Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 13:02

Чавақланган аëлнинг онаси қизи динини ўзгартирганини рад этди


Қизи эри томонидан пичоқланган Сандиқиз Жақсибаева

12 ноябрь куни эри тарафидан пичоқланиб реанимацияда қолаëтган 31 яшар сайрамлик икки фарзанд онаси Умида Норметованинг онаси Сандиқиз Жаксибоева Озодлик мухбири билан суҳбатда “куëвим туҳматчи” деди.

Бундан олдин Норметов 31 яшар турмуш ўртоғини христиан динига кирди, дея пичоқлаганини иддао қилган ва унинг ўзи WhatsApp орқали ҳамқишлоғига жўнатган видео 13 ноябрь куни Озодликка етиб келган эди.

Жаксибоевага кўра қизи куëви видео иддао қилгани каби “ўриснинг динига” кирмаган:

- Қизим ўлим билан олишар экан¸ куëвим Хайрилла Норметов видео тарқатиб¸ “аëлим ўрисни динига кирди” деб туҳмат қилиб ўтирибди. Қизим Умида номозини ўқиб¸ рўзасини тутадиган мусулмон. Қизимни пичоқлаганидан кўра шу туҳмат балоси менга оғир ботди¸ дейди Қоратой тумани Сайрам қишлоғида яшовчи Сандиқиз Жаксибоеава.

Унга кўра¸ қизи бундан 11 йил олдин турмушга чиққан бўлса ҳам куëвининг топиш-тупиши яхши бўлмагани учун оилада тез-тез жанжал чиққан:

- Икки фарзанди бор¸ уларни едириш керак¸ ичириш керак¸ кийим -кечак дегандек. Ҳаммаси бечора қизимнинг зиммасида эди. Куëвим умуман оиласининг иқтисодий аҳволидан хабар олмай қўйган. Воқеадан 4 кун олдин улар бир-биридан айрим яшашга қарор қилишди. Қизим икки боласини еталаб уйга қайтиб келди. Бунга кўнмаган куëвим эрта билан ишга кетаëтган қизимни автобус бекатида пичоқлаб қочиб кетди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Сандиқиз Жаксибоева.

Озодлик билан суҳбатлашган Умида Норметованинг қўшниларидан бири Шерзодбек ҳам хотинини пичоқлаган Норматовнинг видео-иддаси ëлғон эканлигини айтади:

- Умида опани яхши танийман¸ бечора 11 йил ичида эридан нуқул калтак еди. Яқинда эри урганидан кейин тўрт ойлик ҳомиласини ҳам туширди. Умида опани “ўрисни динига кирди” дейиш бу ғирт туҳмат. Беш вақт номоз ўқишини Сайрамда ҳамма биладику бу аëлни. Ўзи ишлаб икки фарзандини боқади. Эрини на бирор тайинли иши бор ва на оталик меҳри¸ дейди сайрамлик йигит.

Бу оиланинг яна бир қўшниси Муҳтарам опа Озодлик мухбирига хотинига ханжар тиққан Норматовнинг ақли жойида эмас деб ҳисоблайди:

- Видеога чиқиб хотинимга пичоқ тиқдим деб ҳам айтадими? Менимча унинг томи кетиб қолган¸ дейди қўшни аëл.

Хотинини пичоқлаган Хайрилла Норметовнинг онаси Жамила Норметова маҳаллай телеканал мухбири билан суҳбатда “барча айб келин билан онасида” дейди:

- Уйда шароит йўқ¸ уй совуқ¸ у керак¸ бу керак деб қайнонаси ҳам келиним ҳам ўғлимга кун беришмади. Ўғлимни шу аҳволга солган келиним ва унинг онаси¸ дейди Жамила Норметова.

Айни пайтда хотинини пичоқлаган Норметов Қоратой туман суди қарорига мувофиқ икки ой муддатда ҳибсда қолади. Туман маҳкамаси судъяси Боғлон Амиралиевнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ икки ой ичида Норметовнинг тергови тугаб иши судга оширилиши керак.

Жиноят тафсилотлари

Жанубий Қозоғистон вилояти Қоратой тумани Сайрам қишлоғида яшовчи 34 яшар Хайрилла Норметов қотилликка уринишда айбланиб 14 ноябрь куни ҳибсга олинган эди.

Жанубий Қозоғистон вилояти Қоратой тумани ички ишлар бўлимидан Озодликнинг қозоқ ҳизматига келган расмий маълумотга кўра, Норматов ўз хотинини 12 ноябрь куни пичоқлаган. Вилояти ИИБ бошлиғи Иброҳим Жўлонов имзолаган ҳужжатда юз берган жиноятга оид тафсилотлар бор.

“1986 йили туғилган сайрамлик аëл 12 ноябрь куни эрталаб соат 09.05 да пичоқ жароҳати олиб Сайрам овули касалхонасига тушди. Суриштирув асносида жабрланувчи ва эри Хайрилла Норметов орасида жанжал чиққани аниқланди. Жанжал сўнгида Норметов ўз хотинининг ўнг кўкрагига ханжар тиқиб воқеа жойини тарк қилган. Оператив амалиëт натижасида Норметов ҳибсга олинди. Унга нисбатан Қозоғистон ЖКП 106-моддаси 1- банди (Қасддан тан жароҳати етказиш) асосида жиноят иши қўзғалди.¸” дейилади расмий маълумотда.

Хайрилла Норметов
Хайрилла Норметов

Пичоқланган аëлнинг ҳаëти қутқарилди

Озодлик мухбири душанба куни Сайрам касалхонаси билан боғланиб¸ эри пичоқлаган аëлнинг "кўп қон йўқотгани ва аҳволи стабил оғир" эканини аниқлаган эди.

Сешанба кунига келиб аëлнинг ўнг буйраги олиб ташлангани маълум бўлди. Қоратой туман касалхонаси шифокори жарроҳ Бавуржон Аспановнинг чоршанба куни Озодлик мухбирига айтишича¸ Умида Норметованинг ҳаëти 6 соатлик амалиëт ортидан қутқариб қолинган:

-Санавиация воситасида марказдан малакали врачлар етиб келди ва ўнг кўкраги ва буйрагидан жароҳат олиб кўп қон йўқотган беморнинг ҳаëти қутқарилди. Бугун бемор кўзини очди. Лекин ҳануз у реанимация палатасида¸ деган эди Бавуржон Аспанов чоршанба куни.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби Асилбек Дўсалининг пайшанба куни Озодликка билдиришича¸ Умида Норметованинг аҳволи яхшиланган ва умумий палатага кўчирилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG