БУХОРО. “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишчи-хизматчилари номидан ёзмоқдамиз. Кейинги пайтларда президент фармони билан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи бир неча марта оширилди. Аммо бизнинг маошимиз ўзгаришсиз қолмоқда. Ваҳоланаки, коммунал тўловлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа эҳтиёж молларининг нархи муттасил ўсмоқда. Бизнинг маошимиз эса оилавий эҳтиёжлар ва фарзандларимизнинг шартнома тўловига етмаяпти.
Бундан ташқари, завод кўраётган фойдадан келиб чиқиб 13-ойлик тўлайди. 2019 йил якунланаётганига қарамай, 2018 йил учун 13-ойлик ҳануз тўланмади. 2014 йил учун 13-ойлик ҳам тўланмай қолиб кетган. Ҳолбуки, “Ўзбекнефтегаз” таркибидаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ва бошқа нефть базаларида мазкур рағбатлантириш аллақачон тўланган.
Ушбу муаммо юзасидан “Ўзбекнефтегаз” раҳбариятига мурожаат қилдик, аммо масала ҳанузгача ечилмади. Мутасаддилардан амалий ёрдам кутиб қоламиз”.
(Бу хабар Озодликка 24 октябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|