Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:09

Russia Today телеканали АҚШда чет эл агенти сифатида рўйхатга олинди


Росиянинг Russia Today - RT давлат телеканали хориж ҳукуматларининг Америка ҳудудидаги тарғибот ишларини чеклашга қаратилган ўн йил аввал қабул қилинган қонун асосида АҚШда чет эл агенти сифатида рўйхатга олинди.

-Америкаликларнинг ўз мамлакатида кимларнинг ҳукумат ёки аҳолига чет эл ташкилоти номидан таъсир кўрсатишга уринаётганини билиб қўйишга ҳаққи бор, – деди АҚШ бош прокурори ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Дана Боэнте ушбу масала юзасидан илк марта изоҳ берар экан.

RT томони хориж агенти сифатида рўйхатдан ўтиш талабига АҚШ конституциясида кафолатланган матбуот эркинлигидан чекиниш дея норозилик билдирди. Айни пайтда Боэнте чет эл ҳукуматлари агентларидан ўзлари ҳақидаги маълумотни жамоатчиликка ошкор қилишни сўраш “фикр эркинлигига тўсқинлик қилмайди ва тарқатилаётган ахборот мазмунини чекламайди”, деб айтди.

“Чет эллик агентларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонун (FARA)да Қўшма Штатларда бирор чет эл ҳукумати манфаатига “сиёсий ёки ярим-сиёсий тарзда” ишловчи шахс ва гуруҳларнинг махсус рўйхатдан ўтиши шарт қилиб белгиланган.

Январь ойида АҚШ разведка хизматлари тарқатган маълумотда айтилишича, RT ва “Спутник” вебсайти Россия ҳукуматининг 2016 йилги президент сайловига таъсир кўрсатиш борасидаги уринишлари доирасида нотўғри ахборот тарқатиш билан шуғулланган.

RT бўлинмасининг чет эл агенти сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза топшириши арафасида Россия парламенти аъзолари ва Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари гўёки босим ўтказилаётганидан шикоят қилиб чиқди. Уларбунга жавоб тариқасида Россиядаги АҚШ оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Озод Европа/Озодлик” радиостанциясидан ўч олинишидан огоҳлантирди.

– Жиноий жавобгарликка тортилиш ёки рўйхатдан ўтишга мажбур бўлганимиз учун иккинчи йўлни танлаймиз. Америкадаги сўз эркинлиги ва у ҳақдаги чўпчакка ишонувчи барча кишиларни табриклаймиз, – деб ёзди RT бош муҳаррири Маргарита Симонян 13 ноябрь куни Твиттерда ёзган хабарида.

RTдан олдин олтита чет эл оммавий ахборот воситаси FARAга асосан рўйхатга олинган эди. Улар орасида Канаданинг CBC, Япониянинг NHK телекорпорациялари ва China Daily газетаси ҳам бор.

Россияда ҳам айрим хориж медиа гуруҳларини “чет эл агенти” сифатида рўйхатга олувчи қонун лойиҳаси тайёрланаётгани айтилмоқда.

“Единая Россия” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари ўринбосари Андрей Исаевнинг билдиришича, қонун кучга киргандан сўнг Озод Европа/Озодлик радиостанцияси, Америка овози, CNN ва DW сингари ахборот воситалари “чет эл агенти” деб таснифланиши мумкин.

Россиянинг амалдаги “чет эл агентлари” тўғрисидаги қонуни оммавий ахборот воситаларига дахл қилмайди. Кремль сиёсати танқидчилари ва фуқаролик жамияти фаоллари ушбу қонун ўзгача фикрга босим ўтказиш, эркин фикр алмашишга тўсқинлик қилиш мақсадида ишлатилиб келаётганини айтади.

RT дастурларини Қўшма Штатларда кабель телевидениеси орқали эркин узатиб кeлаётган бир пайтда Озод Европа/Озодлик радиостанцияси фаолияти Россияда кескин чекловларга дучор бўлмоқда. 2012 йили унинг барча дастурлари маъмурий босим сабаб эфирдан олиб ташланди. На Озод Европа/Озодлик радиостанцияси ва на Америка овози Россияда дастурларини кабель телевидениеси орқали узата олмайди.

XS
SM
MD
LG