Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2022, Тошкент вақти: 18:26

Шинжонни тарк этган қирғиз аёл ҳануз қўрқувда яшамоқда


Ойгул Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Шинжон вилоятини бундан етти йил бурун ота-боболари ватани Қирғизистонда таҳсил олиш учун тарк этган.

Бугунга келиб Ойгул (хавфсизлиги юзасидан исми ўзгартирилди – таҳр.) Қирғизистон фуқароси. Аммо у ҳамон Шинжондаги мусулмон озчиликларга қарши шафқатсиз репрессияда айбланиб келаётган Хитой расмийлари таъқибидан қўрқиб яшайди.

Шинжоннинг Қизилсув қирғиз автоном округида туғилиб ўсган Ойгулнинг сўзларига кўра, уни ва Қирғизистонда яшовчи яна бир неча шинжонликни Хитойнинг Бишкекдаги элчихонаси алдов билан Хитойга олиб кетган. Хитойда уларни ҳибсга олишган ва қамоққа ташлашган.

“2017 йилда элчихона айрим чегарани текшириш ишларига ёрдам беришимизни сўраган эди, бироқ Хитойга ўтганимиздан кейин, қўлимизга кишан солиб, бошимизга қора қопларни кийгизишди ва бизни олиб кетишди”, деди Ойгул Озодлик билан суҳбатда.

Ойгулнинг айтишича, у Хитой ҳукумати диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш мақсадида “қайта тарбиялаш лагерлари” деб атайдиган қамоқлардан бирида бир ойга яқин бўлган.

“Уларни лагерь деб аташади, лекин аслида бу қамоқхона”, деб эслади Ойгул.

“Ҳар бир кичик камерага 10 – 15 аёл жойлаштирилганди. Полда ухлардик”.

У ерда тўшак ёки адёл бўлмаган ва маҳбусларга бунинг ўрнига юпқа чойшаб берилган. Ойгулнинг айтишича, хона нам ва совуқ бўлган, бурчакда ҳожатхона ўрнига фойдаланиш учун челак бўлган.

Ойгул маҳбусларга берилган таомни “қандайдир қайнатилган ўсимликлар эди” дейди.

“Бундан ташқари, бизни уришарди, сўкишарди. Мени у ерда дўппослашган”, дея хотирлайди Ойгул.

“Эрталаб соат 5:30 да туришга ва Хитой мадҳиясини куйлашга мажбурлашарди. Кетидан қамоқхона ҳовлисида бир-икки соат юрардик. Бунинг ортидан Хитой расмийлари олқишланган матнларни ўқиб, ёд олардик”.

Ойгул камерадошларининг ҳаммаси қирғиз миллатига мансуб бўлганини айтди.

Улар орасида Қирғизистон ва Қозоғистонда таҳсил олаётган вояга етмаган қизлар ҳам бўлган. Ойгулнинг сўзларига кўра, Хитой расмийлари уларнинг мобил телефонларини текшириб, Хитойда тақиқланган Instagram, WhatsApp ва Telegram каби ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш иловалари борлигини аниқлагач, жувонлар ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, шинжонлик 1 миллиондан ортиқ мусулмон Хитойнинг “қайта тарбиялаш лагерлари”га жойлаштирилган. Кўплаб собиқ маҳбуслар лагерларда кенг тарқалган қийноқлар ва зўрлашлар ҳақида сўзлаб берган. Айрим аёллар қамоқхона шифохоналарида уларни мажбуран стерилизация қилишганини айтиб келишади.

Жорий йилнинг август ойида эълон қилинган БМТ ҳисоботида Хитой Шинжондаги уйғур ва бошқа этник озчиликлар ҳуқуқларини “жиддий поймол қилишда” айбланди. Расмий Пекин бу айбловларни рад этиб келади.

БМТ ҳисоботида минтақада қийноқ кенг тарқалганини кўрсатувчи “ишончли далиллар” топилгани, у ердаги қийноқлар “инсониятга қарши жиноятлар”га тенглашиши мумкинлиги таъкидланди.

Осон бўлмаган янги ҳаёт

Ойгул бир ойдан сўнг қамоқдан чиқарилган. Хитойда кўпчилик йиллаб панжара ортида ўтириши ҳисобга олинса, бир ой нисбатан қисқа вақтдир. Айрим шахслар Шинжондаги лагерларга жойлаштирилгандан кейин вафот этган ёки ғойиб бўлган.

Ойгул расмийлар унга қарши “шубҳали” ҳеч нарса топа олмагани учун қўйиб юборишгани ва Қирғизистонга қайтишга рухсат беришганини айтди.

Аммо орадан бир йил ўтиб – 2018 йилда Ойгул Қизилсувга қариндошларини кўриш учун қайтиб борганидан кейин, маҳаллий расмийлар томонидан бир неча бор сўроққа тутилган.

“Улар мендан намоз ўқишим ҳақида сўрашди. Қирғизистонда танишларим намоз ўқиши ёки йўқлиги ҳақида ҳам сўрашди”, дейди у.

“Бу сафар мени қамоққа олишмаганидан мамнун бўлдим, лекин босим остида бўлганимни ҳис қилдим”.

Ойгул 2018 йил Қирғизистонга қайтиб келгач, ота-боболари ватанида доимий қолишга қарор қилган. Икки йилдан сўнг, яъни 2020 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган.

Аммо бу Ойгулга жуда қимматга тушган. Хитой фуқаролигидан воз кечгани учун эндиликда у Шинжондаги оиласи билан осонликча кўриша олмайди.

Ойгул яқинда Хитой полицияси бувиси олдига боргани ҳақида хабар топган. Зобитлар бувисининг телефонини текширишган ҳамда невараси билан гаплашса, қамалишини айтиб, қўрқитишган.

Бувиси Ойгул Қирғизистон фуқаролигини олишга қарор қилганидан бери оила назорат остига олинганини айтган.

“Онамни эса мен билан алоқа қилмаслик, менга пул юбормаслик ваъда қилинган ҳужжатни имзолашга мажбурлашди”, дейди Ойгул.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда агар онаси бу ваъдани бузса, “жазоланишга тайёр” эканлиги эътироф этилган.

Ойгул ҳозир Бишкекдаги давлат идораларининг бирида ишламоқда. Ҳануз талабалар турар жойида яшайди. Ойлик маоши тахминан 125 доллар бўлиб, бу маблағнинг ярми ижара ҳақига кетади, қолгани эса озиқ-овқат ва дори-дармонга етмайди.

Ойгул Шинжон қамоқхонасида сурункали буйрак касаллигига чалингани, бугунга қадар ундан азият чекишини айтди.

Ойгулнинг сўзларига кўра, алоқа узилишидан олдин ота-онасининг моддий ёрдамига таянган. Ҳозир эса моддий қийинчиликлардан азият чекмоқда.

Ойгул ота-онасини яна кўра олиши ёки йўқлигини билмаслигини, ҳатто улар билан қачон яна суҳбатлаша олишини билмаслигини айтиб, сўзини якунлади.

Форум

XS
SM
MD
LG