Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

"Тўқтағул"да сув хавфли даражада камайди – бу Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?


"Тўқтағул" сув омборида сув сатҳи "ўлик зона"га тушиш хавфида қолди.
"Тўқтағул" сув омборида сув сатҳи "ўлик зона"га тушиш хавфида қолди.

Қирғизистон энергетика тармоғининг “юраги” ҳисобланган “Тўқтағул” сув омборидаги сув ҳажми март ойи бошида сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичга тушди.

Агар сув 6,5 миллиард куб метр сувдан пастга тушса, Тўқтағул ГЭСида фавқулодда вазият юзага келади.

“Тўқтағул” сув омборида ўтган йилнинг бу пайтида 7 миллиард 753 миллион куб метр сув бор эди. Ўтган йилнинг шу пайтида эса 8 миллиард 35 миллион куб метр сув бор эди, яъни 256 миллион кубометрга камайган”, дейди Қирғизистон Энергетика вазири Талайбек Байгазиев.

Вазирнинг айтишича, кунларнинг совиб кетганлиги сабабли республика кунига лимитдаги 54 миллион ўрнига 69-70 миллион квт соат электр энергияси ишлатяпти. Бу эса ўз навбатида сув сатҳининг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонда сувсизлик. Яқинлашаётган фалокатнинг ечими борми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:47:14 0:00

Айни пайтда, энергетика бўйича эксперт Расул Умбеталиевнинг фикрича, “Тўқтўғул”даги ҳозирги сув сатҳи келаси йилга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин:

“Қишнинг бошида биз импортга таяндик. Ўтган йили Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда совуқ бўлгани учун бизга электр энергияни тўлиқ етказа олмадилар. Шунинг учун сув омборидан сувнинг оқими кўпайиб кетди, 780-800 куб секунд даражасига бориб қолди. Агар ҳар йили 1-октябр куни у ерда 15 миллиард куб метрдан кам сув тўпланса, бу кейинги йил учун хавф туғдиради. Совуқ ҳаво 15 апрелгача давом этиши кутилмоқда. Бу шуни англатадики, электр энергияси истеъмоли ошади ва омборда сув кам бўлади”.

Қирғизистонлик энергетика масалалари бўйича эксперт Раимбек Мамировнинг айтишича, ҳозирча кўнгилни кўтарадиган прогноз йўқ:

“Давлатлараро келишувга мувофиқ, Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистонга белгиланган сувни беради. Шунинг ҳисобидан биз Ўзбекистондан электр энергияси оламиз ва сув кўпайган вақтда электр энергияси ишлаб чиқариб, қайтарамиз. Лекин ҳозир вазият анча ташвишли. Биринчи апрелга бориб мўлжалланган сувни йиға олмаймиз деган хавотир бор. Албатта, маълум бир қийинчиликлар бўлади. Чунки, келгуси иситиш тизими бошлангунча “Тўқтағул”да керакли сувни йиғиб олиш керак. Қирғизистон сувни кўп йиғиши учун кўпроқ электр энергияни импорт қилиши керак. Энди бу ёғингарчилик қандай бўлишига боғлиқ, аммо, афсуски прогнозлар ҳозирча кўнгилни кўтарадиган эмас”.

“Тўқтағул” ГЭСида сув миқдорининг камайиб кетиши Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ҳам жиддий талафотлар олиб келиши мумкин.

Зеро, “Тўқтағул” сув омбори шаклланган Норин дарёсидан Ўзбекистон ҳудудидаги Катта Фарғона канали, Шимолий Фарғона канали сув олади.

Норин қуйиладиган Сирдарё эса Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент вилоятлари қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаб, Қозоғистонга ўтиб кетади.

“Тўқтағул”даги ҳолат ўзбекистонлик мутахассислар ва фермерларни ҳам жиддий ташвишга солмоқда.

Озодлик Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига мактуб ёзиб бу ҳолат Ўзбекистон томонини қанчалик хавотирга солаётгани ҳақида сўради. Жавоб бундай бўлди:

“Албатта, ушбу ҳолатдан Ўзбекистон томони ташвишланаяпти. Уч томонлама битим шартлари бажарилиши бўйича чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, Тожикистон энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги билан 2024 йил вегетация даври учун Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасидаги уч томонлама битим доирасида ишлар амалга оширилиб, сув таъминоти яхшиланишига эришилади”.

Матбуот хизмати хабарига кўра, уч қўшни мамлакат энергетика ва сув хўжалиги вазирликлари ўртасидаги келишувга кўра, Тўқтағул сув омборидан сувни камроқ чиқариш мақсадида жорий йил 6-7 мартдан бошлаб Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетиклари томонидан Қирғизистонга электр энергияси етказиб берилади ва ушбу омбордан сув чиқариш анча камаяди.

Бу эса Қирғизистон томони суғориш даврида ўтган йилга нисбатан кўпроқ сув беришига имкон яратади.

Техника фанлари номзоди, ирригатор Тоҳир Мажидов эса бу муамога оптимист назари билан қарайди. Мутахассис фикрича, май ойидаги ёғинлар сабаб Тўқтағул сув омборига анча сув йиғишга муваффақ бўлинади:

“Мен олган маълумотларга кўра, май ойида катта ёғингарчилик бўлади. Қор ҳам яхши ёғди, самолётда учсангиз кўрасиз, тоғ ўркачлари ҳам кўринмай қолган. Сув омборлари сатҳи тушиб кетаётгани ҳақиқат, чунки қиш пайтида электр энергия олиш учун кўпроқ сув ташланади. Менинг фикримча шу уч ойнинг ичида Тўқтағулда минимум 12, максимум 14 миллиард метр куб сув йиғилади”.

Ўзбекистонда сув танқислиги йилдан-йилга жиддий муаммога айланмоқда.

Ҳукумат сувни тежаш дастурларини жорий қилиш бўйича бир қанча қарорлар қабул қилган бўлса-да, аммо томчилатиб суғориш каби технологияни оммалаштира олгани йўқ.

Чунки, катта кредит эвазига сотиб олинган томчилатиб суғориш ускуналарининг сифатсизлиги, уларни ўрнатиб ва ишлатиб бериш бўйича мутахассислар билан таъминлангани оқибатида, фермерларнинг иддао қилишича, кўпчилик бу “матоҳ”ни ишлата олмай йиғиштириб қўя қолди:

“Томчилатиб суғориш ҳам шаффоф бўлиши керак, унга коррупция аралашмаслиги керак. Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжаликлари вазирликлари буни ўзлари қўлга олиши керак. Масалан, Хитойдан ўнта, Исроилдан ўнта шунақа технология олиб келиб ишлатиб кузатиш керак. Кейин синовдан ўтган фирмаларга тендер ўтказиш керак, бўлмаса таниш-билишчилик бўлиб қоляпти. Кўпчилик қўйганлар хонавайрон бўлди, фермерлар дод деяпти. Чунки технологияни ишлашига кафолат берадиган ҳеч ким йўқ, ҳеч ким уни назорат қилмайди, пулни ўзлаштиряптида, йўқ бўлиб кетяпти. Бизда қаерда бюджетдан пул чиқадиган жой бўлса, субсидия бўлса, ана ўша ерда ҳаромхўрлар кўпайиб кетади”, дейди наманганлик фермер Қосимжон Мамажонов.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришга сарф бўладиган сув тежаб ишлатилса яна шунча майдондаги экинларни ёз бўйи суғориш имкони бўлади.

Аммо, ҳозирча ҳукуматнинг сув тежаш бўйича илғор технологияларни оммалаштириш уринишлари кенг кўламли натижа бермаяпти.

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги берган маълумотга кўра, жорий йилда экинларнинг вегетация даври учун охирги башоратлар ва сув таъминоти фоиз кўрсаткичлари апрель ойининг биринчи ўн кунлигида берилади.

Ҳозирги маълумотларга кўра, ёғингарчилик миқдори ўтган йилга нисбатан 15-20 фоиз кўпроқ эканлиги маълум.

Норин ва ундан пайдо бўладиган Сирдарё Ўзбекистондаги бешта вилоят, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларини сув билан таъминлайди.

Ҳозирча бу дарё ва унга боғлиқ қишлоқ хўжалиги ерларининг тақдири, баҳорги ёғингарчиликлар ва Қирғизистон томонининг "Тўқтағул"да қанча сув ғамлашига боғлиқ.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сувни тежаш масаласига бағишланган сўнгги топшириғи канал ва ариқларни бетонлаш ҳақида бўлди. Бу топшириқ ўтган йилнинг 29 ноябрь куни селектор йиғилишида айтилган эди.

Шундан сўнг бу топшириқ ҳам кампаниябозлик тусини олди.

Ижтимоий тармоқларда ариқлар ичида ўсган дарахтлар ҳам қўшиб бетонлаб кетилган суратлар пайдо бўлди.

Ўзбекистонда сув ресурсларининг 20 фоизи мамлакатнинг ўзида, қолган қисми эса қўшни давлатларда шаклланади.

Сув манбаларининг камайиши таъсирида Ўзбекистонда 2030 йилга бориб сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяпти.

Форум

XS
SM
MD
LG