Линклар

Шошилинч хабар
01 май 2024, Тошкент вақти: 01:58

Сергелидаги портлаш: Ҳодисадан беш кун ўтди, ҳукумат комиссияси жим


Сергели туманидаги божхона омборхонасида юз берган портлашдан сўнг ҳовли уйлар яшашга яроқсиз ҳолга келган.
Сергели туманидаги божхона омборхонасида юз берган портлашдан сўнг ҳовли уйлар яшашга яроқсиз ҳолга келган.

Тошкентнинг Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборхонасида юз берган портлашдан беш кун ўтиб, ҳануз бу портлашга нима сабаб бўлгани ҳақида ҳукумат комиссияси ҳатто дастлабки хулосасини ҳам бергани йўқ.

Портлаш содир бўлган омборхона Interlogistics компаниясига тегишли. Расмийларга кўра, ҳодиса юзасидан Ички ишлар вазирлиги жиноят иши қўзғатган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, қарийб 6 миллиард сўмлик талафот кўрилган. Бош вазир матбуот хизматининг билдиришича, кўрилган талафот 10 миллиард сўмгача етиши мумкин.

Сергелидаги портлаш. 16 ёшли ўсмир ҳалок бўлди, 163 киши жароҳатланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:52 0:00

Расмийларга кўра, портлаш оқибатида 17 яшар ўсмир ҳалок бўлган, 163 киши турли хил тан жароҳати олган. Ҳозиргача касалхонада ётган жабрланганлар бор.

Портлаш тўлқинидан яқин атрофдаги ўнлаб кўп қаватли уйларга шикаст етган. Ярим тунда ухлаб ётган одамлар даҳшатга тушганини Сергелидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Дилмурод Ҳошимов бундай эслайди:

“Кучли тўлқин келиб ойнага урди. Ойна ром-поми билан учиб кетиб, келиб менинг устимга тушди. Ўрта эшикни тамоман ичкарига учириб юборди. Беш яшар неварам туалетда экан, у додлаб йиғлаб юборди. Деразадан олов тепага қараб ёнганини кўриб янаям даҳшатга тушдик”.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 134 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Хабарда неча киши ва қандай аҳволда касалхонада қолаётганлиги ҳақида маълумот берилмаган.

OzodNazar: Сергелидаги ёнғин ва дорилардан зарар кўрганларга ким товон тўлайди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:32:47 0:00

Сергелилик Ҳалима Туропованинг Озодликка айтишича, улар яшаб турган кўп қаватли уйда жуда кўп одам жиддий жароҳат олган:

“Даҳшатдан уйғондик. Нима бўлганини билмасдик. Кейин кимдир самолёт тушиб кетди дейишди, кимдир бомба портлади, деди. Шок бўлиб қолдик. Бизнинг домда тўртинчи этажда битта боланинг кўзи операция бўлди, бешинчи этаждаги Мурод деган киши ҳозир болницада, иккинчи этаждаги қўшнимнинг эри комага тушиб қолди. Нариги подъезддаги битта кампир ҳам касалхонада ётибди”.

Портлаш оқибатида омборхонага қўшни бўлган 20дан ортиқ ҳовли энг кўп зарар кўрган.

Озодлик суҳбатлашган одамлар бу уйларда яшаш хавфли бўлиб қолганини айтишади:

“Портлаш оқибатида деворларимиз "осадка бериб" чўкди. Ер кўтарилиб тушгандай бўлди. Маҳаллада соғ ҳовли қолмаган. Шиферлар сурилиб кетди, уйнинг ичидаги балкаси эгилиб, осилиб қолди. Бу уйлар яшаб бўлмайдиган аҳволга келди. Ҳамма деворлар ёрилиб кетди, бу уйларга ҳозир кириш ҳам хавфли бўлиб қолди”.

Маҳалла турғуни Жанибек Ерденовнинг Озодликка айтишича, одамлар зич яшайдиган маҳаллалар ўртасида портловчи моддалари бор омборхонанинг борлиги инсон ҳаётини хавф остига қўяди. Аслида эса бундай корхоналар аҳоли яшайдиган жойлардан анча узоқда бўлиши керак:

“Атрофимиз тўла завод. Бир томонимиз керамика заводи, бир томонимиз логистика, бир томонимиз “пепси” завод, сал нарида метро. Маҳалла жуда катта зарар кўрди. Энди буларни ким таъмирлаб беради, ҳали билмаймиз”.

Маҳалла одамлари атрофи корхона ва омборлар билан ўралган бу маҳаллада яшашга қўрқиб қолганини айтар экан, ҳукуматдан уларни бу ердан кўчириб, бошқа тинч ҳудуддан уй қуриб беришни илтимос қилишини айтади:

“Оғир аҳволда қолдик, бу ёқда қиш эшик қоқяпти. Авария ҳолатидаги бу уйларда жон ҳовучлаб яшашнинг ўзи бўладими. Шу маҳаллада 20тадан кўпроқ ҳовлили уй бор. Ҳукуматимиз бизни бу ердан олиб чиқсин, бизларга уй топиб берсин. Кейин айбдорларни қидириб топиб, ундан зарарни қоплаб олаверсин!”, дейди маҳалла турғунларидан бири.

Портлаш сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш учун Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Божхона омборида бунчалик улкан портлашга нима сабаб бўлгани ҳақида ҳали расмий маълумот йўқ. ОАВда ва ижтимоий тармоқларда бу портлашга сабаб бўлган турли хил тахминлар илгари сурилмоқда.

Омборда хавфсизлик қоидаларига зид равишда сақланган кимёвий воситалар ўзаро реакцияга киришиб кучли портлаш содир қилган бўлиши мумкинлиги ёки электромобил батареялари ёниб кетганлиги ҳақида тахминлар айтилди.

Газета.уз нинг Interlogistics қўшма корхонасига қарашли Халқаро логистика маркази (United Cargo Center) вакилига таяниб хабар беришича, портлаш содир бўлган омборхонада ёнувчи моддалар бўлмаган.

«Бизда портлаш хавфи бўлган нарсалар сақланмаган. Портлашга нима сабаб бўлганини биз билмаймиз. Бизда учқун пайдо бўлишига олиб келадиган ёнувчан нарсалар йўқ эди», — деган мажмуа вакили.

Унинг сўзларига кўра, ёнғин содир бўлган биринчи омборхонадаги музлатгичда маргарин, кунгабоқар ёғи, майонез ва кетчуп сақланган.

Бўлмаса, ўт қаердан чиқди, нима портлади?

Деярли 100 метр баландликка кўтарилган олов ва чор атрофдаги уйларнинг эшигу деразаларини тўкиб ташлаган кучли тўлқин ниманинг портлашидан юзага келди?

Бу саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Портлаш оқибатида омбор яқинида жойлашган BYD ширкатининг ўнлаб автомобили ҳам жиддий шикастланган.

Ширкатнинг билдиришича, портлаш вақтида BYD автомашиналарига “юзаки зарар” етган. Бироқ хавфсизлик ва атроф-муҳитни сақлаш нуқтаи назаридан уларнинг барчаси утилизацияга юборилади.

Очилбой Раматов бошчилигидаги комиссия фавқулодда ҳодисани ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан тузилган.

Комиссия томонидан ҳудудда олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот бериб борилиши айтилган.

Ҳукумат комиссияси ҳатто дастлабки хулосани ҳам айтгани йўқ. Айни пайтда тармоқ фойдаланувчилари комиссия ниманидир ошкор қилишга чўчиётгани, "ишончлироқ баҳона топиш учун вақтни атайлаб чўзаётгани" ҳақидаги тахминларни илгари суришмоқда.

Бу каби тахминлар ва жамоатчилик норозилигига бундан аввалги техноген офатлар пайти тузилган ҳукумат комиссиясининг жамоатчиликка очиқ ҳисобот бермагани, ниҳоий хулосалар эълон қилинмагани ва айниқса, асл айбдорлар жазосиз қолгани сабаб қилиб келтирилади.

Барча йирик офатларни текшириш учун тузилган ҳукумат комиссиясининг раиси Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов экани блогерлар ва тармоқ фойдаланувчиларининг истеҳзоли постларига сабаб бўлади.

Форум

XS
SM
MD
LG