Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2018, Тошкент вақти: 08:43

Суриянинг энг йирик нефть кони “Ислом давлати”дан тортиб олинди


Сурия демократик кучлари Раққани озод қилган дақиқалар. 2017, 17 октябрь.

АҚШ дастаклаётган кучлар якшанба куни Суриянинг энг катта нефть конини “Ислом давлати” жангари гуруҳидан тортиб олди. Associated Press агентлигининг хабар қилишича, Курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучлари ҳамда Сурия ҳукумати Дайр уз-Зур вилоятидаги ҳудудларни эгаллаб олишга ошиқмоқда.

“Ал-Умар” нефть кони жангари гуруҳнинг муҳим даромад манбаи бўлган. “Ал-Умар” мамлакатдаги энг бой кон ҳисобланади.

АҚШ етакчилигидаги коалиция ҳамда Россия ҳаво ҳужумлари таъсирида кон қандай аҳволга келгани ҳозирча номаълум.

Сурия демократик кучлари АҚШ етакчилигидаги коалиция кўмаги билан конни “тез ва кенг кўламли ҳарбий амалиёт” ортидан эгаллаб олганини билдирди.

Хабарларга кўра, айрим жангарилар кон атрофидаги уйларга яширинган, улар билан тўқнашувлар давом этмоқда.

АҚШ етакчилигидаги коалиция кон жангарилардан тортиб олинганини тасдиқлади.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг билдиришича, ҳукумат кучлари “Ал-Умар” кони яқинидаги ҳудудлардан чекинган. Сурия демократик кучларининг билдиришича, ҳукумат кучлари кондан 3 км масофада турибди.

Сурия ҳукумати кучлари Россия ҳаво ҳужумлари ҳамда Эрон дастаклаётган жангчилар кўмаги билан Ироқ билан чегара яқинидаги Дайр уз-Зур вилояти пойтахти Дайр уз-Зур шаҳрининг аксар қисмини ҳамда Маядин шаҳрини қўлга олган.

Сурия демократик кучлари Дайр уз-Зур вилоятининг Фрот дарёсининг шарқий қирғоғидаги кўплаб қишлоқларни қўлга олган. Гуруҳ яна бир неча газ конини ҳам эгаллаган.

“Ислом давлати” жангари гуруҳи “Ал-Умар” конини 2014 йилда эгаллаб олган эди. Ўшанда гуруҳ Сурия ва қўшни Ироқда йирик ҳудудларни қўлга олган. Ўша пайтда кон кунига тақрибан 9 минг баррель нефть қазиб олган. Ҳозирда кон қандай аҳволда экани номаълум.

2015 йилги маълумотга кўра, Сурияда 2,5 миллиард баррель нефть заҳираси бор. Яъни, қўшнилари орасида Сурия Ироқдан кейин туради.

Сурияда 2011 йил фуқаролар уруши бошланишидан аввал нефть саноати мамлакат иқтисодининг асосий таянчи бўлган.

Сурия демократик кучлари томонидан “Ал-Умар” конининг эгаллаб олинишига Сурия ҳукумати қандай жавоб қайтариши ҳозирча номаълум. Мамлакат президенти Башар Асад кейинчалик Суриядаги барча ҳудудларни ҳукумат бошқарувига олишга онт ичган.

Кейинги икки йил давомида “Ислом давлати” жангари гуруҳи Сурияда ҳам, Ироқда ҳам эгаллаб олган ҳудудларини қўлдан бой бериб келмоқда. Ўтган ҳафтада АҚШ дастаклаётган кучлар жангариларни Суриянинг Раққа шаҳридан сиқиб чиқарди.

АҚШ маълумотига кўра, Сурия шарқида ва Ироқ ғарбида “Ислом давлати” гуруғининг 6,5 минг жангариси қолган.

XS
SM
MD
LG