Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 16:26

Тожикистонда ҳукумат болаларнинг хатна қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатди


Тожикистонда оила шифокорларига хатна қилинмаган болаларнинг рўйхатини зудлик билан тузиш юклатилди. Шифокорлар уйма-уй юриб, болаларнинг ота-оналарини шифохонага таклиф қилмоқда.

Душанбеда яшовчи Жамиланинг икки ўғли бор. Оила шифокори уларнинг уйига келиб, кичик ўғли хатна қилинганми-йўқлигини сўраганида ҳайрон қолди.

«Болам бир ёшга тўлганида профессионал хирурглар томонидан суннат қилинган эди. Мени ҳайрон қилгани бошқа нарса: нима учун шифокорлар кутилмаганда уйма-уй юриб болаларни хатна қилишга чақирмоқда? Шифокор бу саволга жавоб берар экан, ўзларига хатна қилинмаган болаларнинг рўйхати тузилиши ва уларнинг ота-оналарини шифохонага таклиф қилиш юклатилганини айтди», - дейди Жамила.

Янги туғилган чақалоқларни биринчи ҳафтасида хатна қилдириш оила шифокорларининг янги мажбурияти сифатида юклатилди. Бу каби топшириқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилди, оила шифокорлари ўз вақтида ота-оналарни шифохонага келишини таъминлашлари керак бўлади.

Меҳрубон Тешаева пойтахтдаги поликлиникалардан бирида оила шифокори бўлиб ишлайди. «Биз болаларнинг рўйхатини тузамиз, операцияга таклиф қиламиз. Бу бизнинг иш. 1 ёшга тўлмаган болаларнинг хатнаси ва тегишли ташхислар бепул амалга оширилади», - дейди шифокор.

Пойтахтдаги поликлиникаларда хатна учун махсус хоналар ташкил қилинган. Қишлоқларда бу каби хизматлар медпунктларда кўрсатилади. Ўтган йили Тожикистондаги тиббиёт муассасаларида 586 та махсус кабинет очилди.

Айрим тиббиёт муассасаларида хатна қилиш амалиётлари назоратга олинган ва шифокорлардан режа тўлалигича бажарилиши талаб қилинади.

2017 йили республиканинг анъана ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисидаги қонунига ўзгаритиш киритилди. Унга кўра болаларни хатна қилиш чақалоқ туғилиши билан 20 кунлик бўлгунича ва шифохоналарда мажбуран амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Расмий маълумотларга қараганда, ўтган йили 80 минг болани хатна қилиш мақсадида операция ўтказилган. Шунга қадар чақалоқларнинг хатна қилиниши юзасидан статистика ҳисоби олиб борилмаган. Ҳозир янги туғилган ўғил чақалоқлар туғриқхоналарнинг ўзида биринчи ҳафтадаёқ хатна қилинади.

XS
SM
MD
LG