Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2024, Тошкент вақти: 13:39

Тоғли Қорабоғ Боку назоратида. Озарбайжон нега айнан ҳозир ҳужум қилди?


Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжоннинг 19 сентябрь куни Тоғли Қорабоққа янги ҳужуми ортидан Боку ва маҳаллий этник арман ҳокимияти ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. Аслида олганда, тан олинмаган республика Илҳом Алиев қўшинларига таслим бўлди. Лекин нима учун Озарбайжон айнан ҳозир ҳужум қилди?

Бир неча ой давомида Тоғли Қорабоғ тақдири бўйича музокаралар Озарбайжон фойдасига кетаётгандек эди. Арманистон ҳукумати икки давлат ўртасидаги ўнлаб йиллар давом этган можаролар марказида бўлган бўлгинчи ҳудудни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишини очиқ ва аниқ таъкидлади. Тафсилотларни келишиб олиш қолган эди, холос. Хўш, нега уруш яна бошланди?

Тоғли Қорабоғ Озарбайжондаги тоғли анклав бўлиб, бу ерда тарихан арманлар ҳам, озарбайжонлар ҳам яшаб келган. Совет Иттифоқи парчаланиши арафасида ўша пайтдаги Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти аҳолисининг тахминан 75% этник арманлар эди. 1980-йилларда миллатчилар бу ҳудудни Озарбайжондан ажратиб, Арманистонга қўшишга ҳаракат қилди. 1990-йиллар аввалида бошланган уруш натижасида Арманистон қўллаб-қувватлаган бўлгинчилар ҳудудни эгаллаб, Озарбайжондан ажратишга муваффақ бўлди. Ушбу можаро пайтида 30 мингга яқин одам ҳалок бўлди.

Тоғли Қорабоғ: Арманлар ҳудудни тарк этишдан олдин уйларини барбод қилар экан, озарбайжонлар ватанларига қайтишга ҳозирланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00

Можарони батамом ҳал қилиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар муваффақиятсизликка учради. Навбатдаги уруш бошланди. 2020 йилда олти ҳафта давом этган жанглардан сўнг Россия воситачилигида сулҳ тузилди. Бу сафар арманлар минтақанинг бир қисми ва унинг атрофидаги еттита ҳудуд устидан назоратни йўқотди ва буни амалда тан олди.

2022 йилда Боку ва Ереван можарони якуний тартибга солишга қаратилган музокараларни бошлади. Озарбайжон Қорабоғнинг қолган қисми устидан тўлиқ назоратни тикламоқчилигини билдирган ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам бунга тайёр эканлигини айтган эди. Бироқ Қорабоғнинг арман раҳбарияти Озарбайжон этник арманларни тинч йўл билан «реинтеграция» қилиш ҳақидаги ваъдалар орқали уларни ҳудуддан ниҳоят сиқиб чиқармоқчилигидан қўрқиб, бу талабни бажаришдан бош тортди. Халқаро воситачилар муроса йўлини топишга ҳаракат қилишди, аммо беҳуда.

НEГА ОЗАРБАЙЖОН ҲОЗИР ҲУЖУМ ҚИЛДИ?

19 сентябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унинг қуролли кучлари қолдиқларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлади, бунинг натижасида аклав пойтахти Степанакерт (Озарбайжонда Хонкенди) аҳолиси бомбапаноҳларга яширинишга ва чекка аҳоли пунктлари одамларни марказга эвакуация қилишга мажбур бўлди. Кун бўйи давом этган ҳужумлардан сўнг, Боку кўзлаган мақсадига эришди: Қорабоғнинг амалда этник арман ҳокимияти ўз қуролли кучларини тарқатиб юбориш ва қуролсизлантиришга рози бўлди.

Озарбайжон ва Арманистон томонлари зудлик билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши билан зўравонлик кучайиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги энг даҳшатли қўрқувлар ҳам барҳам топди. Бироқ ҳужум можаро динамикаси тўлиқ Озарбайжон томонида эканини кўрсатди, шу даражадаки, Боку халқаро қораловлар ва одамлар ҳаётига хавф туғдиришига қарамай, куч билан ишни ҳал қилишни истади.

Озарбайжон музокаралар суръатидан норози бўлиб, Қорабоғдаги арман раҳбарият ён бермаётганидан ва тобора муросасиз позицияни эгаллаб бораётганидан шикоят қилганди. Қолаверса, Боку Арманистоннинг хавфсизлик кафолати бўлиб келган Россия Арманистон ҳукумати ва унинг раҳбари, Бош вазир Никол Пашиняндан норозилигини кўрганда фурсатни ғанимат билган бўлиши мумкин. Ниҳоят, Озарбайжон куч ишлатса, кўп нарса йўқотмаслигини тушуниб қолди.

ОЗАРБАЙЖОННИНГ ҲУЖУМИ КУТИЛМАГАН ЭДИМИ?

Амалиётга сабаб сифатида 19 сентябрь куни эрта тонгда Россия тинчликпарвар кучлари назорати остидаги ва 2020 йилги уруш пайтида Озарбайжон кучлари томонидан қайтариб олинган каттароқ ҳудуднинг бир қисми Хўжавенд вилоятида мина портлаши оқибатида олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлгани келтирилди. Озарбайжон томони минани портлатишда Қорабоғдан келган арман диверсантларини айблади.

Бироқ, ҳужумга бир неча ҳафта давомида тайёргарлик кўрилган эди. Озарбайжон қўшинлари Озарбайжон назоратидаги ҳудудни 2020 йилги урушдан кейин қолган Қорабоғ парчаларидан ажратиб турувчи тўқнашув чизиғида тўпланган эди. Шунингдек, Озарбайжон ва Исроил ўртасида ҳарбий юк парвозлари бўлгани ҳақида хабарлар чиқди. Озарбайжон янги жанговар ҳаракатлар арафасида қайта қуролланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар кўпайди.

Охирги ҳафталарда Бокунинг гап-сўзлари ҳам сезиларли кескинлашди. Август ойи охирида Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг ёрдамчиси Ҳикмет Ҳажиев “Озарбайжон ўз ҳудудида ҳеч қандай мавҳум зона мавжуд бўлишига тоқат қилмаслигини” айтди. Бу Қорабоғнинг Озарбайжон ҳали назорат қилмаган қисмига ишора эди.

Таҳлилчиларга кўра, Озарбайжон анча олдин дипломатик жараённи тезлаштириш учун ҳарбий эскалациядан фойдаланган. Боку марказий ҳукумати ва Қорабоғ арманлари ўртасидаги музокаралар боши берк кўча кириб қолди, озарбайжонлар ўз рақибларининг муросасизлигидан шикоят қилаётганди.

“Қорабоғ арманлари мустақилликдан бошқа нарса ҳақида гапиришни исташмайди”, дейди Бокудаги Халқаро муносабатлар таҳлил маркази раҳбари Фарид Шафиев. Унинг таъкидлашича, этник арманларнинг амалдаги ҳукумати 2022 йил сентябрь бошида янги президент сайловларини ўтказган ва бу озарбайжонлар назарида уларнинг ҳукмронлигини тан олишни истамаслигини кўрсатган.

Бироқ, Қорабоғдаги арман ҳукумати позицияси «ўзгаряпти» ва улар Озарбайжон талабларига кўнишга тобора тайёр бўлмоқда, дейди Халқаро инқироз гуруҳининг (ХИГ) Жанубий Кавказ бўйича катта тадқиқотчиси Олеся Вартанян. "Улар Озарбайжонда учрашишга ва интеграция жараёнини муҳокама қилишга тайёр эдилар – бу Боку талаб қилган нарса".

Тоғли Қорабоғ: Ўзбекистон можаронинг қайси томонида?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00

Қарама-қаршилик давом этар экан, Озарбайжоннинг янги ҳужуми хавфи ортди.

“Сиёсий жараён йўқлиги, тўғрироғи, турғунлик бу хавотирларни янада кучайтирмоқда”, деди ХИГнинг Бокудаги таҳлилчиси Заур Шириев ҳужум бошланишидан бир неча кун олдин, 15 сентябрь куни бўлиб ўтган онлайн мулоқотда. “Агар яқин кунлар ёки ҳафталар ичида Қорабоғнинг арманлар яшайдиган ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар кузатилса, ҳеч ажабланмайман”.

РОССИЯ ОМИЛИ

Бу жараён тезлашишига Арманистон ва унинг анъанавий ҳомийси Россия ўртасидаги муносабатлар тез ёмонлашуви ҳам ёрдам берди. 2020 йилги сулҳ битими доирасида 2000 нафар россиялик тинчликпарварлар контингенти Қорабоғнинг этник арманлар назорати остидаги қисмларига жойлаштирилди. Бироқ улар Озарбайжоннинг бу ҳудуддаги доимий босими олдида ўз ожизликларини ёки истамасликларини кўрсатдилар. Россиянинг ўзи Арманистонни ташқи ҳужум содир бўлган тақдирда ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларига қарамай – ҳар икки давлат Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (ОДКБ) аъзо бўлганлиги сабабли – чегарадан озарбайжонларнинг Арманистонга бир неча бор бостириб киришига қарамай, аралашмаган.

Бу Ереван ва Москва ўртасидаги келишмовчилик кучайишига сабаб бўлди. Бу ой Арманистон ҳукумати Россиядан норозилигини билдириш учун бир қатор қадамлар қўйди. Масалан, Пашиняннинг рафиқаси Анна Акопян Киевга борди. Мамлакат ҳукумати Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга мажбурловчи Халқаро жиноят судини ташкил этиш тўғрисидаги Рим статутини ратификация қилиш ниятини эълон қилди ва Арманистон вакилини КХШТдан чақириб олди.

"Улар бир вақтнинг ўзида Россиянинг учта қизил чизиғини кесиб ўтишди", дейди Томас де Ваал, Европадаги Карнеги таҳлил маркази таҳлилчиси.

Бокуда жойлашган Топчубашев номли халқаро алоқалар ва хавфсизлик тадқиқот маркази тадқиқотчиси Шужаат Аҳмадзодага кўра, Россия ва Арманистон ўртасидаги келишмовчилик Бокуни янада дадиллаштирган кўринади.

"Россия бу ерда бошқа омилларга қараганда кўпроқ роль ўйнайди, – дейди у. – [Озарбайжонни] у ёки бу даражада муаммоларга олиб келиши мумкин бўлган ягона ўйинчи Россия эди ва Арманистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар бузилганини ҳисобга олсак, менимча, улар фурсат келганига ишонишади.

ДУНЁ ҚАНДАЙ РEАКЦИЯ ҚИЛДИ?

Арманистоннинг Озарбайжонга нисбатан мавқеи заифлашиб, Россия билан муносабатлари ёмонлашар экан, Ереван халқаро ёрдамга муҳтож бўлиб қолган. У Европа Иттифоқидан чегара кузатувчиларини қабул қилди, Ҳиндистондан қурол сотиб олди ва мунтазам равишда БМТ Хавфсизлик Кенгашида можаро масаласини кўтаришга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ, ҳозирча ҳеч бир халқаро ўйинчи Озарбайжонни воқеалар ривожини секинлаштиришга кўндириш учун бирор муҳим чора кўра олмади, бу ҳам Бокунинг фойдасига ишлаган бўлса керак, дейди Аҳмадзода.

"Агар мен арманлар ўрнида бўлганимда, Ғарбдан Озарбайжонга қарши жиддий ҳаракатларни кутмаган бўлардим", дейди у.

Дарҳақиқат, Озарбайжоннинг 19 сентябрдаги ҳужумларига чет элликларнинг муносабати тезкор ва танқидий бўлса ҳам, улар фақат ташвиш билдириш билан чекланди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Алиевни “Озарбайжонни Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатишга” чақирди. Европа Иттифоқи "ҳарбий ҳаракатлар кучайишини қоралади" ва "зўравонлик тўхтатилиши керак" деди.

“Халқаро ҳамжамият шунчаки баёнотлар билан чиқмоқда. Булар шунчаки баёнотлар, – дейди Эдмон Марукян, Арманистон элчиси. – Биласизми, баёнотлар сизга кимдир ҳужум қилганда ва ўлдирмоқчи бўлганида ёрдам бермайди."

ХЎШ, ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?

Ҳужум орқали Озарбайжон талаб қилган ва Қорабоғнинг Арманистон раҳбарияти ойлар давомида қаттиқ қаршилик кўрсатган имтиёзларга эришиш мумкин эди, яъни Қорабоғ ҳукумати қуролли кучларини тарқатиб юбориш ва қуролсизлантириш. 21 сентябрь куни Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида Қорабоғ арманлари вакилларининг Боку марказий ҳукумати вакиллари билан учрашуви ўтказилиши режалаштирилган.

Қорабоғнинг амалдаги президентининг ушбу учрашув олдидан қилган баёнотида айтилишича, музокараларда минтақанинг Озарбайжонга эҳтимолий «реинтеграцияси», шунингдек, Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги "Озарбайжон Конституцияси доирасида" муҳокама қилинади. Қорабоғ арманлари авваллари бу шартларни номақбул деб ҳисоблаган, аммо Озарбайжон ҳужумидан сўнг уларнинг бунга рози бўлишдан бошқа чораси қолмади.

Ҳужумдан бир ҳафта олдин арман тарихчиси ва дипломати Жерар Либаридян Қўшма Штатларда ўзининг "Беқарор Арманистон" номли янги китоби ҳақида маъруза қилди. У музокаралар боришини муҳокама қилди ва вақт ўтиши билан арманларнинг музокаралардаги позицияси тобора заифлашиб боришини таъкидлади.

“Қанчалик узоқ кутсак, бизда шунчалик дастак кам бўлади... Бугун биз ўтган йили олган нарсамизга эриша олмаяпмиз. Ўтган йили тўрт-беш йил олдин олганимизни ололмадик, – деди у. – Қанчалик узоқ кутсак, Алиев шунчалик қаттиқроқ бўлади.”

Форум

XS
SM
MD
LG