Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Ўзбекистонга кириш учун пора берганини тан олган МТС ҳам АҚШга $850 миллион доллар жарима тўлайдиган бўлди


Россиянинг энг йирик телеком ширкати МТС ҳам АҚШ қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси​ ҳамда АҚШ Адлия вазирлиги билан судгача эришилган келишувга мувофиқ¸ 850 миллион доллар миқдорида жарима тўлайди. АҚШ тарихидаги энг катта жарималардан бири бўлган бу маблағ тўланиши ортидан АҚШ прокуратураси МТСнинг Ўзбекистондаги 2004-2012 йиллар фаолияти устидан бораëтган терговни тўхтатади.

Бу ҳақда МТС матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Бундан олдин Швециянинг Telia (эски номи TeliaSonera) ва Ҳолландияда рўйхатдан ўтган VimpelCom ширкатлари ҳам айнан Ўзбекистондаги фаолияти бўйича АҚШда очилган тергов билан судгача келишувга эришиб¸ тарихда мисли кўрилмаган даражада катта жарима тўлашга мажбур бўлган эди.

Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун “юқори нуфузли Тошкент расмийси”га пора берганини тан олган Telia судга чап бериш учун АҚШга 965 миллион доллар жарима тўлаган бўлса¸ VimpelCom АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматларига жами 835 миллион доллар тўлашга рози бўлган эди. Иккала телеком ширкати акциялари АҚШ қимматбаҳо қоғозлар бозорида савдога қўйилган ва шу боис улар АҚШ қонунчилгида белгиланган меъëр ва талабларига мос равишда фаолият юрғизиш масъулиятини зиммасига олган.

МТС ҳам айбини бўйнига олди

АҚШ ҳукуматига рекорд даражада жарима тўлашга рози бўлган МТС ўз баëнотида¸ бу маблағнинг 2018 йил учинчи квартали ҳисобидан заҳирага олинганини билдирди.

АҚШ билан тузилган судгача келишув¸ ширкат иш сиëсати¸ ундаги жараëн ва процедураларнинг коррупцияга қарши қонунчилик талабларига қатъиян мос эканини намойиш қилади. АҚШ Адлия вазирлиги билан келишувда¸ МТСнинг бундан кейин ички назорат ва комплаенс дастури устидаги ишни янада яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлари қайд этилди”¸ дейилади МТС баëнотида.

АҚШ Қимматли қоғозлар комиссияси эълон қилган маълумотга кўра¸ судгача эришилган келишув доирасида МТС "Ўзбекистоннинг ўшандаги (2004-2012 йиллар назарда тутилмоқда - таҳр.) президентига алоқадор ва мамлакат телекоммуникация соҳаси устидан назорат ўрнатган "расмий"га бозорга кириш ва фаолиятини давом эттириш мақсадида жами 420 миллион доллар ҳар хил ноқонуний тўловлар қилганини тан олган.

Ўзбекистонда Ucell бренди остида фаолият юритган Telia (собиқ TeliaSonera) компанияси Ўзбекистонда мобил бозорига кириш учун пора берганига оид иддаолар бўйича АҚШ ва бошқа давлатларда бошланган тергов-суриштирув ишларини босди-босди қилиш учун 2017 йил сентябрида АҚШга 965 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлган эди.

2016 йил февралида эса¸ асосий акциялари россиялик миллиардер Михаил Фридманга тегишли VimpelСom ширкати ҳам Ўзбекистонга кириш учун катта миқдорда пора берганини эътироф қилган ва ишни судга оширмаслик учун 850 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлган эди.

Учала компаниянинг миллиард долларга яқин жарима тўлашга мажбур қилган коррупция можароси марказидаги "ўзбек расмийси"нинг эса Гулнора Каримова экани айтилади.

Давлатга қарийб 2 миллиард доллар зарар етказганликда айбланган Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси 5 март куни эълон қилган расмий баëнотга кўра¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Аммо Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Аввалига уй қамоғида сақланган Каримова¸ суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармагани ортидан 5 март куни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

XS
SM
MD
LG