Линклар

Остонада Сурия бўйича тинчлик музокараларининг олтинчи раунди бўлиб ўтмоқда

  • Озодлик

Сурия бўйича тинчлик музокараларининг бешинчи раунди Остона шаҳрида 2017 йилнинг 5 июлида бўлиб ўтган эди.

Остонада Россия, Эрон ва Туркия иштирокида Сурия бўйича тинчлик музокараларининг олтинчи раунди бўлиб ўтмоқда. Остонадаги учрашувда Эрон делегациясининг иштирокига қарши чиққан АҚШ вакиллари ҳам Қозоғистон пойтахтига етиб келди.

АҚШ Сурияда тинчликнинг қарор топишида Эроннинг “кафиллик” ролидан хавотир олмоқда.

Бу музокаролар БМТ раҳбарлигида Женевадаги музокаралардан алоҳида ўтказилмоқда. Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги хабарларига кўра, экспертлар кескинликни юмшатиш деб номланмиш ҳудудларга Россия, Эрон ва Туркия қуролли кучларини жойлаштириш масаласида маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Музокаралар кескинликни юмшатиш ҳудудларидаги амалиётларни мувоффиқлаштириш ва Туркия билан чегарадаги Идлиб вилоятида назорат гуруҳларини шакллантириш масалаларига бағишланади.

РФ вакилларнинг айтишича, Москва Идлиб вилоятига ўт очишни тўхтатишни назорат қилувчи ҳарбий полиция кучларни жойлаштиришни режалаштирмоқда. Россия делегациясидаги манбага таяниб ТАССнинг хабар қилишича, Россия ва АҚШ Остонада Сурия бўйича музокоралар доирасида икки томонлама маслаҳатлашувларни ҳам олиб боради.

Остонадаги музокараларда Россия номидан президентнинг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев, АҚШ номидан эса давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Дэвид Саттерфилд иштирок этмоқда. Бундан аввал Россия вакилларининг Остонадаги музокораларда иштирок этаётган БМТ бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура билан учрашуви бўлиб ўтган эди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 14 сентябрь куни Остонада журналистлар билан учрашувида Суриядаги кескинликни юмшатиш ҳудудларига Қозоғистонинг тинчликни сақловчи кучларини юбориш талаблари тўғрисида ҳам айтди. Бу ҳақда маҳаллий ахборотагентликлари хабар тарқатди.

Назарбоевнинг сўзларига қараганда, Сурияга ҳарбийларни юбориш масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу каби кучларни юбориш тўғрисида қарор қабул қилганидан кейингина Қозоғистон бу масалани кўриб чиқади.

«Кескинликни юмшатиш масаласида бизга шу каби савол берилди. Биринчидан, Конституциямизга кўра, биз “қайноқ нуқталар”га парламент қароридан кейингигна ҳарбийларни юбора оламиз. Иккинчидан, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Низомига кўра, бу каби кучлар таркибида иштирок этиш кўзда тутилмаган. Бироқ БМТ тинчликни сақловчи кучларни юбориш тўғрисида қарор қабул қилгудек бўлса, у ҳода биз БМТ аъзоси бўлганимиз сабаб, ҳарбийларимизни у ерга жўнатишимиз мумкин», — деди Назарбоев.

Ўз сўзига қўшимча қилган Назарбоев, Қозоғистон масала тинч йўллар билан ҳал қилиниши тарафдори эканлигини эслатиб ўтди. «Менинг фикримча, тинчликка анча йўл босиш керак, бироқ ҳар бир давлат имкон қадар тинчликка ҳисса қўшиши керак, биз қўлимиздан келаётган ишларни қилаяпмиз, бу фаолиятимизни давом этирришимиз керак», — деди Назарбоев.

Назарбоевнинг бу баёноти Остонада Сурия бўйича бошланган музокораларнинг янги раунди жараёнида берилди. Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотга кўра, музокораларда кескинликни юмшатиш ҳудудларидаги кучларнинг фаолияти ва Суриянинг Идлиб вилоятидаги назорат кучларининг таркиби муҳокама қилинади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG