Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 18:25

БМТ ишчи гуруҳи тожик мухолифати раҳбарлари ноҳақ қамалганини айтмоқда


Тожикистон Ислом уйғониш партияси тарафдорлари 2015 йил февралида варақаларни сараламоқда. Партия 20 йилдан бери биринчи марта 1 мартда бўлиб ўтадиган парламент сайловида иштирок этмайди.

БМТнинг ўзбошимчалик билан қамоққа олиш ҳолатларига қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи (UN-WGAD) берган маълумотга кўра, Тожикистонда 11 нафар сиёсий етакчи тўрт йилдан ошиқ вақтдан бери қамоқда ўтирибди.

Уларнинг барчаси мухолифатдаги Тожикистон Ислом уйғониш партияси (ТИУП) етакчиларидир. Партия 1992-97 йилларда рўй берган фуқаролар уруши вақтида Тожикистон ҳукуматига қарши коалицияга қўшилган эди. 1997 йил июнида эришилган ва айни урушга барҳам берган тинчлик битимида уруш даврида ҳукуматга қарши турган томонлар билан ҳокимиятни бўлишиш кўзда тутилган эди.

АҚШда жойлашган Freedom Now ННТ тарқатган баёнотда айтилишича, “Шуниси аниқки... ТИУПнинг 11 аъзосини ҳибсга олиш ва кейинчалик қамоқда ушлаб туришга уларнинг фикр эркинлигидан ва йиғинлар эркинлигидан фойдалангани асос бўлган”.

Freedom Now билан Hogan Lovells халқаро юридик фирмаси UN-WGAD ишчи гуруҳига петиция юборгани ортидан у ТИУПнинг 11 аъзосига қарши суд жараёни бўйича ўз суриштирувини ўтказди.

Freedom Now директори Маран Тёрнер ўз баёнотида “Тожикистон ҳукумати тинч фаолият кўрсатаётган мухолиф партияларни ёмонотлиқ қилиш бўйича кенг қамровли кампания доирасида ТИУП раҳбарларини ҳибсга олиб, қамоққа ташлагани”ини айтди.

ТИУП Тожикистоннинг президент Имомали Раҳмон раҳбарлигидаги Халқ демократик партиясидан кейинги иккинчи йирик ва тинч фаолият юритаётган сиёсий партия эди.

1992 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Раҳмон 90-йилларда зўрға ҳокимиятни ушлаб турган бўлса, сўнгги 10 йилда ўз позициясини мустаҳкамлаб олди. Ҳокимияти барқарорлашуви ортидан Раҳмоннинг 9 фарзанди ва қуда-андалари Тожикистондаги аксар сердаромад корхоналарни назоратига олди.

Ммалакатдаги кучли непотизм сиёсат майдонида жиддий ижтимоий қўллаб-қувватлашга эга ҳақиқий мухолифат партияси мавжуд бўлишига ўрин қолдирмади.

2015 йил мартида ТИУП Мажлиси Намояндагон – мамлакат парламенти қуйи палатасида бирорта ҳам жой ола олмади.

Тожикистон Адлия вазирлиги 2015 йил августида партиянинг давлат рўйхатидан чиқарди ва орадан бир ой ўтиб, у экстремистик ташкилот деб эълон қилинди.

Ҳокимият ТИУПни 2015 йил сентябрида Мудофаа вазири ўринбосари бошқаргани иддао этилган давлат тўнтариши уриниши билан алоқадорликда айблади, бироқ гумон этилган алоқа жуда заиф эди.

Партия экстремистик ташкилот деб аталгандан сўнг унинг раҳбари ҳибсга олинди, давлат тўнтаришида қатнашганликда айбланди ва ёпиқ тарзда суд қилинди.

Суд қилинганлар орасида UN-WGAD ва Freedom Now ҳисоботларида қайд этган 11 киши ҳам бор. БМТ иш гуруҳи фикрича, суд Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ бўйича халқаро пакт талабларига хилоф тарзда ўтказилди.

Freedom Now вакили Озодлик тожик хизматига БМТ суриштируви Тожикистон ҳукумати ТИУПни сиёсий саҳнадан сиқиб чиқариш учун сохта айбловлар қўйганини аниқлаганини айтди.

Freedom Now баёнотида, “ТИУПнинг ортиб бораётган обрўси ҳокимиятдаги режимга таҳдид солмоқда ва Тожикистон ҳукумати партияни обрўсизлантириш ва тарқатиб юборишга ҳаракат қилмоқда”, дейилади.

ТИУПнинг 11 етакчиси 14 йилдан умрбод қамоқ жазосигача ҳукм қилинди.

Тожикистонда 1 мартда парламент сайлови бўлиб ўтади ва сўнгги 20 йилда биринчи марта Тожикистон Ислом уйғониш партияси унда иштирок этмайди.

XS
SM
MD
LG