Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:47

Шарғунда ишлаётган хитойлик кончиларнинг уч маҳаллий мардикори автоҳалокатда ўлди


Шарғун кўмир конининг қарийб 200 нафар ишчиси 14-15 август кунлари иш ташлаган эди.

28 октябрь кечқурун Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилоят, Сариосиё туманида юк машинасининг дарёга қулаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, икки киши жароҳат олди.

"Шарғункўмир" АЖ диспетчерининг Озодликка билдиришича, автоҳалокатга учраганлар АЖ билан ҳамкорлик қилувчи хитойлик кончиларнинг кунбай ишловчи мардикорлари бўлган.

Сариосиё Ички ишлар бўлими ходимининг Озодликка айтишича, ҳалокат ҳайдовчининг Шарғун кўмир кони яқинидаги тоғли ҳудудда автомобилни идора қила олмай қолиши натижасида юз берган.

Сариосиё туман марказий касалхонаси бош врачига кўра, бир киши воқеа жойида ҳалок бўлди, яна бир киши касалхонада вафот этди.

Гувоҳларнинг айтишича, 29 октябрь кечқурун автоҳалокатга учраган учинчи шахс вафот этди.

Автоҳалокат

Сариосиё ИИБ ходимига кўра, автоҳалокат Шарғун кўмир конидан унча узоқ бўлмаган тоғли ҳудудда 28 октябрь тунда юз берган:

Кон ишчилари ишдан чиқиб, юк машинасида уйга қайтадиган бўлган. Тоғли жой, пастга тушадиган йўл. Ҳайдовчи машинани холостой қилган. Кабинада ҳайдовчи ва яна бир киши бўлган, тепада уч киши бўлган. Кейин машина тез юриб кетиб, ҳайдовчи машинани идора қила олмай қолган. Кабинадагилар ўзларини ерга отган. Қолган уч киши машина билан жардан оқиб ўтувчи дарёга қулаган".

Унинг қўшимча қилишича, бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, қолган тўрт шахс дарҳол туман марказий касалхонасига келтирилган.

Сариосиё туман марказий касалхонаси бош врачи Муродилла Қодировнинг айтишича, касалхонага ҳайдовчи дохил тўрт киши 29 октябрь соат 00:40-да келтирилган.

- Бири бизга реанимацияга келтирилгандан кейин ярим соатлардан кейин ўлди. Шофёрнинг ёнидаги ўзини ерга отган йигитни, бир суткалар ўтиб, стационар назорат қилиб, уйига жавоб бердик. Иккитаси ётибди, - деди Муродилла Қодиров.

Унинг сўларига кўра, касалхонада ётганлардан бир нафарининг аҳволи оғир қолмоқда.

- Бош мия жароҳати бор, оёғида синиғи бор, белининг 2-, 4- умуртқалари синган. Ҳайдовчининг бош мияси ва бошқа жойлари жароҳат олган, - деди туман бош врачи.

Қурбонлар яқинларидан бири беморхонада ётган учинчи шахс 29 октябрь куни соат 16 ларда вафот этганини билдирди.

Озодликнинг айни маълумотни текшириш мақсадида Сариосиё туман бош врачига қайта боғланиш уринишлари натижа бермади.

Хитойлик кончиларнинг мардикорлари

1954 йилда эксплуатацияга топширилган Шарғун кўмир конини "Шарғункўмир"​ акциядорлик жамияти бошқаради.

"Шарғункўмир" АЖ кадрлар бўлими ходими автоҳалокат қурбонлари АЖ билан меҳнат шартномаси имзоламаганини билдирди.

"Шарғункўмир" АЖ ҳозирда кўмир конида 2017-2020 йилларга мўлжалланган 105,5 миллион долларлик лойиҳани амалга оширмоқда.

Хитой билан ҳамкорликдаги ушбу лойиҳага кўра, 2021 йилдан бошлаб бир йилда 900 минг тонна тошкўмир қазиб олинади.

"Шарғункўмир" АЖ диспетчери сўзларига кўра, автоҳалокатга учраган шахслар АЖ билан ҳамкорлик қилувчи хитойлик кончиларнинг кунлик ёлланма ишчилари бўлганлар.

Улар Шарғун кўмир конидан 5 км узоқликда жойлашган Ғазнобод қишлоғида истиқомат қилишган.

Озодлик суҳбатлашган қурбонлар яқинларидан бири бахтсиз ҳодиса Ғазнобод қишлоғи аҳолисининг ғазабини қўзғатганини айтди:

"Ғазнобод қишлоғидан кўпчилик хитойлик кончилар билан меҳнат шартномасиз ишлашади. Кунбай ишлашади. Хитойликлар уларга кунига тахминан 80 минг сўм тўлашади. Қишлоғимиз ёшлари "Шарғункўмир"​ акционерлик жамиятидаги мансабдор шахсларнинг қинғир ишлари касрига қолишяпти. Бу оддий халқнинг раҳбариятга ғазабини кузғатяпти".

Шарғун кўмир конининг қарийб 200 нафар ишчиси 14-15 август кунлари иш ташлаб, "иш ҳақининг ниҳоятда озлиги, корхона раҳбарларининг ғайриқонуний ишлари, давлат мулкларининг талон-торож қилинаётганига" норозилик билдирганди.

Кон ишчилари эътирозига "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг 24 август куни расмий баёнот тарқатиб, тўққиз мулозимни ишдан олган эди.

XS
SM
MD
LG