Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2021, Тошкент вақти: 01:03

Таҳлил: Марказий Осиёда Толибон ҳақидаги эски ва янги хавотирлар


Афғон аскари назорат ўтказиш пунктида

Афғонистон шимолида Толибон жангчилари Марказий Осиё чегараларига етиб борар экан, Афғонистон билан чегарадош Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон хавотирга тушиб қолди.

Бу ҳолат минтақада илк бор содир бўлаётгани йўқ: бундан 20 йил олдин толиблар Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош кўплаб шимолий туманларини эгаллаб олган эди.

Айни дамда Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон пойтахтларида кўрилаётган чораларнинг аксарияти 1990‑йилларнинг охирларида кўрилган чораларга ўхшайди.

Шу билан бирга, ўшандан буён кўп нарса ўзгарган.

Қочоқлар

7 июль куни мустақил “Asia-Plus” тожик ахборот агентлиги толиблар ва ҳукумат қўшинлари ўртасидаги жангдан қочиб, мингдан ортиқ афғонистонлик Тожикистоннинг шарқий Тоғли Бадахшон вилоятига қочиб ўтгани ҳақида хабар берди.

Атиги икки ҳафта олдин Тоғли Бадахшон ҳокими Ёдгор Файзов маҳаллий расмийларга 10 минггача қочқин келишига тайёргарлик кўришни буюрган, бу рақам 30 минггача кўтарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Бу кўрсаткич муболаға эмас.

1996 йил сентябрь ойи охирида Толибон Кобулни эгаллаб олди ва шимол томон ҳаракатланишда давом этди.

1997 йилнинг 26 апрелида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (ўша унинг пайтда фамилияси Раҳмонов эди) Россиянинг Федерал чегара хизмати раҳбари Андрей Николаевга мезбонлик қилаётган эди. Ўшанда Раҳмон 100 мингга яқин афғонистонлик Тожикистон чегарасидан ўтганини айтди.

Бу пайтга келиб Тожикистонда 1992 йилда бошланган фуқаролар уруши ўз ниҳоясига етаётган эди. 1997 йилнинг 27 июнида ҳукумат ва унга қарши курашган мухолифат тинчлик битими имзолади.

Афғонистонда Толибоннинг пайдо бўлиши икки томонни урушни тезроқ тугатишга ундади.

Беш йилга чўзилган уруш давомида камида 50 мингдан ортиқ тожикистонлик жанглардан қочиб, Афғонистонга ўтди. Раҳмон тилга олган 100 минг қочқин орасида Тожикистоннинг бир неча минг фуқароси ҳам бор эди.

Тожикистон ҳарбий кучлари ўша пайтда мамлакат ичидаги жанглар учун керак эди.

Россия чегарачилари зиммасига Тожикистон – Афғонистон чегарасини Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қўшинларини ўз ичига олган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) тинчликпарвар кучлари ёрдами билан ҳимоя қилиш вазифаси юкланди.

Тинчлик қарор топгач, тожик қўшинлари аста-секин Афғонистон чегарасига жойлаштирилди ва рус чегарачилари сафига қўшилди. Россия ҳарбийлари Тожикистон чегарасини 2005 йилгача ҳимоя қилди.

2000 йил сентябрь ойи охирида Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Амирқул Азимов яна 100 минг афғон қочқини Тожикистон билан чегарада тўпланиб, жанглардан қочишга уринаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Раҳмон Тожикистон афғонистонлик қочқинларни қабул қилмаслигини айтди. 2021 йилнинг 4‑5 июль кунлари Тожикистонга минг нафар қочқин ўтгунига қадар Тожикистон чиндан бирорта афғонистонлик қочқинни ўз ҳудудига киритмай келаётган эди.

Афғонистонлик қочқинлар 1990 йилларда Туркманистон ва Ўзбекистонга ҳам ўтган.

1996 йилнинг ноябрь ойида 800 га яқин, 1997 йилнинг июнь ойида эса 8 мингга яқин қочқин Туркманистонга ўтди. Туркманистон уларнинг ҳаммасини бир неча кундан кейин ортга қайтарди.

Уларнинг аксарияти Афғонистоннинг Бадғис вилоятидан эди. 2021 йилнинг 7 июлига келиб айни вилоятда толиблар барча туманларни эгаллаб олгани ва вилоят маркази Қалъаи Нав учун шиддатли жанглар бораётгани хабар қилинди.

1994 йилгача Ўзбекистонда тахминан 5 мингдан 8 минггача афғонистонлик қочқин бўлган, аммо Ўзбекистон мамлакатнинг Афғонистон билан 160 километрга чўзилган нисбатан қисқа чегарасини аста-секин бутунлай ўз назоратига олди.

1997 йилда толиблар биринчи марта Ўзбекистон чегарасига яқинлашганда ва 1998 йил августида Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларни эгаллаб олганда Ўзбекистон расмийлари афғонистонлик қочқинларини киритмади.

Бугунга қадар Марказий Осиёга қочиб ўтган афғонистонлик қочқинлар Тожикистоннинг шарқий қисмига қочиб ўтишга муваффақ бўлди, холос.

Айни дамда шимолдаги афғон қочқинлар Тожикистонда, ташлаб кетган жойларидан унчалик узоқ бўлмаган ҳудудда тикилган чодирларда яшамоқда.

Аммо хабарларга кўра, лагерда озиқ-овқат, сув ва тиббий ёрдам етишмаяпти. Кўплаб одам тор хоналарда ва кичик чодирларда бирга яшаётгани айтилмоқда.

Агар Афғонистондаги оғир вазият давом этса, янада кўпроқ афғонистонлик қўшни мамлакатга қочиб ўтишга уринишини кутиш мумкин.

Аскарлар ва ҳарбийлаштирилган гуруҳлар

1990‑йилларнинг охиридан фарқли ўлароқ, бу сафар Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Афғонистондаги жанглардан қочишга уринаётган Афғонистон ҳукумат қўшинларига ҳам дучор бўлмоқда.

21 июнь куни Толибон кучлари Шерхон Бандарда жойлашган чегара постини эгаллаб олиши ортидан 134 нафар афғон аскари Тожикистонга қочиб ўтди.

5 июлга келиб Тожикистон расмийлари жами 1 037 нафар афғон аскари Тожикистонга ўтгани ва уларга "гуманитар сабабларга кўра" мамлакат ҳудудида қолишга рухсат берилганини айтишди. Аммо 7 июль куни Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши 2 300 га яқин афғон аскари Тожикистондан Афғонистонга қайтарилганини билдирди.

23 июнь куни Ўзбекистон 53 нафар афғон аскари ва Ўзбекистонга ўтишга уринган ҳарбийлашган гуруҳлар аъзоларини тўхтатиб, ортга қайтарди.

26 июнь куни уч афғон аскари Ўзбекистонга ўтишга уринди. Эртаси куни яна 44 нафар ҳарбий Ўзбекистон билан чегарага яқинлашди.

Уларнинг барчаси Афғонистонга қайтариб юборилди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматларида 20 йил олдин бундай муаммо бўлмаган, чунки улар тан олган Афғонистон ҳукумати президент Бурҳониддин Раббоний ҳукумати эди ва "ҳукумат" кучлари Раббоний мудофаа вазири Аҳмад Шоҳ Масъуд қўмондонлигидаги жангчилардан иборат эди, холос.

Улар Афғонистон шимоли-шарқида, Тожикистон чегараси бўйлаб чекланган ҳудудларни ва Масъуднинг Панжшер водийсидаги қалъасини назорат қилаётган эдилар. Тожикистон Масъудга бир нечта ҳарбий учоқни Кўлобга эвакуация қилишга рухсат берди ва Масъуд ва Раббоний Тожикистонга тез-тез ташриф буюрди.

Ўзбекистон ҳукумати этник ўзбек қўмондон Абдул Рашид Дўстумни дастаклади. 1998 йил августда Дўстум қўшинлари Толибонга таслим бўлганидан кейин, у Ўзбекистон орқали қочди, аммо унинг қўшинлари партизанлик кампаниясини ўтказиш учун Афғонистоннинг шимолий қисмида қолди.

Толибон алоқалари

1990‑йиллар охирларида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Толибонга очиқча қарши чиқди. Туркманистон эса бетарафлик сиёсатини юритиб, Толибон билан мулоқот қилди, ҳаттоки гуруҳга Ашхободда ўз ваколатхонасини очишга рухсат берди.

Туркманистон ҳали ҳам бетарафлик сиёсатини олиб бормоқда, аммо вазият бу сафар бошқача.

Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов Толибон билан музокара олиб борди. Толибон, шубҳасиз, Марказий Осиёда битта қўшниси Афғонистоннинг ички сиёсатига аралашмаётганидан мамнун эди.

Туркманистоннинг Ниёзовдан кейинги президенти – 1990 йилларнинг охирида Толибон қўшни бўлган пайтда стоматология билан шуғулланаётган бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов Толибон билан муносабатларда унчалик муваффақиятга эриша олмаган кўринади.

Афғонистон чегарасида 2014 йил февраль ва май ойларида содир бўлган тўқнашувларда уч нафар туркман чегарачиси ва уч нафар туркман аскари ҳалок бўлгани хабар қилинди. Ҳужумлар ортида Толибон тургани хулоса қилинди, аммо Туркманистон ҳукумати бу ҳужумлар содир бўлганини тан олмай келади.

Ўшандан бери Афғонистон чегарасида бошқа туркман аскарлари ва чегарачилари ўлдирилгани ҳақида бир неча марта хабар қилинди.

Туркманистон расмийлари ушбу хабарларга изоҳ бергани йўқ.

Аммо 2014 йилги воқеалардан кейин Туркманистон ҳукумати мамлакат қуролли кучларига кўпроқ эътибор беришни ва бошқа мамлакатлардан қурол сотиб олишни бошлади.

2019 йил январь ойида Туркманистон ҳукумати Афғонистон чегарасидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун захирадаги ҳарбийларни сафарбар қилди.

2021 йил июль ойи бошларида Бердимуҳамедов чегара ҳудудига қўшимча кучларни, жумладан, ҳарбий самолётлар, танклар ва артиллерия юборгани ҳақида хабар қилинди. Лекин мамлакат расмийлари чегарага танк ва артиллерия юборилганини рад этди.

Бердимуҳамедов ҳукумати Толибон билан Ниёзов ҳукумати сингари дўстона муносабат ўрнатиш мумкинлигига ишонмаётганини хулоса қилиш мумкин. Шундай бўлса-да, Толибон делегацияси 2021 йил февралда ва 11 июлда Ашхободда бўлди.

Тожикистон ҳукумати Толибон ўз чегарасига яқин ҳудудни эгаллаб олганидан кейин ҳам сукут сақлади. Тожикистон расмийлари Толибон ҳақида кўп сўзламайди.

Қолаверса, Тожикистон Толибон вакилларини мамлакатга таклиф қилгани йўқ. Бундан ташқари, бугунга қадар Душанбе Толибон вакиллари билан учрашиш учун расмийларни учинчи мамлакатга ҳам юборгани йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистон Толибон билан энг яхши муносабатда, дейиш мумкин.

Ўзбекистон 2019 йил август ойида бир неча кун Толибон делегациясига мезбонлик қилди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов сўнгги йилларда бир неча мамлакатда Толибон вакиллари билан учрашди.

Айнан Комилов 2000 ва 2001 йилларда Покистонда Толибон вакиллари билан учрашган эди.

Дўстум 1998 йилда қочиб кетганидан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати толиблар мамлакатга қўшни эканини истар-истамас қабул қилди.

2000 йил октябрь ойида президент Ислом Каримов:

"Тошкент Афғонистондаги ҳар қандай ҳукуматни тан олишга тайёр, ҳатто у Толибон ҳукумати бўлса ҳам. Бизга бу ҳукумат ёқадими ёки йўқ, бунинг аҳамияти йўқ", деган эди.

Тошкент учун энг асосий муаммо "Ўзбекистон исломий ҳаракати" эди. Жангари гуруҳ Афғонистон шимолида ўрнашиб олган эди ва 1999 ва 2000 йил ёзида Қирғизистон жанубига тоғлар орқали ўтиб келди ва Ўзбекистон шимолига яқинлашди.

Марказий Осиё ҳукуматлари Толибоннинг эҳтимолий ҳужумидан ҳам кўпроқ "Ўзбекистон исломий ҳаракати" каби гуруҳлардан қўрқади.

Ҳозир Афғонистон шимолида қатор жангари гуруҳлар мавжуд бўлиб, уларнинг сафларида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳам бор.

Биринчи режага қайтиш

Толибоннинг сўнгги ютуқлари фонида Ўзбекистон июнь ойи охирида Афғонистон чегараси яқинида тактик ҳарбий машғулот ўтказди. 7 июль куни Ўзбекистон қўшинлари Россия қўшинлари билан Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида машғулот ўтказди. Шунингдек, Тошкент Афғонистон билан чегарасига қўшимча кучлар жўнатмоқда.

1996 йил октябрда Ўзбекистон Афғонистон чегарасига қўшимча ҳарбий юборганди. 1998 йил август ойида толиблар Мозори Шарифни қўлга киритгандан кейин, Тошкент чегарага яна бир бор кўпроқ қўшин юборган.

Орадан қарийб 23 йил ўтиб, жорий йилнинг 5 июль куни Тожикистон ҳукумати 20 мингга яқин захирадаги аскарни Афғонистон билан 1 360 километрга чўзилувчи чегарасига сафарбар қилди.

Афғонистондаги вазият тез суратда ёмонлашаётгани ортидан Россиянинг Тожикистонда жойлашган 201-дивизияси 6 июль куни ҳужум вертолётлари ва танклари иштирокида ҳарбий машқлар ўтказди.

Шунингдек, 6 июль куни Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) вакиллари тожик-афғон чегара ҳудудига борди.

Эртаси куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тожикистондаги Россия қўшинлари ҳамда КХШТ қўшинлари "иттифоқчиларимизга қарши ҳар қандай тажовуз олдини олади" деди.

1997 йил февраль ойида Россия мудофаа вазири Игорь Родионов Тошкентда Марказий Осиёдаги ҳамкасблари билан (Туркманистон мудофаа вазиридан ташқари) учрашиб, Россия ҳукумати МДҲнинг жанубий чегараларини ҳимоя қилиш учун ёрдам беришга тайёрлигини айтганди.

Кейинги бир неча йил ичида Россия қўшинлари мунтазам равишда Туркманистондан ташқари барча Марказий Осиё давлатлари билан қўшма ҳарбий машқлар ўтказди.

Афғонистоннинг шимолий чегаралари яқинидаги барча томонлар 1990‑йиллар охирларида ва 2000‑йиллар бошларида Афғонистонда юз берган воқеаларни яхши билишини ва Толибон ҳокимият тепасига қайтиши ва унинг барча оқибатларига пухта тайёргарлик кўраётганини хулоса қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG