Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 07:30

Тўрткўллик йигит уйи бузилишига норозилик билдириб ўзига ўт қўйди (Видео)


Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Уллибоғ қишлоғида яшовчи 29 яшар Аҳмад Ниёзимбетов уйини бузишга келган ҳокимлик вакилларига норозилик билдириб, ўзига ўт қўйди. Ҳокимликка кўра, Ниёзимбетовнинг уйи ноқонуний қурилгани борасида суд қарори бўлиб, уй бузилиши лозим. Ҳозирда шифохонада даволанаётган Аҳмад эса қўлида уйга тегишли барча ҳужжатлари борлигини таъкидламоқда.

Ўзини ёқиб, тирик қолган Аҳмад

Воқеа 19 сентябрь куни Уллибоғ қишлоғининг "13-бўлим" қисмида Аҳмад Ниёзимбетовнинг уйида содир бўлган. Тафсилотларни Озодликка ўзи сўзлаб берган Аҳмаднинг айтишича, ўша куни Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари унинг уйини бузишга бульдозер ва экскаватор билан келган. Аҳмад эса уларга норозилик билдириб, уйининг томига чиқиб, устидан бензин сепиб, ўт қўйган ва кейин ўзини томдан ташлаган^

- Мажбурий ижро бюроси вакиллари, профилактика инспектори келди. “Уйдан чиқ ҳамманг” деди. Уйда меҳмонларим ҳам бор эди. Уларни ҳам кўчага ҳайдашди. Мени кўчага итариб ташлади. Бу можаро кечгача борди. Мени қибла томондан қувиб чиқаришади, мен орқа томондан кираман. Орқа томондан қувиб чиқаради, мен қибладан кираман. Кейин уйга мени киргизмадилар ва “уйни бузамиз, ҳайда бульдозерни” дейишди. Сўнг чидай олмадим, орқа томондан уйга кириб, движокнинг бензинини олдим, ярим литр. Шу бензинни олдимда, томга чиқдим. “Сизларга уй керакмми дедим, мени ўлдиринглар кейин уй сизларники” дедим. Кейин устимдан бензинни сепдимда, гугуртни чақдим. Ўзимга ўт қўйдимда, ўзимни томдан ташладим, - дейди Аҳмад Ниёзимбетов.

Аҳмаднинг айтишича, уни укаси Ҳайрулла қутқариб қолади:

- Укам ўчирди мени. Устимга тупроқ сепганда, ўтни ўчирган. Улар тепада туриб томоша қилиб турган,- дейди Ниёзимбетов.

“Тез ёрдам” билан бирга юрадиган МИБ

Озодликка йўлланган видеода Аҳмад ўзига ўт қўйиб, томдан ташлаган пайти зудлик билан унинг ёнига “тез тиббий ёрдам” ходимлари етиб боргани акс этган. Аҳмаднинг айтишича, Мажбурий ижро бюроси ходимлари “Тез тиббий ёрдам” ходимлари билан бирга келишган:

- “Тез ёрдам” ўшалар билан бирга келган эди. Улар чақириб қўйишар экан. Одамлар ўз жонига қасд қилса, томирини кесса, ҳушидан кетса, йиқилиб қолса, ёрдам бериш учун “Тез ёрдам” чақирар экан. Улар “тез ёрдам” билан “Пожарний”ни ўзлари билан олиб юрар экан, - дейди Аҳмад.

Аҳмад жиддий шикастланмаган

Аҳмад ўша куни Тўрткўл туман марказий шифохонасига етказилган. Саккиз кундирки, у шифохонанинг травматология бўлимида даволанмоқда.

Шифокор Элёр Аҳмедовга кўра, Аҳмаднинг ҳозирда аҳволи яхши:

- Унинг сон соҳасида 1,5-2 фоиз ёнган. Оёғининг юмшоқ тўқималари лат еган. Синган-чиққан жойи йўқ лекин, -деди Элёр Аҳмедов.

Аҳмад: Уйим қонуний, ҳужжатларим бор

Аҳмад икки қизнинг отаси. Ҳозирда рафиқаси тўққиз ойлик ҳомиладор. Урганч давлат университетининг “жисмоний тарбия” факультетини тамомлаган, олий маълумотли Аҳмад Ниёзимбетов иш йўқлиги сабаб мардикорлик қилиб оиласини боқаётганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимлик ноқонуний деяётган уйни ўзи укалари билан биргаликда қуриб битказган ва қўлида уйга тегишли ҳамма ҳужжатлари бор:

- Отам Ниёзимбетов Ботирнинг номига суд қарори чиққанмиш. “Ноқонуний уй қурган” деган қарор. Шу қарор бўйича булар менинг уйимни бузмоқчи. Лекин бу уй меники, отамники эмас. Уй ўзимнинг номимда. Уй бўйича кадастр ҳужжатларим, аукционда ютиб олган ҳужжатларим бор. Қўшимча 4 сотих ер майдони бор, унинг ҳам кадастр ҳужжати бор, ҳаммасининг солиқларини тўлаб ўтирибман,- дейди Ниёзимбетов.

Аҳмад Ниёзимбетов
Аҳмад Ниёзимбетов

Ҳокимлик: Аҳмаднинг уйи ноқонуний қурилган

Тўрткўл тумани ҳокимининг ўринбосари Азимбай Сапаевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Аҳмад Ниёзимбетовнинг уйи қонуний қурилгани суд орқали тасдиқланган:

- Унинг кадастр ҳужжатлари бўлгани билан, кимлардир уни олдин ноқонуний берганда. Ҳужжатлари судга берилган, суд қарор чиқарган. Ўша пайтда у ҳужжатлар ноқонуний берилган. Қарорлар аслига тўғри деб берилган, лекин қарорнинг основанияси йўқ. Ҳеч қаерда регистрацияда йўқ. Олдинги бўлган ҳокимлар пулини олиб, қўл қўйиб бериб юборган,- дейди Сапаев.

Тўрткўлда жами 500 одамнинг уйи бузилади

Тўрткўл ҳокими ўринбосари Азимбой Сапаевнинг айтишича, Тўрткўлда битта Аҳмад эмас, жами 500 кишининг уйи ноқонуний қурилгани сабаб бузиб ташланади:

- Бир уники эмас, кўпчиликники бузилади. 500га яқин уй. Ҳаммаси буйича суд қарори бор. Ҳозир суд ижроси бошланаяпти,- деди Азимбой Сапаев.

Сапаевга кўра, уйи ноқонуний деб топилган тўрткўлликлар олдинги ҳоким устидан шикоят қилмагани боис, ҳозирча фақат уй эгалари жазоланмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG