президент матбуот хизмати томонидан мазкур фармонга берилган шарҳда афв этилган шахсларнинг 128 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниши, 201 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши, 15 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилиши, умумий ҳисобда 223 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинаётгани, 121 нафар шахс пробация органлари назоратидан чиқарилаётгани айтилган. Шунингдек, 58 нафар шахсга тайинланган
қамоқ жазолари муддати қисқартирилиши қайд этилган.

Фармон билан афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари, 26 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 63 нафарини аёл ҳамда 19 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Конституция куни арафасида Ш. Мирзиёев афв тўғрисида фармон имзолагани ҳақида аввалроқ президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов Газета.uz нашрига маълум қилган эди.

Ўзбекистонда ҳар йили Конституция куни муносабати билан “тузалиш йўлидаги” маҳкумларни афв қилиш одат тусига кирган. Ўтган 2021 йилда президентнинг афв фармони билан 182 нафар шахс муддатидан олдин қамоқдан озод қилинган эди. 2020 йили эса Ш. Мирзиёев 104 нафар фуқарони афв этишга оид фармонни имзолаган.

Энергетика вазири “жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш” учун чекловлар киритилганини айтди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишларни изоҳлар экан: “Шу об-ҳаво шароитида режали чекловлар киритган ҳолда [вазиятдан] чиқиб кетмасак, эртага бундан-да жиддийроқ талафот бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай кескин чоралар кўришга мажбурмиз”, – деб айтди. Бу борада "Кун уз" хабар берди.

Вазир Фарғонанинг Ўзбекистон туманидаги “Шўрсув цемент” заводи ишчиларининг инжтимоий тармоқлардаги мурожаатига ҳам жавоб қайтарди. Ишчилар мурожаатларида завод газдан узилгани сабабли ўн мингта ишчи ишсиз қолганини айтган эдилар.

“Фарғонадаги ҳолатга келадиган бўлсак, яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, бошқа алтернатив ёқилғида ишлаши мумкин бўлган барча объектлар ҳаво кескин шунақа пайтда тармоқдан узилади. Бу ерда бироз бўрттириб гапирилган, 10 мингта [ишчи ишсиз қоляпти] деб. Бу цемент ишлаб чиқариш корхонасининг 10 мингта эмас, юздан сал ошиқроқ ишчилари бўлган”, - деб иқтибос келтирди вазир сўзларидан нашр.

Энергетика вазирлиги октябрь ойида қишда аҳолига ўтган йилгидан кўпроқ электр беришни ваъда қилган эди.

Энергетика вазирлигининг расмий сайтида куз-қиш масумида ўзбекистонлик истеъмолчиларга 34 млрд 918 млн киловатт-соат электр энергияси етказиб берилиши ва бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 2 млрд 540 млн киловатт-соатга кўплиги қайд этилганди. Вазирликка кўра, аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси миқдори 10 млрд 938 млн киловатт-соатни ташкил этади.

“Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 10 октябрда ўтказган йиғилишда куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши қайд этилди. Унинг 10,4 млрд куб метри аҳолига ва 20,2 млрд куб метри иқтисодиёт тармоқларига берилади”,дейилган эди расмий хабарда.

Трансафғон темир йўли 8 миллиард доллардан кўпроққа тушиши мумкин

Иллюстратив сурат

Покистон “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилишини 8,2 миллиард долларга баҳолади. Бу ҳақда Samaa нашри хабар қилди.

Лойиҳанинг янги муҳтамал қийматини Покистон Темир йўллар вазирлиги котиби Зафар Ранжа эълон қилган.

Ўтган йилнинг февраль ойида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон Тошкентда Трансафғон темир йўли қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган. Ўша пайтда лойиҳа қиймати 5 миллиард долларга баҳолангани, 600 километрга узанган темир йўл Ўзбекистон ва минтақа давлатлари учун Покистон денгиз бандаргоҳларига йўл очиши айтилган.

Аввалроқ мазкур уч давлат шу йил 18 июлидан “Термиз – Пешовар” темир йўли лойиҳасини амалга оширишга киришгани хабар қилинган.

Темир йўлини қуриш лойиҳаси 2018 йилда эълон қилинган, қурилиш эса 2021 йилнинг сентябрида бошланиши эълон қилинганди. Бироқ 2021 йилнинг 15 август куни Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олгани ортидан лойиҳани амалга ошириш муддати кечиктирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG