Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 10:41

Таиландга қочган саудиялик қизга қочқин мақоми берилди


Рахаф Муҳаммад ал-Қунун Бангкок аэропортида Таиланд расмийлари билан.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Саудия Арабистони фуқароси, 18 яшар Рахаф Муҳаммад ал-Қунунни қочқин сифатида тан олди.

Бу ҳақда ал-Қунун иши билан шуғулланаётган БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлиги мурожаат қилган Австралия ички ишлар вазирлиги вакили маълум қилди. Маҳаллий ҳукумат ҳам “мурожаатни одатий тартибда кўриб чиқаётгани” ҳақида баёнот берди.

Бундан аввал ал-Қунун баёнот бериб, ўзида Австралия визаси бўлгани боис, айнан шу мамлакатга қочиб ўтишга қарор қилганлигини айтган эди.

Таиландга унинг отаси ва акаси етиб борган, бироқ қиз улар билан учрашувдан воз кечган.

Ал-Қунун 5 январь куни оиласи билан дам олаётган Қувайтдан қочиб кетган эди. У тушган самолёт Таиландга қўнганида, текшириб кўрилишини айтган Саудия элчихонаси ходими алдов йўли билан қизнинг паспортини олиб қўйди. Ходим ал-Қунунга оиласи унинг сафарига қаршилик қилаётгани, шу сабабли қиз Қувайтга қайтиши лозимлигини айтган.

Кейинроқ қиз Бангкокдаги аэропорт меҳмонхонаси хоналаридан бирига қамалиб олди ва БМТ вакиллари билан учрашмагунча хонадан чиқмаслигини айтди. Салкам бир кунлик музокаралардан сўнг Таиланд расмийлари, Рахаф она юртига ёки Қувайтга топширилмаслигини айтишди, шундан сўнг қиз БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлиги вакиллари ҳамроҳлигида аэропортни тарк этди.

BBCга берган интервьюсида қиз исломдан воз кечганини, уйга қайтгудек бўлса ўзини ўлим кутаётганини маълум қилди. Саудия Арабистонида исломдан воз кечганлар муртад дейилади ва ўлимга ҳукм қилинади.

Саудия Арабистонида хотин-қизлар ҳуқуқи анча чекланган. Фақат 2017 йилнинг сентябрига келибгина хотин-қизларга машина бошқариш ҳуқуқи берилди. 2018 йил январида хотин-қизлар илк бор стадионда футбол томоша қилдилар.

Мамлакатда хотин-қизлар учун кўплаб қарорлар васий-эркаклар томонидан қабул қилинади. 2017 йилнинг май ойида подшоҳ Салман хотин-қизларга давлат хизматларидан (жумладан соғлиқни сақлаш ва таълим) ўз ҳолларича фойдаланишга рухсат берди.

Саудия Арабистони – жаҳондаги энг бой ва ёпиқ мамлакатлардан биридир.

XS
SM
MD
LG