Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:13

Маҳаллий иқтисодчи: Тожикистон банкротлик чизиғига яқинлашиб қолди


Шу кунда Тожикистон миллий пули қадрсизланиб, "қора бозорда" 1 АҚШ доллари 9 сомонийга тенглашди.
Шу кунда Тожикистон миллий пули қадрсизланиб, "қора бозорда" 1 АҚШ доллари 9 сомонийга тенглашди.

Охирги уч ой ичида Тожикистоннинг ташқи қарзи ярим миллиард долларга ортиб, жами 2,8 миллиард долларга етган. Бу миқдордаги қарз Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 40 фоизини ташкил этади. Маҳаллий мутахассислар агар қарз миқдори 40 фоиздан ошса, Тожикистон банкрот, деб эълон қилиниши мумкинлигини айтмоқда.

Тожикистон Молия вазирлигининг маълум қилишича, жорий йилнинг июлидан октябрига қадар мамлакатнинг ташқи қарзи ярим миллиард долларга ошиб, 1 октябрда ташқи қарз 2 миллиард 803 миллион долларни ташкил этган.

1 июлда қарз миқдори 2 миллиард 300 миллион доллар ёки ялпи ички маҳсулотнинг 36 фоизига тенг эди.

Мустақил иқтисодий таҳлилчи Зафар Абдуллоевнинг фикрича, ҳозир Тожикистоннинг ташқи қарзи "қизил чизиқ"қа яқинлашган, яъни банкротлик ёқасига келиб қолган.

"Халқаро Валюта Жамғармасининг тавсияси асосида Тожикистоннинг ташқи қарзи ЯИМнинг 40 фоизидан ўтмаслиги лозим. Акс ҳолда, бу вазият дефолт ёки давлатнинг банкрот бўлишига олиб келиши мумкин. Гарчи АҚШ каби буюк мамлакатларнинг ташқи қарзлари ЯИМнинг 100 фоизидан ошган бўлса-да, ушбу давлатлар иқтисодий жиҳатдан ривожлаган бўлиб, қарзни тўлашга қодирдирлар. Аммо йўқсил ва иқтисодиёти заиф Тожикистон бундай имкониятга эга эмас" - деди Зафар Абдуллоев.

Унинг айтишича, ташқи қарзларнинг тобора кўпайиб бораётгани боис, Жаҳон Банки, Халқаро Валюта Жамғармаси ва бошқа халқаро моливий ташкилотлар Тожикистонга қарз беришдан бош тортган.

Moody's: Тожикистон ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 55 фоизига етди

Халқаро Moody’s рейтинг агентлигининг ўтган ойда эълон қилинган баҳосига кўра, 2017-2018 йилларда Тожикистон ташқи қарзи қарийб икки баробар ошиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 55 фоизигача етади.

Moody’s томонидан шу йил 22 октябрида эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, Тожикистон ташқи қарзларни асосан хориж валютасида олган, миллий валюта бўлмиш сомонийнинг курс бўйича фарқи туфайли қарзларни фоизлар билан қайтариш анча мураккаб бўлади.

Бироқ Тожикистон Молия вазирлигига кўра, Moody's прогнозлари тўғри эмас. Вазирликка кўра, Тожикистон ташқи қарзи ҳисоботдагидан анча кам бўлиб, ЯИМнинг 32 фоизини ташкил этади. “Йил бошида Тожикистон ташқи қарзи 2 миллиард 274 миллион долларни ташкил қилган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Молия вазирлиги ҳисоб-китобича, ташқи қарз тожикистонликларга ўзаро тенг миқдорда тақсимлаганда, ҳар бир ватандош ўртача 260 АҚШ долларидан қарз бўлади. Агар Moody's прогнозлари тўғри бўлса, у ҳолда ҳар бир тожикистонлик қарзи 500 долларга етади.

Хитой қарзлари

Чет давлатлар орасида фақат Хитой Тожикистонга катта миқдорда қарз бермоқда.

Тожикистон ташқи қарзининг деярли ярми Хитойнинг Экспорт-импорт банкига тўғри келади.

Айни дамда, икки кун олдин парламентда тасдиқдан ўтган Тожикистон ташқи қарзлар программаси асосида келгуси 3 йилда хориждан яна 850 миллион доллар қарз олиш кўзда тутилган.

Тожикистон молия вазири Абдусалом Қурбониёнга кӯра, ушбу пул мамлакатнинг энергетика мустақиллигига эришиш, коммуникация соҳасида боши берк кўчадан чиқиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган дастурларга сарфланади.

Тожикистон Молия вазирлиги маълумотига кӯра, жорий йилда ташқи қарзлар ва уларнинг фоизларини тўлаш мақсадида бюжетдан 1 миллиард 232 миллион сомони ёки 140 миллион доллар ажратилган.

Доллар тақчиллиги

Айни дамда, жорий ойда Тожикистон банкларида доллар тақчиллиги кузатилмоқда. Бир шахсга бир кунда фақат 200 долларгача сотилмоқда. Бу вазият тадбиркорларни ҳам ташвишга солган.

Шу кунда Тожикистон миллий пули қадрсизланиб, "қора бозорда" 1 АҚШ доллари 9 сомонийга тенглашди. Бор-йўғи 2 ҳафта олдин 1 доллар 8,8 сомонийга тенг эди.

XS
SM
MD
LG