Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 07:33

Шиа мазҳабидаги бухоролик йигит диний экстремизмда айбланиб иши судга оширилди

  • Абдулла Искандар/Озодлик

Шиа китобларини тарқатгани учун айбланган Жаҳонгир Қулижанов

Бухоро шаҳрида якка тадбиркорлик билан шуғулланадиган шиа мазҳабидаги 34 яшар Жаҳонгир Қулижонов «динлараро низо қўзғатувчи диний материалларни тарқатишда айбланиб, иши судга оширилган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида шу кунларда давом этаëттан суд жараёни мажлисида Қулижоновга Ўзбекистон жиноят кодексининг 244- модда, 1- банди бўйича айблов эълон қилинди.


(244-модда: "Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш")

Қулижоновни ҳимоя қилаëтган адвокатга кўра¸ жараëнда иштирок этаëтган прокурор айбланувчига 7 йил қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Айблов хулосасига кўра¸ Жаҳонгир Қулижонов Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси эксперт хулосасига биноаон шиа воизи Амин Раминнинг шиа тарихига оид ("имом Хусайн ва карбало фожиаси") маърузалари мазхаблараро адоват келтириб чикариши мумкин мазмунида хулоса чикарилган ва Кулижонов Ж. ушбу маърузаларни таркатиш ва намойиш этишда айбланмокда.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган айблов ҳулосасига кўра¸ Қулижонов “2011-2015 йиллар мобайнида Ироқ ва Эрон давлатларига борганидан кейин Амин Рамин исмли шахснинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларнинг электрон версиясини интернетдан чиқариб олиб тарқатган”.

Қулижонов яқинларнинг айтишича, у шиа масжидида мавжуд бўлган ва изн берилган 114 та китобларнинг баъзисидаги «Карбало фожеаси» ва шиа тарихига оид маърузаларнинг китобнинг рус тилидаги аудио файлларини эшитганликда ва уни таркатишда айбланмоқда.

Бухородаги шиа масжиди имоми Иброҳим Ҳабибовнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ Ўзбекистонда ўқиш учун изн берилган 114 та шиа мазҳабига доир китобларнинг араб ва форс тилида бўлгани боис масжиднимнг бу тилни билмайдиган қавмлари уни рус тилида ўқиган:

- Айни китобнинг рус тилидаги таржимасини ўқиса муаммо йўқ деб ўйлайман. Зотан Карбало фожеаси машҳур ҳикоядир. Бу ҳикояни қайси тилга таржима қилсанг ҳам маъноси бир хил бўлади. Шу маънода бу китобни форс тилида эмас, балки рус тилида ўқиган одамни жиноятчи дейиш мумкинми? Мен суд адолат қилади деб ўйлайман¸ дейди шиа имоми Иброҳим Ҳабибов.

Айблов хулосаси
Айблов хулосаси

Қулижонов яқинларнинг айтишича, у шиа масжидида мавжуд бўлган ва изн берилган «Карбало фожеаси» ҳақидаги китобнинг рус тилидаги Москвадан олиб келинган таржимасини ўқиганликда айбланмоқда.

Шиалар учун муҳим бўлган Карбало китоби
Шиалар учун муҳим бўлган Карбало китоби

Шиа адабиëтини тарқатган 20 киши қамалган эди

Айбланувчилар яқинларининг айтишича¸ 2 феврал 2017 йил 20 нафар шиа мазхабига мансуб шахслар МХХ ва Шахар ИИБ ходимлари томонидан ушланган. Яқинларининг иддао қилишича. 3 февралда уларнинг 5 нафарига нисбатан сохта маъмурий хужжатлар тайерланиб, суд қарори билан 15 суткага озодликдан махрум қилинган. Қулижонов яқинларига кўра¸ 15 сутка давомида қамалганларга нисбатан жисмоний ва рухий тазйиқлар ўтказилиб ёлғон кўрсатмалар олинган.

Озодликда 5 нафар қамалганларнинг тазйиқлар ва ёлғон кўрсатмалар тўғрисида Президент ва Бош прокурорга мурожаатномалар билан чикишгани ҳақида маълумот бор.

Қулижоновнинг адвокатига кўра, бу беш киши ичидан икки нафарига яъни Жаҳонгир Қулижонов ва Шавкат Азимовларга 216-модда (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) бўйича айб юкланган.

Адвокатнинг Озодликка айтишича¸ 22 август 2017 йил суд қарорига кўра Қулижонов Жаҳонгир ва Азимов Шавкатлар ЖК нинг 216-моддаси билан айбдор деб топилиб, иккала шахс хам иш ҳаки энг кам микдорининг 50 баравари миқдорида жаримага тортиш билан жазоландилар.

Адвокатга кўра¸ Жаҳонгир Қулижоновга қарши 244- модда бўйича айблов шундан кейин пайдо бўлган. Шундай қилиб, шу кунда Қулижонов Жиноят Кодексининг 244 (1)- моддаси бўйича айбланмоқда, тергов изоляторида сақланмоқда.

Бухородаги суд эшиги олдида
Бухородаги суд эшиги олдида

Биби Зайнабнинг туғилган куни

Озодлик мухбири диний экстремизмда айбланаëтган Жаҳонгир Қулижонов¸ Шавкат Азимов ва бошқаларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. Улар шиа бўлгани учун аксари сунний мусулмон бўлган аҳоли тоқатсизлигига нишон бўлаëтганини иддао қилишди. Қулижоновнинг яқинларига кўра¸ Жаҳонгир Қулижонов ва Шавкат Азимов пайғамбарнинг набираси туғилган кунини нишонлаб турганида қўлга олинган:

- Биз шиаларда Биби Зайнаб эҳтиром қилинади. 2 февраль Биби Зайнаб яъни пайғамбаримиз набираларинининг туғилган кунига тўғри келди. Ўша куни тўпланиб зиëфат қилмоқчи бўлганида Жаҳонгир ва Шавкатни олиб кетишди. 216-модда (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) бўйича айб юкланди¸ дейди суҳбатдош.

Шиаларга нисбатан адолатсизлик қилиняптими?

Суҳбатдошларнинг иддао қилишича, Бухорода шиа мазҳабида ибодат қилаëтганларга нисбатан адолатсиз муносабат мавжуд.

Исми айтилмаслиги шарти билан овози эфирга узатилишига рози бўлган бухоролик аëл нега ашур ойида Карбало зиëратига борганлар МХХ тарафидан сўроқ-савол қилинадию Каъбага борганлар алоҳида эҳтиром қилиб кутиб олинади, дея савол қўйди.

Ўзбекистоннинг энг янги тарихида шиалар билан боғлиқ битта суд жараëни ҳақида Озодлик ëзган эди.

2013 йили "Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамиятининг Самарқанд бўлими етакчиси Равшан Ғуломов шиа йўналишини тарғиб этгани учун 5 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган эди.

Шунингдек, ўша йили Самарқанддаги бир неча масжидда шиаликни тарғиб қилаëтгани ҳақида Ўзбекистон телеканали “фош қилувчи” руҳдаги кўрсатувни ëйинлаган эди.

Бухородаги шиа масжиди имоми Иброҳим Ҳабибов эса “диний раҳбарлар ва оддий аҳолининг шиаларга муносабати самимий ва ижобий” эканлигини эътироф этди.

Иброҳим Ҳабибовга кўра, Ўзбекистоннинг Самаранд ва Бухоро вилоятларида шиа мазҳабидаги бир неча минг мусулмон истиқомат қилади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG