Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:31

Тошкентда сайлов хавфсизлигини таъминлаш мақсадида паспорт бериш тўхтатилди


Ушбу тадбир паспорт бўлимлари олдидаги узундан-узун навбатларни бартараф этиш мақсади билан изоҳланмоқда.
Ушбу тадбир паспорт бўлимлари олдидаги узундан-узун навбатларни бартараф этиш мақсади билан изоҳланмоқда.

Пойтахтда биометрик паспорт бериш бир ой муддатга тўхтатилди. Расмийлар танаффусни профилактик таъмир билан изоҳлаган бўлсада, бу сайлов хавфсизлигига боғланмоқда. Хабарларга кўра, шаҳарда одам кўп тўпланадиган жойларда назоратни кучайтириш топширилган. Сайлов хавфсизлиги тўла ИИБ ходимлари зиммасига юклатилган бўлиб, участка бўлимларида куну тун навбатчилик ташкил қилинган.

Тошкентда биометрик паспорт бериш 11 ноябрь куни тўхтатилган. Бироқ бу ҳақдаги хабар маҳаллий матбуотда орадан 5 кун ўтиб пайдо бўлди.

Маҳаллий нашрлар Ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб, паспорт беришдаги бир ойлик танаффусни профилактик таъмир билан боғлиқ экани ҳақида ёзди.

Лекин ИИВ сайтида 17 ноябрь куни ҳам бу ҳақда бирор хабар жойлаштирилгани йўқ.

Паспорт бўлимларидан Озодлик олган маълумотга кўра, 12 декабргача пойтахтдаги барча паспорт бўлимлари биометрик паспортни расмийлаштириш ва беришни тўхтатиш борасида буйруқ олишган.

Пойтахт милициясидаги манбанинг айтишича, паспорт бўлимларидаги “муваққат танаффус” сайлов хавфсизлиги билан боғлиқ:

“Сайлов билан боғлиқ хавфсизлик Ички ишлар вазирлигига топширилгач, бир қанча тадбирлар ишлаб чиқилди. Шулардан бири - одам кўп тўпланадиган жойларда назоратни кучайтириш. Паспорт бўлимларида навбатлар узунлиги бор гап. Шунинг учун сайлов ўтгунча бу нарсани бартараф қилиш топширилган”, деди милициядаги манба.

Вақтинчалик танаффус натижасида биометрик паспортга ҳужжат топширганлар ўз паспортини фақат 11 декабрдан кейин, яъни президент сайловидан камида бир ҳафта ўтгач, олишлари мумкин. Бу эса, ўз навбатида, “Паспорт олишга улгурмаганлар сайловда қандай иштирок этади?” деган саволни туғдиради. Бу саволга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан ҳозирча бирор расмий жавоб бўлгани йўқ.

Ўтган ой Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов хавфсизлигини таъминлашни Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклади. Маҳаллий матбуот жорий ой бошида расмийларга таяниб, сайлов арафаси хавфсизлик чоралари кучайтирилиши ҳақида хабар қилганди.

Ҳозирда милиция бўлимлари сайлов участкаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида у ерларда куни тун навбатчилик қилаётгани айтилмоқда.

Бармоқ излари

Аsiaterra нашри сайловолди пойтахтда шубҳали кўринган шахсларнинг бармоқ излари олинаётгани ҳақида ёзди.

Нашрнинг ёзишича, шаҳардаги истироҳат боғлари ва кўчаларда “шубҳали” кўринган шахслар милиция бўлимларига олиб борилиб, уларнинг бармоқ излари олинмоқда, собиқ маҳкумлар эса уйларидан ИИБга чақиртирилаяпти.

Айни пайтда тошкентликлар шаҳарда ҳозирча хавфсизлик билан боғлиқ жиддий ўзгаришлар кузатилмаётганини айтишди:

"Авваллари ҳар байрам олди ёки бирор жиддий тадбир пайти кўчаларни милиция босиб кетарди. Ҳозирча кўчаларда милиция кўпайгани йўқ. Яқинда бошқа шаҳарга самолётда учиб бориб келдим. Аэропортда ҳам назорат кучайтирилгани деярли кузатилмади. Ишхоналарда ҳам ҳозирча назорат борасида бирор гап-сўз бўлгани йўқ", деди тошкентлик йигит.

4 декабрь куни ўтказиладиган сайловда ўзбекистонликлар тўртта номзоддан бирини президентликка сайлайдилар.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод - президент вазифасини бажарувчи ва амалдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев, Халқ-демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Миллий тикланиш партиясидан Сарвар Отамуродов ва Адолат партиясидан Наримон Умаровлар ўзаро "кураш" олиб бормоқда.

Жорий йилги президентлик сайлови кейинги чорак аср ичида илк бор Каримов иштирокисиз ўтади.

Бу сайловда илк марта ЕХҲТга аъзо бўлган 13та мамлакат вакилларидан тузилган 17 кишилик кузатувчилар миссияси қатнашади.

Шунга қарамасдан Ўзбекистондаги сиëсий фаоллар Каримов ўлимидан кейинги сайловлар эски услубда давом этишидан ташвиш билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG