Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 10:15

Шайхонтоҳур солиқчилари 5 апрель куни ëппасига ишдан бўшатилди - раддия рад этилди


Шайхонтоҳур туман давлат солиқ инспекцияси янги раҳбари 5 апрель куни чиқарган 53-сонли буйруққа мувофиқ, 128 нафар ходим билан “муайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси 2019 йил 5 апрелдан бекор қилинган”, улар эгаллаб турган лавозимидан “бўшатилган”.

15 апрель куни Озодликка нусхаси юборилган мазкур буйруққа асос қилиб¸ ходимларнинг ўз “аризаси” келтирилган.

Тазйиқлардан чўчигани боис¸ Озодликка шахси очиқланмаслик шарти билан 15 апрель куни гапирган Шайхонтоҳур солиқ инспекциясининг эндиликда собиқ ходимлари¸ бу аризанинг қаттиқ қўрқитув остида олингани ва ўзларининг Меҳнат кодексига зид равишда¸ компенсациясиз¸ бошқа иш топиш имконисиз кўчага ҳайдалганларини билдирди.

6 апрель куни Озодликка берган расмий баëнотида Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати¸ Шайхонтоҳур туман давлат солиқ инспекцияси ходимларининг ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарни рад қилган эди. Қўмита раҳбарияти¸ бу баëнотни ëлғонга чиқарувчи буйруқнинг 5 апрель куни қабул қилингани ҳақидаги маълумотга 15 апрель куни изоҳ бермади.

“Шайхонтоҳур солиқчилари президентнинг қаҳрига учради”

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси ходимларининг битта буйруқ билан ëппасига ишдан бўшатилиши президент Шавкат Мирзиëевнинг айнан солиқ тушумлари бўйича ўтказган махсус мажлисининг эртасига амалга оширилди.

4 апрель кунги видеоселекторда давлат бюджетига солиқ тушумлари бўйича белгиланган режанинг бажарилмагани учун айниқса¸ Тошкент шаҳри¸ хусусан эса¸ Шайхонтоҳур тумани президентнинг кескин танқидга учраган.

Шу мажлисда президент Тошкентдаги энг катта туманлардан бўлган Шайхонтоҳур солиқ инспекцияси раҳбарини ўзи ишдан олди ва бу тумандаги солиқчиларни йўқот¸ деб буйруқ берган. Эртасигаëқ бизга югуриб келишди ва ўзларининг президент топшириғини бажараëтганларини очиқ айтишди”¸ деди мазкур туман солиқ инспекцияси масъулларидан бири.

Озодликка гапирган Шайхонтоҳур туман солиқ инспекциясининг узоқ йиллик ходимларига кўра¸ 5 апрель куни соат 14:00 да Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Олимжон Файзибоев шайҳонтоҳурлик солиқчилар билан учрашган ва уларга ëппасидан ишдан бўшатилганини эълон қилган.

Бизга очиқчасига айтишди – ë ими-жимида ўз хоҳишим билан бўшатишингизни сўрайман¸ деган ариза ëзасан¸ ëзмасанг¸ ишингдан хато топиб¸ жиноий иш очиб¸ қаматиб юборамиз¸ дейишди. Биласиз¸ бизда одам борми¸ демак дело ҳам бор. Мажлисда шаҳар хавфсизлик хизмати бошлиқлари ҳам қатнашди. У ëқ-бу ëққа ëзсаларинг¸ ўзларингга ëмон бўлади. Индамасаларинг¸ камида элликтангизни қайтариб ишга оламиз¸ қолганларингизга компенсация берамиз¸ дейишди”¸ деди Озодлик гаплашган солиқчилардан бири.

Суҳбатдошга кўра¸ туман инспекциясида ишловчи 133 ходимдан 128 нафарининг битта буйруқ билан бўшатилганидан кўпчилик жорий ҳафта охирида хабар топган.

Бизга бу буйруқнинг нусхасини беришмади¸ Озодликка чиқиб кетмасин деб қўрқишди шекилли. Узоқдан кўрсатилган 53-сонли буйруқ 5 апрель куни чиқарилган ва унга туман инспекциясининг янги тайинланган раҳбари Валиев қўл қўйган"¸ дейди Озодликка гапирган Шайхонтоҳур туман собиқ солиқчиларидан бири.

“Пенсияга чиқишига бир йил қолганлар ҳам кўчага ҳайдалди”

15 апрель куни Озодликка солиқ тизимида ишловчи масъуллардан бири томонидан юборилган 5 апрель кунги буйруқ нусхасида “бухгалтерияга ишдан бўшатилган ҳар бир ходим билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш вазифаси топширилсин”, деб ëзилган.

Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси собиқ ходимларига кўра¸ бу ҳисоб-китоб уларга апрелнинг 5 иш куни бўйича ҳақ тўлаш билангина чекланган.

Меҳнат кодексига кўра¸ меҳнат шартномасининг бекор қилиниши икки ой олдин айтилиши ва бошқа иш қидириш учун бизга ҳар ҳафтада бир кун ажратилиши керак. Акс ҳолда¸ булар бизга камида икки ойлик иш ҳақимизни компенсация қилиб тўлаши керак. Булар қонунчиликни очиқчасига бузиб¸ бизга компенсация ҳам¸ бошқа иш ҳам таклиф қилаëтгани йўқ. Пенсияга чиқишига бир йил қолганлар бор¸ якка ўзи оила боқаëтган аëллар бор¸ ипотекага қарз олганлар бор – ҳамма ëппасига кўчага ҳайдалмоқда”¸ деди Озодликка гапирган собиқ солиқчилардан бири.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси ходимларининг ëппасига ишдан ҳайдалгани ҳақида Озодлик 6 апрель куни хабар берган эди.

Озодлик хабарини ўша куниëқ инкор қилган Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати¸ “фақатгина Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари лавозимидан озод этилгани¸ бошқа ходимларни ишдан бўшатиш тўғрисида ҳеч қандай буйруқ қабул қилинмаган”ини билдирган эди.

Солиқ қўмитаси раҳбарияти бу баëнотини инкор қилувчи буйруқнинг 5 апрель куни чиқарилгани ҳақида муносабат билдиришни сўраб Озодлик 15 апрель куни йўллаган мурожаатларга ҳозирча изоҳ бермади.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG