Ўзбекистон хабарлари
Самарқандда консервадан заҳарланган бола вафот этди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи оиланинг тўрт нафар аъзоси овқатдан заҳарланди.
Жорий йил 1 ноябрида рўй берган ва бир боланинг ўлими билан якунланган ҳодисадан жамоатчилик эндиликда хабар топмоқда.
“Севимли” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Замон” информацион дастурида берилган лавҳада қайд этилишича, Пастдарғом тумани Манғитобод маҳалласида яшовчи оиланинг тўрт аъзоси – эр-хотин ва икки бола уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиши ортидан соғлиғи ёмонлашган.
Шундан сўнг улар шифохонага ётқизилган ва текширувларда ботулизм хасталиги аниқланган. Шифохонада оиланинг кенжа фарзанди вафот этган.
Юқумли касалликлар шифохонаси вакили бола талваса синдромидан вафот этганини айтган.
Аммо туман санитария идораси бошлиғи Бурҳон Умаров бола заҳарланишдан вафот этгани, юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари ташхис қўйишда адашганини таъкидлаган.
Ҳолатга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, ботулизм касаллиги асосан уй шароитида тайёрланган сабзавот ва мева консервалари, дудланган балиқ ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади. Ботулизм умумий инфекцион интоксикация, ошқозон-ичак трактининг бузилиши ва неврологик синдромлар кўринишида намоён бўлади. Ботулизм кўп ҳолларда ўлимга олиб келади.
Озодлик аввалроқ Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ҳот-дог истеъмол қилгани ортидан тўрт киши заҳарлангани ҳақида хабар берганди.
Кун янгиликлари
Прокуратурадан тинтувга доир ваколатни олиш таклиф этилди
Шахснинг ёзишма, сўзлашувларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклаш ҳамда уй-жойда тинтув ўтказиш фақат суд қарорига асосан амалга оширилиши керак.
Бу масала Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатда конституциявий қонунийликнинг ҳолатига бағишлаган навбатдаги йиғилишида кўтарилган.
Конституциявий суд қонунчиликни Асосий қонунга мувофиқлаштириш бўйича бошланган ишларни янада жадаллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар берган. Жумладан, шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид конституциявий қоидалар асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормаларини қисқа муддатларда қайта кўриб чиқиш лозимлиги билдирилган.
Мамлакат Конституциясига мувофиқ, ҳар ким ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа хабарларини сир сақлаш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланиши ва шахснинг уй-жойида тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суд қарорига асосан йўл қўйилиши белгиланган.
Айни пайтда, Жиноят-процессуал кодексининг 382-моддасида тинтув ўтказиш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туришга рухсат бериш прокурор ваколатларига кириши қайд этилган.
Конституциявий суд айни шу ваколатларни прокуратурадан олишга доир лойиҳани қисқа фурсатда парламентга киритишга ундаган.
Фуқаролик жамияти вакиллари Конституциявий суд ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда сиёсий, ҳуқуқий жараёнларда фаол иштирок этиши кераклигини айтиб келади.
АҚШ элчиси Ўзбекистонни АЭС бўйича эҳтиёткорликка ундади
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги илк атом электростанцияси қурилишида техник ҳамкорларни танлашда ўта эҳтиёткор бўлишга чақирди. Дипломат бу масалага Podrobno.uz нашри мухбирига берган интервьюсида тўхталган.
“Албатта, ҳамкорларни танлаш Ўзбекистоннинг ихтиёрида. Биз тадқиқот ва технологик ишланмаларда, шунингдек, техник ҳамкорларни танлашда ўта эҳтиёткор бўлишга ундаган бўлар эдик. Хавфсизлик ва бошқа масалаларда эътироф қозонган (техник ҳамкорлар) республикага энг мақбул технологиялар мажмуасини таклиф этиши мақсадга мувофиқдир”, деган АҚШ элчиси.
Америкалик дипломат расмий Тошкент қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, Қўшма Штатлар салоҳиятни ошириш, техник экспертиза жабҳаларида ҳамкорлик қилишдан мамнун бўлишини қайд этган.
Ўзбекистон жорий йил июнь ойида “Росатом” давлат корпорацияси билан кичик қувватли АЭС қурилишига доир ҳужжатни имзолаган. 330 МВт қувватга эга станция (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) Жиззах вилояти ҳудудида барпо этилади.
Дунё узра Путиннинг ядровий таҳдиди муаллақ турган паллада Ўзбекистон Россия билан биргаликда КҚАЭС қуришга киришаётгани маҳаллий фаолларнинг эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик бу лойиҳа Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.
Ҳинд ширкати дориларидан жабрланганлар сони расман ортди
Ҳиндистоннинг Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларининг ножўя таъсири оқибатида ногирон бўлиб қолган ўзбекистонлик болалар сони расман ортди.
“Док-1 Макс” иши доирасида жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси Дилшод Комилов томонидан 2024 йил 18 ноябрида эълон қилинган ҳукмдан жамоатчилик энди хабар топмоқда.
Gazeta.uz нашри ёзишича, суд 2020 йил 14 октябрида Қорақалпоғистон Республикасида туғилган Шаҳрам Абатбаев, 2016 йил 22 августида Жиззах вилоятида туғилган Муслима Зиёбоева, 2018 йил 30 сентябрида Сирдарё вилоятида туғилган Мансур Кемамов “Док-1 Макс” дорисидан, 2020 йил 21 ноябрида Хоразм вилоятида туғилган Сарварбек Жуманазаров, 2022 йил 15 январида Хоразм вилоятида туғилган Муҳаммадали Ойбеков “Амбронол” дорисидан ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олган, деган хулосага келган.
“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.
Мамлакатда 2022 йилнинг сентябрь – декабрь ойларида Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган дорилардан болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан ярим йилдан ортиқ вақт давом этган суд жараёнида дорилар таъсирида расман 68 нафар бола вафот этгани, 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани маълум қилинганди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди ҳукми билан дорининг ножўя таъсири туфайли мажруҳ бўлиб қолган болалар сони расман 23 нафарга етди.
Ижтимоий тармоқларда жабрдийдалар сони кўпроқ экани ҳақида тахминлар илгари сурилгани маълум.
Суд дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган болаларнинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарган.
Аввалроқ фарзанди ушбу дори туфайли ногирон бўлиб қолган фуқаро Феруз Нуриддинов соғлиқни сақлаш масъулларини ҳаракатсизликда айблаганди.
Путин Мирзиёев билан Сурия ва Украина хусусида гаплашди
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Сурия ва Украина атрофидаги жорий вазият юзасидан фикр алмашишган.
Бу ҳақда қисқа ахборот ёйинлаган Кремль матбуот хизмати Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг “қайноқ нуқталар” хусусидаги мулоқоти тафсилотларини очиқламаган.
Суҳбат асносида Путиннинг жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларига доир келишувларнинг ижроси ҳам кўриб чиқилган.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати қайдича, икки давлат раҳбари ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсишини таъминлаш, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар ҳамда ишбилармон ташкилотлари даражасида фаол мулоқотларни давом эттиришга қаратилган ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлашган.
Путин ва Мирзиёев жорий йил декабрь ойи охирида бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувларга тайёргарликни ҳам муҳокама қилган.
Путин жорий йил май ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан борганди. Ўшанда Мирзиёев Путинни ўз уйида меҳмон қилгани, Россия раҳбари Ўзбекистонда режадагидан ортиқча бир кунга қолиб кетгани хабар қилинган эди.
Икки давлат раҳбари жорий йил 7 октябрь куни Путиннинг туғилган кунига мўлжаллаб Москвада уюштирилган МДҲ саммитида ҳам кўришишганди.
Ўзбекистон Россия билан яхши муносабатларни сақлаб келмоқда, бироқ айни пайтда, Ғарб билан алоқаларни кенгайтиришга интилмоқда. Тошкент ҳеч қачон Россия–Украина урушини қораловчи тўғридан-тўғри баёнот бермаган, бироқ қўллаб-қувватлашини ҳам эълон қилмаган.
Ўзбекистон боксчилари Осиёда биринчи бўлди
Жорий йилнинг 30 ноябрь – 11 декабрь кунлари Таиландда бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси пешқадам бўлди.
Эркаклар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 8 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини олган бўлса, аёл боксчилар 3 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакат эркаклар жамоасининг янгиланган таркиби Қозоғистоннинг Парижга борган асосий жамоасини ҳам, Украинанинг кучли таркибини ҳам доғда қолдирган.
Совриндорлар (эркаклар):
Олтин медаль:
• -48 кг: Шодиёржон Мелиқўзиев
• -51 кг: Асилбек Жалилов
• -57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов
• -63,5 кг: Адҳамжон Муҳиддинов
• -67 кг: Мужибилло Турсунов
• -71 кг: Ҳавасбек Асадуллаев
• -75 кг: Жавоҳир Умматалиев
• -80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев
Кумуш медаль:
• -54 кг: Шаҳзод Музафаров
• -86 кг: Жасурбек Йўлдошев
Бронза медаль:
• +92 кг: Жаҳонгир Зокиров
Совриндорлар (аёллар):
Олтин медаль:
• -48 кг: Фарзона Фозилова
• -52 кг: Феруза Казакова
• -66 кг: Навбаҳор Ҳамидова
Кумуш медаль:
• -54 кг: Азиза Якубова
• -57 кг: Нигина Ўктамова
• -75 кг: Азиза Зокирова
• +81 кг: Олтиной Сотимбоева
Бронза медаль:
• -50 кг: Сабина Бобоқулова
• -81 кг: Соҳиба Рўзметова.
Шу тариқа Ўзбекистон бокс жамоаси турнирнинг умумжамоавий баҳсларида жами 20 та медаль (11 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза) билан биринчи ўринни, Қозоғистон 20 та медаль (9 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза) билан иккинчи ўринни, мусобақа мезбони Таиланд эса 9 та медаль (бундан 3 та олтин) билан учинчи ўринни эгаллади.
Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон энг кўп олтин медални бокс йўналишида (Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоков ва Баҳодир Жалолов) қўлга киритганди.
Оммавий тартибсизликлар бўйича ўқувдан ўтганлар жазоланиши мумкин
Ўзбекистон қонунчилигига оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ва бу каби фаолиятни молиялаганлик учун бевосита жавобгарликка тортиш билан боғлиқ ўзгартиш киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 декабрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган.
Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, лойиҳани тақдим этган бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова бугунги кунда оммавий тартибсизликлар Ўзбекистондаги “тинчликка путур етказувчи, жамият осойишталигига раҳна солувчи омил” бўлиб бораётганини таъкидлаган.
Мулозимага кўра, амалдаги қонунчиликда оммавий тартибсизликлар ташкил қилганлик, уларда фаол қатнашганлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик, оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштирганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик мавжуд эмас.
Ортиқованинг тақдимотидан қонун лойиҳаси ана “кемтикни тўлдириш” учун киритилаётгани англашилади.
Лойиҳа билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасида оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ҳамда оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилиняпти. БП масъули унда кўзда тутилган жазо онлайн тарздаги ўқувларда қатнашаётган шахсларга ҳам дахлдор бўлишини урғулаган. Айни пайтда у мазкур хатти-ҳаракатлар учун айнан қандай жазо чораси кўзда тутилаётганига аниқлик киритган эмас.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддасида оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдоридаги жаримадан тортиб 15 йилгача қамоқ жазосигача бўлган жазо чоралари кўзда тутилган.
Лойиҳа депутатларда эътироз уйғотмаган, улар тақдимотчига ушбу мавзуда битта ҳам савол беришмай, ҳужжатни биринчи ўқишда қабул қилишган.
Айни пайтда қонунчиликка киритилиши кутилаётган бу ўзгартиш фуқаролик жамияти фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида турли саволларни пайдо қилган. Улар мазкур тузатиш танқидий фикрдаги шахсларни жазолаш учун қўшимча механизм вазифасини ўташи мумкинлигидан хавотирдалар.
МБ раиси лавозимига Тимур Ишметов тайинланди
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати кенгаши мамлакат президенти тақдимномасига мувофиқ равишда 11 декабрь куни Тимур Ишметовни Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ юқори палата президент тақдимномаси бўйича Мамаризо Нурмуродовни МБ раиси лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилганди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов чоршанба куни ўз телеграм-канали орқали президент Мирзиёев Нурмуродовни Марказий банк раиси вазифасидан озод қилиш тўғрисида Сенатга тақдимнома киритгани ҳақида маълумот тарқатгани ортидан маҳаллий пабликларда МБ раиси лавозимини Тимур Ишметов ёки Эркинжон Турдимов эгаллаши мумкинлигига оид хабарлар пайдо бўлган эди.
45 ёшли Тимур Ишметов икки йилдан буён президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Ундан аввал у икки йилдан кўпроқ муддат молия вазири бўлиб ишлаган. Молия вазирлигидаги раҳбар лавозимларда ишлашидан аввал Ишметов Марказий банк, молия ва иқтисодиёт билан боғлиқ турли департаментларда етакчи вазифаларда ишлаган.
Нурмуродов Марказий банк раиси лавозимидан озод этилди
Олий Мажлис Сенати кенгаши Ўзбекистон президентининг тақдимномасига мувофиқ 11 декабрь куни Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Нурмуродовни МБ раиси лавозимидан озод қилишга оид тақдимнома Сенатга киритилгани ҳақида аввалроқ президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилган эди.
Асадов МБ раисининг ишдан олиниш сабабларини очиқлаган эмас.
Маҳаллий пабликлар Марказий банк раиси вазифасини бажариш вақтинча раиснинг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаевга юкланаётгани ҳақида ёзишмоқда.
Шунингдек, Нурмуродовдан бўшаган ўринга қўйилиши мумкин бўлганлар орасида Тимур Ишметов ҳамда Эркинжон Турдимов каби мулозимлар номлари ҳам саналмоқда.
64 ёшли Мамаризо Нурмуродов Ўзбекистон Марказий банкини 2017 йил июнидан буён бошқариб келаётган эди. У мазкур лавозимга МБга қарийб 26 йил (1991 йилдан буён) раҳбарлик қилган Файзулла Муллажонов вафотидан кейин тайинланган эди.
Тошкент Брюсселдан бож имтиёзи муддатини узайтиришни сўради
Ўзбекистон Европа Иттифоқига GSP+ имтиёзли режими амал қилиш муддатини яна 10 йилга узайтиришни сўради.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати ахборотига кўра, бу таклиф Брюсселда бўлиб ўтган ЕИнинг имтиёзлар тизимини амалга ошириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида билдирилган.
Йиғилишда Ўзбекистон делегацияси мамлакат 2021 йилда GSP+ бенефициар мақомини олганидан буён амалга оширган ишлар натижаларини тақдим этган.
Қайд этилишича, ушбу давр мобайнида ЕИга экспорт қарийб уч бараварга ошиб, 1,15 миллиард долларга етган. Шунингдек, 6200 дан ортиқ имтиёзли товар туридан 1100 га яқин маҳсулот, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, электротехника ва кимё маҳсулотлари учун барқарор экспорт йўлга қўйилган.
Ўзбек делегацияси GSP+ доирасида имтиёзли товарлар рўйхатини мева ва сабзавотлар билан кенгайтириш, шунингдек, мавсумий экспорт квоталарини қайта кўриб чиқиб, уларнинг муддатини узайтириш сўровини ҳам илгари сурган.
GSP+ бу – ЕИнинг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизимидир. Мазкур тизим ривожланаётган давлатларда барқарор тараққиётга ёрдам бериш ва камбағалликни камайтириш мақсадида уларнинг маҳсулотларини Европа бозорига киришини енгиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Озодлик Ўзбекистон 2021 йил 10 апрелидан эътиборан GSP+ иштирокчиси сифатида 6200 турдаги маҳсулотни ЕИ ҳудудига божсиз экспорт қилиш имкониятига эга бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Брюссель 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистон учун GSP+ тизимидан фойдаланиш муддатини 2027 йил 31 декабрга қадар узайтирган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилда мамлакатнинг Европага саноат экспортини 600 та маҳсулотга, экспорт ҳажмини эса 700 миллион долларга етказиш вазифасини қўйганди. Ўшанда Мирзиёев мамлакат GSP+ тизимига кирадиган 6200 та божсиз маҳсулотнинг бор-йўғи 325 турини экспорт қилаётганидан кўнгли тўлмаётганини билдирган эди.
Алишер Қодиров Россия билан виза жорий этишни таклиф қилди
“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров россиялик сиёсатчиларнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан виза тартибини жорий этиш борасидаги таклифларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
“Яқин келажакда кутилаётган беқарорлик, релокантларни жиддий ортиши эҳтимоллари фонида нафақат биз, бутун Марказий Осиё минтақасини Россия билан виза орқали кириш-чиқиш қилиш, иш излаб бораётганларга талаблар ва назоратни кучайтириш ҳақидаги рус сиёсатчиларининг ташаббусларни қўллаб-қувватлашимиз керак”, деб ёзди у Телеграмдаги расмий саҳифасида.
Қодировга кўра, Ўзбекистонда яшайдиган барча фуқаролар ўзбек тили, маданияти ва маҳаллий қадриятларни билиши ва ҳурмат қилиши шарт бўлгани каби хорижга иш излаб бораётган ватандошлар ҳам маҳаллий тил, маданият, қонунлар ва қиладиган ишини яхши билиши зарур.
“Миллий тикланиш” партияси раиси таъбирича, виза тартибининг жорий этилиши билан ҳукумат “ҳақини ҳимоя қила олмайдиган, маҳаллий айирмакашлар томонидан камситилишга рози бўлаётган, энг ёмони, ихтиёрий-мажбурий, масъулиятсизларча ҳаётини сотиб юбориб Ўзбекистон учун жиддий ижтимоий, сиёсий, иқтисодий юк яратаётган айрим фуқароларга ҳам ёрдам берган бўлади”.
Алишер Қодировнинг виза режимига доир таклифи Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан қатор чекловлар жорий этилаётган паллада янграмоқда.
Аввалроқ Россия либерал-демократик партияси раҳбари Леонид Слуцкий меҳнат муҳожирларнинг иш ва яшаш тарзини тартибга солувчи Муҳожирлар кодексини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиққанди.
Бир муддат олдин Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишдан олдин улардан рус тили бўйича тест олишни таклиф қилган. Таҳлилчилар ушбу қоида янги коррупция схемаларини яратади ва россияликлар билан мигрантлар ўртасидаги жарликни янада кенгайтиради, деб ҳисоблашади.
“Миллий тикланиш” партияси лидери жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда совет мафкураси, даври ва рамзларини тарғиб қилишни қонунчилик билан тақиқлаш ташаббусини илгари сурганди.
Экспертлар гоҳида баҳсли таклифларни илгари сурадиган, гоҳида жамоатчилик овози ўлароқ майдон чиқадиган Алишер Қодировни “Ўзбекистоннинг сокин сиёсий майдонида ғайриодатий шахс” деб баҳолашган.
Суриядаги воқеаларни ёритаётган ўзбекистонлик қидирувга берилди
Айни вақтда Суриядаги урушда қатнашиб, ижтимоий тармоқларда “Абу Валид” тахаллуси билан видеотасвирлар жойлаб бораётган ўзбекистонлик Худоёр Нуриддиновга нисбатан қидирув эълон қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.
“Х. Нуриддинов 2016 йилда Россияга меҳнат муҳожири сифатида бориб, у ерда халқаро террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб, Суриянинг Идлиб шаҳрига кетган. У ердан туриб олиб борган тарғибот ишлари оқибатида бир қанча юртдошларимиз жангларда иштирок этиб ҳалок бўлган. Айни вақтда Х. Нуриддинов ижтимоий тармоқлар ва YouTube видеохостинги орқали ўзининг жиноий қилмишларига диний тус бериб, жиҳодга чорловларни давом эттирмоқда”, дейилган ИИВ хабарномасида.
1994 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган мазкур фуқарога нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш ёки ҳаракатланиш), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш) ва 244-2-моддаси (тақиқланган ташкилотлар тузиш ҳамда уларга раҳбарлик қилиш, иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
ИИВ у юритаётган саҳифалар Ўзбекистон ҳудудида тақиқлангани, уларни сақлаш, олиб юриш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирган.
Ўтган ҳафта ҳуқуқ идоралари Суриядаги қуролли ҳаракатларда иштирок этаётган бошқа бир Ўзбекистон фуқароси Давлат Тиллабердиевга нисбатан терроризм ва экстремизм бўйича жиноят иши очилганини билдирганди.
Бир миллиард сўм қалбаки пул сотмоқчи бўлганлар ушланди
Ўзбекистонда қарийб бир миллиард сўмлик қалбаки пулларнинг муомалага киритилишининг олди олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар қилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилоятида яшовчи уч нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, қалбаки 998 миллион 740 минг сўм пулни Жиззах вилоятида 27 минг 200 АҚШ долларига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширувда мазкур шахслардан олинган 200, 100 ва 20 минг сўмлик қалбаки банкнотлар пуркагичли принтер ёрдамида чоп этилгани аниқланган.
1980, 1983 ва 1989 йилларда туғилган гумонланувчиларнинг икки нафари муқаддам судлангани айтилмоқда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва уч фуқаро қамоққа олинган.
Озодлик ўтган йили ҳам Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида 462 миллион 400 минг сўмлик қалбаки пулларни тайёрлаб, муомалага киритганликда гумонланган олти киши қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.
Талабалар учун чипталарга чегирма эълон қилинди
Uzbekistan Airways авиаширкати талабалар учун барча маҳаллий авиақатновларнинг эконом тоифаси авиачипталари тарифига 50 фоизгача чегирма эълон қилди.
Авиаширкат матбуот хизмати қайдича, чегирма 2024 йил 23 декабридан 2025 йил 7 январига қадар амалга ошириладиган авиақатновлар учун амал қилади. Бу имкониятдан ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим бўйича давлат муассасалари талабалари фойдаланиши мумкин.
“50% гача чегирмали авиачиптани Тошкентдаги Uzbekistan Airways Sales филиалида, унинг агентларидан Ўзбекистон ҳудудида ва booking.uzairways.com сайтида харид қилишингиз мумкин. Йўловчи ташиш тарифларига қўшимча равишда турли солиқлар, йиғимлар ва тўловлар ҳам ўрнатилади. Уларга 50% гача тақдим этиладиган чегирма амал қилмайди”, дейилган ширкат хабарномасида.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруғи билан олий таълим ташкилотлари талабалари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаби ва академик лицейлар ўқувчиларига 2024 йил 25 декабридан 2025 йил 7 январига қадар қишки таътил эълон қилинган.
Uzdiplomat.uz сайти чегирма эълон қилинганидан кейин Uzbekistan Airways компанияси сайтида узилишлар юзага келгани, энг харидоргир йўналишларда чипта қолмаганига эътибор қаратган. “Доимгидек чегирма бор, лекин арзон чипта йўқ”, деб ёзган нашр.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳам 23 декабрдан 10 январга қадар барча маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездлар (SV/VIP тоифа вагонлар ва юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездларидан ташқари) чипталари учун талабаларга 50 фоизлик чегирма таклиф қилган.
Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти чекланмоқда
Ўзбекистонда истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилади.
Энергетика вазирлиги чеклов жорий этилишини “ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ортгани” ва “аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа” экани билан асослаган.
Ижтимоий тармоқларда вазирлик баёноти ёйинлангунга қадар ҳам айрим ҳудудларда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Вазирликнинг тан олишича, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, ерости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.
Чекловлар маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган режа-графикларга мувофиқ жорий этилиши, бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида маълумот бериб борилиши маълум қилинган.
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайган кунларда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти чекланиши анъанага айланган. Аммо жорий йил ноябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирланганини маълум қилган эди.
Аввалроқ эса вазир “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ омборларида бу йилги қиш мавсуми учун ўтган йилга нисбатан 1,1 миллиард куб метр кўпроқ – 5,1 миллиард куб метрдан ортиқ газ захираси жамланганини айтганди.
Узлуксиз таъминот ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳали ҳаво ҳарорати манфий даражага тушмаган кунлардаёқ пойтахтдаги ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган.
Янги Тошкентда Санкт-Петербург мавзеси қурилади
Тошкент вилояти ҳудудида қурилаётган Янги Тошкент туманида Санкт-Петербург мавзеси ҳам барпо этилади, дея маълум қилди Россиянинг Ўзбекистондаги савдо-тижорат ваколатхонаси.
Ўзбекистон ва Россия ваколатли идоралари имзолаган меморандумга мувофиқ, янги кварталнинг архитектура лойиҳасини санкт-петербурглик мутахассислар ишлаб чиқади.
Qalampir.uz нашри жорий йил 26-27 май кунлари бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон расмийлари учрашувида президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент кўчаларидан бирини Санкт-Петербург шарафига номлашни таклиф этганини эслатган.
Янги Тошкент пойтахтнинг жануби-шарқида, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларига тегишли ҳудудда қурилмоқда. Туманнинг биринчи яшаш ва инфратузилма объектларини қуриш ишлари жорий йил апрель ойида бошланган. Асосий объектлар қурилишини 2045 йилда якунлаш режалаштирилган.
Озодлик аввалроқ пойтахтдаги ижроия ҳокимияти органлари 20 минг гектарни эгаллайдиган Янги Тошкент тумани ҳудудига кўчирилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилганди.