Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:50

Самарқандда 2 қаватли уйда газ портлади, 6 киши нобуд бўлди


Самарқанднинг Пастдарғом туманидаги икки қаватли хусусий уйлардан бирида 11 февраль тонги соат 6га яқин портлаш бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) берган хабарга кўра, газ билан тўлган ҳаво қоришмасида чақнаш туфайли портлаш юз берган ва уйнинг иккинчи қавати қулаган.

ФВВ сайтида чоп этилган хабарда айтилишича, портлаш Пастдарғом туманидаги Мустақиллик кўчаси, "Чархин" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган хусусий уйда содир бўлган.

ФВВ ҳодисада қурбонлар ва жароҳатланганлар борлигини маълум қилди, аммо уларнинг сонини ҳозирча ошкор қилмади.

Аммо, Озодликнинг аниқлашича, ҳодисада 6 одам нобуд бўлган.

Пастдарғом туманидаги ҳокимлик идораларидан бирининг ўзини таништирмаган ходимидан олинган маълумотга кўра, портлашда ўлган 6 одамдан икки нафари катта ёшдаги аёл киши, 4 нафари ёш боладир.

"Икки қаватли хусусий уйнинг биринчи қаватида газ портлаган. Иккита аёл, тўртта бола ўлди - бувиси 3 та набираси билан ва ўша уйдагиларнинг бир синглиси битта боласи билан ўлган. Тунда ҳавога газ йиғилган бўлган ва адашмасам, ўша уйда оила билан бирга яшаган катта ёшдаги укаси светни ёққанда, биринчи қаватда портлаш бўлган. У эркак куйган, ўлмаган", деди ҳокимлик идораларидан бирининг вакили Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Озодлик сўрови билан ҳодиса тафсилотларини ўрганган Пасдарғом туманидаги манба ҳам 6 киши қурбон бўлгани ҳақидаги маълумотни йўллади.

Унинг аниқлашича: "Икки аёл, тўрт бола ўлган. Бир эркак киши юз ва бош қисмидаги куйиш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ҳодиса вақтида уйнинг иккинчи қаватида ухлаётган бўлган 2 киши - 3 боланинг ота-онасига шикаст етмаган".

Портлашга табиий газдан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда ва бу ҳодиса муносабати билан ФВВ аҳолини яна бир бор газдан тўғри фойдаланишга чорлади.

(Озодлик Пастдарғом туманидаги ҳодисага оид қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринмоқда, янгиликларни сайтимизда кузатинг! - таҳр.)

Ўзбекистонда куз-қиш-баҳор мавсумида табиий газ ва электр токи тақчиллиги боис, аҳоли газдан иситиш мақсадида фойдаланиши оқибатида портлаш ҳоллари тез-тез учраб туради.

Жумладан, ўтган йилнинг ноябрь ойида Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги босмахонада ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши оқибатида 4 киши жароҳатланди. Жароҳатланганлардан уч навари босмахона яқинида жойлашган мактабнинг ўқувчиларидир.

Пастдарғом туманидаги каби кўп қаватли уйга жиддий путур етган ҳолат 2015 йилнинг март ойида кузатилган эди.

Ўшанда Наманган вилоятининг Чуст шаҳридаги 2 қаватлик бинода газ портлаши оқибатида камида бир одам нобуд бўлган, уч киши жароҳатланган эди, турар жой биносининг бир қисми вайрон бўлган.

Бундан ташқари, куз-қиш-баҳор мавсумида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида уйини табиий газ билан иситишга мажбур бўлган оилаларда газ исидан заҳарланиб ўлиш ҳоллари тез-тез учраб туради.

XS
SM
MD
LG