Линклар

Шошилинч хабар
04 март 2024, Тошкент вақти: 05:53

Мустақил журналист Шоҳида Ёқуб Ўзбекистонга киритилмади


Мустақил журналист ва ҳужжатли кино продюсери Шоҳида Ёқуб.
Мустақил журналист ва ҳужжатли кино продюсери Шоҳида Ёқуб.

Шу йилнинг 3 апрель куни Лондондан Тошкентга учиб борган мустақил журналист ва ҳужжатли кино продюсери Шоҳида Ёқуб (Тўлаганова) Ўзбекистонга киритилмади.

Британ фуқаролигига эга асли ўзбекистонлик Шоҳида Ёқубнинг Озодликка айтишича, Тошкент аэропорти расмийлари унинг нима учун мамлакатга киритилмагани юзасидан ҳеч қандай тушунтириш беришмаган:

IMG_0480.MOV
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:25 0:00

- Сешанба куни мен икки фарзандим билан “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”нинг Лондон-Тошкент рейсига миниб, Тошкентга эрталаб қўндик. Паспорт назорати пунктида Британия паспортларимизни бердим. Паспортни кўздан кечирган ходим бошқа ҳамкасбини чақирди. Хавотирга тушишди, қаерларгадир телефон қилишни бошлашди. 40 дақиқалардан кейин, менимча лавозими юқорироқ бўлган одам менга “Опа, сизни Ўзбекистонга киритишнинг иложи йўқ, мумкин эмас экан! Аммо болаларингизни ўтказамиз”, деди. Мен болларимнинг бир ўзини Ўзбекистонда қолдирмайманку! Бирга қайтадиган бўлдик.

Нима учун Ўзбекистонга киритилмаганим сабабларини улар айтишмади. “Сабаб йўқ, ҳеч нарса йўқ!”, дейишди. Улар қаергадир қўнғироқ қилиб, салбий жавоб олганини айтди. Лондонга кейинги рейс фақат жума куни экан. Улар менга икки кун транзит зонада бўлишимни айтишди. Яъни мен икки кун болаларим билан транзит зонада ўтираманми?! Бу таклифдан воз кечдим, дейди Шоҳида Ёқуб.

Шоҳида Ёқуб Украинада
Шоҳида Ёқуб Украинада

Тошкент аэропортидаги кўнгилсиз ҳодиса ортидан журналист икки фарзанди билан Ригага учишга қарор қилган.

- Ригага кўндик, чунки эрталаб у ерга рейс бор экан. Авиакомпания вакили келиб менга билетларни сотиб олишим кераклигини айтди. “Сиз менга бепул жўнатворамиз дедингизку”, десам, “Йўқ, йўқ! Сотволиш керак”, деди. Хуллас, 1 минг доллардан ортиқ пулга чипта сотиб олдим ва Ригага етиб келдик. Мени шу жараёнда бутун транзит зонасига қанақадир криминал авторитет деб таништиришибди. Мени самолётга ўтқизгандан кейин паспортимни беришди. Мен паспортларимизни беришмайди, деб хавотирда эдим. Мен хафа бўлдим, албатта. Лекин биринчи маротаба Ўзбекистонга келган болаларимни айтмайсизми… Бу рейсда Британия паспортига эга бошқа журналист ҳам бўлган экан, лекин уни Ўзбекистонга киргизишди, дейди журналист.

Суҳбатдош узоқ йиллардан кейин икки фарзандига Ўзбекистонни кўрсатиш ва онаси, яқинлари билан видолашиш учун келганини билдирди.

Шоҳида Ёқуб Ўзбекистонга киритилмагани ортида ўзининг журналистик фаолияти турганига ишонади. Унинг сўзларига кўра, ўзбек ҳукумати шу тариқа унинг 2005 йил майидаги Андижон қирғини ҳамда 2007 йилда отиб кетилган ўшлик журналист Алишер Соипов қотиллигини ёритганини “кечира олмаган”.

“Шунингдек, улар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганим ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин”, дея тахминларини илгари сурди журналист.

Унинг айтишича, ўзи билан юз берган ҳодиса Андижон қирғинига алоқадор шахслар ҳалигача амалда эканидан дарак беради.

Шоҳида Ёқуб 2021 йилнинг август ойида ҳам Тошкент аэропортидан ватанига киритилмасдан, ортга қайтариб юборилган эди.

Журналист Шахида Ёқуб (Тўлаганова) турли йилларда Би-би-си Жаҳон хизмати, шунингдек, Озод Европа/Озодлик радиоси лойиҳаси бўлган "Настояшчее Время" телеканалида фаолият олиб борган. Айни пайтда у мустақил журналист ва кинодокументалист сифатида фаолият олиб бормоқда. 2000-йиллар бошида у У Грузия ва Озарбайжондаги ахлоқ тузатиш муассасаларида бўлиб, инсон ҳуқуқларига бағишланган бир қанча ҳужжатли радио лавҳаларга муаллифлик қилган. Шоҳида Ёқубнинг “My Fake Passport and Me” (“Менинг сохта паспортим ва мен”) фильми Европа Парламентида муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Унинг “How to Plan a Revolution” (“Қандай қилиб инқилобни режалаштириш керак”) фильми Берлин кинофестивалида биринчи ўринни эгаллаган. Сўнгги бир неча йил ичида у собиқ СССР ва Болтиқбўйи давлатларида молиявий жиноятлар бўйича журналистик суриштирув билан шуғулланган. Унинг Роҳинжа мусулмонлари ҳақидаги, шунингдек, "Второй шанс"(“Иккинчи имконият”), "Донецк аэропорти", “Украина болалари” фильмлари халқаро фестивалларда юқори баҳоланган ва дунёнинг етакчи телеканалларида намойиш этилган.

Шоҳида Ёқуб охирги икки ойда Ўзбекистонга киритилмаган иккинчи хорижий журналистдир.

2023 йилнинг 5 февраль куни Озодлик радиоси мухбири Умид Бобоматов “Ойбек” чегара- назорат постидан ўтказилмасдан ортга қайтариб юборилган. Озодлик мухбири бундан аввал 2019 йилда Москвадан учиб келганида ҳам Ўзбекистонга киритилмаганди. Ҳар икки ҳолатда ҳам расмийлар журналистнинг нима учун Ўзбекистонга киритилмагани юзасидан изоҳ беришмаган.

Шу йилнинг 10 март куни АҚШ ватандошлари учун соддалаштирилган виза талаблари асосида Тошкентга учиб борган ўзбекистонлик фаол Исоқжон Зокиров ҳам Ўзбекистонга қўйилмади. У Тошкентнинг Ислом Каримов номидаги аэропортидан шу куннинг ўзида депортация қилинган.

2016 йилда Ўзбекистон дунёнинг 100 дан зиёд давлати фуқаролари учун e-visa тизимини жорий этган эди. Ўша йили декабр ойида Ўзбекистон президентининг Туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари ҳақидаги фармони ҳам қабул қилинди.

Ўша қонуннинг 5-бандига киритилган ва 2023 йилдан кучга кирган ўзгартишга мувофиқ 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистонга келувчи АҚШ фуқаролари учун виза режими бекор қилинган.

Бу 2014 йилда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотган 65 ёшли АҚШ ватандоши Исоқжон Зокиров учун қарийб 20 йиллик узилишдан сўнг ватанини зиёрат қилиш учун фурсат эди.

Исоқжон Зокиров ва бошқалар мисолида ватанга киритилмаётганлар асосан, Каримов бошқаруви даврида сиёсий таъқиблардан қочиб хорижда - Европа, АҚШ ва Канадада бошпана топганлар экани англашилади. Ўзбекистон ҳукумати кўпгина фуқароларни Каримов давридаги “қора рўйхат”лардан чиқарган, аммо ҳозиргача сиёсий реабилитация ҳақида сўз бораётгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG