Линклар

Шошилинч хабар
26 феврал 2024, Тошкент вақти: 10:31

Тожикистонда Ҳажга мўлжалланган пулни халқ эҳтиёжига сарфлаш тарғиб қилинмоқда


Ҳаж сафарлари бошланиши арафасида Тожикистонда бу ибодатга бормоқчи бўлаётганларни маблағларини хайрли ишларга сарфлашга чақириқлар кампанияси давом этмоқда.

Тожикистон телевидениеси ва расмий матбуотида Ҳажга бориш ниятида бўлган шахслар жамғарган маблағни ижтимоий объектларни қуриш ёки таъмирлашга сарфланганлари тўғрисида қатор хабар ва мақолалар нашр этилмоқда.

Шундай хабарлардан бирида Ҳамадоний туманида яшовчи Раҳмонали Шарифов Ҳажга бориш ўрнига спорт майдончаси қуришга қарор қилгани айтилади.

Панж туманида эса, баъзилар Ҳаж учун тўплаган пулларини йўл, тиббий пункт ва мактаб синфхоналари қуришга сарфланганликлари борасида хабарлар тарқалган.

Ўтган йили Ашт туманида яшовчи 77 яшар Шарофат Мамажонова Каъба зиёратига жамлаган 4 минг долларга яқин маблағини таълим маркази қурилишига топширгани ҳақида хабар берилганди.

Айни пайтда Тожикистон Диний ишлар қўмитаси сўзчиси Афшин Муқим Озодлик билан суҳбатда бундай хайрли ишлар ихтиёрий равишда бўлиб, улар Ислом динида муҳим бўлган "жория садақа" сифатида кўрилишини айтди.

Аммо маҳаллий таҳлилчи Марат Мамадшоевнинг фикрича, ижтимоий муассасалар қуриш давлат зиммасида бўлиб, бу масъулиятни фуқаролар бўйнига мажбурий тарзда юклаш инсофдан эмас.

Унинг фикрича, жамоат бинолари хайрия маблағлари ҳисобига қурилса, маҳалий ҳукумат раҳбарлари бундай мақсадлар учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш эҳтимоли пайдо бўлади.

Тожикистонда Ҳаж сафари билан бирга бошқа Исломий маросимлар ҳам "таҳрир" қилинмоқда.

Баъзи туманлар раҳбарлари фуқароларга ифтор ўрнига болалар, ногиронлар ва қариялар уйларига озиқ-овқат етказишни "тавсия" берган.

Масалан, шарқий Тожикистондаги Дарвоз туманида ифтор учун мўжаллаган пулларни йўл ва кўприк таъмирлаш ва бошқа хайрли амаллар учун сарфлалаш "маслаҳат" берилган.

Дарвоз тумани ҳокими Саидбурҳон Абдураҳмонзода Озодлик билан суҳбатда бундай хабарларни тасдиқлади.

“Миллат Пешвосининг (Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг расмий мақоми -таҳр.) ташаббуси билан туманда ифтор ўтказиш ниятида бўлган кишилар ихтиёрий равишда пулларини йўлларни таъмирлаш ва ижтимоий муассасаларни ободонлаштириш учун сарфламоқдалар. Бундай хайрли ташаббус мамлакатнинг бошқа туманларига ҳам ёйилишига ишонаман,”- деди Саидбурҳон Абдураҳмонзода.

Охирги 5 йил давомида Тожикистон ҳукумати диний экстремизмга қарши курашиш баҳонасида барча турдаги диний фаолиятни ўз назорати остига олди: Жоме масжидлар имомларини тайинлашдан бошлаб, аёллар либоси, эркаклар соқоли, масжид ва ҳажга борувчилар ёши устидан назоратни кучайтирди.

Жорий йил Тожикистон Диний ишлар қўмитаси кам таъминланган оилалар аъзоларига ҳажга боришни тақиқлади.

Дин қўмитаси мулозимлари мазкур чора Ҳаж маросимини чеклашга қаратилган навбатдаги қадам эканини рад этиб, бу тадбир фақат ватандошлар турмуш шароитини яхшилашга қаратилганини уқтириб ўтганди.

Саудия Арабистони ажратадиган квотага мувофиқ, ҳар йили Тожикистондан 6 минг 520 киши Ҳажга йўл олади.

Тожикистондаги диний эркинликлар устидан чекловлар халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан мунтазам танқид қилиб келинмоқда.

XS
SM
MD
LG