Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:59

Самарқандда аҳоли уйларидан кесиб олинган қувурлар бозорда пулланмоқда


Самарқанднинг Сартепа мавзесида кесилган қувурлар.
Самарқанднинг Сартепа мавзесида кесилган қувурлар.

Самарқанд шаҳрининг Сартепа мавзесида яшайдиган аҳоли уларнинг квартираларини қиш фаслида иссиқ сув билан таъминлайдиган қувурлар кесилиб, бозорда сотиб юборилганини иддао қилмоқда. Аҳоли вакилларига кўра, сотилган қувурлар корхона кассасига кирим қилинмаган, прокуратура эса аҳолининг арзини жавобсиз қолдирмоқда.

Озодлик таҳририятига Самарқанд шаҳрининг Сартепа мавзеси Заргартепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли номидан келиб тушган шикоятда, иссиқ сув қувурлари вилоят “Иссиқлик манбаи” корхонаси томонидан асоссиз кесиб кетилгани ҳақида ёзилади:

“Биз 2015-2016 куз-қиш мавсумида иссиқ сув билан таъминлангандик. Аммо шу йилнинг февраль ойида корхона раҳбари Ёқуб Қурбоновнинг буйруғи билан 75, 76, 77, 78-уйлар оралиғидаги 200ДМ маркали иссиқлик қувурлари кесиб кетилди. Тахминан минг метрлик труба кесилди. Бунга аҳоли норозилик билдирган эди, лекин раҳбарлар қувурларни домни орқасидан ўтказамиз деб, алдади. Бу қувурларни раҳбарлар ўз манфаатлари учун қора бозорда сотиб юборишди. Бу ҳақда прокуратурага ариза билан мурожаат қилганмиз, лекин натижа бўлмади”, деб ёзилади шикоят мактубида.

Маҳалла расмийлари ва фуқаролар иштирокида тузилган далолатнома нусхаси
Маҳалла расмийлари ва фуқаролар иштирокида тузилган далолатнома нусхаси

Аҳоли вакиллари бу шикоятга расмийлар ва холислар иштирокида тузилган далолатнома ва кесилган қувурлар суратларини ҳам илова қилган.

“Иссиқлик манбаи” корхонасининг исми сир қолиш шарти билан гапирган мулозимларидан бири, қувурлар кесиб кетилганини ва бозорда сотиб юборилганини тасдиқлади:

“Раҳбаримиз Ёқуб Қурбонов бу қувурларни иккиламчи металл қабул қиладиган қора бозорда сотиб юборди. Ҳар бир метри 50 минг сўмдан сотилди. Бу тахминан 50 миллион сўм бўлади. Қурбонов “мен бошлиқман, мен жавоб бераман”, деб ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмайди. Тўғри, у қувурларнинг бир икки жойида ремонтталаб ишлари бор эди. Лекин уни таъмирлаб, яна узоқ йиллар ишлатса бўларди. Янги қувур тортишга эса маблағ йўқ”, дейди мулозим.

Самарқанд, кесилган қувурлар
Самарқанд, кесилган қувурлар

Унинг айтишича, корхона раҳбарияти ободонлаштириш ўрнига бузғунчилик билан шуғулланмоқда:

“Э, ака, бу биринчиси эмас. Қанчадан қанча трубаларни сотиб, еб юборишди булар. Масалан, бизда Геофизика қўрғони бор. Ўша ерда икки километр қувурларни кесиб сотишди. Санжара қўрғони ўтган йили 400 миллион сўм пул ажратди. Лекин беш йилдан бери ҳали ҳам сув олгани йўқ. Аҳоли бу ҳақда роса кўп шикоятлар ёзади, лекин раҳбарлар ҳамма текширувчиларни оғзини мойлаб қўяяпти”, дейди мулозим.

Мулозим, аҳоли уйларидан кесиб олинган қувурлар бозорда пулланганига гувоҳ бўлганини айтади.

Самарқанд вилояти “Иссиқлик манбаи” корхонаси раҳбари Ёқуб Қурбоновнинг телефони кун давомида жавоб бермади. Одамларнинг айтишларича, бошлиқ эътироз ва шикоятлардан қўрқиб, нотаниш номерли қўнғироқларга жавоб бермайди.

Самарқанд шаҳар прокуратураси терговчиси Алишер Шамсиқулов аҳоли шикоятлари бўйича мазкур ишни ўрганаётганини Озодликка айтар экан, тафсилотларга тўхталмади:

“Мен телефонда сизга ҳаммасини айтолмайман, лекин албатта чора кўрамиз”, деди терговчи Алишер Шамсиқулов.

Сартепаликларнинг айтишларича, агар қувурлар қайтарилиб ўз жойига ўрнатилмаса тўртта уйда жойлашган 160та хонадон бу йил иссиқ сувсиз ва иссиқликсиз қолади.

Ўзбекистонда газ ва электр энергияси тақчил бўлган бугунги шароитда, аҳоли уйларининг ишлаб турган иссиқлик манбаларидан жудо қилиш, самарқандликларга кўра, уларнинг ижтимоий аҳволини янада оғирлаштиради.

XS
SM
MD
LG