Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 09:40

Бош вазир ZO’R TV даги "Севги изтироблари" сериалини иккинчи марта тақиқлади


"Севги изтироби" сериалининг иккинчи марта тўхтатилиши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида яна  муҳокама мавзусига айланди.

ZO’R TV канали 27 июлдан бошлаб қайта берилаëтган турк киноижодкорлари суратга олган “Севги изтироби” сериали намойишини орадан уч кун ўтиб тўхтатди. Айни сериал 2018 йилнинг 16 февралида Бош вазир тарафидан тўхтатиб қўйилган эди. Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми очиқланишини истамаган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ бу сафар ҳам сериални Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўзи тўхтатган.

31 июль куни эрталаб ZO’R TV канали кўрсатувлар жадвалида “Севги изтироблари” фильми Тошкент вақти билан 20 да намойиш қилиниши акс этган.

Эфирдан олинган сериал ҳали дастур жадвалида турибди
Эфирдан олинган сериал ҳали дастур жадвалида турибди

ZO’R TV каналининг ўзини дастур продюсери деб таништирган мулозими Озодлик билан 31 июль кунги суҳбатда “Севги изтироблари” сериали “диндор томошабинлар талаби билан” эфир сеткасидан олиб ташланганини афсус билан қайд қилди.

- Мевали дарахтга тош отиладику. Шу бизни ҳам кўра олмайдиган қўштирноқ ичидаги ахлоқ посбонлари Telegram ва бошқа тармоқлар орқали имзо йиғиб¸ порталларга ëзиб охири шу сериалнинг яна бир бора тўхтатилишга эришишди. Лекин бу сериал халқ орасида жуда оммалашган ва севимли эди. Кам сонли мутаассиблар талаби халқ истагидан устун чиқди. Чунки мутаассиблар тартибли шаклда ҳужум қилишди¸ деди ZO’R TV ходими.

Бош вазир тўхтатди

Лавозимида матбуотга гапириш ҳуқуқи йўқлиги боис исми айтилишини истамаган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ сериални тўхтатиш талаби 30 июль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов тарафидан селектор йиғилишида янграган:

-Ўзим шу йиғилишда қатнашдим. Мана сурати. Бош вазир Абдулла Ниғматович йиғилишда қатнашаëтган Тошкент ҳокими ва айни пайтда ZO’R TV муассиси Жахонгир Ортиқхўжаевга дағдаға қилди¸ дейди мулозим ва Бош вазир сўзлари стенограммасидан бир парчани Озодликка тақдим қилди.

“Бир иккита мансабдор шахсларимиз бор¸ уларга Бош вазирнинг гапи ҳам ҳукумат қарори ҳам бир тийин. Хохлаган ишини қилади. (Хоҳлаган б..ни ейди дейилган аслида-таҳр) Ким тўғрисида гапирвотганимини хамменлар тушуниб турибсизлар. Запрет бўлган бемаъни турк сериалини яна эфирга узатишибди. Бугуноқ олдириб ташанглар! Нима бу? Ҳукуматнинг гапи бир тийин¸ Бош вазирнинг гапи капейка бўлса майли. Лекин одамларнинг фикричи? Одамлар қанчалик норози бўлди бу сериал бўйича. Шуни ўйламадингларми!”(шева ва услуб аслича қолдирилди -таҳр.)

Ўзбекистон Бош вазирининг бу гапларни айнан Ортиқхўжаевга қарата айтганини селектор мажлисини техник узатишга алоқадор бўлган ходим ҳам Озодликка тасдиқлади.

Бу ходим “Севги изтироблари” фильми мухлиси эканлиги боис бу гапларга алоҳида эътибор қаратгани ва Бош вазир фикрига қўшилмаслигини айтади.

Бош вазир сериални танқид қилган селектор йиғилиши
Бош вазир сериални танқид қилган селектор йиғилиши

​Ҳар йили шу бўлар такрор...

Бундан бир ярим йилча олдин 2018 йилнинг 14 февраль куни Бош вазир Абдулла Арипов “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Севги изтироблари” сериалини танқид қилган эди.

Бош вазир танқидидан сўнг, 2018 йилнинг 16 февралига келиб сериал эфир дастуридан олиб ташланган эди.

Тоқатсизларга нишон бўлган сериал

Бош вазир танқидидан олдин сериалга овоз берган актёрларга нисбатан исломий сайт орқали таҳдид қилиниб, сериал исломий ахлоқ нормаларига зид экани иддао этилганди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйхатга олинган азон.уз ахборот порталида 14 февраль куни эълон қилинган мақолада “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинаëтган “Севги изтироби” фильмини туркчадан ўзбекчага дубляж қилган актёрлар гуруҳи таҳдид нишони бўлган эди.

Мақолада дубляж хизмати ходимларининг иши “ҳаромлиги”¸ уларнинг “боласига ҳаром луқма едиргани” ҳақида ëзилиб, актёрларни сазойи қилишга чақирилган эди.

Айни нашр ўтган 2018 йил мобайнида турк сериалининг соф исломий ахлоқ нормаларига зид экани иддао этилган бир нечта мақолани эълон қилган эди.

Мақолани нашр қилган портал муассиси Мубашшир Аҳмад ва сайт бош муҳаррири Муҳаммад Темир Аъзам Озодлик билан ўтган йилги суҳбатда “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинаëтган “Севги изтироби” фильми соф исломий ахлоқ нормалари ва миллий менталитетга зидлиги боис танқид нишонига айланганлигини айтишган эди.

Ўзбекистонда намойиши иккинчи марта тўхтатилган “Севги изтироблари” фильми Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг Telegram каналида ҳам “тавқи лаънат” қилинган эди.

Айни пайтда "Севги изтироблари" сериалининг иккинчи марта тўхтатилиши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида яна муҳокама мавзусига айланди.

Айримлар, сериал тўхтатилганинига афсус билдирса, баъзилар буни олқишлаган.

Ижтимоиий тармоқ фаоли Дилдора Мавлонова Facebook саҳифасида сериал тўхтатилганини қоралайди.

“Ўша миясига қурт тушганларнинг ўзи ҳаром. Кўрдик, эшитдик шунга ўхшаган биттасининг ҳаётини, сериалдаги воқеалар хижолатда-ку! Кино эмас ўша текинхўрларнинг ўзи ҳаром. Буларга озгина эркинлик берсанг, бошқаларни бўғишни бошлашади”, дейди Мавлонова.

Муҳаббатнинг қора савдоси

Ўзбек телеканалларида “Севги изтироблари” номи билан намойиш қилиниб кейин тўхтатилган кўп қисмли фильм 2015-2017 йилларда Туркияда киноижодкорлар Ҳилол Сарал ва Экин Пандир тарафидан суратга олинган. Туркча варианти “Қора савдо” дея номланган.

Дунëнинг 28 мамлакатида намойиш қилинаëтган бу фильм 2017 йилнинг энг яхши теленовелласи деб топилиб, “Эмми” мукофотига сазовор бўлган эди.

Ўзбекистонда тақиқланган "Севги изтироблари" сериали Саудия Арабистонида энг кўп томоша қилинган
Ўзбекистонда тақиқланган "Севги изтироблари" сериали Саудия Арабистонида энг кўп томоша қилинган

Фильм Ниҳон исмли аëлнинг муҳаббат қиссасидир.

Ниҳон банкротлик ëқасида турган бой бизнесменнинг қизи. Камол эса қашшоқ бир сартарошнинг ўғли.

Улар ўртасидаги муҳаббат ижтимоий тенгсизлик тўсиғи билан тўқнашади.

Шу боис, Ниҳон севганига эмас, балки бой отанинг жоҳил фарзанди Амирга хотин бўлади.

Амир ва Ниҳон олов ва муз каби икки қарама-қарши унсур экани фильмдан аëн бўлади.

Ниҳоннинг қалби яна эски севгилисини қўмсаб талпинади. Уларнинг кейинги тақдири нима бўлишини ўзбек телетомошабини телeэкрандан била олмайди. Чунки Бош вазир бу сериални яна “запрет” қилди.

Шарҳларни кўринг (10)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG