Линклар

Шошилинч хабар
22 март 2023, Тошкент вақти: 10:57

Ўзбекистон хабарлари

Расман: Солиқ имтиёзларига қарамай Ўзбекистонда газ қазиб олиш камайган

Давлат статистика агентлигининг билдиришича, 2022 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4 фоизга камайди ва 51, 6 миллиард кубометрни ташкил қилди. Бундан бир йил олдин қазиб олинган газ миқдори 53, 8 миллиард кубометр бўлган эди.

Статистика қўмитасининг ҳисоб-китобича, газ конденсати қазиб олиш 2,8 фоизга (1,29 миллион тонна) камайди, нефть ишлаб чиқариш эса 1,8 фоизга кўпайиб, 787,7 минг тоннани ташкил қилган.

Ҳисоботда Ўзбекистон 2022 йилда 910,9 миллион долларлик газ сотгани таъкидланади. Газнинг асосий қисмини Хитой сотиб олган. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Туркманистондан 281,9 миллион долларлик газ импорт қилган.

Озодлик радиоси 2023 йил январида Хитой ўтган йили Ўзбекистондан 1,07 миллиард долларлик газ харид қилганини маълум қилгани тўғрисида хабар берганди. Бу эса Ўзбекистон эълон қилган рақамлардан 159,5 миллион долларга кўпдир.

Бундан ташқариОзодлик радиоси жорий йилнинг куз ва қиш мавсумида Ўзбекистонда юз берган энергетик инқироз ҳақида кўплаб хабарларни ҳамда ўзбек газини оффшордаги ширкатлар воситасида ҳорижга сув текинга пуллангани тўғрисидаги журналистик суриштирувни ҳам эълон қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2022 йилда табиий газ учун солиқ ставкаси 30 фоиздан 10 фоизга, нефть ва газ конденсати учун 20 фоиздан 10 фоизга тушурилгани ва бунинг оқибатида бюджет 538,1 миллиард сўм даромаддан маҳрум бўлганини қайд этган.

Бундан ташқари Ўзбекистоннинг ер ости бойликларидан фойдаланиш бўйича олган солиқлари миқдори ҳам 2022 йилда 12, 2 фоизга ёки, 1, 92 триллион сўмга камайган. Масалан, солиқнинг бу тури бўйича 2021 йилда 15,81 триллион сўм солиқ олинган бўлса, 2022 йилда бу рақам 13,89 триллион сўм бўлди. Ҳолбуки, солиқнинг бу турини тўлайдиган ташкилотлар сони 263 тага кўпайган ва 1904 тадан 2167 тага етган.

Кун янгиликлари

Расман: Зилзила оқибатида Ўзбекистонда вайронагарчиликлар бўлмади

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 21 март куни кечқурун юз берган шиддатли зилзила оқибатида Ўзбекистонда “ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмагани”ни ҳамда “бино ва иншоотларга зарар етмагани”ни билдирди.

“Ўз навбатида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолидан саросимага тушмасликни ва ваҳимага берилмасликни сўраб қолади”, дейилади расмий билдирувда.

21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 балли зилзила юз бергани хабар қилинган эди.

Ер силкиниши кучи Сурхондарё вилоятида 5-6 баллга, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллга, Хоразм вилоятида 4-5 баллга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 4 баллга тенг бўлган.

Маркази Афғонистонда бўлган зилзила таъсири Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилгани айтилмоқда.

Афғонистонда содир бўлган шиддатли зилзила Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб сезилди

Наврўз байрами нишонланган 21 март оқшомида Афғонистонда 6,6 балли зилзила содир бўлди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, ер силкиниши Тошкент вақти билан соат 21:47 да содир бўлган, зилзила маркази жанубий-шарқий йўналиш бўйича Ўзбекистон пойтахтидан 307 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи Сурхондарё вилоятида 5-6 баллга, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллга, Хоразм вилоятида 4-5 баллга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 4 баллга тенг бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар ва видеоларда ер силкиниши ортидан мамлакатнинг турли ҳудудларида кўплаб одам уйларидан ташқарига чиқиб олганини кўриш мумкин. Содир бўлган зилзила талафотларга сабаб бўлиб-бўлмагани ҳақида ҳозирча бирор расмий маълумот йўқ.

Бу орада Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ваҳимага ўрин йўқлиги, чунки зилзила физик геологик асосларига кўра кучли зилзиладан сўнг ундан кучли зилзила юз бермаслигини билдирган.

Маркази Афғонистонда бўлган зилзила таъсири Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиш санаси очиқланди

Ўзбекистонда бу йилги Рамазон ойи 23 мартдан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти эътиборга олинган ҳолда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланиб, 21 март куни ёйинланган қарорда айтилган.

Ҳужжатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган.

Ўзбекистон йил бошида Қозоғистондан буғдой импортини 39 фоизга оширган

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Қозоғистондан 311,4 минг тонна буғдой сотиб олган. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги мавзусида янгилик ва таҳлилий материаллар ёйинлаб борувчи “АПК-Информ” агентлиги хабар қилди.

Агентлик қайдича, Ўзбекистон январь ойида Қозоғистондан ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 39 фоизга кўпроқ буғдой экспорт қилган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўтган йили Қозоғистондан 2,5 миллион тонна буғдой ва 374,5 минг тонна ун сотиб олган. 2022 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Қозоғистондан буғдойнинг тоннасини 440 АҚШ долларидан сотиб олгани ҳақида хабарлар чиққан. Йил охирига бориб бу нарх қай даражада ўзгаргани юзасидан аниқ маълумот йўқ.

Ноябрь ойи бошида Zakon.kz сайти Қозоғистонда буғдой нархи йил бошидан буён 41,3 фоизга ошганини хабар қилган эди.

Байден Мирзиёевга Наврўз табрикномасини йўллади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жозеф Байден Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига табрик хати жўнатган.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган табрик матни “Америка халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз айёми муносабати билан энг эзгу тилакларимизни йўлламоқдаман”, деган сўзлар билан бошланган.

Табрикномада ўтган йил мобайнида Ўзбекистон билан АҚШ “умумий муаммоларни ҳал қилиш, халқларимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида” бирлашгани қайд этилган.

Нома якунида Байден икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва халқлар дўстлиги янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган.

АҚШ президентлари ҳар йили Наврўз арафасида Шарқдаги бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам табрикнома йўллаб келишади. Бу каби номаларни АҚШ президентларидан Ўзбекистоннинг олдинги президенти Ислом Каримов ҳам узоқ йиллар давомида олиб келган.

Ўзбекистон пиёз экспортига яна рухсат берди

Ўзбекистон 15 мартдан “мамлакатда пиёз нархи барқарорлашганлиги сабабли” унинг экспортига қўйилган вақтинчалик чекловни бекор қилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

Қиш мавсумида Ўзбекистон бозорларида пиёз нархи кескин кўтарилиб кетган эди. Бунинг ортидан мамлакат нархлар барқарорлашгунига қадар 20 январдан бошлаб пиёз экспортига чеклов киритганди. Чеклов 4 ойга, яъни апрель ойининг охиригача жорий этилган эди.

Давлат статистика агентлиги 18 январь ҳолатига кўра, 1 кило пиёз нархи 10 000 сўмгача кўтарилганини қайд этган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиёзнинг қимматлашига аномал совуқ туфайли бу маҳсулот заҳирасининг музлаб қолганини сабаб қилиб кўрсатган эди.

Вазирликнинг билдиришича, 2022 йилда Ўзбекистонда 1,9 миллион тонна пиёз етиштирилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида янги бозор қурилади

Ўзбекистоннинг Фарғона ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари чегарасида «Андархон» деб номланган илк трансчегаравий бозор қурилади. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар берди.

Бозор Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан қурилади. Тадбиркорлар икки давлат аҳолиси фойдаланадиган бундай бозор бизнес ривожига ва нархларнинг пасайишига ижобий таъсир кўрсатишини айтмоқдалар.

"Андархон" савдо-логистика маркази қурилишига 13 март куни Сўғд ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари тамал тошини қўйишди. 5 гектар майдонга қуриладиган бозорда 200 та дўкон, ресторан ва меҳмонхоналар мавжуд бўлади. Бу ерда ҳар икки вилоят корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш режалаштирилган.

Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари узоқ вақт давомида трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича келишмовчиликлар туфайли совуб кетган эди. Бунинг оқибатида республикалар ўртасидаги ҳаво алоқалари, автобус қатновлари тўхтатилди, темир йўлнинг бир қисми демонтаж қилинди ва виза режими жорий этилди.

Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан кейин бу муносабатлар яхши томонга ўзгарди. Икки давлат президентлари бир неча марта ўзаро ташрифлар амалга ошириб, стратегик шериклик тўғрисидаги шартномаларни имзоладилар, визасиз режим жорий этдилар ва товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.

Наврўз арафасида тўққизта вилоятда сел келиши мумкин - метеорологлар

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 18-21 март кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши туфайли Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги бош директори Шерзод Ҳабибуллаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мулозим қайдича, Наврўз байрами дохил келаётган тўрт кун ичида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пойариқ, Жомбой, Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонабод шаҳрида сел кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ўзгидромет раҳбари кутилаётган тошқин важидан тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларни, дам олувчиларни ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришга чақирган.

Нукус воқеалари иштирокчиларидан яна 28 нафари қамалди

Бухоро вилоят судида 17 март куни Нукус воқеалари иштирокчиларидан яна 39 нафарига нисбатан ҳукм эълон қилинди.

Суд ҳукмига мувофиқ, судланувчилардан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилган, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилинган.

Бу 2022 йил 1-2 июль кунлари содир бўлган Нукус воқеалари бўйича иккинчи суд бўлиб, маҳкама жараёни жорий йилнинг 6 февралидан буён давом этаётган эди. Ҳукм олдидан прокурор суддан 37 нафар айбланувчига 5 йилдан 12 йилгача қамоқ, икки айбланувчига озодликни чеклаш жазоси берилишини сўраган эди.

Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида якунланган. Унда 22 кишига нисбатан суд қарори чиқарилган. Судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Мазкур суд ҳукми билан 6 йилга қамалган Пўлат Шамшетов 4 февраль куни Бухородаги тергов ҳибсхонасида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳи унинг ўлимига ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирган.

Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратов Озодликнинг Current Time лойиҳаси билан суҳбатда Пўлат Шамшетовнинг ҳибсхонадаги ўлимини “ғалати” деб атаб, унинг Нукус воқеалари чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилган-фойдаланилмагани юзасидан асосий гувоҳ бўлганини айтган.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Жорий ҳафтада Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган эди.

Блогер Шабнам Оллошукурова ҳамда қизлари Жиззах ИИБда ушлаб турилибди

Шабнам (Нафосат) Оллошукурова.

15 март куни ўзбекистонлик блогер Шабнам (Нафосат) Оллошукурова кичик ёшдаги икки қизи билан сўроқ қилиш учун Жиззат вилояти Ички ишлар бошқармасига олиб кетилган.

Озодликка маълум бўлишича, ИИБ ходимлари шу куннинг ўзида Тошкентдаги Оллошукурова яшаётган хонадонда тинтув ҳам ўтказган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари блогернинг ҳибсга олиниши юзасидан расмий маълумот бергани йўқ. Оллошукурова ҳамда қизлари ҳануз ИИБ биносида қолаётгани айтилмоқда. Блогернинг яқинларидан бири 16 март куни Оллошукурованинг ота-онаси қизи ва набираларидан хабар олиш учун Жиззахга етиб борганини билдирди.

Озодлик манбасининг билдиришича, Оллошукурова жиззахлик фуқаролардан бирининг аризаси асосида ушланган. Блогер айни фуқаронинг мурожаати бўйича унинг муаммосини ижтимоий тармоқларда ёритгани айтилади.

Шабнам Оллошукурова сўнгги ҳафталарда ҳибсдаги блогер Абдуқодир Мўминовни озод қилиш талаби билан имзо йиғиш кампаниясини олиб бораётганди.

Оллошукурова 2019 йил сентябрида Ўзбекистон ИИВ вазирига мурожаат қилиш учун Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан пайт ҳибсга олинган ва кейинроқ мажбурий даволаниш учун Урганчдаги руҳий шифохонага ётқизилганди. Уч ойдан сўнг махсус комиссия Оллошукуровани даволанишга эҳтиёжи йўқ деб топган ва у руҳий шифохонадан чиқарилган.

Шундан сўнг Ўзбекистонни тарк этган Оллошукурова бир муддат аввал Тошкентга қайтганди.

Унинг ушланиши Ўзбекистонда блогерлар ва фаолларга қарши босимлар кучайган пайтга тўғри келмоқда.

13 март куни ҳуқуқ-тартибот идоралари тошкентлик таниқли драматург ва сиёсий фаол Санжарали Имомовни ҳибсга олган.

Имомовнинг ҳибсга олиниши БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Ўзбекистонга ташриф буюрган кунга тўғри келган.

Ушбу ташриф арафасида Санжарали Имомов YouTubeдаги каналига фаолларнинг БМТ мулозими билан учрашишига тўсқинлик бўлаётгани ҳақида видео жойлаганди.

БП Dili.me тахаллуси билан танилган вайнер Дилшод Ўрозбоев қўлга олинганини тасдиқлади

Вайнер ва инстаблогер Дилшод Ўрозбоев

Ўзбекистонда Dili.me тахаллуси билан танилган вайнер ва инстаблогер Дилшод Ўрозбоев ушланиб, терговга жалб қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, вайнер ўз шериклари билан биргаликда “жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан фуқаро П.А. ни уриб, тан жароҳати етказишган”.

Ҳолат юзасидан Яшнобод туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳ. Шамсутдинов мазкур жиноят иши бўйича гумонланаётган Д. Ўрозбоев бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан буйин товлаб келгани, шу важдан унга нисбатан қидирув эълон қилингани, олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида вайнер 10 март куни қўлга олинганини билдирган.

БП мулозими ҳолат юзасидан Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Маҳаллий матбуотдаги хабарларга қараганда, Д. Ўрозбоев ва шериклари калтаклагани айтилаётган шахс вайнернинг куёви (синглисининг эри) бўлиб ҳисобланади.

Имомлар ротацияси: Тошкент шаҳри собиқ бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфуддинов яна “Минор”га қайтарилди

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

Тошкент шаҳрининг собиқ бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов пойтахтдаги “Минор” жоме масжиди имом-хатиби лавозимига тайинланган. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 16 март куни бўлиб ўтган йиғилишида муфтий Нуриддин Холиқназаров эълон қилган.

Йиғилишда Чиғатой даҳасидаги “Имом Бухорий” масжиди имоми Садриддин Абдурашидов Олмазор тумани “Иброҳимбой Орифжонбой” жоме масжидига, Кўкчадаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имоми Яҳё Абдураҳмонов Чиғатойдаги “Имом Бухорий” жоме масжидига, “Минор” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасидан ажралмаган ҳолда Кўкчадаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидига имоми-хатиб ўлароқ ўтказилгани қайд этилган.

Ижтимоий тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов жорий йилнинг январь ойи бошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаров раислигида ўтказилган мажлисда “ўз аризасига биноан” Тошкент шаҳри бош имоми лавозимидан бўшатилган эди.

“Танқидий руҳда ўтган йиғилишда йўл қўйилган хатолар, фуқаролар мурожаатини тинглашдаги камчиликлар, аҳоли билан ишлашдаги муаммолар ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлашдаги оқсоқликлар таҳлил қилинди”, дейилганди ЎМИнинг 4 январь куни ёйинланган хабарномасида.

Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг эркак кишининг доялик қилишига қарши баëноти ва бошқа чақириқлари билан ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлган. Мунозаралар ортидан имом ўз маърузасини “нотўғри талқин” қилган, дея матбуотни “фитнакорлик”да айблаган.

Марказий банк асосий ставкани бир йил аввалги 14 фоиз даражасига қайтарди

Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкентдаги биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз қилиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

“Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставканинг ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради”, дейилган МБнинг 16 мартда ёйинланган хабарномасида.

Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши ва Ғарб давлатлари томонидан РФга қарши санкциялар пакети эълон қилиши ортидан иқтисодиёти Россияга боғлиқ бўлган қатор давлатларда ўтган йили йиллик ставка даражаси кўтарилиши кузатилган. Хусусан, Ўзбекистон Марказий банки ҳам 2022 йилнинг март ойида бунгача 14 фоиз бўлиб келган асосий ставкани 3 фоизга ошириб, 17 фоиз қилиб белгилаган эди.

Ўтган йилнинг июнь ойида МБ йиллик ставкани 16 фоизга, июль ойида эса 15 фоизга пасайтирганди. Шундан кейин ўтган 8 ой давомида асосий ставка 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолган.

БМТ Олий комиссари Ўзбекистонга берган тавсияларини очиқлади

Фолькер Тюрк 13-15 март кунлари Ўзбекистонда бўлган эди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Тошкентда ўтган матбуот анжуманида инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон ҳукуматига берган тавсиялари ҳақида маълумот берди.

“Ташриф чоғида мен ҳаётнинг барча жабҳаларида — сиёсий соҳадан тортиб, жамоатчилик йўналишигача бўлган яққол гендер тафовутини бартараф этиш зарурлиги масаласини кўтардим. Мен президент ва Сенат раисининг ушбу номутаносибликни бартараф этиш бўйича ўзларига қатъий мажбурияти олганлигини олқишлайман”, деб иқтибос келтиради комиссар сўзларидан “Газета уз”.

Бундан ташқари Тюрк ҳукумат расмийлари билан учрашувларида қийноқлар ва ноинсоний муносабатга барҳам бериш, фуқаролик жамиятини ислоҳотларда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, журналистлар ҳимояси ва сўз эркинлиги, маданий ҳуқуқларга ҳурмат, шунингдек, ўтган йилнинг июлида содир бўлган Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш каби тавсияларни берган.

Олий комиссар Ўзбекистон ҳукуматини халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига асосан бир жинсли муносабатларни жиноятлар рўйхатидан чиқаришга ва ОИВ юқтиришни ҳар қандай шароитда ҳам жиноят деб ҳисоблайдиган қонунчиликни ўзгартиришга чақирди.

Фолькер Тюрк Ўзбекистонда 13-15 март кунлари бўлди. У Тошкентда ҳукумат вакиллари, жумладан, президент Мирзиёев билан ҳам учрашди. Тюрк шундан сўнг Қорақалпоғистонга борди.

16-17 март кунлари Фолькер Тюркнинг Қозоғистон пойтахти Остонага бориши режалаштирилган.

Анқарада Мирзиёев Эрдўғон билан учрашди

Туркий давлатлар ташкилотининг 16 март куни ўтадиган фавқулодда саммитида қатнашиш учун Анқарага борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.

Мирзиёев Эрдўғонга февралдаги зилзила оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Жабр кўрган минтақаларни қайта тиклаш ва янги инфратузилмани барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Эрдўғон ўз навбатида Ўзбекистон халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатган биродарлик ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, “учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръати мамнуният билан қайд этилди”.

Расмий билдирувда қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида 370 та янги корхона ташкил этилган. Сўнгги олти йилда Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард долларни ташкил этган.

16 март куни Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг “Табиий офат ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами” мавзусида навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади.

6 февралда Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли зилзила юз берган. Бунинг ортидан 10 та вилоятда қурбон бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга мувофиқ, қарийб 48,5 минг нафарга етган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG