Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2024, Тошкент вақти: 02:42

Суриштирув: Қирғизистон ва Қозоғистон ширкатлари Россияга Ғарб технологияларини етказиб бермоқда


Озодлик журналистлари олиб борган суриштирув Қирғизистон ва Қозоғистон компаниялари Кремлга санкцияга тушган Ғарб технологияларини экспорт қилаётганини ўртага чиқарди.

Россия Украинага бостириб киргач АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга фуқаролик ва ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган технологиялар экспорти устидан назоратни кучайтирди.

Бироқ Москва Ғарб технологиялари импортини санкцияларга боғланмаган давлатлар, жумладан Қозоғистон ва Қирғизистон орқали амалга оширди. Ҳар икки давлат Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкилотига аъзо.

Уруш бошлангандан бери Қозоғистон ва Қирғизистондан Россияга Ғарб технология гигантлари томонидан ишлаб чиқарилган электроника маҳсулотлар экспорти кескин ошди. Россия Украинада ишлатаётган қуроллардан ‘Теxas Instruments’ ва ‘Аnalog Devices’ компанияларига тегишли компонентлар топилган.

Европа Иттифоқи расмийлари Қирғизистон ва Қозоғистонга расмий ташрифлар чоғида бу масалани муҳокама қилиб, иккиламчи санкцияларни қўллаш огоҳлантирди.

Озодлик ўз суриштирувида Қозоғистон ва Қирғизистондан технологияларни импорт қилаётган рус фирмалари Россия мудофаа саноатига, жумладан, Ғарб ва Украина санкцияларига учраган давлат ташкилотларига электроника маҳсулотларини етказиб берганини аниқлади.

Озодлик радиосининг қозоқ ва қирғиз хизмати мухбирлари Озодлик радиосининг Украина хизмати “Схема” тергов бўлими билан биргаликда технологик маҳсулотларни олиб киришда иштирок этган компанияларнинг божхона, харид ва корпоратив қайдларини, шунингдек, Украина разведка маълумотларини таҳлил қилди.

Россиянинг Украинага босқини бошланганига икки ой ўтмасдан бир ширкат мудофаа-саноат шаҳри бўлмиш Ижевскда рўйхатдан ўтади. Озодлик радиоси бу фирма ҳарбий таъминотчи эканлигини кўрсатувчи ҳужжатларни топа олмаган бўлса-да, унинг таъсисчиси карате бўйича мураббий бўлиб, Ижевскдаги заводда ишлаган.

Божхона қайдларига кўра, мазкур рус фирмасининг асосий савдо ҳамкори, Россия босқинидан кейин бир ой ўтиб ташкил этилган қирғиз фирмаси бўлиб чиқди.

Россиянинг ITC номли йирик электроника компанияси АҚШ санкцияларига учраган бир қанча мудофаа-саноат корхоналарига технологиялар етказиб берди. Божхона маълумотлари шуни кўрсатдики, ITC yuqori технологик маҳсулотларни Қозоғистон компанияси орқали Латвияда жойлашган логистика фирмасидан фойдаланган ҳолда импорт қилган.

Қирғизистон ва Қозоғистон компаниялари Россияга юборган микрочиплар, телекоммуникация ускуналари ва бошқа электроника қисмлари Украина ҳарбийлари қўлга киритган Россия ракеталари, танклари, вертолётлари, дронлари ва радио тизимларида топилди.

Киевнинг маълумотларига кўра, 2022 йил декабрь ойида Қозоғистоннинг ЭлтехАлатау номли ширкати рус қўшинлари Украинада фойдаланган электроника маҳсулотларидан иборат 100 дан ортиқ жўнатмаларни экспорт қилган.

Божхона ҳужжатларида қайд этилмаган ушбу юклар орасида Россия танкларининг тунги кўриш мосламасида фойдаланилган Аnalog Devices чипи борлиги ҳам аниқланди. Қозоғистонлик компаниясининг Россиядаги филиали “доимий” мижозлари орасида Россия Мудофаа вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати борлигини очиқ билдирди.

Озодлик Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари админстрацияларидан изоҳ сўради, бироқ жавоб ололмади.

Украинага босқин: 461-кун | Дронлар уруши, янги санкциялар ва қимматлаган гўрков хизмати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:21 0:00

Экспортдаги ўсиш ва Ғарб босими

Шу ҳафта Остонада бўлиб ўтган Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан икки томонлама музокаралар якунида Қозоғистон президенти “халқаро бозорда қабул қилинган барча қоидаларга” амал қилишини айтди.

Штайнмайер 20 июнь куни бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Брюссель ва Остона Россиянинг Ғарб санкцияларидан қочишига йўл қўймаслик борасида яқиндан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.

"Биз санкциялардан қочишнинг олдини олиш учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак. Музокараларимиз давомида Қозоғистон идоралари ва EИ агентликлари ўртасида бу масалалар бўйича яқин алоқалар борлигини эшитдик", - деди Штайнмаер.

Штайнмаернинг Остонага ташрифидан бир кун ўтиб, Европа Иттифоқи ҳукуматлари Россияга қарши санкцияларнинг 11-пакетини киритишга бўйича келишиб олди. Бу санкциялар пакети “санкцияларни четлаб ўтишга қарши чоралар”ни ўз ичига олган.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен “Санкцияларни четлаб ўтишга қарши чораларимиз санкция остидаги товарларнинг Россияга етиб боришига тўсқинлик қилади”, деб ёзди Twitter’даги саҳифасида.

Озодлик мухбири Киев Европа Иттифоқига тақдим этган, Украина Россия қуролларидан топиб олган юзлаб электроника ва бошқа компонентлар рўйхатини кўриб чиқди. Журналистлар рўйхатни EИ махсус божхона кодлари бўйича таҳлил қилиб чиқди.

Қозоғистон 2022 йилда олдинги йилга нисбатан етти баравар кўп яъни 1,2 миллиард долларлик компьютер импорт қилган. Шундан 310 миллион долларлик импорт ЙИдан амалга оширилган. Қозоғистоннинг Россияга худди шу йўналишдаги экспорти эса ўтган йилга нисбатан 2300 бараварга ошиб, қарийб 300 миллион долларга етган.

Қирғизистон 2021 йилгача самолёт, вертолёт ёки дронлар учун эҳтиёт қисмларини импорт ҳам экспорт ҳам қилмаган. Аммо 2022 йилда қирғиз фирмалари АҚШ дан 3,5 миллион долларлик бу турдаги маҳсулотларни импорт қилган ҳамда Россияга 1,5 миллион долларлик экспортни амалга оширган.

“Биз расмийлар билан Европадан Россия орқали Марказий Осиё мамлакатларига жўнатилган товарлар ҳақиқатда ушбу мамлакатларга етиб бориши ва Россияда тўхтаб қолмаслигини текшириш имконини берувчи тизим жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқчимиз”, — деди Европа Иттифоқининг Халқаро санкциялар бўйича вакили Девид O’Салливан.

Қирғизистон ва Қозоғистон расмийлари Москва ва Ғарб босим остида қолган. Улар АҚШ ва Европа Иттифоқи иккиламчи санкцияларидан хавотир билдирмоқда.

Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменов Euractiv’ga берган интервьюсида Қозоғистон “Россия учун санкцияларни четлаб ўтиш воситаси бўлмайди”, дея таъкидлаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ўтган ой Москвада бўлиб ўтган брифингда “Марказий Осиё пойтахтлари на Ғарб, на бошқа биров сунъий чекловлар натижасида етказилган зарарни қоплаб бермаслигини яхши билади”, деди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров июнь ойи бошида Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи-Марказий Осиё” саммитида сўзлаган нутқида шундай деди:

“Европалик ҳамкорларимизнинг санкцияларга киритилган товарлар бўйича ташвиш ва илтимосларини тушунамиз ва бу масалада Европа Иттифоқи билан мулоқотни давом эттиришга тайёрмиз.”.

Украинага босқин бошланганидан икки ой ўтиб, интернетда Купянск кўчаларида Россияда ишлаб чиқарилган БМП-1АМ зирҳли жанговар машинаси акс этган сурат эълон қилинди.

Басурманин техникаси жанг майдонида хавфсиз алоқани таъминлайдиган "Aqueduct" деб номланувчи тактик радио билан жиҳозланган. Aqueduct Россияда ишлаб чиқарилган бўлса-да, у АҚШ ва Европа Иттифоқи технология билан жиҳозланган.

Украина разведкаси, "Aqueduct" тактик радио блокидан топиб олган компонентлардан бири Массачусетсдаги яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи Аnalog Devices томонидан ишлаб чиқарилганини аниқлади.

Украина шарқида Басурманин зирҳли жанговар машинаси аниқланганидан тахминан бир ой ўтиб, янги ташкил этилган Қирғиз компанияси худди шу церийадаги Аnalog Devices тўлқин кучайтиргичларини рус ширкатига экспорт қила бошлайди.

Озодлик ўрганган ИмпортГениус ёзувлари шуни кўрсатадики, Қирғизистоннинг RМ Design and Development ширкати ўтган йили Россиядаги Микроприбор компаниясига “юқори аҳамиятли” деб таснифланган 300 дан ортиқ технология маҳсулотларни жўнатган.

Микроприборнинг акциядори Лилия Исмагилова исмли ҳисобчи, директори эса Мария Фёдорова исмли карате бўйича мураббий. Россия корпоратив регистрларига кўра, Мария бошқа компания акцияларига эгалик қилмайди.

Аниқланишича, Фёдорова рус армиясини таъминловчи Украина санкцияларга учраган Ижевск радио заводида (ИРЗ) ишлаган. Фёдорованинг Instagram’даги постлари ҳам унинг ИРЗда ишлаганидан далолат беради.

АҚШ ИРЗ "Россия армияси учун жиҳозлар ва технологиялар ишлаб чиқаради” деб топди ҳамда Ижевск заводининг ўзига эмас унинг ҳамкорларига санкция қўллади.

Фёдорова қўнғироқлар ва WhatsApp орқали қилинган мурожаатларга жавоб бермади, Журналистлар у билан боғланишга уринавергач, Фёдорова Instagram аккаунтини фақат дўстларига кўринадиган қилиб чеклаб қўйди.

Исмагилова эса “Микроприбор” билан боғлиқлигини инкор этмади, ҳозирча изоҳ бера олмаслигини айтди ва қайта қўнғироқ қилишни сўради. Кейинги қилинган қўнғироқларга эса жавоб бермади.

Бирламчи капитал ва иккиламчи санкциялар. Россия бизнеси Ўзбекистонда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:57 0:00

Россиянинг таъминот занжиридаги санкцияга тушган ширкатлари

“RM Design and Development” компаниясининг ягона асосчиси ва акциядори, маҳаллий пейнтбол клуби директори Шокир Маров исмли қирғизистонлик тадбиркордир. Маров афтидан ўтган йили “RM Design and Development” компаниясидан электроника маҳсулотлари олган Россиянинг “Riberg” ширкатини бошқарган бишкеклик тадбиркор Антон Рипп оиласига яқин одам.

Маров Озодлик радиосига Иван Плутицкий исмли ҳамкори ҳақида гапирди. Плутицкий эса “RM Design and Development”нинг Россияга экспортлари ҳақида гапиришдан бош тортди ва фирма “кичик нодавлат ширкат” эканини айтди. Суҳбатдан кўп ўтмай компания сайти ишламай қолди. На Маров, на Плутицкий ёзма сўровларга жавоб берди.

Антон Рипп Озодликка Россиянинг «Riberg” компаниясини сотганини айтди, бироқ «RM Design and Development” ҳақидаги саволларга жавоб бермади.

Рус илдизли қозоқ ширкатлари

2022 йил баҳорида Россия Мариуполни қамал қилганда босқинчи рус қўшинлари ўзларининг T-72B3M асосий жанговар танкларини қўллади ва шаҳарни вайронага айлантирди. Т-72 танкларининг такомиллаштирилган версияси бўлган T-72B3M танкларини Россия Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаган ва декабрь ойида унинг ишлаб чиқарувчиси Россия ҳарбийларига янги партияни етказиб берганини маълум қилган эди.

T-72B3Mнинг ўзига хос хусусиятлари орасида «Сосна-У» деб номланган ва Россияда ишлаб чиқарилган ўқ отиш мосламаси ҳам бор, у «Басурман» зирҳли транспорт воситасидаги «Акведук» тактик радиоси каби Ғарб электроникаси ёрдамида яратилади.

Украинада Россиянинг T-72B3M танкидан топилган «Сосна-У»да қўлланган видеокузатув ускунасида кўплаб Ғарб электрон компонентлари, жумладан, “Analog Devices” ишлаб чиқарган икки каналли қабул қилувчи қурилма ҳам бўлган.

2022 йил декабрь ойи бошида – танк ишлаб чиқарувчи Россия армиясига янги партияни етказиб бераётган вақтда – Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жойлашган компания Россияга 100 дан ортиқ ана шундай қурилмаларни жўнатган. Украина разведкаси бўйича Европа Иттифоқи таҳлилига кўра, бу Россия уруш машинасига дастак берган.

Вашингтонда жойлашган C4ADS тадқиқот гуруҳи томонидан тузилган ва Озод Европа/Озодлик радиосига берилган божхона маълумотлари шуни кўрсатадики, бу жўнатмалар орасида Украинада Россиянинг T-72B3M танкидан топилган Analog Devices ишлаб чиқарган қурилмалар бор.

Маълумотларда Қозоғистоннинг EltexAlatau ширкати томонидан етказиб берилаётган бу каби қурилмалар ва бошқа икки мақсадли (ҳарбий ва фуқаровий мақсадларда ишлатса бўладиган) ашёларнинг россиялик харидори исми кўрсатилмаган. Аммо қозоқ ширкати Россиянинг Eltex телекоммуникация провайдерининг расмий ҳамкори ҳисобланади ва бу икки ширкат россиялик тадбиркор Алексей Черников орқали боғланган.

Россия шикатининг яна бир расмий ҳамкори Eltex-MSK ўз веб-сайтида унинг “доимий мижозлари” орасида Россия Мудофаа вазирлиги, Кремль Федерал қўриқлаш хизмати ва Россиянинг асосий ички разведка хизмати бўлмиш Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) борлигини кўрсатган. 2017 йилда Eltex раҳбарларидан бири ширкат Россия хусусий ва давлат тузилмалари, шу жумладан, Россия Мудофаа вазирлиги учун «мураккаб» лойиҳаларни амалга оширганини ёзган эди.

Изоҳ сўровига жавоб бермаган «EltexAlatau» Россия босқини бошланишидан бери Россияга икки мақсадли (ҳарбий ва фуқаровий) технология етказиб берган бир қанча қозоғистонлик компаниялардан биридир. «EltexAlatau» 2011 йилда рўйхатга олинган бўлса ҳам, босқиндан кўп ўтмай, бу каби экспорт билан шуғулланадиган бошқа қозоқ ширкатлари ҳам ташкил этилган.

Масалан, Олмаотадаги «Elem Group» 2022 йил 14 мартда, уруш бошланганидан уч ҳафта ўтмасдан рўйхатга олинган. Компания Россиянинг «Streloi E-Kommerts» ширкати билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у январь ойидан бери «Elem Group»дан камида 300 та электроника, шу жумладан, икки мақсадли товарларни қабул қилган.

Хитойнинг Dalian Infobank компанияси бошқарадиган «Sinoimex» божхона маълумотлар базасидан олинган маълумотларга кўра, ушбу жўнатмаларнинг 273 таси икки мақсадли товарлар бўлиб, АҚШ уларни Россияга экспортини қаттиқ назорат қилиш керак деб ҳисоблайди.

«Elem Group» асосчиларидан бири, россиялик тадбиркор Кирилл Туляков «Streloi E-Kommerts» асосчиси ҳам ҳисобланади. Clearpending.ru томонидан тузилган харид рўйхати кўрсатишича, «Streloi E-Kommerts» илгари Россия ҳарбий техникаси кўргазмаларида иштирок этган «Rusnano» давлат технология холдингининг шўъба корхонаси «Rusalox” ширкатига LEDларни етказиб берган.

"Streloi E-Kommerts" Ғарб ёки Украина санкцияларига тушмаган, ваҳоланки, Украинанинг Коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги ширкат ва унинг раҳбарларига нисбатан санкция қўллашга чақирган.

2023 йил март ойида «Elem Group»га эгалик ҳуқуқи қозоғистонлик ҳуқуқшунос Максат Ортиқовга ўтди, у Озодлик радиосининг Қозоқ хизматига Россиянинг Украинадаги урушига қарши эканлигини ва унинг ширкати санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бераётганига ишонмаслигини айтган эди.

“Маҳсулотларимиз ҳамма жойда қўлланади. Биз импорт қилаётган товарлар лампочкангизда ҳам бор», деди Ортиқов ва Ғарбнинг икки мақсадли товарларни Россияга оқимини чеклашга қаратилган эҳтимолий иккиламчи санкцияларидан ҳамма қўрқишини қўшимча қилади.

Streloi E-Kommerts изоҳ беришдан бош тортди.

«Astaris» номли учинчи қозоқ компанияси уруш бошланганидан икки ой ўтиб рўйхатга олинган ва россиялик харидорга икки мақсадли технологияни етказиб бера бошлаган.

2022 йилнинг май ойидан сентябригача Қозоғистон пойтахти Остонада жойлашган «Astaris» Россия қуролларида қўллангани учун Қўшма Штатлар томонидан махсус назоратга олинган тўққизта тоифадан еттитасига мансуб ўнлаб икки мақсадли Ғарб технологияларини жўнатган.

«Astaris»нинг ягона акциядори Александр Скоробогати исмли беларуслик тадбиркор бўлиб, у «Озодлик» радиоси ундан қозоқ ширкатининг Россияга экспорти ҳақида телефон орқали сўрагач, гўшакни дарҳол қўйиб қўйди. Россия ғарбидаги Смоленск шаҳридаги логистика ширкатининг ҳам эгаси бўлмиш Скоробогати WhatsApp орқали юборилган сўровга жавоб бериб, “Россияга ҳеч нарса юбормайман ва у ердан ҳеч нарса сотиб олмайман” деб жавоб берди.

Astaris жўнатмаларининг эксклюзив рўйхатдан ўтган харидори Смоленскда жойлашган "Новая электроника" бўлиб, бу ширкат ҳам олаётган технологиясидан рус ҳарбийлари фойдаланадими ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб бермади.

Журналистлар "Новая электроника" ва Россия ҳарбий-саноат комплекси ўртасида ҳеч қандай алоқани топа олмади.

Озодлик радиоси Россияга икки мақсадли технологияни жўнатаётган тўртинчи Қозоғистон компанияси Ғарб санкцияларини ошкора четлаб ўтаётган йирик рус электроника етказиб берувчиси билан боғлиқлигини аниқлади.

Болтиқбўйи орқали

Қозоғистоннинг “Kompaniya Elektroniks” ширкати 2015 йил июнь ойида Олмаота шаҳрида Россиянинг электроника ва технология етказиб берувчи ITC компаниясининг филиаллари томонидан ташкил этилган бўлиб, улар билан қозоқ ширкати директорлари ва акциядорлари ўзаро алоқадор.

1992 йилда ташкил этилган ITCга қарашли ширкат тақдимотида Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан бери йигирмадан ортиқ Ғарб компанияларидан технология импорт қила олгани билан мақтанади. Тақдимотда уруш ҳақида сўз юритилмаган, бироқ бу импортлар 2022 йил 24 февралдан кейин, яъни Путин урушни бошлагандан кейин амалга оширилган.

ITC тақдимотида Россиянинг Ғарб санкциялари остидаги иккита давлат корхонаси «Электроприбор» ва «Аврора» номи келтирилган. Вашингтоннинг айтишича, улар Россия ҳарбий кемалари учун навигация тизимлари ва бошқа жиҳозлар ишлаб чиқаради. Харидлар бўйича маълумотларга кўра, ITC Россия арсенали учун ядро каллакларини лойиҳалаштирадиган Духов номидаги автоматлаштириш илмий-тадқиқот институтига ҳам Ғарб технологияларини етказиб берган.

Озодлик радиоси томонидан ўрганилган божхона маълумотлар базаларида Кремлнинг Украинага бостириб киришидан илгари ITCга тегишли «Kompaniya Elektroniks» Россияга экспорт қилгани билан боғлиқ бирорта ҳам маълумот аниқланмади.

Аммо 2022 йил август ойида ITCга алоқадор ва Ригада жойлашган Латвия юк ташиш компанияси 250 дан ортиқ электроника ва бошқа товарларни жўнатган ва қабул қилувчи сифатида ITC кўрсатилган. Ушбу экспорт учун рўйхатга олинган юк жўнатувчи Ригадаги «OTK Group» ITCнинг Қозоғистондаги шўъба корхонаси «Kompaniya Elektroniks»нинг "буюртмаси бўйича" ишлаган.

Бу юклар орасида Европа Иттифоқи экспорт назорати остида бўлган 71 та юк жўнатмалари, уларнинг еттитасида Ғарбда ишлаб чиқарилган ва Россия ҳарбийлари фойдалангани сабабли Вашингтон назоратга олган чиплар ва телекоммуникация ускуналари каби технологиялар бор эди.

Божхона ҳужжатлари ушбу икки мақсадли электроника ITCга топширилгунга қадар Қозоғистонга олиб келинганини кўрсатмайди. ITC декабрь ойида Санкт-Петербургда “параллель импортни ривожлантириш” бўйича конференция ўтказган ва ўтган ой Украина томонидан санкцияланган эди.

«Kompaniya Elektroniks» ширкатига товарларни "буюртма бўйича" жўнатган Латвия компанияси бўлмиш «OTK Group» Россия фуқароси бўлган ўз менежерлари ва акциядорлари орқали ITC билан боғланган.

«OTK Group»нинг бошқа етакчи савдо ҳамкорлари орасида Эстонияда рўйхатдан ўтган «Elmec Trade» таъминотчилари билан бирга май ойида АҚШ санкциясига тушган Россиянинг «Квазар» ва «Спецвольтаж» электроника импортчилари бор.

ImportGenius қайдлари кўрсатишича, Қозоғистон ширкатига OTK Group томонидан жўнатилган юклар келиб чиққан мамлакат сифатида Латвия ва Россия кўрсатилган, Хельсинки эса "юк жўнатилган нуқта" сифатида рўйхатга олинган.

Kompaniya Elektroniks’нинг рўйхатдан ўтган амалдаги акциядори Алия Абишева компания экспортига оид барча керакли ҳужжатлар божхона томонидан тасдиқланганини ва ўз бизнесининг Украина урушига алоқаси йўқлигини айтди.

Озодлик радиоси томонидан текширилган божхона ҳужжатларидан кўриниб турибдики, компаниянинг Россияга икки мақсадли маҳсулотлар экспорти ҳақидаги саволга, Абишева компания фуқаровий технология экспорт қилади деб жавоб берди.

“Бизда ҳарбий техника эмас, электротехника бор, нега ҳамма нарсани аралаштириб юборяпсиз?» Бу ҳақда Абишева Озодлик радиосининг қозоқ хизматига гапирган.

Озодлик билан телефон суҳбатида OTK Group’нинг ягона рўйхатдан ўтган акциядори, Россия ва Литва фуқаролигига эга Ян Волк унинг компанияси “Россияга ҳеч нарса юбормаслигини” айтди ва дарҳол гўшакни қўйди. Кейин Волк билан боғланиб бўлмади. Telegram’даги хабарлашувда у мухбирдан расмий ёзма сўров юборишни сўради, аммо сўровга ҳам жавоб бермади.

Озодлик радиоси мухбири Ригадаги “OTK Group”нинг расмий манзилига борганида, мухбир уч қаватли ғиштдан қурилган турар-жой биносини кўрди, у ерда бирор компания жойлашганлигини кўрсатувчи ҳеч қандай белги йўқ эди.

ITC изоҳ сўровига жавоб бермади.

Марказий Осиёдан Россияга фақат қоғозда

Озодлик кўрган божхона ҳужжатлари Россияга Қирғизистон ва Қозоғистондан Ғарбнинг икки мақсадли технологияси экспорт қилинаётганини кўрсатса ҳам, кўп ҳолларда бу фақат қоғоздадир. Товарлар Марказий Осиёга етиб бормайди, балки Россияда қолади.

Бундай реэкспорт билан шуғулланувчи бир қанча ишбилармонлар «Озодлик»ка ушбу схема қандай ишлашини айтиб берди. Бу схема Россияга Ғарбнинг санкцияларини четлаб ўтишига ёрдам беради.

Ўзини Андрей деб таништирган логистика бўйича мутахассис «Озодлик» радиосининг қирғиз хизматига “Тўлов бизнинг Бишкекдаги компаниямиз орқали амалга оширилади” деди. "Бишкекда руслар тўлайди. Улар сизга тўлашлари мумкин. Кейин сиз бизга тўлайсиз. Биз логистика ва товар учун тўлашимиз керак. Кейин эса Бишкекка бориб ўтирмасдан, Россиядаги омбордан товарларни олишади".

"Қоғозда ҳаммаси Бишкек орқали ўтади", дея қўшимча қилади у.

Андрейнинг айтишича, ушбу схема бўйича АҚШдан товарлар одатда Литванинг Болтиқ денгизидаги Клайпеда порт шаҳрига етиб боради ва кейин мамлакат бўйлаб Россияга олиб ўтилади.

Май ойи охирида Озодлик радиоси мухбири ўзини журналист эканлигини айтмай Андрей билан гаплашганида, у Ғарбнинг икки мақсадли товарларини Россияга олиб киришда муаммо бўлмаслигини, бироқ еврода тўлашга қийналаётганини айтади.

“Ҳозир биз [Хитой] юанида ишлаймиз. Шунинг учун кечикишлар бор. Лекин улар бизга қандай тўсиқ қўйишмасин, барибир биз уларни четлаб ўтамиз. Бир сўз билан айтганда, бироз кўпроқ вақт кетади холос”, дейди у.

Россияга электроника ва бошқа товарларни реэкспорт қилиш билан шуғулланувчи қозоғистонлик тадбиркор ҳам унинг компанияси Европадан Россияга Беларус орқали тўғридан-тўғри етказиб беришини, лекин бу ишлар Қозоғистон ҳужжатлари билан амалга ошираётганини айтди.

“Ҳужжатларга кўра, булар Россияда қолиши кўзда тутилмаган товарлардир”, дейди ўзини Канат деб таништирган тадбиркор «Озодлик» радиосининг қозоқ хизматига ва унинг ширкати Қозоғистон қонунчилигига амал қилишини қўшимча қилди.

“Товар Қозоғистонга кирмайди, чунки кирса, логистика харажатлари юқори бўлар эди”, дейди у.

Латвия Миллий божхона бошқармаси директори Раймондс Зукулснинг Озодликка айтишича, божхоначилар жўнатилаётган юкларга ҳужжатларни текширади, бироқ ҳужжатлардаги товар тавсифи ва белгиланган якуний манзил мос бўлса, улар ҳеч нарса қилиша олмайди.

“Уларда, масалан, юк Қозоғистон ёки Қирғизистонга олиб кетилаётгани, Россия шунчаки транзит экани айтилади. Ва, албатта, шундай ҳолатлар бўлиши мумкинки, бу товарлар Россияда қолиб кетади”, дейди Зукулс.

Лондонда жойлашган Қироллик Бирлашган хизматлар институти – хавфсизлик ва мудофаа таҳлил марказининг разведка ва очиқ манбалар таҳлили директори Жеймс Бирннинг айтишича, Ғарбнинг икки томонлама қўлланадиган барча технологиялари Россия ҳарбийлари қўлига тушиши олдини олиб бўлмайди.

Шунга қарамай, экспорт назорати Кремлнинг ҳарбий салоҳиятига таъсир қилади, дейди Бирн. У Россия қуролларидаги Ғарб технологиялари бўйича яқинда ўтказилган тадқиқот етакчи муаллифидир.

“Биз буни янада қийинлаштирамиз, таъминот занжирини узайтирамиз, уларни хавфлироқ қиламиз ва ноаниқ қилиб қўямиз”, дейди Бирн «Озодлик» билан суҳбатда.

Унинг қўшимча қилишича, бундай товарларни Россия фирмаларига тегишли текширувларсиз олиб ўтаётган компаниялар ва шахслар “келажакда [санкциялар] нишони бўлиши мумкин”.

Форум

XS
SM
MD
LG