Линклар

Шошилинч хабар
02 март 2024, Тошкент вақти: 09:59

Ўзбекистон хабарлари

ИИВ: Сурхондарё ва Тошкентдаги "самосуд"лар тергов қилинмоқда (ВИДЕО)

Тошкентдаги мактаблардан бирида юз берган самосудда 7-10 синф ўқувчилари қатнашган.
Тошкентдаги мактаблардан бирида юз берган самосудда 7-10 синф ўқувчилари қатнашган.

Ўзбекистонда 21 ва 23 апрель кунлари ижтимоий тармоқларда самосуд билан боғлиқ иккита шов-шувли видео тарқалди.

23 апрелда тарқатилган видеода икки нафар ҳижобли аёл бир аёлни кийимларини йиртиб, ялонғоч ҳолатга келтиргани, соч ва қошларини қириб самосуд қилгани акс этади. Видео муаллифнинг билдиришича, воқеа Сурхондарё вилоятида содир этилган.

Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси бу воқеа Денов туманидаги “Боғишамол” маҳадлласида 2022 йил ноябрида содир этилгани аниқлангани тўғрисида расман билдирди. Расмий билдирувда таъкидланишича, бир гуруҳ аёллар бир миллион сўм қарзини бермаган бошқа бир аёлни шу тариқа самосуд қилишган.

Сурхондарё ИИБ мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилганини ва тергов ҳаракатлари олиб борлаётганини маълум қилди.

21 апрелда тарқалган видеода эса Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги 331-мактабнинг бир гуруҳ ўқувчи қизлари 8-синф ўқувчисини калтаклаётгани акс этган видео тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг расман билдирилишича, мазкур ҳодиса 13 апрель куни содир этилгани аниқланган ва воқеа юзасидан жиноят иши очилган.

Мактаб расмийларининг айтишларича, самосудда 7-8-9-10-синф қизлари иштирок этган. Улар ўз назарларида гўёки “бир беҳаё суратда юқори синфда ўқувчи қиз тасвирланганини айтиб, мактабда миш-миш тарқатган” 8-синф ўқувчисининг “сини киритиб қўйиш”га ҳаракат қилишган.

Ўзбекистонда самосуд ҳолатлари тез-тез такрорланиб турадиган ҳодисига айланган.

Калтак еган келин, муштумзўр она ва "самосуд"лар – ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги вазиятдан ташвишда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:37 0:00

Кун янгиликлари

“Ўзгидромет” олти вилоятда қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди

Тошкент-Ўш йўлидаги қор кўчкиси. Архив сурат.
Тошкент-Ўш йўлидаги қор кўчкиси. Архив сурат.

“Ўзгидромет” 1 мартдан 7 мартгача олти вилоятида қор кўчиш хавфи борлиги тўғрисида шошилинч хабар тарқатди.

Расман билдирилишича, қор кўчкиси хавфи кутилаётган ёғингарчиликлар ва ҳаво ҳарорати ўзгариши сабабли юз бериши мумкин.

“Ўзгидромет”нинг қайд этишича, қор кўчиш хавфи мавжуд бўлган ҳудудлар қуйидагича:

Қашқадарё вилояти: Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманлари;

Сурхондарё вилояти: Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманлари;

Самарқанд вилояти: Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманлари;

Жиззах вилояти: Бахмал, Зомин туманлари;

Тошкент вилояти: Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, туманлари;

Наманган вилояти: Поп тумани.

“Ўзгидромет” тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришлари ҳақида огоҳлантиради.

Фарғона ва Андижон вилоятларида ер қимирлади

Фарғона ва Андижон вилоятларида 1 март куни соат 05:22 да зилзила юз берди деб хабар қилди ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази.

Марказнинг қайд этишича, зилзила эпицентр Фарғона вилояти Қува туманида бўлган. Зилзила координаталари: 40,45 градус шимолий кенглик; 72,08 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=3,5. Чуқурлик 11 километр. Зилзила эпицентри Тошкентдан 257 километр жанубий-шарқда.

Зизлила Қува туманида 3 балл, Қувасой ва Фарғона шаҳарларида, Марҳамат, Қува, Тошлоқ, Асака, Шаҳрихон туманларида 2 балл кучланишда сезилган.

Ўзбекистонда ўтган йили ЙТҲларда 2300 га яқин киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2282 киши ҳалок бўлди, улардан 263 нафари бола. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтган йиғилишда таъкидланишича, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 74 кишига камдир.

Расман қайд этилишича, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш сустлиги ва самарали назоратнинг мавжуд эмаслиги оқибатида жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилган. Автомобилни маст аҳволда бошқарган 42 минг ҳайдовчи ва йўл қоидасини бузган 300 минг йўловчи аниқланган.

2023 йилда мамлакат ҳудудларида жами 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бу ЙТҲларда 9209 киши жароҳатланган, 2282 киши ҳалок бўлган. Жароҳатланганлардан 1568 нафари, ҳалок бўлганлардан 263 нафар бола.

2022 йилда республика ҳудудида содир бўлган 9902 ЙТҲда 2356 киши ўлгани хабар қилинган эди.

Россияда "Ватандош" ўзбеклар жамияти раиси экстремист ва террорчилар рўйхатига киритилди

Усмон Баратов Украина урушида қатнашаётган Россия ҳарбийларини ҳақорат қилгани иддао қилинмоқда.
Усмон Баратов Украина урушида қатнашаётган Россия ҳарбийларини ҳақорат қилгани иддао қилинмоқда.

Россия Адлия вазирлиги "Ватандош" ўзбеклар жамияти раиси Усмон Баратовни “экстремистлар ва террорчилар” рўйхатига киритди. Бу ҳолатга "Новая газета.Европа" эътибор қаратди.

Адлия вазирлиги Усмон Баратов экстремистлик ёки террорчиликка қай даражада алоқадор экани тўғрисида маълумот бермаган.

Усмон Баратов 19 январдан бери тергов изоляторида сақланмоқда. У ижтимоий тармоқдаги постлари орқали “нафрат ва душманлик қўзғатиш”да айбланмоқда.

2023 йил декабрида Баратов ижтимоий тармоқда Россияда тухум нархи кескин ошиб кетганига оид карикатурани жойлаштирган эди. Картикатурада "Тухум бўлиши учун хўрозларни урушдан қайтаринглар" деяётган товуқлар акс этган.

Бу суратга кремлпараст блогерлар ва миллатчилар эътибор қаратган ҳамда тергов қўмитаси раиси Бастрикинга ариза киритишганди. Шундан сўнг Усмон Баратов қўлга олинган.

Баратов ўзига нисбатан билдирилган айбловни шарҳлар экан: “Товуқларнинг сатирик сурати махсус ҳарбий амалиёт иштирокчиларига ҳеч қандай тарзда алоқадор эмас”, деб билдирди.

Ўз навбатида Дума раисининг ўринбосари Пётр Толстой миллий жамоалар ва диаспоралар ташкилотларини жиноий структураларга тенглаштиришни таклиф қилмоқда. Унга кўра, Россияда “миллатлараро либерализмга” барҳам бериш ва “бу каби ташкилотларни тугатиш” зарур.

Россия ҳарбийлари ва хўрозлар.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00

Юқори Чирчиқдаги заправкада юз берган оммавий муштлашувда киши ўлгани рад этилди

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеодан скриншот.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеодан скриншот.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида юз берган оммавий муштлашувда киши ўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов рад этди.

«Ижтимоий тармоқларда келтирилгани каби воқеада фуқаро вафот этмаган», - деб ёзди у телеграм каналида.

Бу борада ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода навбатда турган ҳайдовчилар бир неча йигитни калтаклагани, калтакланган йигитлар бири ўрнидан тура олмай қолгани акс этган. Шундан келиб чиққан ҳолда, тармоқларда бу йигит ўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Тошкент вилоят ИИБнинг билдиришича, оммавий муштлашув 26 февраль куни Юқори Чирчиқ туманидаги метан ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида содир этилган. Бу воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) асосида жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда қиш мавсумида энергетик инқироз юзага келиши ҳар йили кузатиладиган ҳолат. Энергетик инқироз оқибатида электр ва газ таъминоти билан бир қаторда метан газ заправкалари фаолияти ҳам чекланади. Бунинг оқибатида узундан узоқ навбатлар ва турли жанжаллли вазиятлар пайдо бўлади. Жумладан, 3 февралда Бош прокуратура бундай жанжаллардан бири ўлим билан тугагани тўғрисида маълум қилган:

"3 февраль куни Данғара туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида уч нафар шахс ўзаро жанжаллашган. Шу пайтда безориликни олдини олиш мақсадида, уларни ажратиш учун келган бошқа шахсга (2001 й.т.) ҳам фаол қаршилик кўрсатилган. Бир неча вақтдан сўнг, ушбу шахс хушини йўқотган ва шифохонага олиб борилаётган вақтида вафот этган", - дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги метан заправкалар фаолиятига 17 февралда киритилган навбатдаги чеклов 22 февралдан босқичма-босқич бекор қилинишини билдирган эди. Вазирликнинг билдиришича, метан заправкаларнинг учдан бир қисми фаолияти тўлиқ тикланган.

Ўзбекистондаги энергетик тақчиллик мавзуси Озодликнинг ZIMISTON. UZ лойиҳаси томонидан мунтазам ёритиб борилади.

Zimiston-UZ. Ҳукумат чиқиндидан чироқ ясамоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:56 0:00

Бойсунда ис газидан бир оиладан беш киши вафот этди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида бир оила аъзоси бўлган беш киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Бу воқеа 25 февраль соат 10:30 ларда “Дуоба” маҳалласида қайд этилган. 43 ёшли оила бошлиғи Ж. Х., унинг 10 ёшли ўғли, 7 ва 5 ёшли икки қизи уйида ухлаб ётган вақтида темирдан қўлбола ясалган печдан чиққан ис газидан димиқиб ўлган.

Вафот этган эркакнинг 39 ёшли хотини З.Н., ва 16 ёшли қизи касалхонага ётқизилган. Аммо қиз 27 февраль куни касалхонада вафот этган.

Бойсун туман прокуратураси бу воқеа юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда.

Расмий статистикага кўра, ҳар йилги қиш мавсумида ис газидан юзлаб ўзбекистонликлар заҳарланади ва уларнинг кўпчилиги ўлим билан якунланади.

Озодликнинг 2023 йил 18 декабрдаги Zimiston дастурида Фарғона ва Наманганда икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманидаги “Кенес” овулида ўтган йилнинг 15 декабрида бир оиладан бўлган беш киши ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинган.

Бош прокуратура ўтган йил 21 ноябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида эр-хотин, 25 октябрда эса Самарқанд вилояти Оқдарё туманида бир оиланинг уч аъзоси, жумладан, 4-синф ўқувчиси ва 4 яшар бола ис газидан заҳарланиб вафот этганини билдирган эди.

Мирзиёев йил бошидан бери иккинчи марта армия жанговар шайлигини оширишга кўрсатма берди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни ўтган йиғилишда Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакатнинг мудофаа қобилиятини ошириш юзасидан қўшимча топшириқлар берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, йиғилишда мудофаа вазири қўшинларнинг жанговар шайлигини ва қобилиятини ошириш, уларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш, сержантлар корпусининг фаолиятини такомиллаштириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Ҳисоботда қўшинлар фаолиятини рақамлаштириш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари босқичма-босқич жорий этилаётгани ҳамда алоқа тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилган.

Йиғилишда Қуролли Кучлар тузилмасини такомиллаштириш, миллий армияни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий-техник воситалар билан таъминлаш ҳамда мудофаа саноати комплексини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон президенти бу билан йил бошидан бери иккинчи марта Қуролли кучлар масаласида йиғилиш ўтказмоқда.

Шавкат Мирзиёев 2 январь куни мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлигини, жанговар қобилиятини янада ошириш масаласини кун тартибига қўйганди.

Ўшанда президент армияни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк билан таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуини такомиллаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги кўрсатиб ўтди.

Йиғилиш якунида президент Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтириш бўйича қатор топшириқлар берди. Президент матбуот хизмати бу топшириқлар тафсилотларини маълум қилмади.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги тўрт ширкат АҚШнинг янги санкциялар рўйхатига киритилди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ҳаво, денгиз ва автомобил транспорт воситасида юк ташиш билан шуғулланувчи Polarstar Logistics ширкати, жумладан, унинг Тошкентдаги ваколатхонаси АҚШ санкциялари жорий этилган юридик шахслар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси сайтида маълум қилинди.

АҚШ Молия вазирлиги санкциялари рўйхатида қайд этилишича, Polarstar Logistics бош қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган. Вазирлик мазкур ширкат ва унинг Тошкент ваколатхонаси қандай асосларга кўра, санкциялар рўйхатига киритилгани тўғрисида маълумот бермаган.

АҚШ 23 февралда мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний қамоқхонада ўлгани ва Украина босқинининг икки йиллиги муносабати билан Россияга қарши янги санкциялар жорий этган эди.

Аввалроқ АҚШ давлат котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд Вашингтон Россияга қарши “қақшатқич” санкциялар пакетини ҳозирлаётганини билдирган эди. Мулозимага кўра, унда “юзлаб, юзлаб ва юзлаб” чекловлар бўлади. Нуланд янги санкциялар шу пайтгача мавжуд бўлган чекловлардаги “тирқишларни ёпиш”и ҳамда Россия томонига уларни айланиб ўтишга имкон қолдирмаслигини таъкидлаган.

Бундан ташқари АҚШнинг янги санкциялари пакетига Қозоғистонда рўйхатдан ўтган Da Group 22 ва Elem Group, Қирғизистондаги Ukon ширкатлари ҳам киритилди.

Қозоғистон нашрларининг ёзишича, Da Group 22 ва Elem Group электрон ва телекоммуникация ускуналари ҳамда эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси билан шуғулланади.

Қирғизистоннинг Ukon ширкати эса, АҚШ Молия вазирлиги таъкидича, Америкада ишлаб чиқарилган самолётлар эҳтиёт қисмларини Россияга жўнатиш билан машғул бўлган.

2023 йил июнида Ўзбекистондаги Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia ширкатлари АҚШ, ЕИ ва Япония санкциялари рўйхатига киритилган эди. Еврокомиссия сайтида эълон қилинган ҳисоботда мазкур ширкатлар Россия мудофаа саноати учун Ғарбдан товар сотиб олишга урингани баён қилинган.

АҚШ Савдо вазирлиги 2023 йил 2 ноябрда Тошкентдаги Mvizion МЧЖга ҳам санкция эълон қилган эди. 2024 йил 23 февралида Европа Иттифоқи ҳам мазкур МЧЖни санкциялар рўйхатига киритди.

МЧЖ электрон ва телекоммуникация ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси билан шуғулланади. Ширкатнинг раҳбари ва ягона таъсисчиси сифатида Иевлев Игор Николаевич кўрсатилган.

2023 йилнинг апрель ойида АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига нисбатан санкциялар киритган. Ўшанда USM холдингига алоқадорлиги айтилган Ўзбекистондаги “Охангаронцемент” АЖ ва “Akkermann Cement CA” МЧЖ ҳам санкция рўйхатига тушган эди.

"Док-1 Макс" иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди

Тошкент шаҳри судида "Док-1 Макс" иши бўйича 23 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукми 26 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да ўқилди.

Суд қарори билан Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариев 2,5 йилга давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 18 йилга қамалди.

Фармагентлик собиқ директорининг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаев 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар эса 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин Сингҳ Рагвендра Пратапни Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилади.

Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Суд ҳукми билан Quramax Medikal МЧЖда турли лавозимларда ишлаган Б. Камбаралиев 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш, Н. Мирзаахмедова шарли равишда 3 йил синов муддати билан 10 йиллик қамоқ, Э. Мирзаахмедов 4 йил муддатга озодликни чеклашга ҳукм қилинди.

“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖнинг 12 нафар собиқ ходими ҳам турли муддатларга озодликдан чеклаш ва қамоқ жазоларига ҳукм этилди.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” бўйича жиноят иши судда ўтган йилнинг 11 августидан кўриб чиқила бошланган. Мазкур сиропни ичган болалардан камида 69 нафари вафот этган.

Блогер Sardor gangster “Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват”да айбланиб 10 суткага қамалди

Сафарбоев Нишонда қамалган иккинчи блогер бўлди.
Сафарбоев Нишонда қамалган иккинчи блогер бўлди.

Sardor gangster тахаллуси билан TikTok ва YouTube платформаларида танилган блогер Сардор Сафарбоев 10 суткага қамалгани тўғрисида Қашқадарё вилояти судлари матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, у жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг 21 февралдаги қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 184−3-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) асосида айбдор деб топилган.

Билдирувда қайд этилишича, 26 ёшли Сардор Сафарбоев вақтинча ишсиз бўлган. Унга юқоридаги айбловлар асосида 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

23 февралда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Сафарбоевнинг шикоятини апелляция тартибида кўриб чиқди ва биринчи инстанция судининг қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.

Шу йилнинг 29 январида жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди 49 ёшли наманганлик блогер Абдулҳаким Абжалиловни Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «а», «в» бандлари асосида айбдор деб топган ва 5 йилга қамаган эди.

ФИФА қарори: “Бунёдкор” Ривалдо ва Денилсонга 9,5 миллион евро тўлаб бериши шарт

ФИФА интизом қўмитаси “Бунёдкор” футбол клуби жамоанинг собиқ ўйинчилари Ривалдо ҳамда Денилсонга 9,5 миллион евро қарз эканини ва бу қарзни тўлаши шартлиги тўғрисида қарор қабул қилди.

Tribuna.uz нашрининг ёзишича, ФИФАнинг 22 февралда қабул қилинган қарорида “Бунёдкор” Ривалдога 8,1 миллион евро, Денилсонга 1,1 миллион евро қарз экани қайд этилган. Мазкур қарор Ўзбекистон футбол ассоциациясига юборилган.

“Бунёдкор” ФИФА низоларни ҳал қилиш палатасининг 2017 йил 21 сентябрда қабул қилган қарорини тўлиқ бажармаганликда айбдор деб топилган. Бу Спорт арбитраж суди томонидан 2023 йил 6 ноябрда чиқарилган қарорда тўлиқ тасдиқланган.

“Бунёдкор» клуби 30 кун ичида ушбу маблағни тўлаб бериши шарт қилиб белгиланган. Акс ҳолда ФИФА томонидан клубга нисбатан жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Ривалдо 2008-2010 йиллар давомида “Бунёдкор” футбол клуби аъзоси ва уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлган. Денилсон эса 2010 йилда “Бунёдкор” сафида чемпион бўлган. У Ўзбекистон Олий Лигасида 14 ўйинда 4та гол, ОЧЛда эса 6 ўйинда 5та гол урган.

“Бунёдкор” ва футболчилар ўртасидаги молиявий можаро 2010 йилдан бери давом этиб келаётган эди.

Камида 69 бола ўлимига сабаб бўлган "Док-1 Макс" иши бўйича суд ҳукми эълон қилиниши кутилмоқда

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг билдиришича, 26 февраль куни “Док-1 Макс» иши бўйича суд ҳукми эълон қилиниши кутилмоқда. Суд ҳукми соат 15:00 да Тошкент шаҳар судида ўқилади.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” бўйича жиноят иши судда ўтган йилнинг 11 августидан кўриб чиқила бошлаган. Мазкур иш бўйича 20 нафардан кўпроқ киши судланмоқда. Мазкур сиропни ичган болалардан камида 69 нафари вафот этган.

Айбланувчилар орасида фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариев ва Quramax Medikal директори Рагневдра Пратарлар ҳам бор.

Судланувчилар Жиноят кодексининг солиқ тўлашдан бўйин товлаш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва бериш, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни сотиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказишда айбланмоқда.

Суднинг 12 февралда ўтказилган мажлисида прокурор Кариев, унинг икки ўринбосарига 18 йиллик, Паратарга 20 йиллик қамоқ жазоси белгиланишини, доридан ўлган ва соғлиғи оғирлашган болаларнинг қариндошларига 100 миллион сўмдан жами 8,4 миллиард сўм ундириб берилишини талаб қилган.

Болалар омбудсмани Навоийда ўқувчиларнинг сочи олиниши билан боғлиқ ҳолатни танқид қилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Навоий шаҳридаги 2-мактабда ўқийдиган ўғил болаларнинг ёппасига сочи олиниши билан ҳолат умумий ўрта таълим муассасаларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига зид. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълум қилди.

Болалар омбудсмани қайдича, бу боланинг Ўзбекистон Конституциясида кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳамда унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига таҳдид солади.

“Мазкур ҳаракатга йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чора кўрилиши зарур", дейилган омбудсман хабарномасида айни пайтда бу каби номақбул ҳолатлар бошқа таълим муассасаларида ҳам юзага келмаслиги бўйича чоралар кўрилаётгани қўшимча қилинган.

Навоийдаги 2-умумтаълим мактабига 23 февраль куни директор Нурқобил Юсупов ташаббуси билан сартарош чақирилгани ҳамда турли синфлардан ўғил бола ўқувчилар спорт залга йиғилиб, сочи олингани ҳақида аввалроқ Kun.uz нашри хабар қилган эди.

Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова нашр билан суҳбатда 2-мактабдаги ҳолатни умуман оқлаб бўлмаслигини айтган.

“Ушбу мактаб фаолиятини тўлиқ ўрганамиз. Бу ҳолат умуман мумкин эмас. Бундай директор ишда қолиши ҳам мумкин эмас аслида. Мактабда ўқувчининг сочига тегишга умуман ҳаққи йўқ. Педагогнинг этика қоидасига тўғри келмайди бу”, деган мулозима.

Навоий вилояти Миллий гвардия бошқармаси матбуот котиби Рамазон Кубаев ҳам МГ ходимлари мактаб директорининг бу ташаббусига қарши бўлишганини қайд этган.

“Бириктирилган ходимларимиз давомат назорати учун мактабга борганида ушбу ҳолатнинг устидан чиқишган. Бу, албатта, мумкин эмас. Шу сабабли мактаб директорига жараённи тўхтатишни ҳамда ўқувчиларни дарсга қайтаришни айтишган”, деган Рамазон Кубаев.

Ўзбекистонда тўртта аэропорт бошқаруви хусусий секторга берилади

Бошқаруви хусусий секторига топширилиши кутилаётган Урганч халқаро аэропорти биноси (иллюстратив сурат)
Бошқаруви хусусий секторига топширилиши кутилаётган Урганч халқаро аэропорти биноси (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда Бухоро, Наманган, Урганч ва Андижон аэропортлари хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилинади. Бу ҳақда авиация соҳасидаги давлат корхоналари трансформацияси бўйича президент Мирзиёев ҳузурида 22 февраль куни ўтказилган тақдимот маросимида билдирилган.

Тақдимот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистонда авиаширкатлар сони 15 тага етгани, улардан 10 таси хусусий авиаширкатлар экани, 2023 йилнинг ўзида 28 та янги самолёт олиб келингани, булар натижасида охирги етти йилда рейслар 2 баробар кўпайгани қайд этилган.

Шунингдек, Самарқанд аэропорти хусусий шерикликка берилгани ҳисобига йўловчи оқими тўрт карра ошиб, 1 миллионга етгани урғуланган.

Тақдимотда Uzbekistan Airways авиаширкати га халқаро кредит рейтингини олиб, уни “IPO”га чиқариш жараёни бошланиши айтилган.

Шу билан бирга, жорий йилда рейслар сони 20 фоизга оширилиши, соҳада харажатларни 20 фоизга қисқартириш чоралари кўрилиши, ёқилғи сарфи юқори бўлган эски самолётлар сотилиб, замонавий ва тежамкор ҳаво кемалари олиб келиниши қўшимча қилинган.

Истанбулда яна бир ўзбекистонлик қўлга олинди, икки гумонланувчи Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон ИИВ томонидан халқаро қидирувга берилган Санъат Шарипов (1994 йилда туғилган) ушланган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси қайдича, фирибгарлик жиноятини содир этганликда гумонланган бу шахс “Туркия ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида” қўлга олинган.

Ўзбек дипломатлари исми зикр этилган шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВга мурожаат қилишни сўраган.

Аввалроқ бош консулхона фирибгарликда гумонланаётган Саидумархон Мусаев ҳамда одам савдосида гумонланаётган Мунисахон Алижонова Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатган.

Истанбулда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йилда қидирувга берилган ва жиноят оламида “Моня” лақаби билан танилган Мунисахон Алижонова 13 февраль куни қўлга олингани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG