Линклар

Шошилинч хабар
05 феврал 2023, Тошкент вақти: 10:07

Таҳлил: АҚШ нима учун муайян россияликларга қарши санкция жорий қилишни кўриб чиқяпти?


Оқ уй ва АҚШ расмийлари Россия Украинага бостириб кирса, “оғир оқибатларга олиб келадиган” молиявий санкциялар жорий қилинишини айтиб, таҳдид солмоқда. Кўп сонли россиялик аллақачон Ғарб санкцияларига йўлиққан.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россия билан савдо-сотиқни бутунлай тақиқлаш ёки эмбарго каби кенг қамровли чора кўришга келишиб олиши даргумон. Бунинг ўрнига, инқироз чуқурлашар экан, муайян саноатлар ва жисмоний шахслар санкцияларга йўлиқишини кутиш мумкин.

Кремль АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Россия расмийлари ва тадбиркорларига нисбатан санкция жорий қилинишдан хавотирда эмаслигини айтмоқда. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ўтган ҳафта Конгресс аъзолари Россия қонунчилиги амалдорларга чет элда мол-мулкка эгалик қилишни тақиқлашини эътиборга олмаётганини таъкидлади.

АҚШ санкцияга йўлиққан шахслар катта молиявий зарар кўришини айтмоқда. Масалан, олигархларнинг исталган мол ва хизматларни харид қилиш ҳамда инвестиция киритиш имконияти чекланиши мумкин.

Муайян сабабларга кўра, АҚШ Россияга қарши Куба, Шимолий Корея ва Эронга қарши жорий қилинган кўламда эмбарго жорий қила олмайди. Бундай сабабларга геосиёсат, Европанинг Россия табиий газига қарамлиги ва Россиянинг улкан ҳудуди мисол бўла олади.

Қуйида Ғарб нима учун ва қай йўсинда Россиядаги муайян шахслар ёки саноатларга қарши санкция қўллашни афзал кўраётгани ҳақида The Associated Press агентлигида чоп этилган мақола таржимаси билан танишишингиз мумкин.

Нима учун ташкилотлар эмас, шахслар нишонга олиниши мумкин?

Баъзида чекланган санкциялар афзал кўрилади, чунки оддий аҳоли зарар кўриши ёки Ғарб манфаатларига зиён келтириш олдини олиш имконини беради.

Яқинда АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати ҳозирлаган ҳисоботда эътироф этилишича, АҚШ ва Европа Иттифоқи “Россияни хатти-ҳаракатини ўзгартиришга мажбурлай оладиган ва шу билан бирга, Россия халқига ва санкцияларни қўллаётган мамлакатларнинг иқтисодий манфаатларига зарарни камайтирадиган тарзда” санкция жорий қилишни режалаштирмоқда.

Германия раҳбарияти агар Россия Украинага қарши чора кўрса, бу янги “Шимолий оқим – 2” газ қувури лойиҳасига салбий таъсир кўрсатишини айтмоқда. Қувур Россия табиий газини Украинани четлаб ўтиб, Германияга тўғридан-тўғри етказиб беришни кўзлайди. Лойиҳа тўхтатилса, Россия мўмай даромадли бозордан маҳрум бўлади.

Нишонга олиниши мумкин бўлган шахслар кимлар?

Конгресс тадқиқот хизмати маълумотларига кўра, бир нечта сиёсатга алоқадор россиялик миллиардер ва уларнинг ширкатлари санкциялар нишони бўлиши кутилмоқда. АҚШ Ғазначилик департаментининг хорижий активлар бўлими камида 445 киши ва корхонани “махсус белгиланган ва тақиқланган шахслар” рўйхатига киритган. Рўйхатга асосан Украинадаги беқарорлик ҳамда Россия Украинадан тортиб олган Қримдаги активлар ноқонуний ўзлаштирилишига алоқадор шахслар ва ширкатлар киритилган.

Нишонга олиниш мумкин шахслар орасида ҳукумат амалдорлари ва давлат компаниялари раҳбарлари, жумладан, Россия ички ишлар вазири, ташқи разведка директори, Федерал жазони ижро этиш хизмати директори ҳамда Россия парламентининг иккала палатаси раислари бор. “Роснефть” ва “Газпром” давлат нефть ва газ компаниялари, “Ростех” мудофаа компанияси ҳамда бир неча банк бош директори ҳам санкцияларга йўлиқиши мумкин.

АҚШ ўтмишда россияликларга қарши қандай санкцияларни қўллаган?

Россия 2014 йилда Қримни босиб олиб, аннексия қилиши ортидан эълон қилинган Ғарб санкциялари савдо чекловлари, Америка юрисдикциясидаги активларни блоклаш ва АҚШ молия тизимидан фойдаланишга қўйилган чекловларни ўз ичига олганди. АҚШ Хорижий активларни назорат қилиш идорасига кўра, бу чекловлар ҳозирги кунгача камида 735 нафар жисмоний ва юридик шахсга қарши ўз кучини йўқотгани йўқ.

Ўтган йил давомида АҚШ қўшимча санкцияларни жорий қилди.

Жорий ойда АҚШ Молия вазирлиги Россия ҳукумати кўрсатмаси билан Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш билан шуғулланганликда айбланган тўрт нафар кишига (уларнинг иккиси Украина парламентининг аъзосидир) санкция қўллади. Ўтган апрель ойида АҚШ ғазначилик котиби Жэнет Йеллен ”Россиянинг ғаразли хулқ-атворига қарши янги АҚШ кампанияси бошланганини” эълон қилиши ортидан 16 та жисмоний ва юридик шахс санкцияга йўлиққан эди.

Яқинда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Россия президенти Владимир Путин ва юқори лавозимли мансабдор шахслар “2014 йилдагидан анча оғир” жазога тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Шахсларга қарши санкциялар нақадар самарали?

Шахсларга қарши санкциялар саноатларга қарши санкциялар каби самарали эмас. Шу ўринда айтиш жоизки, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россиянинг муҳим саноатларига қарши санкция жорий қилиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Шундай бўлса-да, шахсларга қарши санкциялар нишонлари халқаро миқёсда яккамоховларга айланиши мумкин. Масалан, АҚШ Конгрессидаги айрим республикачилар бадиий гимнастика бўйича Олимпиада ўйинлари олтин медали совриндори Алина Кабаевага санкция қўллаш масаласи кўриб чиқилишини хоҳлайди. Кабаева Путиннинг қиз дўсти экани айтилади.

Путиннинг ўзига тегишли активларни нишонга олиш эса мушкулдир.

Жорж Вашингтон университетининг халқаро бизнес ва халқаро алоқалар бўйича профессори Шаҳризода Раҳмон:

“Унинг бойлиги бутун дунё бўйлаб яширинган ва уни аниқлаш осон эмас. Аммо бу унинг ҳаётини мураккаблаштиради”, - деди.

Байден Путинга қарши шахсий санкциялар қўллаш эҳтимолдан холи эмаслигини айтган. Ўтган ҳафтада Песков Байденинг бу шарҳига муносабат билдирар экан, бундай ҳаракат Россиянинг АҚШ билан алоқалари учун “сиёсий жиҳатдан ҳалокатли” бўлишини айтди.

Агар АҚШ санкциялари Россиядаги иқтисодий жиҳатдан муҳим нишонларга нисбатан қўлланилса, бундай чора кенг иқтисодий таъсирга эга бўлиши мумкин. Бундай натижага эришиш учун айрим ҳолатларда муайян шахслар ва корхоналарга қарши санкция жорий қилинади. Шунингдек, баъзан муайян турдаги амалиётларга тақиқ қўйилади.

АҚШ бошқа қандай жазо қўллаши мумкин?

Санкцияларни қўллаш ёки тижорат фаолиятини чеклашда бир нечта АҚШ федерал агентлиги иштирок этиши мумкин.

АҚШ Давлат департаменти виза беришни ҳамда хорижий ёрдам кўрсатишни чеклаши мумкин, Савдо вазирлиги эса тижорат экспорти учун лицензияларни чеклаши мумкин.

Мудофаа вазирлиги қурол савдосини чеклаши, Адлия вазирлиги эса экспорт қонунларини бузганларни жавобгарликка тортиши мумкин.

Шунингдек, Ички хавфсизлик департаменти ва Федерал қидирув бюроси АҚШга саёҳат қилиш учун берилган визаларни кўриб чиқиши мумкин.

XS
SM
MD
LG