Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:12

Тармоқларга чеклов: Ўзбекистон Хитой ва Россиядан ўрнак олмоқда - The Washington Post


Ижтимоий тармоқлар.
Ижтимоий тармоқлар.

3 ноябрь оқшомида Ўзбекистонда Telegram, Facebook, YouTube ва «Одноклассники» тармоқлари ишламай қолди. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Информатизация ва телекоммуникация назорати бўйича Давлат инспекцияси – «Ўзкомназорат» сайтида номи тилга олинган ижтимоий тармоқлар, шунингдек, Telegram мессенжери шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилгани ҳақида расмий маълумот пайдо бўлди.

Буларнинг ҳаммаси Skype, Twitter, TikTok, «ВКонтакте» ва WeChat тармоқларига шу йил июлида жорий қилинган чеклов амал қилиб турган паллада юз берди.

Тотал чеклов жорий қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кўп ўтмай, президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари чеклов ўрнатилганидан хабар топгани ва тармоқлар фаолиятини тиклашга буйруқ берганини маълум қилди.

Асадовга кўра, президент Шавкат Мирзиёев «Ўзкомназорат» қарорини «бир томонлама ва ўйланмай қилинган ҳаракат» деб баҳолаган.

Кўп ўтмай, маҳаллий нашрлар бош вазир Арипов «Ўзкомназорат» раҳбари Ғолибшер Зияевни ишдан бўшатгани ҳақида хабар тарқатди.

Бунинг ортидан президент матбуот котиби Зияев «Президент топшириғига асосан» бўшатилганини айтиб чиқди. Шерзод Асадов тармоқларнинг чекланиши юзасидан тергов ўтказилишини ҳам маълум қилди.

The Washington Post газетаси бу ҳодиса Марказий Осиё давлатлари Интернет эркинлигини нақадар чеклаши мумкинлигини синаб кўриш учун ўтказаётган тажрибаларнинг бири ўлароқ баҳолади. Газетада 7 ноябрь куни чоп этилган мақолада Марказий Осиё мамлакатлари Интернет технологиялари билан курашда Ғарб таъсиридан тобора кўпроқ бош тортиб, бунинг ўрнига минтақага катта сармоя киритаётган Хитойга назар ташлаётгани эътироф этилди. Шунингдек, мақолада Марказий Осиё анъанавий иттифоқчи Россия Интернетни бошқариш бўйича кўрсатаётган мисолига амал қилаётгани айтилади.

Марказий Осиё давлатлари ҳам Москва каби жамоатчилик норозилигидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан чора кўришга мажбур бўлмоқда. Россия мунтазам равишда мамлакатда тақиқланган контентни олиб ташлашдан бош тортгани учун технология ширкатларини жаримага тортиб келади. Аммо Кремль шу пайтгача YouTube каби машҳур тармоқларни бутунлай блоклашга ботина олмай келади.

Россияда Telegram мессенжерини четлатиш уриниши Кремль учун шармандалик билан якунланди. Хизмат ишлашда давом этди. Қолаверса, айрим таниқли ҳукумат амалдорлари ҳам ундан фойдаланишда давом этди. Март ойида Роскомнадзор Twitter ишлашини секинлата бошлади, аммо хизмат Россияда машҳур эмаслиги сабабли бу чоранинг таъсири унча катта бўлмади.

Ўтган ой АҚШдаги Freedom House ташкилоти Ўзбекистон ва Қозоғистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолдирганди. Марказий Осиёнинг яна икки давлати – Тожикистон ва Туркманистон Freedom House рейтингига умуман киритилмаган. Марказий Осиёдаги собиқ совет республикалари орасида фақат Қирғизистон Интернет «қисман эркин» мамлакат ҳисобланади.

«Ўйин қоидаларини асосан Москва белгилайди», деди сиёсий таҳлилчи ва Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов Washington Post нашрига берган интервьюсида.

«Мақсадлар ҳам умумий: мавжуд ҳокимият вертикали силкитилишига йўл қўймаслик. Россия раҳбарияти фикрича, бунга асосан ёшлар орасида жуда машҳур ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали эришиш мумкин», дея қўшимча қилди у.

Сентябрь ойида Россия парламентининг қуйи палатасига сайловлар арафасида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг «Умное голосование» иловаси Apple ва Google Интернет-дўконларидан ғойиб бўлди. Telegram мессенжери ҳам сайлов олдидан Навальний билан боғлиқ баъзи маълумотларни ўчириб ташлади.

Apple ва Google ширкатларининг Россия ҳудудида маҳаллий ходимлари бор. Россия расмийлари агар ширкатлар Навальний иловасини ўчирмаса, уларнинг Россиядаги ходимлари жавобгарликка тортилишини айтиб, таҳдид қилишди.

Сентябрь ойида Қозоғистон парламентидаги ҳукмрон партия хорижий технология компанияларидан маҳаллий офислар очишни талаб қиладиган қонун лойиҳасини илгари сурди. Натижада маҳаллий фаоллар мамлакат Кремлдан нусха кўчиришга уринаётганидан хавотирга тушдилар.

Қонун лойиҳаси болаларни ҳимоя қилиш ва киберзўравонликни чеклаш қуроли ўлароқ тасвирланаётган бўлса-да, фаоллар уни сўз эркинлигини чеклаш ва ҳукумат танқидини йўқ қилишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоладилар.

«Афсуски, биз икки катта аканинг ўртасидамиз», деди Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Рақамли ҳуқуқлар маркази директори Руслан Даирбеков Washington Post билан суҳбатда.

«Биродаримиз Хитой рақамли кузатув воситалари каби технологияларни экспорт қилади. Иккинчи биродаримиз Россия эса минтақамизда катта, улкан куч бўлиб, ҳуқуқий ёндашувларни экспорт қилади».

Бу орада Қозоғистонда таклиф қилинаётган қонун мамлакатнинг «халқаро обрўсига путур етказиши ва мамлакат ижтимоий-сиёсий ривожланишига путур етказиши» таъкидланган шикоятни 10 мингдан ортиқ одам имзолади.

Тармоқлар можароси: Техник хатоликми ёхуд президентдан яна бир арзон томоша?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:46 0:00

Ўтган ҳафта Қозоғистон ҳукумати Facebook билан «зарарли контент бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш» ҳақида «қўшма баёнот»ни эълон қилди. Қозоғистон баёнотида айтилишича, номини Meta деб ўзгартирган Facebook Қозоғистон ҳукуматига «Facebookнинг “Контент ҳақида ҳисобот бериш тизими”га тўғридан-тўғри ва эксклюзив кириш ҳуқуқини берган, бу эса ҳукуматга Facebookнинг глобал контент сиёсати ва Қозоғистоннинг маҳаллий қонунларини бузиши мумкин бўлган контент ҳақида хабар беришга ёрдам беради».

Аммо афтидан, баёнот Facebook ширкатидан мустақил равишда эълон қилинган. Meta матбуот котиби Бен МакКонаги электрон почта орқали Washington Post газетасига ёзган жавобида ширкат «дунё ҳукуматлари маҳаллий қонунларни бузаётгани ҳақида бизга хабар беришлари учун махсус онлайн канали борлигини» айтган.

«Биз Facebook сиёсати, маҳаллий қонунлар ва халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқ ҳар қандай ҳукуматдан мустақил равишда индивидуал сўровларни баҳолаш учун изчил глобал жараёнга амал қиламиз», дея қўшимча қилган у.

«Бу жараён дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Қозоғистонда ҳам худди шундай».

Даирбековнинг айтишича, жамоатчиликнинг қонун лойиҳасига салбий муносабати, шунингдек, ҳукуматнинг Facebook билан келишувини олқишлагани қонун лойиҳаси куни битганини англатиши мумкин.

Ўзбекистонда эса 16 апрелдан бошлаб «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирган. Бу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинади. Washington Post бу модда Россия қонунларидан кўчирилганини урғулади.

Ўзбекистон қонунчилигига биноан, оператор, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлаш пайтида, уларни йиғиш, тизимлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний жойлашган техник воситалар базаларида сақлашни таъминлаши шарт.

Ўзбекистонда аввалроқ Skype, Twitter, TikTok ва Россиянинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоқларига кириш чеклаганди. Аммо бу чекловлар Telegram хизматидаги узилишдан кейин кузатилган даражада норозилик келтириб чиқармади. ОАВ ҳуқуқшуноси Мадина Турсунованинг сўзларига кўра, қарийб 34 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистонда 18 миллион одам Telegram мессенжеридан фойдаланади.

2016 йилда авторитар президент Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистон жамиятида очиқлик даври бошлангандек туюлса-да, Турсунова Washington Post газетасига берган интервьюсида «Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият оғир ўлароқ баҳоланаётганини» айтган.

«Ҳокимиятнинг бу хатти-ҳаракатлари ҳукумат ва президентнинг Интернет ва ижтимоий тармоқлар блокланмаслиги ҳақидаги баёнотлари чин эканига шубҳа уйғотмоқда», дея қўшимча қилган у.

XS
SM
MD
LG