Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:19

Тасаввуф адабиёти тадқиқотчиси, профессор Иброҳим Ҳаққул оламдан ўтди


Иброҳим Ҳаққул
Иброҳим Ҳаққул

Навоийшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 28 июнь куни 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати маълум қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маълумотига кўра, олимнинг жанозаси 29 июнь куни Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида пешин намозидан сўнг ўқилади.

Мазкур қишлоқда 1949 йилнинг 28 мартида зиёли оиласида туғилган Иброҳим Ҳаққул аввал ўрта мактабни, 1970 йилда эса Бухоро давлат педагогика институтини тамомлаган.

1970-1972 йилларда у “Шофиркон ҳақиқати” газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган.

Иброҳим Ҳаққулнинг адабиётшунос сифатидаги “Навоий ва Мавлоно Ашраф”, “Дарё каби ҳамиша уйғоқ...” каби илк мақолалари шу газетада босилган.

Олим 1972 йилдан Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида ишлай бошлаган ва умрининг охиригача бу даргоҳ билан алоқасини узмаган – сўнгги йигирма йилдан кўпроқ вақт мобайнида у институтдаги “Ўзбек адабиёти тарихи” бўлимига мудирлик қилган.

1976 йилда “Ўзбек адабиётида рубоий” мавзусида кандидатлик диссертациясини ҳимоя қилган Иброҳим Ҳаққул орадан қарийб 20 йил ўтгач, аниқроғи, 1995 йилда “Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти” мавзусидаги диссертация ҳимоясидан сўнг филология фанлари доктори унвонига эга бўлган.

Олимнинг “Ўзбек адабиётида рубоий” (1981), “Увайсий шеърияти” (1982), “Бадиий сўз шукуҳи” (1987), “Занжирбанд шер қошида” (1989), “Шеърият - руҳий муносабат” (1989), “Абадият фарзандлари” (1990), “Тасаввуф ва шеърият” (1991), “Камол эт касбким...” (1991), “Ғазал соғинчи” (1991) каби йигирмада зиёд китоби босмадан чиққан.

Иброҳим Ҳаққул ўзбек адабиётида шартли равишда “70-80 йиллар ёшлари” деб аталган ҳамда Муҳаммад Солиҳ, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Мурод Муҳаммад Дўст, Эмин Усмон, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Миразиз Аъзам, Аҳмад Аъзам каби шоир-ёзувчилар даврасининг тўлақонли аъзоси бўлган, адабий танқидчи ўлароқ адабий жараён ривожига катта ҳисса қўшган, мумтоз адиблар ва жадид адабиёти намояндалари ижоди билан бир қаторда замонавий шеърият вакиллари асарларини ҳам синчковлик билан ўрганиб борган. Олимнинг айниқса классик асарларни тасаввуфий тадқиқ қилиш бўйича илмий хизматлари беқиёсдир. Шу ўринда унинг бошқа кўплаб асарлари қатори сўнгги йилларда босмадан чиққан 2 жилдлик “Навоийга қайтиш” асарини эслаш жоиз.

Иброҳим Ҳаққулнинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига ўгирилиб, чоп этилган.

Ўтган асрнинг 70-йиллари охири ва 80-йиллари бошларида олим тафаккурида бошқа ижодкор дўстлари қатори миллий ўзликни англаш ва коммунистик истибдоддан қутилиш ғоялари куртак ота бошлаганини кузатиш мумкин. Мафкуравий илдизларни қидириш ва ҳурриятга интилишда акс этган бу истак турткиси билан Иброҳим Ҳаққул тенгдошлари сафида ижтимоий-сиёсий жабҳаларда фаоллаша бошлаган. Олим қайта қуриш йилларида тузилган “Бирлик” ҳаракати, 1990 йилда ташкил топган “Эрк” демократик партиясининг фаол аъзоларидан бўлган. Партия органи бўлмиш “Эрк” газетасининг илк муҳаррири ҳам Иброҳим Ҳаққул эди. Унинг муҳаррирлигида мазкур газета адади 1991 йили 100 минг нусхага етиб, ўша даврдаги энг кўп тиражли нашрга айланган. 1992 йили Иброҳим Ҳаққулга қарши, сафдошларининг эътирофича, уйдирилган жиноят иши қўзғатилган, шунинг ортидан у газетадан кетишга мажбур бўлган. Олим ўшандан кейинги 30 йиллик ҳаётини яна илмга, адабиётшуносликка бағишлаган.

Иброҳим Ҳаққулни таниганлар унинг бир идеалист зиёли сифатида умр кечирганига эътибор қаратишади. Олим ўз чиқишларидан бирида “Ватан авомлик балосидан фориғ бўлганда қудратли юртга айланади. Ватанда ҳеч ким оломоннинг номидан иш юритмаса ва ҳеч ким оломондан таянч ахтармаса, бу ўлканинг ҳар гўшаси маърифат ва маънавият, тафаккур ва ҳақиқат пойтахтига тенг бўлади”, деган эди.

XS
SM
MD
LG