Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2021, Тошкент вақти: 09:51

Стивен Хокингнинг инсониятга беш маслаҳати


14 март куни 76 ёшида вафот этган британиялик таниқли олим Стивенг Хокинг 1942 йилнинг 8 январида туғилган, 1959 йилда - 17 яшар чоғида Оксфорд университети стипендясига сазовор бўлган эди. Уч йилдан сўнг эса у коинотни ўрганиш бўйича илмий тадқиқотларини Кембриж университетида давом эттирди.

Хокинг 32 ёшида Британиянинг энг нуфузли Лондон Қироллик жамияти аъзолигига сайланган. 2015 йилда Лондон Қироллик жамияти Стивен Хокинг номидаги медални таъсис этган. Мазкур медаль ҳар йили илм-фан тарғиботида ютуққа эришган олимлар ва санъат арбобларига берилади.

Олим вафот этган кунда унинг инсониятга берган 5 маслаҳатини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1. Инсонлар келажаги – фазода

Профессор Хокинг 2016 йилда Radio Times билан интервьюда:

- Олдимизда бир неча таҳдид бор: ядровий уруш, глобал исиш ҳамда генетик ишлаб чиқилган вируслар. Исталган бир йилда Ер сайёрасида йирик офат содир бўлиш эҳтимоли оз бўлса-да, вақт ўтиши билан бу хавф ўсади ва кейинги минг ёки ўн минг йил ичида содир бўлиши аниқ бўлган нарсага айланади, - деган эди.

Олим бунинг олдини олиш учун фазода колониялар тузиш мумкинлигини айтган. Унга кўра, кейинги юз йил ичида инсоният буни уддалай олмайди, шу сабаб кейинги юз йиллик давомида одамлар ўта эҳтиёт бўлиши керак.

2. Ўрнимиздан туриб, кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак

Қора туйнукларни ўрганиб ном чиқарган олим 2016 йилда инсоният олдидаги яна бир муаммога тўхталиб ўтди.

Швед нодавлат ташкилоти тайёрлаган видеомурожаатда олим:

- Бугунги кунда ҳаддан зиёд одам ошиқча вазн ва семизлик асоратлари туфайли ҳалок бўлмоқда. Биз ўта кўп еб, ўта оз ҳаракат қилмоқдамиз, - деди.

Хокинг ўз мурожаатида одамларни озроқ овқатланиб, кунига камида ярим соат ҳаракатланишга чорлаган эди.

3. Сунъий интеллект ўрнимизни эгаллаши мумкин

Ўтган йилда профессор Хокинг Wired журналига берган интервьюсида:

- Жин кўзадан чиқиб бўлган. Сунъий интеллект одамлар ўрнини эгаллашидан қўрқаман, - деди.

Олимнинг фикрича, бунинг олдини олиш учун сунъий интеллект ҳарбий мақсадларда қўлланилиши олдини олиб, ишчилар ўрнини сунъий интеллект эгаллашига эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз керак.

4. Ўзга сайёраликлар бизга дўст бўлмайди

Профессор Хокинг ўзга сайёраликлар борлигига ишонган. 2016 йил олинган Stephen Hawking’s Favourite Places фильмида олим:

- Ёшим ўтар экан, ёлғиз эмаслигимизга борган сари кўпроқ ишониб боряпман, - деган эди.

Олим агар ўзга сайёраликларга йўлиқадиган бўлсак, улар анча мукаммал технологияларга эга бўлиши ҳамда бизга дўстона муносабатда бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

5. Ўз ишининг устаси бўлган мутахассисларга қулоқ солиш керак

Профессор Хокинг 2017 йилнинг мартида сўзлаган нутқида ҳозирги кунда мутахассисларга қарши «глобал ғалаён» кузатилаётганини таъкидлади.

Профессор фейк хабарлар кўпаяр экан, одамларнинг муаммоларни ўрганишга вақт сарфлайдиган мутахассислар фикрига қулоқ солишга чорлади.

Олим, шунингдек, атроф-муҳитни сақлаш ҳамда сунъий интеллект туғдирадиган таҳдидларга ечимларни илм-фан ва технологиялар ёрдамида топиш мумкинлигини айтди.

XS
SM
MD
LG