Ўзбекистон хабарлари
Сурияга кетган ўзбекистонлик оиланинг олти аъзоси қидирувга берилди

Ўзбекистондан Россия орқали Сурияга кетган ва жангарилар сафига қўшилган бир оиланинг олти аъзоси халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 1969 йилда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган Й.Т., 2014 йилда хотини, уч ўғли ва келини билан Россияга ишлаш учун кетади. Бу ерда у “ижтимоий тармоқларда диний-экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғояларини тарғиб қилувчи турли аудио-видеоматериаллар таъсирига тушиб қолган”.
Тошкент ИИББ маълумотида қайд этилишича, оила бошлиғи Й.Т., муқаддам Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) асосида судланган.
Ички ишларнинг иддао қилишича, “Узейир тоға” лақаби билан танилган Й.Т., ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни Сурияга боришга даъват қилган. Ўзи эса оиласи билан Сурияга қочиб ўтиб, у ерда “Тавҳид ва жиҳод” гуруҳида ошпазлик қилади. Унинг оила аъзолари эса террорчилар сафларида жанг қилади.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ички ишлар органлари Сурияга кетиб жангарилар сафларига қўшилганлар тўғрисида кўплаб маълумотларни бермоқда. Жумладан, сентябрнинг бошларида Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси Сурияда “Катибат ул имом ал-Бухорий” халқаро террорчилик ташкилоти асосчиси бўлган Улуғбек Бобомуродов жангларда ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.
Аммо Озодликда мазкур гуруҳ ва унинг раҳбарлари тўғрисида Тошкент ИИББдан фарқли ўлароқ маълумотлар мавжуд ва улардаУлуғбек Бобомуродов номи қайд этилмайди.
Озодлик радиоси 2014 йилнинг ноябрида “Катибат ул имом ал-Бухорий” гуруҳи "Ислом давлат"и етакчиси Абу Бакр Бағдодийга қасамëд қилгани тўғрисидаги илк маълумотни ёйинлаган эди. Ўшанда гуруҳга Шайх Салоҳиддин тахаллусига эга асли наманганлик Акмал Жўрабоев исмли шахс амирлик қилаётгани айтилганди. 2017 йилнинг майида 47 ёшли Шайх Салоҳиддин Идлибда ўз сафдоши томонидан ўлдирилгани, унинг ўрнини тожикистонлик Абу Юсуф эгаллагани тўғрисида хабар қилинган.
Сурия ва Ироқдаги жангарилар сафларида камида уч минг ўзбекистонлик жанг қилаётгани айтилиб келинади.
Кун янгиликлари
Тошкентда 7 ёшли қизалоққа тегажоғлик қилган шахс 18 йилга қамалди

Тошкентдаги кўп қаватли уй подъездида 7 ёшли қизалоққа тегажоқлик қилган 55 ёшли эркак 18 йилга қамалди, деб хабар берди Nemolchi.Uz лойиҳаси 21 сентябрь куни.
Хабарда айтилишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди 1968 йилда туғилган А.Х.,ни Жиноят Кодексининг 119-модда 4-қисми (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.
А.Х., бундан аввал ҳам вояга етмаганларга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланган.
Июль ойида Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уй подъездида номаълум шахс 7 ёшли қизни қўрқитиб, унга нисбатан жинсий тажовуз қилгани тўғрисида хабар берилган эди. Бу воқеа кўп қаватли уйга ўрнатилган видеокамералар томонидан қайд этилган ва ички ишлар ходимлари А.Х.,ни 24 соат ичида қўлга олган эди.
Nemolchi.uz лойиҳаси жорий йилда педофилия ҳолатлари бўйича ўнлаб ҳодисаларни жамоатчиликка ошкор қилди. NeMolchi.uz - 2017 йилда ташкил этилган мустақил ахборот лойиҳаси бўлиб, у аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборни жалб қилиш ва бу масалага жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни мақсад қилганини билдириб келади.
Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган - 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларнинг 10 ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида биринчи бўлиб NeMolchi.uz хабар қилган эди.
Май ойининг бошларида лойиҳа асосчиси Ирина Матвиенко ўзига нисбатан ўлдириш таҳдиди бўлаётгани ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлгани тўғрисида Озодликка маълум қилган. ИИВ 3 май куни Ирина Матвиенкого қилинган таҳдид ўрганилаётгани ҳақида баёнот берди. Аммо шу кунгача ИИВ текшируви натижалари тўғрисида маълумот берилмади.
Содиқ Сафоев: Биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитликни тиклашдаги ютуқларидан мамнунмиз

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Озарбайжоннинг Report ахборот агентлигига берган интервьюсида Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитликни тиклашдаги ютуқларини олқишлади.
«Биз Озарбайжоннинг барча жабҳалардаги, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш йўналишидаги ютуқларидан мамнунмиз. Биз барча қийинчиликларга қарамай Озарбайжон ҳукумати ва халқининг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилиш йўлида олиб бораётган адолатли курашини қўллаб-қувватлаймиз ва қатъиятини олқишлаймиз”, - деган Сафоев.
Агентликнинг билдиришича, Сафоевдан интервью Нью-Йоркда олинган. У бу ерга Ўзбекистон делегацияси таркибида БМТ Бош Ассамблеясининг 78- сесиясида иштирок этиш учун келган.
Сафоев Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик “мисли кўрилмаган даражага етганини”, ўтган йили президент Илҳом Алиев уч марта Тошкентга келганини таъкидлади. Расмий президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга август ойида қилган сафари доирасида Қорабоғдаги Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб ишга туширилганини ҳам эслатиб ўтди.
Бундан аввал Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тоғли Қорабоғда ўтказилган президент сайловларини тан олмаслигини билдирган эди.
"Ўзбекистон Республикаси дўст Озарбайжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралайди ва 2023 йил 9 сентябрь куни Қорабоғда ўтказилган қўштирноқ ичидаги президент сайловларини тан олмайди", дейилади вазирлик расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.
Мазкур сайловни Европа Иттифоқи ҳам тан олмаган эди.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўқ отишни тўхтатганини билдирди. Бу маълумотни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги тасдиқлади.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
20 сентябрда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, кейин Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилгани билдирилди. Суҳбат чоғида Алиев Озарбайжон шартлари бажарилса, Қорабоғдаги “аксилтеррор амалиёт тўхтатилиши”ни айтган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўқ отишни тўхтатганини билдирди. Улар Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди. Жумладан, қуролланган арман гуруҳлари тарқатиб юборилади. 21 сентябрдан эса Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида Озарбайжон ҳукумати вакиллари билан Қорабоғнинг арман жамоасини интеграциялашуви юзасидан музокаралар бошланади. Бу эса келажакда Тоғли Қорабоғнинг барча ҳудуди Баку назоратига ўтишини англатиши мумкин.
Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтарди.
Расман: Энергетика субсидиялари учун йилига камида 1 миллиард доллар сарфланмоқда

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги йилига энергетика учун ажратилаётган субсидиялар миқдори 1 миллиард доллардан ошганини ва бу жараён давом этадиган бўлса энергетика соҳасини ривожлантириб бўлмаслигини маълум қилди.
Вазирликнинг расмий сайтида билдирилишича, истеъмолчига 1 киловатт-соат электр энергиясини етказиб бериш таннархи 970 сўмни, бир кубометр газнинг таннархи 1890 сўмни ташкил қилмоқда. Аҳоли эса электр энергиясининг 1 киловаттига 295 сўм, газ учун 380 сўм тўламоқда.
“Агар бир оила ойига ўртача 200 кВт/соат электр энергияси ишлатса, бу абонент учун тўланадиган субсидия ойига 135 минг сўмни, йилига 1,62 миллион сўмни ташкил қилади. Ўзбекистон электр тармоқлари 7,4 миллион абонентга эга”, дейилади расмий билдирувда.
Вазирликнинг таъкидлашича, иситиш мавсумида газнинг ўртача истеъмоли 750 куб метрни ташкил қилади. Бугунги тарифлардан келиб чиқиладиган бўлса мавжуд бўлган газлаштирилган 4,1 миллион хонадоннинг ҳар бирига ажратилаётган субсидия миқдори 1, 132 миллион сўм бўлмоқда.
“Энергетика соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган субсидияларнинг умумий миқдори йилига 14 триллион сўм ёки 1,15 миллиард доллар. Биргина электронергияси учун йилига 11,98 триллион сўм сарфланмоқда”, дейилади вазирлик билдирувида.
Энергетика вазирлигининг мазкур билдируви Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 1 октябрдан коммунал хизматлар нархини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги қарорни қабул қилгани ортидан эълон қилинди.
Мазкур қарорга асосан 1 октябрдан тадбиркорлик субъектлари учун электр ва газ нархи қимматлайди. Биринчи ва иккинчи гуруҳга киритилган юридик шахслар 1 киловатт электр учун ҳозирги 450 сўм ўрнига мос равишда 900 ва 1000 сўмдан, газнинг 1 куб метри учун ҳозирги 660 сўм ўрнига 1500 сўмдан 1800 сўмгача ҳақ тўлайди. Аҳоли учун тарифлар эса ҳозирча ўзгаришсиз қолмоқда.
11 сентябрда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аҳоли учун 2024 йилдан бошлаб газ ва электр ҳақи ижтимоий нормалар асосида кўтарилиши режалаштирилаётганини билдирган эди.
Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери куз ва қиш мавсумида энергетик инқироз кузатиб келинади. Озодлик радиоси электр ва газ таъминотидан норози аҳоли намойишларга чиққани ва йўлларни тўсиб қўйгани тўғрисида ўзининг Zimiston лойиҳасида маълумот бериб келган. Жорий йилда эса энергетик инқироз баҳор ва ёз мавсумларида ҳам юзага келди.
Мирзиёев Ўзбекистонга 10 миллиард доллар сармоя киритмоқчи бўлган “Air Products” директорига орден берди

Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига амалий ташрифи доирасида “Air Products” ширкати раҳбари Сейфи Гасеми билан учрашди. Президент матбуот хизматининг билдиришича, учрашувда АҚШ Давлат котибининг энергетика масалалари бўйича ўринбосари Жеффри Пайетт ҳам иштирок этди.
“Air Products” томонидан Ўзбекистонда “Uzbekistan GTL”да саноат газларини қайта ишлаш, “Навоийазот” негизида синтез-газ, кислород ва азот, суюлтирилган карбонат ангидрид ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Сўнгги икки йил давомида бу лойиҳаларга “Air Products” 1 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри сармоя киритган.
Учрашувда кўмирни газлаштириш, техник газлар, водород ва аммоний ишлаб чиқариш ҳамда аччиқ газларни утилизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.
“Учрашув якунида “Air Products” компаниясининг Ўзбекистон учун қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган янги инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича келишувлар алмашилди. Ўзбекистон-АҚШ кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси ва мамлакатимиздаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Air Products” бошқаруви раиси Сейфи Гасемига шахсан юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди”, дейилади расмий хабарда.
Гулнора Каримовадан мусодара қилинган пулнинг бир қисми чақалоқлар ўлимини олдини олишга сарфланади

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Гулнора Каримовадан мусодара қилинган активларни бошқарувчи Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлимини камайтиришга қаратилган БМТнинг янги лойиҳасини молиялаштириш учун 43,5 млн доллар ажратгани ҳақида билдирди.
Янги дастур UNICEF, UNFPA ва ЖССТ томонидан биргаликда амалга оширилади. Унинг асосий мақсадларидан бири кам вазнли чақалоқларнинг омон қолиш даражасини ҳозирги 75 фоиздан 90 фоизга оширишдир.
“Ишонч” деган ном билан ҳам танилган Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси БМТнинг кўп томонлама ҳамкорликдаги траст фонди томонидан бошқарилади. У Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноят иши жараёнида мусодара қилинган активларини Ўзбекистонга қайтариш учун ташкил этилган.
Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария жамғарма орқали 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган. Бу маблағ Ўзбекистонда ислоҳотларни жадаллаштириш ва мамлакатдаги БМТ Барқарор ривожланиш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Аввалги президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда 2013 йили талон-торож ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик моддалари бўйича иккита жиноят иши очилган. 2015 йили биринчи иш бўйича унинг 5 йилга озодлиги чекланган, 2017 йилдаги иккинчи иш бўйича эса у 10 йилга қамалган. Кейинроқ бу жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.
2020 йил мартида Тошкент шаҳар суди Каримовани жиноий тил бириктирганлик, товламачалик, ўзлаштириш, ўғрилик, пул ювганлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этган. У айни пайтда жазо муддатини Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаяпти.
Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлардаги Гулнора Каримовага алоқадор бўлган мулкларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўзбекистон ҳукумати мазкур активларнинг бир қисмини қайтариб олишга уриниб келмоқда.
2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистон Франциядан 20 миллион долларни қайтаришга муваффақ бўлган. Бу маблағ Париждаги кондоминиум ва 1815 йилда қурилган Château de Groussay қасрининг сотилишидан тушгани айтилган.
Мирзиёев - Мишел учрашувида Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик масаласи кўтарилди

БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка борган Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Европа кенгаши президенти Шарль Мишел билан музокаралар ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашув чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш масаласи ҳам кўтарилган.
Озодлик радиоси 2022 йил июлида икки томонлама кенгайтирилган шериклик ҳамда ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим бўйича музокаралар якунлангани ҳақида хабар берган эди. Бироқ шу кунгача бу битимни имзолаш юзасидан зарурий процедуралар якунланмаган.
Икки томонлама ҳамкорлик кўламини кенгайтирадиган мазкур битим ЕИ билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларда муҳим олға қадам бўлиб ҳисобланади.
Мирзиёев ва Мишел учрашувида, шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Расмий хабарда таъкидланишича, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ЕИ билан товар айланмаси ҳажми 35 фоизга ошган.
Европа Иттифоқи сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатларидан Россияга экспортнинг 300 фоизга кўпайганидан ташвиш билдирган. Европа Иттифоқи фикрича, Россияга экспортнинг кескин кўпайиши Марказий Осиё давлатларининг Москвага санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётгани билан боғлиқ бўлиши эҳтимол.
Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган эди. 27 апрелда Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ва ЕИ республика Россияга санкцияларни четлаб ўтувчи ҳудудга айланиб қолмаслиги йўналишида ҳамкорлик қилаётганини айтганди.
Апрель ойида эса АҚШ ва Британия россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM холдинги ва унга алоқадор ширкатларга санкциялар жорий этди. Ўзбекистондаги “Оҳангаронцемент”ни 98,6 фоиз улушини 2022 йил бошида USM холдинги томонидан таъсис этилган Akkermann Cement CA сотиб олган эди. АҚШ ва Британия жорий этган чекловлар “Оҳангаронцемент”га ҳам тегишлидир.
Расмий Тошкент Москва қурадиган мактаблар рус пропагандаси марказига айланмаслигини иддао қилмоқда

Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати 19 сентябрга ўтар кечаси жамоатчиликни Россиянинг мактаб қуриб бериш таклифини “нотўғри талқин қилмаслик”ка чақирди.
Расмий баёнотда айтилишича, бир давлат ҳисобидан бошқа давлат ҳудудида мактаб ва шунга ўхшаш ижтимоий обьектлар қуриш анъанаси жаҳон тажрибасида мавжуд. Бу ўзаро ижтимоий ёрдам сифатида таснифланади.
“Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, хорижий мамлакатлар томонидан қуриб бериладиган мактабларнинг таълим дастурлари дастлаб соҳа мутахасиссислари томонидан миллий урф-одат, қадрият ва анъаналаримиз, тарихимиз, амалдаги қонун ҳужжатларимиз, мавжуд таълим стандартларимиз нуқтаи назаридан чуқур ўрганиб чиқилади”, дейилади баёнотда.
Бош вазир матбуот хизмати шундан келиб чиққан ҳолда “ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асосланмаган маълумотларни тарқатмаслик”ни сўраган.
18 сентябрь куни Москвада ўтган ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида Россия бош вазири Михаил Мишустин “ўқувчиларни рус маданияти ва анъаналари билан яқиндан таништириш” мақсадида Ўзбекистонда бир неча мактаб қуриб бериш таклифини киритган. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бу таклифни қабул қилган эди.
Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда фаоллар ва мутахассислар Россиянинг Ўзбекистонда мактаб қуришига қарши фикрларини билдира бошладилар. Ижтимоий тармоқларда қолдирилган постларда Россия ўқув дастурлари асосан Москва пропагандасининг бир қисмига айлангани, дарсликларга Украинага босқинни оқлайдиган мавзулар киритилгани айтилади. Мутахассислар фикрича, Россия Ўзбекистонда қурган мактаблар ҳам Москва сиёсатини тарғиб қилувчи масканларга айланиши мумкин.
Бундан аввал Россия Қирғизистонда 500 миллион долларга 9 та мактаб қурилишини бошлагани тўғрисида хабар берилган эди. 1 сентябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Россия президенти Владимир Путин онлайн орқали мактаблар қурилишига старт берди.
Россия бош вазири ўринбосари: Ўзбекистон билан савдо-сотиқдаги тўловларнинг 50 фоизида рублдан фойдаланилмоқда

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги товар айланмаси сўнгги уч йил ичида йилига 20 фоизданга кўпайган, бу каби ижобий динамика бу йил ҳам сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Россия бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 4-мажлисидан сўнг билдирган.
Мантуровга кўра, товар айланмаси ўсишига таъсир кўрсатган энг катта омил Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-сотиқ ишларида тўлов сифатида рублдан фойдаланилаётгани бўлиб ҳисобланади.
“Россия инвесторлари томонидан жамғарилган инвестицияларнинг умумий ҳажми эса бугунги кунга келиб 1 триллион рублни ташкил этди”, деган Мантуров.
Мулозимга кўра, Россия билан Ўзбекистон ҳамкорлигида иқтисодиётнинг барча соҳалари уйғун ҳолда ривожланмоқда.
Москвада 18 сентябрь куни Россия ва Ўзбекистон бош вазирлари даражасидаги қўшма комиссия мажлиси бўлиб ўтгани ҳақида ўзбек ҳукумати матбуот хизмати ҳам маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, сармоявий ва фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари муҳокама қилинган, бешта ҳужжат имзоланган.
Ўзбекистон билан Британия ҳарбийлари ҳамкорлик режасига қўл қўйишди

Ўзбекистон билан Буюк Британия Мудофаа вазирликлари 2024 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режасини имзолашган.
“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, режага икки мамлакат ҳарбий мулозимларининг Лондонда бўлиб ўтган галдаги қўмондонлик-штаб музокаралари якунида қўл қўйилган.
Қайд этилишича, маслаҳатлашувлар чоғида томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилишиб, уни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишган.
Шунингдек, учрашув иштирокчилари халқаро ва минтақавий хавфсизлик, жумладан, Афғонистоннинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашишган.
Ўзбекистон билан АҚШ вакиллари ўзаро ҳамкорликка оид 12 та ҳужжатни имзолашди

Ўзбекистон ва АҚШ вакиллари ўртасида 15 сентябрь куни энергетика, машинасозлик, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техникавий ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида 12 та ҳужжат имзоланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги қайдича, ҳамкорлик ҳужжатларига Вашингтонда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида қўл қўйилган.
Форумда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва инвестиция тузилмалари раҳбарлари ҳамда Қўшма Штатларнинг йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этган.
Анжуман доирасида G2B va B2B учрашувлари ҳамда бизнес учун долзарб бўлган масалаларга бағишланган алоҳида сессиялар бўлиб ўтган.
Бизнес-форум Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари арафасида ўтказилган.
Мирзиёев 17 сентябрга ўтар кечаси БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясисида иштирок этиш учун Нью-Йоркка етиб борган. Cафар доирасида Ўзбекистон президентининг 19 сентябрь куни АҚШ президенти Жо Байденнинг Марказий Осиё давлатлари президентлари билан С5+1 форматидаги учрашувида иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон сўрови билан Қозоғистонда қўлга олинган қорақалпоқ фаоллар озод этилди

Қозоғистонда Ўзбекистон сўрови билан қўлга олиниб, тергов изоляторида сақланаётган фаоллар озод қилинди. 16 сентябрь куни кечқурун Олмаотадаги тергов изоляторидан қорақалпоқ фаоли Раиса Худайбергенова чиқарилгани тўғрисида Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Акилбек Муратбай маълум қилди.
Аввалроқ Олмаота тергов изоляторидан қорақалпоқ фаоллари Жангелди Жаксимбетов ва Қошқарбай Торемуратов бўшатилгани билдирилган эди. Улар экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни ҳибсда сақлаш муддати якунлангани муносабати билан озод этилган.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, 48 ёшли диссидент блогер Қошқарбай Торемуратов ва 54 ёшли мухолифатчи Жангелди Жаксимбетов 2022 йил 13 сентябрда ўз уйлари олдида қўлга олинган эди. 55 ёшли кардиолог врач Раиса Худайбергенова иш жойида 2022 йил 16 сентябрда ушланганди.
Мазкур шахслар Ўзбекистонда конституциявий тузумга тажовуз қилганлик айблови билан халқаро қидирувга берилган эди.
2022 йил октябрида Human Rights Watch қўлга олинганлар Қозоғистондан бошпана сўраганлари тўғрисида билдирган. Халқаро ташкилот Остонани фаолларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган эди. Human Rights Watch фаоллар Ўзбекистонда қийноқларга солиниши ва сиёсий айбловлар билан қамалиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бироқ Қозоғистон ҳукумати қорақалпоқ фаолларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.
2022 йилнинг 1 ва 2 июль кунлари Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари содир этилган эди. Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган норозиликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.
2023 йилнинг августида Австриядаги Freedom for Eurasia ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Нукус воқеаларида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатини ва фаоллар томонидан тузилган норасмий рўйхатни эълон қилган. Ташкилот иддаосича, Нукусда Ўзбекистон ҳукумати таъкидлаб келаётганидай 21 киши эмас, камида 70 киши ҳалок бўлган.
Нукусдаги намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.
АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган эди.
Нукус воқеалари бўйича Бухорода шу йил 31 январида якунланган илк суд жараёни ортидан намойишчилардан 18 нафари қамалган. Июнь ойидаги апелляция судида судланганлардан 8 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган.
Жорий йилнинг 17 мартида якунланган Бухородаги иккинчи суд ҳукми билан 28 нафар судланувчи қамалган эди. Олий суд ҳайъатининг 12 июнь кунги қарори билан судланувчилардан 5 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазси билан алмаштирилган.
Ўзбекистонда бюджет дефицити 39,5 триллион сўмдан ошди

Ўзбекистонда июль-август ойлари оралиғида давлат бюджетининг даромадлари 38,1 триллион сўмни, харажатлари эса 50,3 триллион сўмни ташкил қилди, деб маълум қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги. Расмий билдирувидан келиб чиқилса, икки ой ичида давлат бюджети тақчиллиги 12,2 триллион сўмни ташкил қилган.
Маълумотда иддао қилинишича, харажатларнинг 19,3 триллиони, яъни 80,1 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини қўллаб-қувватлашга сарфланган.
Август ойида Озодлик иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг Олий Мажлис Қончунчилик палатасидаги чиқишига таянган ҳолда Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллиги 2023 йилнинг биринчи ярмида 27, 4 триллион сўмни ташкил этгани ҳақида хабар берганди. Шундан келиб чиқилса, саккиз ой ичида бюджет дефицити 39,6 триллион сўмга етди.
Жамшид Қўчқоров Қонунчилик палатасидаги чиқишида жорий йилнинг олти ойида давлат бюджети даромади 102,3 триллион сўм бўлгани ва бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоизга кўплигини айтган. Давлат бюджети харажатлари эса 129,1 триллион сўм бўлган. Бюджетнинг харажат қисми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,3 фоизга кўпайган.
Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда давлат бюджети 4,2 триллион сўм профицит билан якунланишини прогноз қилган эди. Бунда бюджет даромади 232,1 триллион сўм, харажат 227,9 триллион сўм бўлиши кутилаётганди.
2022 йилда ҳам ҳукумат давлат бюджетининг харажатлар қисмига амал қила олмаган эди. Ўшанда Олий Мажлис бюджет харажатларини 2 миллиард долларга кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Профессор Хидирназар Аллақулов Ғарб дипломатлари билан учрашди

Европа Иттифоқи дипломатик миссияси, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари расмийлари 14 сентябрь куни “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партияси раҳбари Хидирназар Аллақулов билан учрашган. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумот тарқатди.
Элчихона хабарномасида ғарб дипломатлари Аллақулов билан мулоқот чоғида Ўзбекистонда сиёсий партияларни рўйхатга олиш жараёнини муҳокама қилганлари айтилган, учрашувга оид бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.
Адлия вазирлиги томонидан партиясини рўйхатга олиш икки марта рад этилган профессор Хидирназар Аллақуловнинг ғарблик дипломатлар билан учрашуви Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қўшма Штатларга сафари олдидан ўтказилди. Аввалроқ президент матбуот хизмати кейинги ҳафтада Мирзиёев АҚШга сафар қилиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлаши ҳақида маълумот тарқатган эди.
Мирзиёев Душанбедаги мажлисда Афғонистонни сув бўйича минтақавий мулоқотга жалб этишни таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги ҳамкор мамлакатларга Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди. Бу таклиф Мирзиёев тилидан 15 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида янграган.
Президент матбуот хизмати қайдича, Шавкат Мирзиёев мазкур мажлисдаги нутқида “Қўштепа” канали қурилиши масаласига тўхталган.
Ўзбекистон президентига кўра, каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.
“Қўштепа” каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз”, деган Шавкат Мирзиёев Душанбедаги нутқида.
Жорий йилнинг июнь ойида сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Ўзбекистон Толибонга Амударёдан сув оладиган Қўштепа каналини қуришга кўмаклашишини билдирган эди. Ўшанда вазир расмий Тошкент Толибон вакилларига канал қурилиши юзасидан ташвиш изҳор қилиб, бу лойиҳа Ўзбекистонда сув танқислигини янада кучайтириши мумкинлигини қайд этганини урғулаган. Ҳамроевга кўра, бунга жавобан Толибон Афғонистондаги озиқ-овқат муаммосини ҳал этиш учун сув зарурлиги ва канал қурилиши тўхтатилмаслигини маълум қилган. Шундан сўнг канал қурилишидаги хато ва качиликларни тугатиш мақсадида Ўзбекистон Толибонга канални ҳамкорликда қуриш таклифини киритган.
Озодлик жорий йилнинг март ойида “Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?” сарлавҳали мақола ва видеоматериални эълон қилган эди. Унда мутахассислар мазкур канал учун Амударёдан сув олиниши оқибатида Ўзбекистон сув заҳираси янада озайиши ва бу қурғоқчиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.
Қўштепа каналининг узунлиги 285 километр, эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метрни ташкил этади. Канал қуриб битказилгач, Афғонистон Амударёнинг 10 куб/километр сувини олиш имконига эга бўлади. Бу камида Амударё сувининг учдан бир қисми деганидир.