Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 11:45

Уйи бузилишига норозилик сифатида ўзини ёққан йигит вафот этди, уни қутқармоқчи бўлган онаси шифохонада


Иллюстратив сурат

18 май куни Самарқанд вилоят, Тайлоқ туманидаги Сочак маҳалласида яшовчи уч боланинг отаси, 33 яшар йигит кадастр ходимлари олдида устига бензин қуйиб, ўзига ўт қўйди. Йигит олган жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этди.

Йигитнинг онаси уни қутқариш учун олов ичида қолган ўғлининг устига ўзини ташлаб, оғир куйиш жароҳати олган. Ҳозирда 60дан ошган она касалхонада қолмоқда.

Воқеа гувоҳларига кўра, йигит ноқонуний равишда қурилган дея топилган уйини бузиш учун келганларга норозилик сифатида ўзига ўт қўйган.

Бош прокуратуранинг Озодликка билдиришича, воқеа бўйича жиноий иш очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Воқеа ўтган шанба куни - 18 майда соат 14:00ларда, Тайлоқ туманининг “Сочак” маҳалласида исмини ошкор қилмаётганимиз йигитнинг уйида содир бўлган.

Бу ҳақда воқеа тафсилотларидан хабардор тайлоқлик Озодликка маълум қилди:

“Шанба куни кадастр ходимлари йигитни уйини бузиш учун келишган. У ноқонуний қурилган уйини қонунийлаштириш учун ҳужжат топширган экан. Лекин унга ҳужжат қилиб беришмаган. Йигит норозилик билдириб, устига бензин қуйиб, ўзига ўт қўйган. Онаси боласини қутқариш учун ёнаётган ўғлининг устига ўзини ташлаган. Иккаласини ҳам касалхонага олиб кетишди. Йигит 80 %, онаси 40 % куйган. Йигит олган жароҳатлари оғир экан, ўша куни тунда касалхонада ўлди. Якшанба куни уни дафн қилдик. Онаси ҳали ҳам реанимация бўлимида ётибди”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, ушбу воқеа Тайлоқ туман архитектура ва қурилиш бўлими ҳамда “Ермулккадастр” ташкилотининг жами уч мутахассиси йигитнинг уйи борасида қилган мурожаатини ўрганиш учун унинг уйига келган пайтда содир бўлган.

Йигит “уйидан 1,5 литрли елим идишда бензин ёнилғисини олиб чиқиб, мутахассислар олдига чиқиб, оила аъзоларининг кўз ўнгида бензин ёнилғисини устидан қуйиб чўнтагидан ўт ёққич (зажигалка) олиб ўзини ўзи ёқиб, ўз жонига суиқасд қилган”, дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Самарқанд вилоят Шошилинч тиббий ёрдам марказидан олинган маълумотга кўра, йигитнинг куйиш даражаси оғир бўлгани сабаб уни қутқариб қолиш имкони бўлмаган.

“Унга шошилинч ёрдам кўрсатилди. Бироқ куйиш даражаси ўта оғир даражада бўлгани боис уни қутқариб қололмадик. 19 майга ўтар кечаси вафот этди. Онасининг аҳволи ёмон эмас. Яшаб кетишига умид қилинаяпти. Яқинлари, маҳалла фаоллари келиб, онахоннинг аҳволидан хабар олишаяпти”, деди ҳамширалардан бири.

Бош прокуратура маълумотига кўра, ушбу воқеа бўйича Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми билан билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Тайлоқ туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

33 яшар йигит тадбиркорлик билан шуғулланиб келган. Унинг уч фарзанди етим қолди.

Маълумки, Ўтган йилнинг июнь ойида ноқонуний қурилган уйларни рўйхатга олиш ишлари бошланди.

Бу тадбир президент Мирзиёевнинг "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида" фармонига асосан йўлга қўйилди.

Бир марталик ушбу акция жорий йил 1 майига қадар давом этди.

Мазкур акция давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар-жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш имкони берилди.

Ўзига ўт қўйган тайлоқлик йигит ўз уйини қонунийлаштириш учун тегишли идораларга қачон мурожаат қилгани Озодликка маълум эмас.​

Бош прокуратура маълумотида мутасадди ташкилотлар тайлоқлик йигитнинг жорий йил 14 май куни қилган мурожаатини ўрганиш учун унинг уйига келгани қайд қилинган.​ Бироқ бу мурожаат нима ҳақда экани очиқланмаган.

Ўзбекистонда норозилик боис ўзини ўлдириш ёки ўз жонига қасд қилишга уриниш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган.

Жумладан, 19 апрель куни Тўрткўл туман ҳокимлиги биносида уч боланинг отаси, 45 яшар Умар Файзуллаев ер берилмагани учун ўз жонига қасд қилиб, тирик қолди.

Воқеа гувоҳларига кўра, Файзуллаев қўлининг томирини тўрт марта кесгач, ўша ердаги одамлар уни тўхтатиб қолган.

МИБ газини узган қибрайлик 29 яшар Нозима Эргашева ўтган йилнинг 14 декабрь куни эрталаб ҳокими қабулида норозилик сифатида ўзига ўт қўйганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрдаги ҳукумат мажлисида мамлакатда суиқасд ҳолатлари "соат сайин" ортаётганини айтганди.

Жорий йилдан президент фармони билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG