Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2022, Тошкент вақти: 18:13

Сардоба фожиасига икки йил тўлди. Сув омбори ҳажми "учдан бирга қисқаради"


2009—2017 йилларда барпо этилган Сардоба сув омбори расмий матбуотда Шавкат Мирзиёевнинг лойиҳаси сифатида тақдим этилган.

Қозоғистон расмийларига кўра, Ўзбекистон бундан икки йил муқаддам йирик техноген офатга саҳна бўлган Сардоба сув омборидаги сув ҳажмини учдан бирга қисқартирмоқчи.

Қозоғистон Экология, геология ва минерал ресурслар вазири ўринбосари Серик Кожаниязовнинг билдиришича, 2020 йил 1 майидаги ҳалокатдан сўнг ўзбек томони Сардобадаги сув ҳажмини 600 млн кубометр билан чекламоқчи. Тўғон ўпирилишидан олдин Сардобанинг лойиҳа қуввати 930 млн кубометрни ташкил этган.

Кожаниязовнинг сўзларига кўра, жорий йил Сардобада 350 млн кубометр сув йиғилган.

Сардоба: “Бу ерлар олдин жаннат эди” – омон қолганлар ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:00 0:00

Қозоқ расмийсига кўра, Сардоба сув омбори қурилишини ўзбек томони аввал-бошдан Қозоғистон тарафи билан келишмаган. Аммо Сардоба тўғони ўпирилиши ортидан қозоғистонлик мутахассислар сув омборини бориб кўрган ҳамда уни қайта қуриш режаси билан таништирилган.

Қозоғистон томони сув омборини қайта қуриш ишларини яқиндан кузатаётгани ва ҳозирда Қозоғистон томонига ҳеч қандай таҳдид йўқлигини айтмоқда.

Ўзбекистон расмийлари Қозоғистон томони аввалроқ берган ушбу маълумотларни шарҳламаган.

"Шаффоф" тендер

Ўтган йил мартида Қурилиш вазири Ботир Зокиров Сардоба сув омборини қайта қуришга оид лойиҳа халқаро экспертизадан ўтказилганидан сўнггина тендерга қўйилишини айтган эди.

Сув омборини қайта қуришга оид лойиҳаларимиз халқаро экспертизадан ўтказилганидан сўнг тендерга қўйилади. Тендер шаффофлик асосида ўтказилади ва унда ким ютиб чиқишини вақт кўрсатади. Олдиндан бир нарса дея олмаймиз. Қайта қуриш жараёни қачон бошланиши ҳам аниқ эмас. Чунки дамбани қайта тиклаш анча вақт олади, буёғига шошилиб бўлмайди”, дея иқтибос келтирган вазир Зокиров сўзларидан Дарё.уз нашри.

Қурилиш вазири ҳукумат қарори билан дамба етказган зарарларни таъмирлаш ва қоплаш ишларини “ТўпалангсувГЭСқурилиш” МЧЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” ўз ҳисобидан амалга ошириши, бунинг учун давлат бюджетидан бир сўм ҳам ишлатилмаётганини қўшимча қилган.

Шаффофлик асосида ўтказилиши айтилган “Сардоба” сув омборини қайта қуриш бўйича тендер натижалари ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Икки йил аввалги тошқиндан жабр кўрган аҳоли вакиллари тошқин оқибатларини бартараф этишда маҳаллий ҳокимият томонидан коррупция ва зўравонлик ҳолатларидан шикоят қилган. Бу каби ҳолатлар ҳанузгача давом этаётгани айтилади.

Сардобадан бир йил ўтиб: Сув остида қолган сирлар. Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:21 0:00
  • 2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.
  • Тўғон ёрилиши оқибатида юз берган тошқин Ўзбекистон тарихидаги энг йирик аҳолини эвакуация қилиш амалиётига сабаб бўлди - юз минглаб одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди.
  • 2021 йил 10 май куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ёпиқ суд мажлисида «Сардоба иши» бўйича 17 кишига ҳукм ўқиди.
  • Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
  • Суд ҳукмига кўра, “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” бош директорининг собиқ ўринбосари М. Холматов 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.Қолган судланувчиларнинг аксари жарима билан қутулган. Қамалганлардан айримларининг яқинлари Озодликка Сардоба фожиасининг асл айбдорлари жазодан қутулиб қолганини айтишган. Бу каби фикр Ўзбекистондаги жамоатчилик ва тармоқ фаоллари орасида ҳам кенг тарқалган.
  • 2009—2017 йилларда Сирдарё вилоятидаги Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтган ҳудудда барпо этилган Сардоба сув омбори лойиҳасига давлат бюджетидан 1,3 трлн сўм маблағ сарфланган (2017 йил 1 январидаги Марказий банк айирбошлаш курси бўйича 404,4 млн АҚШ доллари- таҳр.).
  • Таҳлилчилар расмий матбуотда "аср лойиҳаси" деб аталган Сардоба сув омборидаги фожиада коррупциянинг ўрни алоҳида тергов қилиниши кераклигини айтишган. Президент Мирзиёевнинг ўзи 2020 йил 5 май куни Сардоба тошқини оқибатларини бартараф этишга бағишланган мажлисда фожиада коррупциянинг роли борлигини тан олган.
XS
SM
MD
LG