Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2019, Тошкент вақти: 02:36

СЧР аскари: 1 ой "ит ётиб, мирза турдик", ўқимадик, фақат ишладик


Чирчиқ шаҳри, 531-сафарбарлик чақирув резерви батальонидаги казарма

Чирчиқ шаҳрига жойлаштирилган 07984- ҳарбий қисмнинг 531-сафарбарлик чақирув резерви (СЧР) батальонида август ойида бир ойлик хизматни ўтаб қайтган тошкентлик йигитнинг айтишича, у хизматдошлари билан бирга бир ой давомида ҳарбий машғулот ўрнига қурилиш ишларида ишлатилган.

Собиқ аскар бир ой давомида эшик-деразаси йўқ, таъмир қилинаётган казармада ётишгани учун аскарларнинг аксарияти шамоллаб, касал бўлганини, ўзи эса гайморит дардини орттирганини айтди.

Тошкент ҳарбий округининг мулозими СЧРга чақирилган аскарнинг иддаоларини ўрганиб чиқиб жавоб беришга ваъда берди, аммо ҳарбий округдан жавоб бўлмади.

Чирчиқ шаҳридаги 531-сафарбарлик чақирув резерви батальонига бир ойлик ҳарбий хизматга августда чақиртирилган, исми сир қолишини сўраган тошкентлик йигитнинг айтишича, хизматга борган 640 боланинг аксарияти уйига касал бўлиб қайтган:

“Бизга бу бир ойлик хизмат даҳшатли тушдек бўлиб қолди. Ҳарбий қисм ҳудудидаги казармани ремонт қилиш бизнинг чекимизга тушди. 640 боладан 170 нафари шу ишни қилди. Сизга юборган казарма суратининг ичкарисида бизнинг ётар жойимиз, хоналарда деразалари йўқ, ҳамма томон чанг, тупроқ. Қарийб бир ой ана шу жойда ит ётиш, мирзо туриш қилиб яшадик. Иссиқ сув йўқ, совуқ сув ҳам кўп ўчади. Сквозняк (елвизак – таҳр.) гуриллаб тургани учун ҳамма болалар шамоллаб, касал бўлиб қолди”

Аскарларнинг ётоқ жойи
Аскарларнинг ётоқ жойи

Озодлик билан суҳбатлашган пайтда тинмай бурнини тортиб, йўталиб гапирган собиқ аскарнинг айтишича, уларга тиббий хизмат ҳам кўрсатилмаган:

“Биринчи шамоллаганимда санчастга борсам, бизларда дори йўқ, эртага келинг, деди. Эртасига борсам ҳам йўқ. Кейин уйдан дори олиб келтирдим. У дори келгунча кўкрак қафасимга ўтиб кетди. Яна санчастга бордим. Жоним оғрияпти, уколми, капельницами борми деб сўрадим. Укол олишга тепадан рухсат керак дейди. Бориб олиб келайми ҳозир десам, у одам икки кундан кейин келади, дейди. Хуллас, даволашмади. Оқибатда шамоллаш кучайиб, гайморит касаллигини орттириб келдим. Ҳозир касалхонада, даволаняпман. Буни сизларга ёзишимдан мақсад, бу частга хизматга борадиган бошқа болалар ҳам мен каби касал бўлиб келмасин дейман”.

Чарчаган аскар "дам" олмоқда
Чарчаган аскар "дам" олмоқда

Суҳбатдошнинг айтишича, бир ойлик хизматда улар деярли дарс ўқимаган, фақат қурилишда ишлатилган:

“Ана шу эски казармани ремонтида ишладик. Бир-икки марта дарс ўтгандай бўлишди. Эрталабки нонуштадан кейин, “шагат” қилдиради, кейин ишга. Ювинишга иссиқ сув йўқ. Агар бир ой хизмат қилган бўлсак, биринчи ҳафтада душ қилдиришган эди, кейин уч ҳафта уйга кетгунча иссиқ сув кўрмадик. Болалар пақирга сув иситиб чўмилиб олишарди. Автоматни бир марта кўрдик, полигонга ўқ отгани олиб боришганида. Ўшанда бешта автоматни олдимизга ташлаб, уни разбор қилишни ўзларинг ўрганинглар дейишди, тамом. Кейин 9 тадан ўқ отиб қайтиб келдик”.

Аскарлар таъмир қилаётган хоналар
Аскарлар таъмир қилаётган хоналар

Собиқ аскар йигит 640 нафар аскардан 35 минг сўмдан пул йиғиб олинганини иддао қилди:

“Полигонга кетишдан олдин, походга сумка оласизлар деб 35 минг сўмдан пул йиғишди. Полигонга кетадиган кунимиз қани сумкалар десак, байрамолди сумка отмен бўлди, деди. Пул ҳам йўқ бўлди, сумка ҳам. Ҳар ҳафта концертга деб 15 минг сўмдан йиғишади, лекин концерт бўлмайди. Ўзи биз бир ойга қарийб 4,5 миллион сўм тўлаб келган бўлсак, яна нега пул йиғишади?”

Аскарлар ювинадиган жой
Аскарлар ювинадиган жой

Собиқ аскар бир ойлик хизматга чақирилганларнинг овқати ёмон бўлмаганини қўшимча қилар экан, айрим аскарлар алоҳида эътиборда бўлганини айтди:

"Частнинг ичкарисида бойларнинг болалари билан оддий халқнинг болалари ажралиб қолган. Бизда тўртта взвод бор эди. Тўртинчи взводда штаб жойлашган, ўша ернинг ичида 40 кишилик казарма ҳам бор. Ана шу 40 одам бойларнинг болалари, йиғиб олинган. Улар ўша ерда ётишади, шароити люкс. Душ, туалет ичида, ҳамма нарсаси бор. Ётоқ кроватлари ҳам икки қаватли эмас, бир қаватли. Улар эрталаб бир чиқишади, кечқурун бир чиқишади айлангани, бўлди, бошқа пайт улар кўринмайди. Бу ёқда эса камбағалнинг боласи, чангу тупроққа беланиб ишлайди, сквозняк хоналарда ухлайди. иссиқ суви ҳам йўқ. Шунақа тенгсизлик бор бу ҳарбий частда".

Озодлик аскарнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Тошкент Ҳарбий округи билан боғланди.

Ўзини хизматчи Тўхтамурод Боқиев деб таништирган ҳарбий собиқ аскарнинг иддаоларини диққат билан тинглаб, ёзиб олганидан сўнг:

“Ҳаммаси тушунарли, ҳозир йўналиш бўйича бу ҳақда масъул мулозимларга хабар бераман, улар ҳозир сиз билан боғланишади”, деб Озодлик телефон рақамини ёзиб олди.

Аммо кун давомида Тошкент Ҳарбий округидан Озодликка қўнғироқ бўлмади.

Шарҳларни кўринг (6)

XS
SM
MD
LG