Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:24

Умид ва қўрқув: Сўнгги бир йилда Беларусь қанчалик ўзгарди?


Беларусь, намойишлар - 30 август, 2020
Беларусь, намойишлар - 30 август, 2020

2020 йилнинг 9 августида бўлиб ўтган мунозарали сайловлар ортидан Беларусда нотинч кунлар бошланди. Сайловдан бир йил ўтиб, Беларусь деярли таниб бўлмас даражада ўзгарганини айтиш мумкин.

Сайловда Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган собиқ совхоз раиси Александр Лукашенко ғалаба қозониб, олтинчи муддатга сайланди. Аммо миллионлаб одам сайлов натижалари сохталаштирилган, деб ҳисоблайди. Сайлов ортидан мамлакатда мисли кўрилмаган норозилик намойишлари бошланди, ҳукумат эса уларни шафқатсизлик билан бостирди.

Сайлов ортидан полиция ва хавфсизлик кучларининг зўравонлик қилганига қарамай, минглаб одамлар пойтахт Минскда ва Беларусь бўйлаб бошқа шаҳар ва қишлоқларда намойишга чиқди.

Бугунга қадар 33 мингдан ортиқ одам полиция қўлидан ўтди. Юзлаб одам судланди ёки судланишини кутмоқда. Минглаб одам кўча ёки ҳибсда полиция томонидан калтакланди. Қўлга олинганлар қийноққа тутилгани ҳақида кўплаб ҳисоботлар мавжуд.

Аксарият мухолифат етакчилари, шу жумладан, тасодифий номзод Светлана Тихановская мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди ёки қамалди. Тихонавская блогер ўлароқ танилган эри сохта айбловлар билан сайловдан четлатилганидан кейин, президентликка ўз номзодини қўйишга қарор қилганди.

Тихановская тарафдорлари агар сайлов натижалари сохталаштирилмаганида, у ғолиб чиққан бўларди, деб ишонадилар. Тихановская Беларусь демократик мухолифатининг энг кўзга кўринган раҳбарига айланган. Бугунга қадар у Европадаги юқори мартабали амалдорлар ҳамда АҚШ президенти Жо Байден билан учрашди.

Сайловдан бир йил ўтиб, демократик кучлар деярли йўқ қилинди, тазйиқлар натижасида юзага келган қўрқув туфайли оммавий норозилик намойишлари қарийб бутунлай тўхтаб қолди.

Ҳукумат фуқаролик жамияти гуруҳлари ва мустақил оммавий ахборот воситаларини нишонга олиб келади. Қўшни Литва Лукашенкони муҳожирларни «қуролга айлантиришда» айблади, чунки авторитар раҳбар Беларусь мухолифатини қўллаган Литвани жазолаш мақсадида унинг ҳудудига тобора кўпроқ муҳожир юбормоқда.

Сўнгги бир йил давомида Беларусда азоб-уқубат ва қоронғилик ҳукм сурган бўлса-да, умид учқунлари сўнмади. Лукашенко заиф деб ҳисоблайдиган аёллар мухолифат ҳаракатида етакчи роль ўйнай бошладилар. Аммо уларнинг кўпчилиги учун бу қимматга тушди.

Совет Иттифоқидан олдинги даврга унчалик қизиқмай келган белоруслар СССР тузилишидан олдинги Беларусь рамзларини қайта тикладилар. Кўпчилик бу ҳолатни миллий уйғониш деб таърифлади.

Қуйида Беларусда бир йил олдин ўтказилган сайловлардан кейин мамлакатда қандай ўзгаришлар юз берганига назар ташлаймиз.

Оммавий ахборот воситаларига босим

Баҳсли сайловдан кўп ўтмай, Лукашенко матбуотни сиқувга ола бошлади. Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳар қандай танқид ва норозиликка чек қўйилди, бу чизиқдан чиқмоқчи бўлган журналистлар тезда ишдан бўшатилди. Уларнинг айримлари ўрнини Россия давлат оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари эгаллади.

Фильтрсиз хабар олишни истаган беларуслар учун мустақил нашрлар муҳим аҳамиятга касб эта бошлади. Кўпчилик Телеграм сингари ижтимоий тармоқлардан, шу жумладан, NEXTA Live каналидан фойдалана бошлади.

Канал, шунингдек, намойишларни мувофиқлаштиришда платформа ўлароқ хизмат қилди.

Лукашенкога тўлиқ бўйсунадиган парламент Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиб, рухсатсиз йиғинларни ёритишни жиноятга тенглаштирди. Айни дамда, Беларусда журналистлар ўз ишларини бажарганлари учун жаримага тортилишлари ёки ҳатто қамалишлари мумкин.

Июль ойида мустақил оммавий ахборот воситаларига тазйиқлар кучайтирилди ва қатор рейдлар ўтказилди. 8 июль куни камида 11 журналист ҳибсга олинди, 20 дан ортиқ тинтув ўтказилди ва учта ахборот сайти блокланди.

Минскда нишонга олинган биринчи оммавий ахборот воситаси мамлакатнинг энг эски ва энг оммалашган газеталаридан бири бўлмиш «Наша Нива» нашри бўлди. Бундан ташқари, Tut.by интернет нашри, Озодлик радиосининг беларус хизмати ва бошқа нашрлар ҳам нишонга олинди.

Лукашенко, шунингдек, Беларусь Журналистлар ассоциациясини ҳам ёпди, натижада ҳуқуқ ташкилотлари халқаро ҳамжамиятни чора кўришга ундади.

Июль ойида Чегара билмас мухбирлар (Reporters Without Borders, RSF) ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Жанна Кавалье:

«Беларусда қолган охирги мустақил журналистлар мисли кўрилмаган кўламда тўпланмоқда. Бу мамлакат тарихида энг қоронғи онлардан бири ўлароқ қолишга лойиқ», деган эди.

Чегара билмас мухбирлар ҳозирлаган 2021 йилги жаҳон матбуоти эркинлиги индексига кўра, Беларусь Европада журналистлар учун энг хавфли мамлакат бўлиб, 180 мамлакат орасида 158-ўринни эгаллаган.

Мигрантлардан фойдаланиш

Лукашенко Грециядан Литвага учиб кетаётган “Ryanair” рейсини Минскка мажбуран қўндириб, унинг бортидаги блогер ва журналистни ҳибсга олгани Европа Иттифоқи ва АҚШнинг ғазабини келтирди.

23 май куни Беларусь қирувчи учоқ ёрдамида йўловчи учоқни Минскка қўнишга мажбур қилди. Бунинг ортидан NEXTA Live каналининг асосчиларидан бири ва собиқ муҳаррири Роман Протасевич ва унинг россиялик севгилиси Софья Сапега ҳибсга олинди.

Кўп ўтмай Европа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари ва бошқа кўплаб давлатлар Беларусь миллий авиаташувчиси «Белавиа» парвозларини тақиқлаб қўйди. Бугунги кунда аксар учоқлар Беларусь ҳаво ҳудудини четлаб ўтмоқда.

Июнь ойида Беларусга қарши янги санкциялар жорий қилинди. Бу сафар Европа Иттифоқи Беларусь иқтисодиётининг муҳим соҳаларини, жумладан, Лукашенко учун мўмай даромад манбаси бўлиб келаётган калий ва нефть саноатларини нишонга олди.

Беларусь мухолифати 2021 йилда Россия ёрдами билан мамлакатда ўзгаришлар содир бўлишига умид қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:10 0:00

Бунга жавобан Лукашенко Европага гиёҳванд модда ва муҳожирларни юборишга онт ичди. Кўп ўтмай, Литва расмийлари Беларусдан келаётган муҳожирлар сони кўпая бошлаганини билдирди. Литва Тихановская ва бошқа беларусликларга бошпана таклиф қилди, шунингдек, Минскдан мажбуран чиқариб юборилган университетни ўз ҳудудига кўчиришга изн берди.

Беларусь ва Литва қарийб 680 километр узунликдаги умумий чегарага эга бўлиб, у Европа Иттифоқининг ташқи чегараси бўлиб хизмат қилади. Чегаранинг 40 фоиздан камроғи электрон кузатув орқали назорат қилинади.

Озодлик радиосининг беларус хизмати 16 июнь куни Ироқ ҳаво йўлларининг Беларусь пойтахтига мунтазам рейси билан учиб борган 100 га яқин одам учоқни тарк этганига гувоҳ бўлди. Уларнинг барчаси эркак киши эди. Уларга Минск аэропортида “Oscartur ва JoodLand” сайёҳлик агентликлари ёрдам кўрсатаётгани қайд этилди.

Вильнюс маълумотларига кўра, бугунга қадар 4 мингга яқин муҳожир Литва – Беларусь чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтган.

5 август куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг АҚШ миссияси «Бу Беларусь ташқарисида бўладими, ичкарисида бўладими, зўравон режимга қаршиликни қўллаб-қувватлаётган шерик давлатларни қўрқитишга уринишнинг яна бир мисолидир. Лукашенко тузумини бу масъулиятсиз ва хавфли амалиётни дарҳол тўхтатишга чақирамиз», дея баёнот эълон қилди.

Айнан ўша куни Польша расмийси Беларусни чегарага тобора кўпроқ муҳожирни юборишда айблади ва Минск «Европа Иттифоқи билан гибрид уруш олиб бораётганини» таъкидлади.

Аёллар роли

Беларусдаги коррупцияни фош қилиб келган “YouTube” платформасидаги «Страна для жизни» («Ҳаёт учун мамлакат») канали эгаси Сергей Тихановский ҳибсга олинишидан олдин унинг рафиқаси Светлана Тихановская жамоатчиликка деярли маълум эмас эди.

Кўп ўтмай Тихановская истар-истамай эрининг ўрнига ўз номзодини кўрсатишга рози бўлди. Номзод бўлишга интилган бир қанча эркакдан фарқли ўлароқ, у сайловдан четлатилмади. Эҳтимол, бунинг сабаби аёлларни «бечоралар» деб биладиган Лукашенко Тихановская ўзига жиддий таҳдид сола олмайди, деб ўйлаган.

Тихановскаянинг сайловолди раллиларида тобора кўпроқ одам қатнашди. Тихановскаяга эрининг муваффақиятсиз сайлов кампаниясига етакчилик қилган Вероника Цепкало ҳамда Виктор Бабарико сайлов кампаниясига раҳбарлик қилган Мария Колесниковалар шерик бўлди.

Тихановсая қўлини мушт қилиб, Колесникова юрак белгисини кўрсатиб ва Цепкало инглизча «ғалаба» сўзининг бош ҳарфи V белгисини ишора қилиб тушган сурат тез орада мухолифатнинг рамзига айланди.

«Бу учала аёл Лукашенконинг тескариси эди», деди АҚШда фаолият юритаётган беларуслик журналист Анна Любакова Озодликка берган интервьюсида.

«Улар меҳрибон ва ҳамдард эдилар, одамларни тингладилар. Мақсадлари янги ва адолатли сайловлар ўтказиш эди, одамларга ҳақиқий танлов қилиш имкониятини бериш эди. Улар эркаклар ўрнига олдинга чиқиб, кўп нарсани хавф остига қўйишди, жамият эса буни юқори баҳолади».

Бугунги кунда Тихановская Литвада қувғинда яшамоқда. Цепкало оиласи билан мамлакатни тарк этган. Тихановский устидан суд жараёни давом этмоқда. Бабарико эса июлда коррупцияда айбдор деб топилиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Колесникова 7 сентябрь куни Минск марказида ниқобли одамлар томонидан ҳибсга олинган ва эртаси куни икки шериги билан Украина чегарасига олиб кетилган. Унга чегарани кесиб ўтиш буюрилган. Колесникова рози бўлмаган ва паспортини йиртиб ташлаган. Бунинг ортидан уни Минскка олиб кетишган ва қамоққа олишган.

4 август куни Минскда Колесникова яна бир мухолифатчи Максим Знак устидан ёпиқ эшиклар ортида суд бошланди. Давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишда ҳамда «экстремистик ташкилот тузишда» айбланаётган Колесникова 12 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Суд залида Колесникова руҳини туширмай, рақсга тушгани ва ашула айтаётгани акс этган тасвирлар тарқатилди.

Беларусь бўйлаб аёллар норозилик ҳаракатида муҳим роль ўйнаб келади. Улар мустақил равишда намойишларни уюштирдилар ва бирдамлик занжирларини ташкил қилдилар.

«Улар туфайли жамиятда аёлларга бўлган муносабат ўзгармоқда», деди Любакова.

«Миллий уйғониш»

Беларусда узоқ вақтдан бери Лукашенкога қарши мухолифат рамзи бўлиб келаётган оқ‑қизил‑оқ рангли Беларусь байроғи оммалашди. Лукашенко бу байроқни 1995 йилда ўтказилган мунозарали референдум ортидан йўқ қилиб, ўрнига совет давридаги республика байроғига жуда ўхшаш байроқни таъсис қилган.

Сўнгги бир йил давомида оқ‑қизил‑оқ рангли байроқ мисли кўрилмаган даражада оммалашди. 74 ёшли Нина Багинская каби оддий беларуслар байроқни қўлидан тортиб олмоқчи бўлган полицияга бўш келмай, ном чиқардилар.

Кир ёйиш ипларидан тортиб, пичан ғарамларигача, квартира балконларидан тортиб, зинапояларгача қизил ва оқ ранг билан безатилди.

Лукашенко раҳбарлигида полиция ва хавфсизлик кучлари мухолифат байроғини «фашистларни ёллаш байроғи» деб атаб, қизил ва оқ рангларнинг деярли ҳар қандай кўринишини йўқ қилиб келади. Ҳатто қизил ва оқ рангли пайпоқ кийганлар жаримага тортилди.

Бундан ташқари, намойишчилар учун погоня герби муҳим рамзга айланди. Кўп асрлик тарихга эга гербда қизил фонда оқ чавандоз тасвирланган.

Беларуслар бу рамзларни қайта тиклаб, совет давридан олдинги тарихларини эслай бошладилар.

Инглиз тарихчиси Норман Дэвис Озодлик билан суҳбатда Беларусь Польша билан бир қаторда XIV – XVIII асрларда Европанинг қудратли давлатидан бири бўлган Буюк Литва князлиги таркибида бўлганини айтди.

«Тарихий байроқда Польша учун оқ бургут, Литва учун эса погоня чавандози бўлган», деди Европа тарихига бағишланган кўплаб китоблар муаллифи Дэвис.

Унинг сўзларига кўра, намойишчилар погоня гербини кўтариб олиб, гўё «биз рус эмасмиз, ота-боболаримиз Буюк Литва князлигидан», деб келадилар.

XIX асрнинг 40‑йилларида басталанган ва 1993 йилда давлат мадҳияси сифатида таклиф қилинган «Магутний Божа» («Қудратли Худо») диний ашуласи ҳам Беларусдаги демократия тарафдорлари ҳаракати рамзига айланди. Мухолифат тарафдорлари қўшиқни метро бекатлари ва савдо марказларида баралла куйладилар.

Беларуслик шарҳловчи ва таҳлилчи Анна Барабан беларусликлар бундан олдин ҳеч қачон қизил – оқ байроқ ва погоня гербини бу қадар кенг қабул қилмаганини айтади.

«Бу ҳолат жамоатчиликнинг беларус тили, тарихи ва мусиқасига бўлган қизиқиши ошганини (масалан, Минск кўчаларида беларуслик мусиқачилар кўп сонли концертларни бераётгани), шу билан бир қаторда, беларуслар ижтимоий спектр бўйлаб бир миллат вакиллари эканликларидан кўпроқ хабардор бўлаётганларини кўрсатди», деди Барабан Озодликка электрон почта орқали ёзган мактубида.

«Ўтмишда беларуслар ўз тарихлари, тиллари ва санъатларига нисбатан пассив муносабатда бўлишганини эътиборга олсак – миллий ғояларни айтмаса ҳам бўлади – ўтган августда бошланган воқеаларни “миллий уйғониш” деб аташ мумкин», деди Барабан.

«Ўйлашимча, фуқаролик жамияти, мустақил оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотларига қарши қатор шафқатсиз қатағонлар ортидан турли намойишчи гуруҳлар Беларуснинг миллат сифатида истиқболи ва унинг жаҳонда тутган ўрни нуқтаи назаридан янада жипслашдилар», дея cўзини якунлади у.

XS
SM
MD
LG