Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:29

Бош вазир буйруғи ортидан Тошкентда солиқчи ва тадбиркор муносабати таранглашди


.
.

26 март куни Ўзбекистон Бош вазири Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари ва солиқ раҳбарларига ой охирига қадар бюджетга тушмаган қарийб триллион сўмлик даромад солиғини ундиришни буюргани ортидан¸ Тошкентдаги бир қатор йирик ширкат эгалари¸ қўл остидаги ходимлари сонига қараб¸ банк ҳисобидан одам бошига 1 миллион сўмдан "ноқонуний ечиб олинганини" иддао қилди.

Ўзбекистоннинг энг йирик улгуржи бозори саналган “Ўрикзор”даги савдогарлар эса¸ айрим дўконларга “солиқчиларнинг бостириб кириб¸ кассадаги бор пулни тортиб олгани”га гувоҳ бўлганини билдирди.

Давлат Солиқ қўмитаси бу жараëнларга оид Озодлик саволларига берган жавобида¸ қонунчиликка 1 январдан киритилган ўзгартишга мувофиқ¸ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳар ойнинг 25-санасидан кечиктирмай бюджетга тўланиши лозимлиги ва тадбиркорлар бундан ўз вақтида огоҳлантирилганини билдирди.​

“Ўрикзор” бозори жойлашган Учтепа туман солиқ инспекцияси мутасаддиси эса¸ бу бозорда рейд эмас¸ балки тушунтириш ишлари олиб борилаëтганини айтди.

Ширкатлар даромад солиғи бўйича қарздорга чиқарилмоқда

31 март куни Озодликка мурожаат қилган тошкентлик тадбиркор¸ эҳтимолий тазйиқдан чўчиб¸ на ўзи ва на юридик шахс сифатида солиқ тўлаëтган ширкати номи очиқланишини истади.

Унинг айтишича¸ солиқ инспекциялари 27 мартдан бошлаб Тошкентдаги ширкатлар банк ҳисобидан ҳеч қандай огоҳлантирувсиз пул ечиб олишга киришган.

Солиқчилар ҳамма фирмаларни қийратишаяпти¸ в том числе бизникиниям. Просто банк счëтидан пул ечволди. Ҳамма кaтта фирмаларда шу аҳвол - счëтида пул бўлса¸ фирмани катта -кичиклигига қараб¸ рейд қилиб пул ечиб олаяпти солиқчилар. Огоҳлантирувсиз рейд қилаяпти”¸ - деди Тошкентдаги ширкатлардан бирининг молиявий бошқарувчиси.

Бу суҳбатдош¸ Тошкентдаги ўзи билган камида йигирмата йирик ва ўрта бизнес ширкатлари банк ҳисобидан¸ ҳар бир ходим бошига “тўланмаган даромад солиғи” деб 1 миллион сўмдан пул ечиб олинганидан хабари борлигини иддао қилди.

50 миллион олинганиям бор¸ 20-30 миллиони ҳам бор ишчиси сонига қараб. Нимага¸ деган саволга¸ 5, 7 ҳатто 9 йил олдин даромад солиғини нотўғри ҳисоблагансанлар¸ деган гап қилишаяпти. Қанча даромад солиғи тўлашни солиқчиларнинг ўзи ҳисоб-китоб қилиб берган бўлса¸ ҳамма текширувлардан ўтган бўлса¸ қанақасига нотўғри ҳисобланиши мумкин? деган саволга жавоб бериша олмаяпти”¸ деди хусусий ширкатлардан бирида ишловчи бу молиячи.

“Яна салла деса¸ каллами?”

Озодлик гаплашган бошқа бир тадбиркор¸ юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан солиқчилар босими бевосита Бош вазир Абдулла Арипов 26 март куни ўтказган мажлисдан кейин кучайиб кетганини айтди.

Маҳаллий матбуот¸ шаҳар ҳокимлигида ўтказилган бу мажлисда 2019 йилнинг биринчи чораги бўйича Тошкент шаҳрида давлат бюджетига тушумлар режасининг бажарилмагани кескин танқид қилинганини ëзди.

Келтирилган рақамларга кўра¸ 2019 йилнинг 25 мартига қадар Тошкент шаҳри бўйича қарийб 802 миллиард сўмлик даромад солиғи бюджетга тушмаган.

Мажлисга раислик қилган Абдулла Арипов¸ пойтахтдаги қатор туман ҳокимлари ва солиқ инспекцияси раҳбарларига кескин огоҳлантирув бериб¸ март ойи охирига қадар, яъни беш кун ичида “801,9 млрд сўм миқдорида тушумни” нима қилиб бўлса ҳам ундиришни буюрган.

Кеча Арипов ҳамма район ҳокимларини обориб-опкелди “бюджетга пул туширмаяпсан” деб. Бугун прогноз бажарамиз деб корхоналарнинг пулини солиқ деб олиб қўйишни бошлади. Ҳали ишчиларга тўланмаган ойликнинг даромад солиғини банкка инкассо қўйиб ечиб олди. Нимага¸ дейилса¸ прогноз бажаролмаяпмиз¸ бюджетга пул керак” дейди”¸ деди Озодликка гапирган тошкентлик тадбиркорлардан яна бири.

“Ўрикзор” яна солиқчидан қўрқиб қолди

Ўзбекистондаги энг йирик улгуржи бозор ҳисобланадиган “Ўрикзор” бозорида савдо қилувчи тадбиркорлардан бири ҳам ўтган ҳафтадан бозорда солиқчиларнинг фаоллашгани яққол кўринганини билдирди.

Каримов даврига қайтамиз шекилли - ўтган ҳафта “Ўрикзор”даги бир неча дўконга солиқчилар э йўқ¸ бе йўқ рейд уюштиришди. Касса аппаратини очтириб¸ ичидаги нақд пулни тийин-тийинигача олиб кетишди. Тадбиркорга банкка пул топширмаяпсан¸ деб босим қилишаяпти”¸ деди “Ўрикзор” бозоридаги дўконларда ўтказилган солиқчилар рейдига ўзига гувоҳ бўлганини айтган тадбиркор.

Бу савдогар¸ айни пайтда¸ Каримов давридагидан фарқли¸ солиқчиларнинг дўкондорларни жазолаш билан қўрқитмагани¸ тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб¸ кассадаги тушумни банк ҳисобига топширтирганини эътироф қилди.

Солиқ тизими мутасаддилари нима дейди?

“Ўрикзор” бозори жойлашган Учтепа туман солиқ инспекцияси мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда¸ бундай рейдлар бўлаëтганини инкор қилди.

Касса аппаратидаги бор пулини олиб кетиш ҳолатлари биз томонимиздан умуман бўлмаяпти. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг 280-сонли қарорига асосан¸ тадбиркорларга тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Булар кунлик савдосидан тушган пулни касса аппаратидан ўтказиб¸ банкка топшириши керак. Тадбиркорлар ҳамма пулини банкка топширмайди¸ топшир десак¸ норози бўлиб¸ шунақа гап-сўз қилаяпти. Ҳеч қанақа текширув бўлмаяпти¸ фақат тушунтириш ишлари олиб борилаяпти”¸ деди Учтепа туман солиқ инспекцияси мутассаддиси.

Солиқ инспекцияси расмийси¸ тадбиркорларнинг савдодан тушган пулини касса аппарати орқали ўтказмаслиги¸ демакки¸ уларни банкка топширмаслиги даромадни солиқдан бекитиш эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбиркор банкка топширган пулига қараб солиқ тўлайди. Йиллик тушуми 100 миллион сўмдан ошса¸ тадбиркор ягона солиқ тўловига ўтади ва оборотидан 4 фоизлик солиқ тўлайди. Солиқчилар тадбиркорга оборотингни бекитма¸ солиғингни тўла¸ деб тушунтириб юрипти¸ бор гап шу”.

Давлат солиқ қўмитасининг расмий жавоби

1 апрель куни Озодлик тошкентлик тадбиркорлардан келган шикоятларга изоҳ беришни сўраб¸ Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматига мурожаат қилди.

Матбуот хизмати юридик шахслар банк ҳисобидан даромад солиғи учун маблағнинг ечиб олинаëтганини инкор қилмади¸ айни пайтда¸ бу жараëннинг 1 январдан кучга кирган қонунчиликка асосан олиб борилаëтганини билдирди.

"Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 188-моддасига жорий йилнинг 1 январидан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи пул маблағларини олиш учун банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда, бироқ ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай бюджетга тўланиши лозим.

2019 йил 1 январга қадар амалда бўлган қонунчиликка асосан даромад солиғини тўлаш муддатининг чегаравий санаси белгиланмаган эди. Яъни даромад солиғи ҳақиқатда берилган иш ҳақи қисмига ҳисобланиб, қолган қисми кейинги ҳисобот даврига қолдиқ (сальдо) бўлиб ўтиб келган.

Жорий йилнинг 5 март куни ҳар бир солиқ тўловчи юридик шахсларга алоҳида шахсий кабинетига хабарнома юборилиб, уларнинг солиқ органларидаги 2019 йил 1 январь ҳолатига иш ҳақидан қарздорликлиги натижасида (2019 йил 1 январдан кейин тўланган ёки тўланмаган) ҳисобланмаган даромад солиғи ва жамғариб бориладиган пенсия бадали суммалари тўғрисида маълумотлар етказилди.

Мазкур хабарнома орқали юридик шахсларни солиқ органидаги ҳисоб варақасида ҳисобланмаган даромад солиғи ва жамғариб бориладиган пенсия бадали суммаларини ҳисоблашга киритилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, юқорида хабарнома бўйича барча солиқ тўловчилар вазифалари тушунтириб, шахсий кабинетига тушунтириш хатлар ўзбек ва рус тилларида юборилди".

"Ўрикзор" бозорида солиқчилар тадбиркорларнинг касса аппаратидаги пулини тортиб олаëтгани ҳақидаги шикоятларига жавобан Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Озодликка юборган расмий баëнотда:

"Давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг кассадаги нақд пул тушумларини олиб кетиш ҳолатлари мавжуд эмас ҳамда бундай ҳолатларга ҳеч қачон йўл қўйилмайди"¸ дейилади жумладан.

Бу жавобда Солиқ қўмитаси тадбиркорларга" фаолияти давомида шундай ҳолатларга дуч келган тақдирда, Давлат солиқ қўмитасининг 1198 ва (71) 244-98-98 “Ишонч телефони” рақамларига мурожаат қилиш"ни тавсия этди.

XS
SM
MD
LG