Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2020, Тошкент вақти: 18:13

Халқаро хабарлар

АҚШ Давлат департаменти диний вазият бўйича янги ҳисоботни эълон қилди

Қўшма Штатлар "Ислом давлати" гуруҳи эътиқод эркинлигига таҳдид қилишда давом этаётганини маълум қилди.

Давлат департаменти томонидан эълон қилинган Диний эркинликка оид йиллик янги ҳисоботда “Ислом давлати” гуруҳи турли диний ва этник гуруҳларга қарши зўрлаш, қул қилиш ва ўлдириш каби жиноятларни амалга ошираётгани таъкидланади.

Ҳисоботни тақдим қилиш маросимида давлат котиби Рекс Тиллерсон бу ҳақда гапирар экан:

-Ислом давлати ўзи назорат қилаётган ҳудудларда язидлар, насронийлар ва шиа мусулмонлар геноцид қилинаётгани учун жавобгардир, - деб айтди.

Давлат департаменти ҳисоботида диний эркинликлар энг кўп бузилаётган минтақалар Яқин шарқ, Осиё ва Африка экани айтилади.

Ҳисоботда Украина шарқида Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган айримачилар назорат қилаётган ҳудудларда ҳам диний эркинликлар бузилиши ташвишланарли тус олгани таъкидланади.

Мазкур ҳисоботда йил сайин Ўзбекистон диний эркинликлар бўғилаётган давлат қаторида тилга олиб келинади.

АҚШдаги Халқаро диний эркинлик комиссиясининг 26 апрель куни эълон қилинган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон дунёда диний эркинликлар вазияти энг ёмон бўлган давлатлар қаторидан 12 - марта жой олган эди.

Кун янгиликлари

Жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 31 миллион нафардан ошди

Дунё давлатларида COVID-19 инфекцияси юқтириб олганлар сони, АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 31 миллион 84 минг 7 нафарга етди.

Коронавирус ёйилиши бўйича жаҳон мамлакатлари орасида ҳамон АҚШ етакчилик қиляпти. Бу мамлакатда беморлар сони 6 миллион 800 минг нафардан ошган.

COVID-19 га чалинганлар сони бўйича Ҳиндистон (қарийб 5,5 млн бемор) иккинчи, Бразилия эса (4,5 млн нафардан кўпроқ бемор) учинчи ўринда бормоқда.

Бу орада сайёрада коронавирус қурбонлари сони 1 миллион нафарга яқинлаб қолди. Улардан 200 мингга яқини АҚШда, тақрибан 137 минг нафари Бразилияда, қарийб 88 минги эса Ҳиндистонда нобуд бўлган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, ССВнинг сўнгги расмий маълумотларига кўра, айни пайтда 52 минг 70 нафарни ташкил этмоқда, қурбонлар сони эса ҳозиргача 437 нафарга етган.

Чехия соғлиқни сақлаш вазири COVID-19 га чалиниш кескин кўпайгани ортидан истеъфога кетди

Адам Войтех.

Чехия соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтех мамлакатда сўнгги пайтларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб кетгани ортидан 21 сентябрь куни истеъфога кетгани ҳақида билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига бу соҳани тузатиш учун келгани билдирган Войтех коронавирус эпидемияси мазкур ишни амалга оширишга имкон бермаганини таъкидлаган. “Соғлиқни сақлаш соҳаси олға силжиши учун қўлимдан келган барча ишни қилишга уриндим”, деган вазир.

Соғлиқни сақлаш вазирини истеъфога кетишга мухолифатдаги сиёсатчилар ҳам чақирганлар.

Чехия баҳорда Европа Иттифоқида кескин карантин чораларини киритган илк мамлакатлардан бўлган. Шу тадбирлар туфайли Чехияда хасталар сони кескин ўсиши кузатилмаган, ўлимлар сони ҳам Европадаги бошқа мамлакатлар (Италия, Испания ва Германия) билан қиёслаганда нисбатан паст даражада қолган.

Бироқ касалликка чалиниш ҳолати камая бошлаганидан кейин май-июнь ойларида бу мамлакатда чекловларнинг қарийб барчаси олиб ташланган. Август ойи охирида хасталар сони кескин оша бошлаган, сўнгги кунларда эса коронавирусга чалиниш ҳолатлари суткасига 3 мингтага етиб қолди. Бу эса баҳордагига қараганда бир неча баробарга кўпдир.

10 миллиондан кўпроқ аҳоли истиқомат қиладиган Чехия охирги пайтларда чекловларга қайтмоқда, мутахассислар карантин чоралари қайта жорий қилиниши мумкинлигини ҳақида гапира бошладилар.

21 сентябрь ҳолатига кўра, Чехияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 49 минг 290 та ҳолат қайд этилган, хасталик қурбонлари сони эса 503 кишига етган.

Тожикистонда ҳарбий хизматдан бўйин товлаш учун тўртта игна ютган оддий аскар 2,5 йилга қамалди

Тожикистон Олий суди биноси.

Душанбе гарнизони ҳарбий суди оддий аскар Фаридун Зиёвуддиновни ҳарбий хизматдан бўйин товлаш мақсадида тўртта игна ютганликда айбдор деб топди ва 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2020 йилнинг апрелида армияга чақирилган 21 ёшли Фаридун Зиёвуддинов Вахдат шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган эди.

Терговнинг аниқлашича, у хизматдан бўйин товлаш мақсадида тўртта игна ютган ва бунинг оқибатида касалхонага ётқизилган.

Айни пайтда Фаридуннинг яқинлари суд ҳукмини адолатсиз деб баҳоламоқда. Уларга кўра, 21 ёшли йигит ҳарбий хизматдан бўйин товлаш мақсадида игна ютган, деган айблов асоссиздир.

Фаридуннинг онаси ўғли ҳарбий хизматдан ҳеч қачон бўйин товламаганини билдирди ва ўз умрига таҳдид солган ҳолда игна ютганига ишонмаслигини айтди. Унга кўра, Фаридун армиядаги зўравонлик жабрдийдасидир.

“Уни тўртта игна ютишга мажбурлашган. Бу игналарни кейин касалхонада чиқариб олишди, аммо ўшандан бери ўғлимнинг соғлиғи ёмонлашган. Судга қадар мен ўғлим билан учрашдим, нега бундай қилганини сўрадим. Ўғлим жуда қўрқиб кетди ва ҳарбий хизматдан бўйин товламаганини айтди”,-деди она.

Тожикистонда ҳарбий хизматдаги оддий аскарлар зўравонликларга учраётгани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлиб туради.

Қирғизистонда сўнгги ҳафталарда коронавирусга чалинганлар сони кескин озайди

Хитойнинг Ухань шаҳрида 2019 йилнинг декабрида пайдо бўлган бу вирус шу кунгача жаҳоннинг 188 мамлакатига тарқалди.

Қирғизистонда 21 сентябрь ҳолатига кўра, 55 кишида коронавирус аниқланди. Беморларнинг энг кўпи – 25 киши Боткен вилоятида топилган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, коронавирусга чалинган беморлардан 104 нафари 21 сентябрь куни соғайган. Ўлим ҳолатлари қайд этилмади.

Қирғизистонда шу кунгача COVID-19 вирусига чалинганлар сони 45 471 кишини ташкил қилмоқда. Улардан 41 682 нафари соғайди. Коронавирусдан ўлганлар сони эса 1063 кишини ташкил қилди.

Хитойнинг Ухань шаҳрида 2019 йилнинг декабрида пайдо бўлган бу вирус шу кунгача жаҳоннинг 188 мамлакатига тарқалди.

АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, 21 сентябрь ҳолатига кўра, жаҳонда 31 миллион одамга вирус юққан. Уларнинг 959 мингдан кўпроғи вафот этди, 21 миллиондан кўпроқ бемор соғайди.

Қозоғистонда қўшиқчиларга саҳнага маст аҳволда чиқиш тақиқланади

Қозоқ қўшиқчиси Димаш Кудайберген.

Қозоғистонда қўшиқчилар фонограммадан фойдаланаётгани тўғрисида томошабинларни олдиндан огоҳлантириши ва бундай концертларга билет нархини арзон қилиши режалаштирилмоқда.

Бу борадаги қонун лойиҳаси парламентнинг қўйи палатасида қабул қилинди ва айни пайтда юқори палата томонидан кўриб чиқилмоқда.

Қонунга асосан қўшиқчиларга классик қозоқ қўшиқларини замонавий оҳангга солиб бузиб ижро этиш, саҳнага маст аҳволда чиқиш ва томошабинларни камситиш тақиқланади.

Қозоқ қўшиқчиларининг кўпчилиги мазкур қонунни қўллаб-қувватлашларини таъкидлашмоқда. Бироқ улар қонундаги чекловлар ва тақиқлар амалда қўлланилишига шубҳа билан қарамоқдалар.

“Томошабинга қўшиқчи фонограмма билан ашула айтяптими ёки фонограммасизми, фарқи йўқ. Масалан, Қозоғистонга Ольга Бузова келди дейлик. Унинг жонли қўшиқ айта олмаслигини, фонограммадан фойдаланишини ҳамма билади. Шунга қарамай, зал одамга лиқ тўлади. Маданий даражаси паст бўлган томошабинга бунинг қизиғи йўқ”,- деб фикр билдирди таниқли мусиқачи ва композитор Ўлжас Байкан.

Парламентнинг айрим депутатлари ижро этилаётган қўшиқлар сифатига ҳам эътибор қаратиш зарурлиги тўғрисида таклиф киритмоқда.

Беларусда яна камида 200 норози қўлга олинди (ВИДЕО)

Беларусда намойишлар олти ҳафтадан бери давом этмоқда.

Беларус полицияси 20 сентябрь куни президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб намойишга чиққан юзлаб норозини қўлга олди.

Беларусдаги “Весна” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, Минскда камида 140 киши, бошқа шаҳарларда камида 60 киши қўлга олинган.

Маҳаллий ва халқаро агентликларнинг хабар беришича, 20 сентябрда Минскда ўтган намойишда камида юз минг киши иштирок этди.

Брест шаҳрида полиция норозиларни тарқатиш учун куч қўллади ва намойишчилардан айримларини қўлга олди. Норозилар бунга қаршилик кўрсатгани ортидан полиция осмонга қарата ўқ узди. Шундан сўнг норозилар тарқалиб кетган.

1994 йилдан бери мамлакатни бошқараётган Лукашенкога қарши норозилик намойишлари 9 августда ўтган президентлик сайловидан сўнг бошланиб кетди.

Олти ҳафтадан бери давом этаётган намойишларга сайловда Лукашенконинг ғолиб бўлгани эълон қилингани сабаб бўлди. Мухолифат овоз бериш натижалари сохталаштирилган, деб ҳисобламоқда.

АҚШ Эронга қарши БМТ санкцияларини қайта жорий қилиш механизмини ишга солди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео

АҚШ Европадаги яқин ҳамкорлари эътирозига қарамасдан, Эронга қарши БМТ санкцияларини қайта жорий қилиш механизмини бир тарафлама ишга солди.

Бу ҳақда 19 сентябрь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео эълон қилди.

Помпео Вашингтон санкцияларга амал қилмаган ҳар қандай давлатга қарши чора кўришини таъкидлади.

Эронга қарши БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизми 2015 йилда дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга доир 2231-сонли БМТ резолюциясида белгиланган.

АҚШ қарорига жавобан Эрон бошқа давлатларни АҚШнинг «бемулоҳаза ҳаракатларига» қарши бирлашишга чорлади.

Вашингтоннинг бу ҳаракати БМТда йирик тўқнашув келтириб чиқаришини кутиш мумкин.

АҚШ ўз қарорини эълон қилишидан олдин Британия, Франция ва Германия БМТ Хавфсизлик кенгашига мактуб йўллаб, Эронга санкциялар борасида берилган имтиёзлар 20 сентябрдан кейин ҳам ўз кучида қолишини билдирган эди.

Россия, Хитой ҳамда Эрон билан келишувни имзолаган бошқа давлатлар АҚШ Эронга қарши БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизмини ишга сола олмаслигини айтиб келади.

Сабаби, 2018 йилда АҚШ Эрон билан имзоланган келишувдан чиқиб, мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилган.

АҚШ эса, Эрон билан эришилган келишувни имзолаган «қатнашчи» экани ва шу сабабдан, БМТ санкцияларни қайта жорий қилиш механизмини ишга солишга ҳақли эканини даъво қилмоқда.

Юзлаб аёл қўлга олинган Беларусда намойишлар давом этмоқда (ВИДЕО)

Минскда намойишга чиққан аёллар, 19 сентябрь, 2020

20 сентябрь куни Беларусда яна норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб ўтказилаётган оммавий норозилик акциялари маҳаллий вақт билан соат 13:00 да бошланди.

Бир кун олдин пойтахт Минскда полиция юзлаб аёл намойишчини қўлга олган эди.

Беларусь мухолифати ва ғарб давлатлари 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келади.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Беларусь ҳукумати тинч намойишларда қатнашган минглаб кишини ҳибсга олди, мухолифатнинг деярли барча етакчиларини мамлакатни тарк этишга мажбурлади ёки қўлга олди.

Хабарларга кўра, 19 сентябрь куни бўлиб ўтган намойишларда минглаб аёл қатнашган.

COVID-19: Европа бўйлаб коронавирус чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда

Буюк Британиядаги намойишлар, 19 сентябрь, 2020

19 сентябрь куни Лондонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий қилинган чекловлардан норозилар полиция билан тўқнашди.

Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида эса минглаб одам чекловларга қарши норозилик акциясига чиқиши кутилмоқда.

Лондонда намойишлар бошланишидан олдин мэр Сидиқ Хон комендант соати жорий қилиниши, пабларни эртароқ ёпишга тўғри келиши ҳамда аҳоли ҳаракати чекланиши мумкинлигини билдирган эди.

Жорий ҳафтада Британия ҳукумати олти кишидан кўп одам қатнашадиган тадбирлар ўтказишни ман этди. Бош вазир Борис Жонсон мамлакатда инфекциянинг иккинчи тўлқини бошланишига «шубҳасизлигини» таъкидлади.

Кейинги ҳафталарда Европа бўйлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпая бошлади.

Руминия пойтахти Бухарестда ҳам коронавирус чекловларидан норози халқ намойишга чиқди.

Францияда вирусга чалиниш ҳолатлари ошиб бораётган бўлса-да, 20 сентябрга белгиланган «Тур де Франс» велопойгаси якуний босқичи бекор қилинмади.

АҚШ Олий судининг энг кекса ҳаками Рут Бейдер Гинзбург вафот этди

27 йилдан ортиқ вақт давомида Гинзбург аёллар ҳуқуқлари учун курашчи сифатида америкалик либералларнинг тимсолига айланди.

АҚШ Олий суди ҳакамлар ҳайъатининг энг кекса аъзоси Рут Бейдер Гинзбург 87 ёшида саратон касаллигидан вафот этди.

Гинзбург АҚШ тарихида Олий суд ҳаками бўлган иккинчи аёл эди.

Ушбу лавозимни у Билл Клинтон президентлиги пайти 1993 йилда эгаллаганди.

27 йилдан ортиқ вақт давомида Гинзбург аёллар ҳуқуқлари учун курашчи сифатида америкалик либералларнинг тимсолига айланди.

Ҳозирда 9 та Олий ҳакам орасида кўпчилик республикачилар президент томонидан тайинланган.

АҚШнинг амалдаги Президенти Доналд Трамп бўш турган лавозимга ўз одами номзодини таклиф қилса ва уни республикачилар кўпчилигига эга Сенат қўллаб-қувватласа Олий суд республикачилар фойдасига мустаҳкамланади.

Айни пайтда АҚШ Сенатидаги демократик озчилик ушбу лавозимни навбатдаги президент сайловларига қадар бўш қолдиришга уринмоқда.

Москвада эркак машинаси билан АҚШ элчиси қароргоҳи деворини бузиб кирди

Москвада рус фуқароси ўз автомобили билан АҚШнинг Россиядаги элчиси резиденция деворини бузиб, унинг ҳовлисига кирди.

Бу ҳақда АҚШнинг Москвадаги элчихонаси маълум қилди.

Ҳайдовчини элчихона хавфсизлик ходимлари ҳуқуқ тартибот органлари қўлига топширган.

АҚШ элчихонаси матбуот котиби Ребекка Росс ҳодиса пайтида элчи Жон Салливан у ерда бўлмагани ва ҳеч ким жабрланмаганини билдирди

Ҳодиса 18 сентябр маҳаллий вақт билан тушдан кейин соат 16:20 да содир бўлган.

«112» Телеграм канали манбаларни очиқламаган ҳолда ҳайдовчи маст бўлганини хабар қилди.

АҚШ Кобул ҳукуматини гендер тенглиги масаласига содиқ қолишга чақирди

АҚШ Намоёндалар палатаси Ташқи ишлар қўмитасининг юқори лавозимли аъзолари Афғонистон етакчиларини Толибон билан музокаралар давомида гендер тенглиги йўлида эришилган ютуқларни сақлаб қолишга чақирди.

Ҳуқуқ фаоллари Толибон тузуми ағдарилганидан бери эришилган ютуқлар расмий Қобул жангари гуруҳ билан олиб бораётган музокаралар давомида йўқотилишидан хавотирда.

Ташқи ишлар қўмитаси раиси Элиот Энгель ҳамда Майкл МакКол ҳукумат музокарачилари Афғонистон келажагида аёллар муҳим рол ўйнашини тарафларга яхши тушунтириши кераклигини айтдилар.

Толибон ҳукмронлиги даврида (1996-2001) аёллар мактабга бориши ёки ишлаши ман этилган эди.

АҚШ мамлакатга 2001 йилда бостириб кирганидан бери, миллионлаб қиз мактабда таҳсил ола бошлади, аёллар ишлай бошлади, бир неча аёл парламентда ва дипломатик миссияларда ишлай бошлади.

Толибон аёллар ҳуқуқлари улар исломий ёки афғон қадриятларга зид бўлмасагина ҳимоя қилинишини айтиб келади

Афғонистон жанубида вилоят кенгаши аъзоси отиб ўлдирилди

Афғонистон жанубидаги Пактиё вилояти кенгаши раиси ўринбосари Аюб Ғарвал номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилди.

Вилоят матбуоти хабарларига кўра, Ғарвал 19 сентябрь куни, вилоят маркази Гардез шаҳридаги университетга кетаётганида отиб ўлдирилган.

Қотиллик учун масъулиятни ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ.

Вилоятда Толибон узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келади.

Кейинги кунларда қўшни Нангарҳор вилоятида Афғонистон ҳукумати ҳамда Толибон жангарилари ўртасида шиддатли тўқнашувлар содир бўлди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ғарвал яқинларига ҳамдардлик билдирди ва Толибонни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини қўллашга чорлади.

Толибон тинчлик ўрнатиш чақириқларига рози бўлмай келади.

Айни дамда жангари гуруҳ вакиллари Қатарда Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини ўтказмоқда.

Байден Россияни АҚШнинг "мухолифи", Хитойни эса "рақиби" деб ҳисоблайди

Демократик партиядан АҚШ президенти лавозимига номзод Жо Байден , Вашингтон, 2020 йил 2 сентябри.

Демократик партиядан АҚШ президенти лавозимига номзод Жо Байден Россияни АҚШнинг халқаро майдондаги “мухолифи”, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у 17 сентябрь куни сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда билдирган.

Байден учрашувда “Сизнинг тасаввурингизда Россия АҚШнинг душманими?” деган саволга жавоб берган. Ўз жавобида у “душман” сўзини ишлатмаган, бунинг ўрнига opponent калимасидан фойдаланган, бу сўзни “мухолиф” дея таржима қилиш мумкин. Байден Россия президенти Владимир Путиннинг асосий мақсади НАТОни парчалаш, бу билан Европадаги стратегик вазиятни ўзгартириш, деган мулоҳазани билдирган.

Хитойга тавсиф бериш илтимосига жавобан Байден бошқа бирикмадан фойдаланган – у ХХРни АҚШнинг “жиддий рақиби” деб атаб, Вашингтон Осиёдаги иттифоқчилари билан алоқаларини мустаҳкамлаши зарурлигини урғулаган.

Республикачилар ва Байденнинг рақиби бўлган амалдаги президент Дональд Трампнинг шахсан ўзи демократни Хитойга нисбатан кўнгилчанлик қилаётганликда айблаб, бир неча бор танқид қилишган. Демократлар эса, ўз навбатида, Трамп Путинни қарийб ҳеч қачон танқид қилмаслигини таъкидлаб, уни Россияга нисбатан етарли даражада қатъиятли ва принципиал эмас, деб ҳисоблайдилар.

Аввалроқ Байден кампания чоғида бир неча маротаба Россияга нисбатан қатъийроқ сиёсат юритишини, демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишини ҳамда бошқа демократик давлатлар билан биргаликда Москвага нисбатан ягона сиёсат ишлаб чиқишга уринишини билдирган.

Куни кеча Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рей Конгрессда қилган чиқишида Россия сайлов олдидан Байден номзодини “бадном қилиш”га уринаётганини билдирган. У сайловлар билан боғлиқ инфратузилмага хакерлик ҳужумлари уюштирилган 2016 йилдан фарқли ўлароқ Россия томонидан ҳали ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмагани, ҳозирча дезинформация кампанияси билан чекланилаётганини билдирган. Рейнинг бу фикрига қўшилмаган Дональд Трамп ФТБ раҳбарини Россиянинг ўрнига Хитойга эътибор қаратишга чақирган.

АҚШда галдаги президент сайлови шу йил 3 ноябрида бўлиб ўтади. Аксарият сўров натижаларига кўра, Байден айни пайтда асосий штатларда Трампдан олдинда бормоқда.

Киркоров ва россиялик бошқа хонандалар Лукашенко дастакланган клипда суратга тушди

Филипп Киркоров.

Россиялик ва беларуслик қатор хонандалар Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенкони қўллаб қўшиқ куйлашди ва видеоклипда суратга тушишди. Бу иш Беларусда 9 августдаги президент сайловидан кейин бошланган ва шу кунгача давом этаётган норозилик намойишлари қабатида амалга оширилди.

Клипда суратга тушганлар орасида россиялик таниқли эстрада қўшиқчилари Филипп Киркоров, Николай Басков, Александр Буйнов, Анита Цой, Денис Майданов ва бошқалар бор.

Видео Беларуснинг “Аура” гуруҳи YouTube-канали орқали 17 сентябрь оқшомида ёйинланган. Беларуслик хонандалардан клипда Александр Солодуха, Алёна Ланская, Руслан Алехно ва бошқалар иштирок этишган.

Қўшиқда Лукашенконинг исм-фамилияси тилга олинган эмас, бироқ нақаротда унинг сайловолди чиқишларидан олинган “Маъшуқа бировга тортиқ қилинмайди” (гап Беларусь ҳақида бормоқда) жумласи янграйди.

Ролик остидаги изоҳ бўлими очилган эмас, шу важдан у ерда изоҳ қолдириб бўлмайди, шунингдек, лайк ва дизлайк сони ҳам кўринмайдиган қилиб қўйилган.

Киркоров ва Буйновнинг вакиллари жума куни Россия нашрларидан бирига хонандалар Лукашенкони дастаклайдиган ҳеч қанақа клипда суратга тушмаганларини билдирганлар. Буйновнинг вакиласи хонандага Басков ва Киркоров билан бирга “яхши қўшиқ ёзиш”ни таклиф қилишгани, қўшиқда президент А. Лукашенконинг иқтибосида фойдаланилгани ҳақида эса қўшиқчи билмаганини айтган. Филипп Киркоровнинг матбуот котиби эса “артист Лукашенкони қўллаш мақсадида ҳеч қанақа қўшиқ айтмаган”ини қайд этган.

Клипда суратга тушган хонандалардан бири – Николай Басков аввалроқ Минскда Лукашенконинг тарафдорлари форуми доирасидаги концертда чиқиш қилганди, Киркоров эса сайловолди кампанияси чоғида Беларусга бориб, Лукашенкони дастаклайдиган сўзлар айтган.

Президент сайловига бир ҳафта қолганида Беларусдаги қатор шаҳарларда россиялик қўшиқчилар бепул концерт беришлари эълон қилинган. Шунда ижтимоий тармоқдаги кўплаб фойдаланувчилар хонандаларни бу концертларда қатнашиш фикрида воз кечишга ундаганлар. Натижада Леонид Агутин, Кар-Мэн гуруҳи, Стас Пьеха ва бошқалар бу тадбирда қўшиқ айтишдан бош тортишган.

Жорий йил 9 августида бўлиб ўтган президент сайловида Лукашенко ғолиб, деб эълон қилинган. Беларусь мухолифати ва норозилик намойишларининг минглаб иштирокчилари бунга рози бўлмаганлар – уларга кўра, сайлов натижалари сохталаштирилган. Сайловдан кейин бошланиб кетган намойишларда минглаб одам ҳибсга олинган, қўлга олинганлар қийноққа солинган ва таҳқирланган.

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 30 миллион кишидан ошди

Коронавирус тарқалиши бўйича АҚШ ҳамон етакчилик қилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 17 сентябрь куни дунёда коронавирусга чалинганлар сони 30 миллион кишидан ошиб кетганини эълон қилди.

Ташкилотга кўра, вируснинг Европада яна “тез тарқалиш темпи” ташвиш уйғотмоқда.

Коронавирус статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, шу кунгача вирусдан ўлганлар сони камида 942 989 кишига етди.

Коронавирус тарқалиши бўйича АҚШ ҳамон етакчилик қилмоқда. Бу давлатда 6 миллион 664 минг 21 киши вирусга чалинган, улардан 197 447 нафари вафот этган.

Иккинчи ўринда Ҳиндистон. Беморлар сони 5 миллион 118 минг 253 киши. Ўлганлар сони 83 198 нафар.

Учинчи ўринда Бразилия. Бу мамлакатда 4 миллион 419 минг 83 кишида коронавирус аниқланди, 134 106 киши ўлди.

Яқин Шарқда коронавирусга чалинганлар сони 1 миллион 750 минг 232 киши, ўлганлар сони 41 254 киши.

Африкада 1 миллион 381 минг 36 кишига вирус юққан, улардан 33 324 нафари вафот этган.

Навальнийнинг сафдошлари заҳар қолдиқлари бор шишани топишганини билдиришди

Томскда Навальний яшаган меҳмонхона.

Алексей Навальнийнинг сафдошлари 17 сентябрь куни Томскдаги меҳмонхонадаги сув идишидан асабни фалажловчи кимёвий модда излари топилганини маълум қилди.

Навальний 17 сентябрида Instagram саҳифасидаги блогида бу ҳақда ёзди. Навальнийга кўра, у заҳарланганидан сўнг ҳам унинг сафдошлари Томскдаги “Ксандер” меҳмонхонасида яшаб туришган.

Улар заҳарланиш воқеасини эшитишлари биланоқ Навальнийнинг ҳали йиғиштирилиб улгурилмаган хонасига киришган ва барча шубҳали буюмларни тўплаб олишга улгуришган. Жумладан, мухолифатчининг сафдошлари “Святой источник” деб ёзилган сув шишасини ҳам топишган.

“Проект” сайтининг хабар беришича, Навальний сафдошларидан бири- Британияда яшовчи Мария Певчих 17 сентябрь куни бу шишани Берлинга олиб бориб берганини билдирган.

44 ёшли Навальний 20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан Москвага қайтаётганида комага тушиб қолган ва 22 августда Берлиндаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган эди.

Немис экспертлари ўтказган тестлар натижасида Алексей Навальний Новичок гуруҳига кирувчи модда билан заҳарлангани аниқланган.

Айни пайтда Европа парламенти Навальнийнинг заҳарланиши ортидан ЕИ маъмуриятидан Россияга нисбатан кескин санкциялар жорий этишни талаб қилмоқда.

Беларусь Литва ва Польша билан чегараларни ёпади

Александр Лукашенко.

Беларусь Литва ва Польша билан чегараларни ёпади. Украина билан чегарада эса тартиб кучайтирилади. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко 17 сентябрь бўлиб ўтган Аёллар форумида билдирди.

“Биз қўшинларни кўчалардан олиб чиқиб, армиянинг ярмини қуроллантириб, ғарб томондаги давлат чегарасини ёпишга мажбурмиз”, деди А. Лукашенко.

Президентнинг сўзлари амалиётга қандай татбиқ қилинади – ҳозирча маълум эмас, деб ёзади Озодликнинг беларус хизмати.

Ўз чиқишида Лукашенко президент сайловининг бошқа давлатлар томонидан тан олинишига муҳтож эмаслигини билдирди ҳамда норозилик намойишлари чоғидаги хатти-ҳаракати учун ОМОНни (милициянинг махсус топшириқлар бажарадиган бўлими) мақтади.

Беларусда жорий йилнинг 9 август куни президент сайлови бўлиб ўтган. Марказий сайлов комиссияси сайловнинг расмий натижаларини эълон қилиши ортидан (бу натижаларга кўра сайловда А. Лукашенко ғалаба қозонган) мамлакатда норозилик чиқишлари бошланиб кетган. Мухолифат ва Ғарб давлатлари президент сайлови натижаларини тан олмаган. Маълумотларга кўра, Беларусда бир ойдан бери тинмаётган норозилик намойишларида минглаб одам ҳибсга олинган, қўлга олинганлар қийноққа солинган ва таҳқирланган.

Қирғизистонда собиқ соғлиқни сақлаш вазири ҳибсга олинди

Космосбек Чўлпўнбаев.

Бишкекдаги Биринчи май туман суди 17 сентябрь куни собиқ соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпўнбаевни 15 ноябргача ҳибсда сақлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Собиқ вазирнинг яқинларига кўра, у Қирғизистон пойтахтидаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига олиб кетилган.

Чўлпўнбаев Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати томонидан 15 сентябрь куни қўлга олинганди. У ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. Молия полицияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг раҳбарлари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда, консультация хизмати олиш учун ўзини оқламаган шартнома тузганлик, бунинг ортидан давлат бюджетига 9 миллион сўмга яқин (тақрибан 115 минг АҚШ доллари) зарар келтирганликда гумонланаётганини маълум қилган.

Космосбек Чўлпўнбаев соғлиқни сақлаш вазири лавозимида 2018 йил 20 апрелидан 2020 йил 1 апрелигача ишлаган.

Шу йил июлида Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати Қирғизистонда коронавирус ёйилишининг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар юзасидан текширув бошлаган пайтда К. Чўлпўнбаев сўроққа чақирилган.

31 март куни мамлакат Хавфсизлик кенгаши мажлисида президент С. Жээнбеков коронавирус кириб келишининг олдини олиш бўйича ишни кўнгилдагидек бажармагани учун COVID-19 га қарши кураш бўйича Республика штаби ва Соғлиқни сақлаш вазирлигини танқид қилган. Шундан сўнг Хавфсизлик кенгаши тавсиясига биноан бош вазир ўринбосари Алтинай Ўмурбекова ҳамда соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпўнбаев ишдан олинган.

ФТБ раҳбари: Россия АҚШдаги сайлов жараёнига таъсир кўрсатишда давом этмоқда

ФТБ директори Кристофер Рей.

Россия АҚШдаги сайлов жараёнига таъсир кўрсатиш уринишларидан воз кечмаяпти ва демократлар номзоди Жо Байденни бадном қилишга умид қиляпти. Бу ҳақда Федерал тергов бюроси (ФТБ) директори Кристофер Рей АҚШ Конгресси Намояндалар палатасида қилган чиқишида билдирди. Рейга кўра, Россия Байденни Москва манфаатларига қарши бўлган сиёсий истеблишментнинг вакили, деб ҳисоблайди.

ФТБ раҳбари қайдича, Россия Демократик партия серверига хакерлик ҳужумлари уюштирган 2016 йилдан фарқли ўлароқ бу йил дезинформация кампанияси билан чекланяпти. Россияликлар бу йўлда ижтимоий тармоқлар, давлат оммавий ахборот воситалари ва пропаганданинг бошқа турларидан фойдаланмоқда, дея иддао қилди Рей. Унга кўра, ФТБ яқинда Facebook ва Twitter ширкатларини Россияга алоқадор бўлган сохта аккаунтлар ҳақида огоҳлантирган.

Рей яқинда ФТБ ва АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Россия ҳарбий разведкасининг мураккаб зарарли дастур таъминотини аниқлаганини урғулади.

АҚШда президент сайлови шу йил 3 ноябрига белгиланган.

2019 йил март ойида махсус прокурор Роберт Мюллер командаси Россиянинг 2016 йили АҚШда бўлиб ўтган президент сайловига муҳтамал аралашувига оид ҳисоботини якунлаган. Икки йил давом этган суриштирув Москванинг АҚШдаги сайлов жараёнига таъсир ўтказишга уринганини исботлаган. Аммо терговчилар АҚШ президенти Дональд Трамп сайловолди штаби билан Кремль ўртасида алоқа топа олмаганлар. Айни пайтда Мюллер Трампнинг адолатли судловга тўсқинлик қилишга уринган-уринмагани юзасидан бир фикрга келолмаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Мюллер суриштирувини “ажина ови”, деб атаган.

Москва ўзининг бошқа давлатлардаги сайловларга аралашганини рад этиб келади.

Европарламент Лукашенкони ноябрь ойидан бошлаб легитим президент ўлароқ тан олмоқчи эмас

Европарламентнинг мажлислар зали.

Европарламент Александр Лукашенконинг давлат раҳбари сифатида амалдаги муддати (2020 йил 5 ноябри) тугаганидан кейин уни Беларуснинг легитим президенти, деб тан олмайди. Бу ҳақда ЕИ қонун чиқарувчи органининг август ойидаги президент сайловидан сўнг Беларусда юзага келган вазият бўйича 17 сентябрь куни қабул қилган резолюциясида айтилган.

Мазкур ҳужжат учун европалик депутатларнинг 574 нафари ёқлаб, 38 нафари қарши овоз берган, яна 82 нафари эса овоз беришдан тийилган.

ЕИ Кенгашининг аввал белгиланган позициясига мувофиқ, депутатлар расмий Минск томонидан очиқланган “президент сайлови” натижаларини тан олишдан бош тортишларини урғуламоқдалар. Уларга кўра, мазкур сайлов халқаро стандартларни қўпол равишда бузиш билан ўтказилган.

Европарламент Беларусь расмийларининг тинч намойишчиларга қарши зўравонлик ва репрессив усуллардан фойдаланаётганини қаттиқ қоралайди, бу таъқиб-тазйиқларни зудлик билан тўхтатишга ҳамда сиёсий сабабларга кўра сайловгача ва сайловдан кейин қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишга чақиради.

Европалик депутатлар Беларусда мухолифат томонидан ташкил этилган ҳокимиятни топшириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларига нисбатан таъқибни ҳам қоралайди. Европарламент бу кенгашни эркинлик ва демократик ўзгаришлар тарафдори бўлган Беларусь халқининг муваққат тамсилчиси ўлароқ олқишлайди. Резолюцияда расмий Минск Мувофиқлаштирувчи кенгаш раёсати аъзолари бўлган Лилия Власова, Максим Знак, Сергей Дулевский ва Мария Колесниковани зудлик билан озод этишга чақирилган.

Беларусда президент А. Лукашенкога қарши норозилик чиқишлари август ойида ўтказилган сайловдан сўнг бошланган, бундай оммавий акцияларнинг сўнггиси 13 сентябрь куни бўлиб ўтган.

Минскда икки фотомухбир суд ҳукми билан 11 суткага қамалди

Озодлик радиоси ҳамда TUT.BY портали фотомухбири Владимир Гридин 15 сентябрь куни қўлга олинганди.

Минскдаги Фрунзе туман суди 16 сентябрь куни Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) ҳамда TUT.BY портали фотомухбири Владимир Гридинни 11 суткага ҳибс этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Чоршанба куни яна бир фотомухбир — Александр Васюкович ҳам 11 суткага қамалган. Уларнинг иккаласига ҳам рухсат этилмаган оммавий тадбирда иштирок этганлик айби қўйилган.

TUT.BY порталининг ёзишича, даставвал журналистларни Романовская Cлобода кўчасида 13 сентябрь куни митинг ўтказганликда айблаганлар. Васюкович ва Гридин таҳририятга суратларни йўллаган ва улар қўлга олинган кафе айнан шу кўчада жойлашган. Янги баённомага мувофиқ, журналистлар ҳамон норозилик тадбирида иштирок этганликда айбланмоқда, бироқ бу сафар манзил (“Пушкин” метроси атрофи) ўзгарган.

13 сентябрь куни Минскда президент сайловининг расмий натижаларига қарши кўп минг кишилик юришларнинг навбатдагиси бўлиб ўтганди. Мазкур натижаларга кўра, амалдаги президент Александр Лукашенко олтинчи марта давлат раҳбари лавозимига сайланган. Норозилар Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтмоқдалар.

ИИВ маълумотларига кўра, якшанба куни Минскда 400 нафардан зиёд киши қўлга олинган.

RFE/RL корпорацияси президенти вазифасини бажарувчи Дэйзи Синделар Владимир Гридин ва Александр Васюковичнинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ бераркан, суд қароридан таассуфда эканини билдирди. У журналистлар шунчаки ўз вазифаларини адо этганлари учун жазоланганларини урғулаб, бу ҳукмлар беларуслик расмийларнинг мустақил журналистикага қарши давомли ҳужумларининг сўнгги намунаси эканини қайд этди.

Россия спортчиларининг допинг истеъмол қилганини яширган Жаҳон енгил атлетика федерацияси собиқ раҳбари 4 йилга қамалди

Диак Россия спортчиларидан 3 миллион 450 минг евро пул талаб қилганликда айбдор деб топилди.

Россия допинг жанжали доирасида коррупцияга аралашганлик ва пул ювишда айбланаётган Жаҳон енгил атлетика федерацияси собиқ раҳбари Ламин Диак Париж суди томонидан 16 сентябрда айбдор деб топилди ва тўрт йилга қамалди.

Тўрт йиллик қамоқ муддатининг икки йилини у очиқда ўтказади ва синов муддатини ўтайди. Бундан ташқари бугунги кунда World Athletics деб аталаётган Жаҳон енгил атлетика федерацияси 500 000 евро (600 000 доллар) жаримага тортилди.

Сенегаллик Ламин Диак Жаҳон енгил атлетика федерациясига 1996 йилдан 2015 йилгача раҳбарлик қилган. У ҳозир 87 ёшда. Диак Париж суди қарори устидан апелляция аризаси киритиши мумкин.

Суд томонидан Диак допинг истеъмол қилинганини бости-бости қилиш учун Россия спортчиларидан 3 миллион 450 минг евро пул талаб қилганликда айбдор деб топилди.

Допинг жанжали ортидан Россия спортчилари 2016 йилги Ёзги Олимпиада ва 2018 йилги Қишки Олимпиада ўйинларидан четлатилган эди.

Суд жараёнида Диак коррупцияга аралашганлик айбловини тан олмади, бироқ 2011 йилдан 2013 йилгача у Россия спортчиларининг допинг истеъмол қилгани бўйича тергов сусткашлик билан олиб борилишига ҳисса қўшганини айтди.

Унга кўра, Жаҳон енгил атлетика федерацияси ҳомийларидан бири Россия банки бўлгани учун ҳам мана шундай ҳолат юзага келган.

Диакнинг Франциядан Сенегалга қочиб кетган ўғли Папа Массата Диак ҳам судга олиб келинган.

У беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва 1 миллион евро миқдоридаги жаримага тортилди.

77 кишини ўлдирган Брейвик қамоқдан озод қилинишини сўради. У ҳукуматни судга бермоқчи

Брейвик 2012 йилда 21 йилга кесилган эди.

Норвегияда 2011 йилда 77 кишини отиб ўлдирган Андерс Беринг Брейвик қамоқдан муддатидан олдин бўшатилишини илтимос қилиб судга ариза ёзди. Бу ҳақда 16 сентябрь куни унинг адвокати Ойстейн Сторрвик маълум қилди.

Адвокатга кўра, Брейвик Норвегия ҳукуматини қамоқда сақлаш шароити қониқарли бўлмагани ва уни бошқалардан ажратиб алоҳида сақлашаётгани учун судга бермоқчи.

Брейвик 2011 йилнинг июлида Ослодаги ҳукумат биноси олдида портлаш уюштириб, саккиз одамнинг ўлимига сабабчи бўлган эди.

Шундан сўнг у полициячи кийимини кийиб Утоя оролидаги Лейбористлар партиясининг ёшлар лагерида яна 69 одамни отиб ўлдирган. Улардан асосий қисми ўсмирлардир.

2012 йилнинг август ойида Брейвик қамоқ муддатини узайтириш шарти билан 21 йилга кесилган эди.

Адвокат Сторрвик Verdens Gang газетасига берган интервьюсида: “Брейвик ўзини қамоқдан муддатидан олдин бўшатилишини талаб қилишга ҳақли, чунки бу қамоқда ўн йил ва ундан кўпроқ ўтирган маҳкумларнинг ҳуқуқидир. Бу барча маҳкумларнинг ҳуқуқидир ва у бу ҳуқуқдан фойдаланмоқчи”,-деб айтди.

Адвокатга кўра, Брейвик исмини Фьотольф Хансен деб ўзгартирган ва қамоқда “узоқ муддат жамиятдан ажратиб қўйилгани учун” Норвегия ҳукуматини судга бермоқчи.

Боснияда мусулмонларни қатл қилган серблар қўлга олинди

Босния-Герцеговинадаги қишлоқлардан бири.

Босния ва Герцеговина ҳукумати 1992-1995 йилги Болқон уруши пайтида 44 нафар мусулмоннинг ўлдирилишига алоқадор бўлган 9 нафар этник серб қўлга олинганини билдирди.

Босния сербларидан бўлган бу 9 кишининг барчаси собиқ офицерлардир. Улар Соколаца туманида мусулмонларни қатлиом қилишни режалаштириш ва иштирок этишда гумонланмоқда.

Расмий баёнотда айтилишича, босниялик серблардан иборат қуролли гуруҳ 1992 йилнинг сентябрида Новосеочи қишлоғини босиб олган. Улар қишлоқдаги барча эркакларни чиқиндихонага олиб бориб отиб ташлаган. Аёллар ва болаларни эса қишлоқдан ҳайдаб чиқарган.

Кейинроқ мазкур гуруҳ қишлоқдаги масжидни бузиб, қатл этилган мусулмонларнинг жасадлари устига ташлаган. Қатл қилинган эркакларнинг ёши 14дан 82гача бўлган. Улар орасида бир аёл ҳам қатл қилинган.

Прокуратуранинг билдиришича, босниялик сербларнинг собиқ қўмондони Радислав Крстич ҳам қатлиомда гумонланмоқда. Польшада 35 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Крстич ҳам тергов доирасида сўроқ қилинади. У геноцидга алоқадорликда айбланиб Югославия бўйича БМТ трибунали томонидан судланган.

Босния ва Герцеговина ҳукумати қатлиомда гумонланаётган яна бир шахс Канадада яшаётганини, унинг экстрадиция қилинишига эришилишини билдирди.

Боснияда серблар, мусулмонлар ва хорватлар ўртасидаги урушда юз мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG