Линклар

Шошилинч хабар
13 май 2021, Тошкент вақти: 05:43

Михаил Саакашвили ўзини Гулливерга ўхшатди


Михаил Саакашвили

Грузия собиқ президенти ўзини "деярли тоза қонли грузин", деб эълон қилганидан бир кун ўтиб, Фейсбукдаги саҳифасига қўйган расми одамларни тонг қолдирди. Саакашвили унда XVIII аср испан адабиёти классиги Жонатан Свифт романи қаҳрамонига шама қилиб, ўзини лилипутлар асир олган Гулливер қилиб тасвирлабди.

Ўша суратда у майда лилипутларга асир тушган кўйи қумлоқ соҳилда, кузатув миноралари қуршовида ётибди. Саакашвилининг Фейсбукдаги расмий аккаунтининг 1 миллиондан ошиқ обуначиси бор.

Сурат Нугзар Метревели мўйқаламига мансуб. У суратларга “Фотошоп” дастури орқали ишлов беришнинг ҳадисини олган бўлиб, сиёсий сатираси билан машҳур.

Суратга Свифтнинг 2010 йили экранлаштирилган сатирик романи асосидаги фильм асос қилиб олинган. Фильмда бош ролни Жек Блэк ижро этган эди.

Саакашвили 17 февралда ўзининг ДНК текшируви натижаси ҳақидаги маълумотни Фейсбукка қўйиш билан бирга суратни ҳам жойлаштирди. Ундан маълум бўлишича, унинг томирида 98,3 фоиз грузин, 1,1 фоиз эса грек ва болқонликлар қони оқаётган эмиш.

Унинг ДНК текшируви натижаларини ошкор қилишига анча вақтдан бери тарқалаётган миш-мишлар ва фитна назариясига чек қўйиш истаги сабаб бўлди. Миш-мишларга кўра, Саакашвилининг келиб чиқиши армани бўлиб, фамилияси Саакян эмиш.

‒ Кўп асрлардан бери аждодларимнинг қони грузинлардан бошқа ҳеч бир миллат қони билан аралашмаган. Мен ушбу анъанани бузиб, европалик аёлга уйланган биринчи одам бўлдим, ‒ деб ёзди Саакашвили ўша куни Фейсбукдаги саҳифасига нидерландиялик аёлга уйланганини назарда тутиб.

Саакашвилининг ўз ДНК текшируви натижасини эълон қилиши 2020 йили АҚШ президентлигига номзодини қўйишини эълон қилган Элизабет Уорренни эсга туширади. У 2018 йил октябрида ўзини ДНКни текширувдан ўтказганини ва унга кўра, айрим аждодлари туб америкаликлар бўлгани аниқланганини айтган эди. АҚШ президенти Дональд Трамп уни танқид қилиб, ҳиндуларга авлод эканига шубҳа билдирди.

Аждодлари ким бўлишидан қатъиназар, Саакашвили айни чоғда ҳам Грузия, ҳам Украина ватандошлигидан айрилган ватансиз кишидир.

Унга 2015 йили Одесса вилояти губернатори бўлиб ишлаганидан олдин Украина ватандошлиги берилган ва бу билан автоматик равишда Грузия ватандошлигидан айрилган эди.

Лекин 2017 йил июлида у президент Петро Порошенко билан ёвлашиб қолгандан сўнг “душманга айланган дўст” сифатида Украина ватандошлигидан маҳрум бўлди.

Нидерландияда яшаётгани айтилаётган Саакашвили келгусида Грузия қайтмоқчи.

XS
SM
MD
LG