Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:06

Сайлов арафасида Ўзбекистон қишлоқларида чироқ ўчмаяпти


Ҳар куни жудаям чекланган миқдорда электр энергияси олиб турган Ўзбекистоннинг аксарият қишлоқларида икки кундан буён чироқ ўчмаяпти. Электр идораси мулозимлари юқоридан келган буйруққа кўра чироқни ўчирмаётганликларини айтмоқдалар.

Ўзбекистон президентлигига ўтказиладиган сайлов арафасида Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонликлар икки-уч кундан буён кечалари чироқ ўчмай, яйраб қолганликларини айтмоқдалар.

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қиладиган пенсионер Йўлдош Шариповнинг айтишича, уларда уч кундан буён электр таъминотида узилиш бўлгани йўқ:

“Бир-икки кун бўлди, свет яхши бўлиб қолди. Ўчмаяпти. Бу сайловнинг марҳамати, зора сайловдан кейин ҳам шундай бўлиб қолса”, деди Йўлдош Шарипов.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида истиқомат қилувчи пенсионер Холмурод ҳожи ҳам уч кундан буён чироқ ўчмаётганини айтади:

“Мана бизда ҳам уч кундан буён ҳамма ёқ гулистон. Свет ўчмаяпти. Бериб турса бўлар эканку. Менимча бу ерда муаммо ана шу электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ёқилғининг озлигида бўлса керак”, деди Холмурод ҳожи.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида истиқомат қилувчи ўқитувчи Абдумалик фикрича, одамлар сайлов ташвиқотларини тунда яхши ўқиб, сайловга тайёрланиши учун чироқ ўчирилмаяпти:

“Бизда ҳам сайловни тартиб ва қоидаларини яхши билсин, номзодларни яхши таниб олсин деяптими, ишқилиб икки-уч кундан бери ўчирмаяпти. Тўғрида, свет бўлмаса, радио, телевизор эшитмасак, кўрмасак, қаердан биламиз кимни сайлаш кераклигини? Лекин, сайлов ўтиб бўлганидан сўнг эски тос ва эски ҳаммомга қайтмаслигимизга кафолат йўқ”, деди Абдумалик.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида истиқомат қилувчи 90 яшар Ангор бобонинг сўзларига кўра, уларда электр энергияси таъминоти бирмунча яхши бўлган:

“Бизда сайлов арафасида эрталабгача свет беряпти. Кейин ярим соат ўчаяпти. Ҳар сайловда ўзи шундай бўлади. Ана кўрасиз, одамларни сайловга чиқартириб, эшаклари лойдан ўтиб олганидан сўнг, яна эски ҳолига қайтади. Яна ўчиришни бошлашади”, деди Ангор бобо.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларидаги манбалар ҳам сайлов арафасида электр энергияси анча яхши бўлиб қолганини айтдилар.

Ўзбекистонликлар нега сайлов арафасида бериладиган электр энергиясининг бошқа кунларда берилмаётганидан таажжубда эканликларини айтадилар.

Исми сир қолишини сўраган туман электр таъминоти идорасида ишлайдиган мутахассислардан бирининг айтишича, бунинг иккита сабаби бор:

“Биринчидан, менинг тахмин қилишимча, шу кунлари мамлакатдаги барча иссиқлик электр станциялари бутун қувват билан ишга солинади ва бунинг учун етарлича кўмир ва мазут ажратилади. Албатта, бу электр энергияси ҳар бир туманга кирганидан кейин у ҳисоблагичда қайд этилади ва унинг пулини тўлаш керак. Аммо, шу пайтгача аҳолининг ва ташкилотларнинг қарзи жуда катта бўлиб қоляпти. Светни биз юқорининг буйруғи билан ўчирамиз. Бу, иккинчи сабабдир. Лекин, тан олиш керак, аҳолининг тўлаш қуввати қолмаган. Мен ўзим қишлоқларда юраман ва одамларнинг қандай яшаётганини биламан. Фермерда ишлаётган ишчилар маош олмаса, қаердан пул топиб тўласин?”, дейди мутахассис.

Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида қишлоқ жойларда электр таъминотини яхшилашга ваъда берган.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакат электр тармоқларининг 67 фоизи эскирган ва янгиланишга муҳтож. Шундан келиб чиққан ҳолда 25 минг километрли кичик кучланишдаги электр линияларини барпо этиш ва 5,5 мингта эскирган трансформаторли подстанцияларни янгилаш лозим бўлади.

Бугунги кунда куз- қиш мавсумида Ўзбекистонда электр энергияси тақчиллиги кузатилади. Озодлик манбаларининг айтишича, қиш мавсумида кўпгина туманларда электр қуввати кунига икки-уч соат берилган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

XS
SM
MD
LG