Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:49

Мустақил таҳлилчилар: Сардоба фалокати сабабларини аниқлаш учун лойиҳа ва қурилишга оид маълумот керак!


Ҳолландияда жойлашган “Deltares“ тадқиқот марказининг Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборидаги техноген фалокат сабаблари ҳақида ўтказган дастлабки хулосаси турли талқинларга сабаб бўлмоқда.

17 май куни маҳаллий нашрлар 10 саҳифадан ошиқ хулосада келтирилган бир қатор сабаблардан айнан табиий офат омилини ажратиб олиб¸ “нидерландиялик экспертлар ҳам Сардоба фалокатига кучли шамол ва ёғингарчиликни сабаб қилиб кўрсатди” деб хабар қилди.

Айни пайтда¸ 21 май куни BBC ўзбек хизмати суҳбатлашган тадқиқот муаллифлари ўз хулосаларининг бундай бузиб тақдим этилгани юзасидан Ўзбекистон дипломатик идорасига эътироз билдирганини айтди.

Ҳисобот муаллифлари¸ Сардоба фалокатининг асл сабабларини ўрганиш учун аввало унинг лойиҳа ва қурилиш ҳужжатларига эга бўлиш ва тадқиқотни фалокат жойида ўтказиш лозимлигини таъкидламоқда.

Сунъий йўлдошдан олинган суратлар таҳлили

Deltares тадқиқот марказининг мутахассисларининг Сардоба сув омборидаги тўғон бузилишига оид ҳисоботи “тезкор таҳлил” деб таснифланган ва муаллифлар муқаддимадаëқ унинг Sentinel ва PlanetScope сунъий йўлдоши орқали олинган суратлар ëрдамида ҳозирланганини таъкидлаган.

Дастлабки хулосаларга асос бўлган сунъий йўлдошдан олинган суратлар.
Дастлабки хулосаларга асос бўлган сунъий йўлдошдан олинган суратлар.

Сув омборлари бўйича тадқиқотчи Санджай Гири, Геннадий Дончиц ва Марк Ҳегнауэрлар бу суратларни махсус компютер дастурлари ëрдамида таҳлил қилган.

Дастлабки хулосаларга Сардоба сув омборининг фалокатдан уч соат ўтиб¸ сўнгра уч кун ичида бир пайтда олинган сунъий йўлдош суратларининг махсус усул воситасида сув¸ тупроқ¸ тўлқин шаклида кўриш ва таҳлил қилиш асос бўлган.

Бу суратлар таҳлили¸ биринчи уч соат ичида омбордаги сув¸ тўғоннинг ëрилган қисми ғарбда жойлашганига қарамай¸ асосан шимол-ғарб йўналишида ҳаракатланганини кўрсатган.

Айтилишича¸ тўғон ëрилганидан икки кун ўтиб¸ омборнинг аксар ҳудуди қуриганига қарамай¸ айнан шимолда жойлашган Қозоғистон ҳудудларининг 4 май куни ҳам сувда қолгани сувнинг шимол томон оққанини кўрсатган. Бу эса¸ мутахассислар фикрича¸ сув омбори тубининг текис эмаслигини кўрсатади.

Суратлар таҳлилидан келиб чиққан дастлабки тахминлар

Бошқа қитъадан туриб бўлса ҳам¸ замонавий технология ëрдамида бу фалокат сабабларига оид тадқиқот ўтгазган олимлар, тўпланган бирламчи далилларга асосланиб¸ Сардоба фалокатига қуйидаги омиллар сабаб бўлганини тахмин қилади.

(Бу омиллар ҳисоботда муаллифлар келтирган кетма-кетликда тақдим этилади.)

· Тўғоннинг ëрилган қисми анча қурилишнинг кечроқ босқичи - 2014 йилдан кейин қурилган. Айни бузилган жойда дренаж каналлари борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

· Тупроқдан қурилган нисбатан янги тўғонда айрим деформация бўлиши мумкин¸ аммо тўғоннинг ҳар хил қисми ҳар хил вақтда қурилгани (айниқса бир неча йил тўхтатиб қўйилгандан кейин) унда нотекис деформация пайдо бўлишига олиб келади. Шунингдек¸ дренаж канали ва ëки бошқа майда дефектлар ноқисликлар тўғоннинг бузилган қисмида катта деформацияга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

· InSAR технологиясидан тупроқ деформациясини ҳисоблаш учун кенг фойдаланилади. Бу технология Сардоба тўғони тупроғи деформациясини ҳисоблаш учун қўлланганда¸ тўғон бузилган жой яқинидаги тупроқнинг нотекислигини кўрсатган.

· Тўғон бузилишига ниҳоятда кўп ëққан ëмғир ва кучли шамол тўлқини ëки ички эрозия (қувурлар) сабаб бўлган бўлиши мумкин.

· Фалокат (қисман) лойиҳалаштириш ва қурилишнинг сифатсизлиги ¸ қолаверса рисоладагидай мониторинг ва техник хизмат кўрсатишнинг йўқлиги туфайли рўй берган бўлиши мумкин.

Ҳолландия тадқиқотчилари бу сабаблардан айнан қай бири бирламчи эканини аниқлаш учун ҳам сув омбори лойиҳаси ва қурилишига оид тегишли ҳужжат ва маълумотлар билан ишлаш лозимлигини айтади.

Дастлабки хулосаларга асос бўлган сунъий йўлдошдан олинган суратлар.
Дастлабки хулосаларга асос бўлган сунъий йўлдошдан олинган суратлар.

Ўзбекистондаги сув омборлари хавфсизлиги масаласида Тошкент ҳукумати билан ўтмишда ҳамкорлик қилган бу мутахассисларга улар сўраëтган ҳужжат ва маълумотлар тақдим этиладими-йўқми¸ буниси ҳозирча қоронғу.

Президент Мирзиëев Сардоба сув омборидаги техноген фалокат сабабларини ўрганиш учун хориж мутахассислари жалб қилишини билдирди. Аммо ҳозирча айнан қайси хориж давлатининг қайси тадқиқотчилари бу жараëнга таклиф этилгани эълон қилинмади.

Мирзиëев шунингдек¸ 90 мингдан ошиқ одамнинг ўз уй-жойини ташлаб кетишига сабаб бўлган бу фалокат учун жавобгарлар¸ “ким бўлишидан қатъи назар” жазоланишини ваъда қилди.

Аммо фалокатдан бир ойча ўтиб ҳам Сардоба сув омборининг лойиҳалаштирилиши ва қурилиши учун масъул бўлган бирор мулозим истеъфо бергани ëки ишдан олингани йўқ.

Сирдарë ва Жиззах чўлларида пахтачиликни ривожлантириш мақсадида 2010 йилда қурилиши бошланган Сардоба сув омбори ташаббусчиси¸ президент матбуот хизматининг ëзишича¸ ўшандаги Бош вазир Шавкат Мирзиëевдир.

Бу лойиҳани молиялаштириш тўхтатилгани ортидан¸ унининг қурилиши Каримов вафотидан сўнг Мирзиëев президентликка келиши билан қайта бошланган.

Дастлабки режага кўра¸ 2021 йилда битказилиши белгиланган сув омбори 2017 йил май ойида эксплуатацияга топширилган.

Орадан уч йилча ҳам ўтмай тўғони ëрилган бу лойиҳанинг буюртмачиси ва бош масъули ҳозирги "Ўзгидроэенерго" АЖ раиси Абдуғани Сангинов бўлгани ҳолда¸ қурилишни ҳам унинг оиласи ва яқинларига қарашли хусусий ширкатлар қурган.

Сардоба фалокати юзасидан Озодлик ўтказган дастлабки суриштирув қурилиш жараëнининг давлат ва хусусий манфаатлар тўқнашувига ëрқин мисол экани ва унда хусусий манфаатларнинг устун келганини кўрсатди.

Фалокат бўйича жиноят иши терговини олиб бораëтган ДХХ¸ Бош прокуратуранинг билдиришича¸ 16 майга қадар бу иш доирасида 170 киши сўроқ қилган. Улар орасида лойиҳа буюртмачиси ва бош пудратчиси бўлган Абдуғани Сангинов ва Очилбой Раматовлар бор-йўқлиги ҳақида расмий маълумот берилмади.

Маҳаллий нашрларнинг ëзишича¸ сув омбори қурилиш лойиҳаси 404 миллион доллардан қимматга тушган.

Фалокатдан кейинги суратлар¸ хусусан¸ ҳолландиялик мутахассислар ҳисоботига илова қилинган сунъий йўлдошдан олинган расмлар тўғон бузилгани ортидан бу омборда деярли сув қолмагани - давлат бюджетидан олинган 1,2 трлн сўмнинг қумга сингиб кетганини кўрсатади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG