Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:28

Халқаро хабарлар

Тожикистон Ироқдан олиб келинган 84 боланинг қариндошларига улар билан учрашишни тақиқлади

Ироқдан Тожикистонга қайтарилган болалар, Душанбе, 2019 йил 30 апрели

Тожикистон ҳукумати Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан олиб келинган болаларнинг қариндошлари билан кўришишини вақтинча тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати Тожикистон болалар омбудсмани Мижгоной Бобожонзода сўзларига таянган ҳолда маълум қилган.

Бобожонзодага кўра, икки йил муқаддам Ироқдан қайтариб келинган болаларнинг барчаси мактаб-интернатларга жойлаштирилган. Улар қачон қариндошларига берилиши ҳақидаги саволга болалар омбудсмени: “Ҳозирда тегишли идоралар бу масала устида ишламоқда. Якуний қарор қабул қилингач, ОАВга тўлиқ маълумот берилади”, дея жавоб берган.

Аммо Бобожонзода болалар шу пайтгача қариндошларига топширилмагани сабабини очиқламаган.

Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозода расмийлар “бу болаларга давлат алоҳида ғамхўрлик қилиши зарур” деб ҳисоблашини айтган.

“Улардан айримлари жуда ёш. Қолаверса, улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан келтирилган. Бошларидан нималар кечганини тушунасизлар, деб ўйлайман. Қолаверса, кўплари ўз она тилини унутган. Болаларни қариндошларига бериш масаласи ўрганиляпти, ишончим комилки, ечим топилади”, деган Бобозода.

2019 йил 30 апрель куни бортида 84 нафар тожикистонлик бола ва ўсмир бўлган Ироқнинг Fly Erbil авиаширкати учоғи Душанбе аэропортига қўнган эди. Болалардан айримлари бир неча йил аввал ота-оналари билан бирга Ироққа жўнаган, баъзилари эса ўша ерда туғилган.

Президент Эмомали Раҳмон жорий йилнинг 9 апрель куни аҳоли вакиллари билан учрашув чоғида Суриядаги қочқинлар лагерларида сақланаётган 500 нафар тожикистонлик аёл ва бола ватанига қайтарилишини маълум қилган эди.

Кун янгиликлари

Коинотга учган туристлар Ерга соғ-омон қайтиб келди

Коинотга учган тўрт турист ерга 18 сентябрь куни қайтди.

Ердан коинотга илк бор туристларни олиб чиққан SpaceX ширкатининг Crew Dragon кемаси уч кунлик саёҳатдан сўнг ерга қайтди. Туристлар жойлашган капсула 18 сентябрь куни Атлантика океанига тушди.

Inspiration4 деб номланган мазкур экипаж 15 сентябрь куни НАСАнинг Кеннеди марказидан 15 сентябрь коинотга сафар бошлаган эди.

Бундан аввал июль ойида миллиардерлар Ричард Брэнсон, кейинроқ Жеф Безос ўз ширкатлари ишлаб чиқарган ракеталарда космосга саёҳат қилган эди.

Inspiration4 экипажини эса миллиардер Жаред Айзекман молиялаштирди ва “космос барча инсонлар учун очиқ бўлиши шарт” деган ғояни амалда исботлади.

38 ёшли Айзекман SpaceX ширкатига мазкур саёҳатни амалга ошириш учун қанча пул тўлагани ошкор этилмади. Айзекман ўзи билан коинотга геолог Сиан Проктор, АҚШ Қуролли кучлари фахрийси Крис Семброски ва шифокор Хейли Арсенони коинотга олиб чиқди.

Айзекман лидерликнинг, болалигида саратон касаллигини енгишга муваффақ бўлган Хейли умиднинг, геолог Сиан Проктор тараққиётнинг, собиқ ҳарбий Крис Семброски бағрикенглигнинг рамзи сифатида кўрилди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев туркияликларга фуқаролик берганликда айбланмоқда

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев суд залида.

Қирғизистонни 2011-2017 йилларда бошқарган Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва яна 8 собиқ амалдорга туркиялик бир неча кишига ноқонуний тарзда фуқаролик берганлик айблови билдирилди.

Атамбаев фуқаролик берган шахслар орасида 2021 йилнинг 31 майида Бишкекдан Туркия махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инанди ҳам бор. 53 ёшли Инанди Қирғизистондаги “Сапат” таълим тизими президенти бўлган.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, Қирғизистон фуқаролиги берилган 10 кишининг барчаси ҳозирда АҚШда яшаётган уламо Фатҳулло Гуланнинг тарафдори бўлган. Туркия ҳукумати Фатҳулло Гуланни 2016 йилда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши ташкилотчиси сифатида кўради. Гулан бу айбловни инкор қилган.

Ноқонуний фуқаролик бериш айблови Алмазбек Атамбаевдан ташқари собиқ Бош вазир Сапар Исақовга ва ҳукуматнинг собиқ 7 амалдорига ҳам билдирилди. Айни пайтда Сапар Исақовга нисбатан қидирув эълон қилинди.

2020 йилнинг 23 июнида Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни жиноят олами лидерларидан бири Азиз Батукаевни ноқонуний равишда қамоқдан бўшатганликда айбдор деб топиб, мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш билан 11 йил 2 ойлик қамоққа ҳукм қилган.

Толибон мактабга ўқувчи қизлар ва муаллималарни киритмади

Афғонистондаги бошланғич синф ўқувчилари.

Афғонистон мактабларида 18 сентябрда янги ўқув йили бошланди. Бироқ ўқувчи қизлар ва муаллималар мактабларга киритилмади. Мактабда ўқишни бошлашга фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчиларга рухсат берилди.

Толибон аввалроқ аёллар ва қизлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ҳамда таъминланишини билдирганди. Аммо Толибон Халқ таълими вазирлиги мактаблар мадраса сифатида фақат ўғил болалар учун очилишини маълум қилди.
Ҳозирда бошланғич синфлардагина қизларни ўғил болалардан ажратиб ўқитишга рухсат этилди.

ЮНИСЕФ Афғонистонда ўрта мактаблар қайта очилганини олқишлади, аммо ўқувчи қизлар ва ўқитувчи аёллар мактабга киритилмаётганидан ташқиш изҳор қилди.

Сўнгги 20 йилда Афғонистонда қизларнинг билим олиши кафолатланган ва аёллар ўртасидаги савдохонлик даражаси 30 фоизга ўсган эди.

АҚШ суди мультимиллионер Роберт Дёрстни уч кишини ўлдирганликда айбдор деб топди

Дёрстга нисбатан тергов 30 йилдан кўпроқ давом этди.

АҚШ суди мультимиллионер Роберт Дёрстни 2000 йилда дугонаси Сьюзан Берманни ўлдирганликда айбдор деб топди.

Reuters агентлигининг билдиришича, аввалроқ суд Роберт Дёрстни 1982 йилда хотини Кэтлин Маккормакни ва кейинроқ қўшни аёл Морри Блэкни ўлдирганликда айбдор деб топган эди. Суд Калифорнияда ўтказилмоқда.

78 ёшли Дёрстга нисбатан ҳукм 18 октябрда ўқилиши кутилмоқда. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Мультимиллионерга нисбатан тергов жараёни 30 йилдан ортиқ давом этди. Биринчи марта Дёрс 1982 йилда хотинини ўлдирганликда айбланиб қўлга олинганди. Бироқ 2001 йилда суд уни оқлаган эди.

Россияда сайловнинг иккинчи кунида овоз берганлар сони 31,5 фоизга етди

Чеченистондаги сайлов участкаларидан бири олдида рақс тушаётган санъаткорлар.

Россияда Думага сайловнинг иккинчи кунида, аннекция қилинган Қримни қўшиб ҳисоблаганда, сайловчиларнинг 31,5 фоизи овоз бериб бўлди. Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, бу кўрсаткичга электрон тарзда овоз берганлар қўшилмаган.

Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Давлат Думасига сайловлар биринчи кунида анъанавий сайлов участкаларида фуқароларнинг 16, 85 фоизи овоз беришда қатнашган.

Сайловни кузатиш жамоат штаби хабар беришича, сайловнинг биринчи кунида Москвада онлайн овоз беришда фаоллик 58 фоизни ташкил қилган.

Россияда 17 сентябрдан Давлат Думаси депутатлари сайлови бошланган эди. Сайлов уч кун давом этади. Маҳаллий ва минтақавий сайловлар ҳам ўтказилади.

Сайловчилар рўйхатида мамлакатда яшовчи 108 миллиондан ортиқ руслар, шунингдек, Россия Федерациясидан ташқарида икки миллиондан ортиқ фуқаролар ҳам бор.

Россияда Дума сайловларининг биринчи куни фаоллик 16,85 фоизни ташкил этди

Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Давлат Думасига сайловларнинг биринчи кунида сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 16, 85 фоизи овоз беришда қатнашган.

Гап анъанавий сайлов участкаларида қатнашиш ҳақида кетмоқда.

Сайловни кузатиш жамоат штаби хабар беришича, сайловнинг биринчи кунида Москвада онлайн овоз беришда фаоллик 58 фоизни ташкил қилган.

Россияда 17 сентябрдан бошлаб уч кун ичида Давлат Думасининг депутатлари сайланади.

Маҳаллий ва минтақавий сайловлар ҳам ўтказилади.

Сайловчилар рўйхатида мамлакатда яшовчи 108 миллиондан ортиқ руслар, шунингдек, Россия Федерациясидан ташқарида икки миллиондан ортиқ фуқаролар ҳам бор.

Пентагон Кобулда нишонни танлашда хатолик бўлганини тан олди

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги бошлиғи, Генерал Кеннет Маккензи 17 сентябрь куни матбуот анжуманида.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистонда 29 август куни дрон учоқлардан берилган зарба оқибатида 10 нафар тинч фуқаро - 7 бола ҳалок бўлганини тан олди.

Америка томони бу ҳодисани "фожиали хато" деб атади.

АҚШ ҳарбийлар Кобулнинг аҳоли зич ҳудудида портловчи моддалар ортилган деб гумон қилинган машинани нишонга олган.

Бу аслида америкаликларнинг хайрия фонди ходими ва унинг машинасида бомба эмас, сув бўлган.

Терговчилар, машина ҳеч қандай хавф туғдирмаган деган хулосага келишган.

Дастлаб, ҳарбийлар Кобулдаги "Исломий давлат" жангариларининг бошпаналаридан бирига зарба беришган деб ҳисоблашган.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги бошлиғи, Генерал Кеннет Маккензи жума куни Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида журналистларга автомобилнинг марҳум ҳайдовчиси Земари Аҳмадийнинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилди.

Маккензининг айтишича, зарбалар "Исломий давлат" Кобул аэропортига навбатдаги ҳужумга тайёргарлик кўраётганига "чуқур ишонч" билан амалга оширилган.

Ҳодисадан уч кун олдин аэропортда содир этилган теракт оқибатида 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, улардан 13 нафари америкалик аскарлар эди.

Хориждаги 500 минг россияликка ўз ихтиёри билан ватанга қайтиш таклиф қилинади

Россия Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги хорижда яшаётган камида 500 минг нафар россияликни ватанга қайтишга кўндириши лозим. Бу Россия ҳукумати қарорида кўзда тутилган, деб хабар бермоқда Finanz нашри.

Икки вазирлик мулозимлари гуруҳларга бўлинган ҳолда чет мамлакатларга сафар қилиб, россиялик муҳожирларга Ихтиёрий кўчишга кўмаклашиш бўйича давлат дастури ҳақида сўзлаб беришади.

Ҳукумат мулозимларга минтақавий кўчириш лойиҳаларига таянишни ва лойиҳани амалга оширишда федерал бюджет маблағларидан фойдаланишни тавсия этган.

Жаҳон Банки маълумотига кўра, 2017 йилда Россиядан ташқарида 10.6 млн нафар фуқаро яшаган. Бу мамлакат жами аҳлисининг 7.4 фоизини ташкил қилади. Россия – хорижга муҳожир бўлиб кетган фуқаролари умумий сонига кўра дунё мамлакатлари орасида учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Россияликларнинг 40 фоиздан ортиғи хорижда турмуш шароити яхшилигини ва ўз мамлакатларидаги беқарор иқтисодий вазиятни муҳожирликка кетиш ҳақида ўйлашга мажбур этувчи сабаблар ўлароқ кўрсатишади. Қарийб ҳар саккиз кишидан бири Россияда ҳукумат ва мулозимларнинг бебошлигидан ҳимояланиш имконияти йўқлиги туфайли чет элга кўчиб кетишни ўйлаётганини тан олади.

“Навальний” иловаси Google Play ва App Store дўконларидан ғойиб бўлди

“Навальний” иловаси Google Play ва App Store онлайн дўконларидан олиб ташланди. Бу ҳақда россиялик мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси маълум қилмоқда.

Иловада мухолиф сиёсатчининг сайтидаги хабарлар эълон қилинади. Унда “Ақлли овоз бериш” функцияси ҳам мавжуд.

“Навальний” иловасини компьютер орқали Google Play’дан ҳали ҳам юклаб олса бўлади, аммо дўконнинг мобил версиясида бунақа имконият энди йўқ. Шунингдек, App Store мобил версиясида ҳам илова ўчириб ташланган, деб хабар беради “Дождь” телеканали.

Бу воқеа 17 сентябрда – Россияда Давлат Думасига сайловларда уч кунлик овоз бериш бошланган куни эрталаб содир бўлди.

Сайлов арафасида “Роскомнадзор” АҚШнинг Google, Apple, Cloudflare ва Cisco IT-ширкатларини “Ақлли овоз бериш” иловасига блокни четлаб ўтишда кўмаклашаётганликда айблаган. Чет эл ширкатлари “Ақлли овоз беришга” ёрдамлашишни тўхтатишга оид талабни бажармаса, бу ҳукумат томонидан “Россия сайловларига четдан аралашиш” сифатида баҳоланади, дея баёнот берган “Роскомнадзор”.

Сентябрь бошларида Москва суди қидирув хизматларига “Ақлли овоз бериш” сўрови бўйича натижаларни чиқаришни тақиқлаган эди. “Яндекс” суд қарорини дарҳол ижро қилган, лекин Google уни бажаргани йўқ. Ширкатнинг Москвадаги офисига суд приставлари борган.

ЖБ: Марказий Осиёда 2,4 миллион одам иқлим ўзгаришларидан бошқа жойга кўчиши мумкин

Халқаро молия муассасасининг прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб, Марказий Осиёнинг 2,4 миллион аҳолиси иқлим ўзгаришлари муаммоси туфайли яшаш жойларини тарк этишига тўғри келади.

Бу ҳақда “Репост” интернет нашри Жаҳон банки хулосаларига таяниб, хабар бермоқда.

ЖБ прогнозларига кўра, яқин келажакда дунёнинг 216 миллион аҳолиси айнан иқлим ўзгаришлари туфайли бошпаналарини йўқотиши ва ички миграция ҳажмининг ортиши кутилади. Хусусан, Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг 5,1 миллион аҳолиси , шубҳасиз, ўз яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлади.

“Ўзбекистон аҳолисининг иқлим ўзгаришларидан жабр кўрадиган қисми мамлакат шимолидан Фарғона водийси ва Тошкент минтақаси атрофига тўпланиши эҳтимоли юқори. Бундай ҳолат Қозоғистон ва Тожикистоннинг ҳам нисбатан мўътадил минтақаларида аҳоли тўпланиши билан боғлиқ жараёнларга олиб келади.

Бу борада, иккинчи муаммо — зич аҳоли қатлами учун инфраструктура ва яшаш шароитлари барпо этиш лозим бўлади”, дейилади Жаҳон Банки ҳисоботида.

Ҳисоботда иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишнинг глобал инқирози халқаро келишув ва мажбуриятларнинг бажарилмаётгани, технологик тараққиёт ва экология муаммолари билан боғланади.

Россия: Давлат думасига сайловда овоз бериш жараёни бошланди

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Россия Давлат думаси депутатлари, губернаторлар, минтақавий ва шаҳар даражасидаги депутатлар сайлови бошланди. Овоз бериш уч кун давом этади ва 19 сентябрда якунланади.

Энг аввал сайлов участкалари Чукотка ва Камчаткада очилди.

Давлат думасига сайлов бир босқичда аралаш тизимда ўтказилади: 225 депутат – партиялар рўйхати бўйича ва яна 225 нафари бир мандатли округлардан сайланиши керак. Дума депутатлигига номзодларнинг федерал рўйхатида 14 та партия рўйхатга олинган. Булар: РФКП, “Яшиллар”, РЛДП, “Янги одамлар”, “Ягона Россия”, “Одил Россия – Ҳақиқат учун”, “Яблоко”, Улғайиш партияси, Россия эркинлик ва адолат партияси, “Россия коммунистлари”, “Фуқаролик платформаси”, “Яшил муқобил”, “Ватан” ва Пенсионерлар партияси.

Қатор номзодлар, биринчи галда Алексей Навальний тарафдорлари яқинда қабул қилинган экстремистик ташкилотлар фаолиятига алоқадор шахсларнинг сайловларда номзод сифатида кўрсатилишини тақиқловчи қонунга мувофиқ сайловга қўйилмаган.

Думада кўпчиликни ташкил қилиш учун 226 та, конституцион кўпчиликни ташкил қилиш учун эса 300 та мандат зарур.

Илк бор парламент сайловида электрон овоз беришга рухсат этилмоқда. МСК қарорига кўра, бу усулда фақат Москва, Мурманск, Нижегородск, Ярославль, Курск ва Ростов вилоятлари, шунингдек аннексия қилинган Қримдаги Севастополь шаҳри аҳолиси овоз бериши мумкин.

Сайлов бошланишидан бир кун олдин Алексей Навальний тарафдорлари “Ақлли овоз бериш” лойиҳаси доирасида тавсияларини эълон қилишди. Мухолифатчининг сафдошлари унда ўз фикрларига кўра “Ягона Россия” партияси вакилини енгиш учун энг кўп имкониятга эга номзодлар рўйхатини келтириб, уларга овоз беришни таклиф қилишган.

Арманистон Озарбайжонга қарши даъво аризаси билан Ҳаага судига мурожаат қилди

Озарбайжонлик ҳарбий Тавагард қишлоғи яқинидаги постда, Тоғли Қорабоғ, 2021 йил 18 январи

Тоғли Қорабоғ атрофида 2020 йили зиддият кучайган пайтда Озарбайжон ўз фуқаролари ва этник арманлар ҳуқуқларини бузганини иддао қилган Арманистон Ҳаагадаги Халқаро судга даъво аризасини топширди.

Ҳаага судининг 16 сентябрь куни ёйинлаган баёнотига мувофиқ, Арманистон Озарбайжонни “давлат томонидан дастакланган нафрат сиёсати” доирасида ўнлаб йиллардан бери “арманларни ирқий дискриминацияга дучор қилиб келган”ини иддао қилмоқда. Ереван мулоҳазасича, “арманлар тизимли дискриминация, оммавий қатллар, қийноқлар ва бошқа суиистеъмоллардан жабр кўришган”.

Ҳаага суди баёнотида Арманистон “бу ҳуқуқбузарликлар, фуқаролигидан қатъи назар, арман миллатига мансуб бўлган шахсларга қаратилган”ини иддао қилаётгани айтилган.

Расмий Ереван даъво аризасида 2020 йилнинг 10 ноябрь куни оташкесим тартиби кучга киргани ортидан “ҳатто жанговар ҳаракатлар тўхтаганидан кейин ҳам” Озарбайжон армани асирларни, гаровдагиларни ва қўлга олинган бошқа шахсларни ўлдиришда, қийнашда ва бошқа йўллар билан камситишда давом этган”ини билдирган.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Боку “қатъий тарзда ўзини ҳимоя қилиши”ни, худди шу каби ҳуқуқбузарликлар бўйича Арманистон томони айбланган даъво аризасини судга киритишни режалаётганини урғулаган.

Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар ўтган йили Тоғли Қорабоғ атрофида бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин таранглигича қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги олти ҳафталик уруш камида 6 минг 900 кишининг умрига зомин бўлган. 2020 йил ноябрида томонлар Москва воситачилигида ўқ отишни тўхтатишга оид келишувни имзолаганлар. Келишув шартларига кўра, Арманистон этник арманилар томонидан ўн йиллар давомида назорат қилиб келинган ҳудуднинг бир қисмини Озарбайжонга топширган.

Тинчлик келишувининг имзоланиши ва урушдаги мағлубият Арманистонда сиёсий инқирознинг юзага келишига сабаб бўлган.

ЖССТ ишлаб чиқаришдаги қоидабузарликлар важидан “Спутник V”ни маъқуллашни кечиктирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини маъқуллашни яна ортга сурди, ушбу масала ишлаб чиқарувчининг заводида қайта тафтиш ўтказилганидан сўнг ҳал қилинади. Бу ҳақда Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарининг ўринбосари Жарбас Барбоса маълум қилди.

“Ишлаб чиқарувчилар вакцина ишлаб чиқариладиган корхоналар зарур стандартларни жорий этишга розилигини тасдиқлаши лозим. “Спутник V” вакцинаси қўлланишини маъқуллашга келсак, ушбу жараён тўхтатиб турилади, чунки “Спутник V” ишлаб чиқариладиган фабрикалардан бири тафтиш қилинганида тегишли стандартларни жорий этишга розилиги аниқланмаган”, деди Барбоса.

Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти Шимолий ва Жанубий Америкадаги интернационал агентлик бўлиб, ЖССТнинг минтақавий бўлими сифатида иш юритади.

Июнь ойида ЖССТ экспертлар гуруҳи Уфадаги “Фармстандарт-УфаВИТА” корхонаси “Спутник V” ишлаб чиқаришда айрим қоидабузарликларга йўл қўяётганини аниқлаган. Эътирозлар атроф-муҳит мусофазаси ва кимёвий чиқиндилар мониторинги билан боғлиқ. Тафтиш хулосалари вакцина ишлаб чиқарувчиси ва Россия назорат идораларига юборилган.

“Спутник V” Россияда Гамалея номидаги марказнинг “Медгамал” фабрикасида, шунингдек “Биннофарм”, “Р-Фарм”, “Биокад”, “Генериум”, “Лекко” ва “Фармстандарт-УфаВИТА” фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилади.

“Спутник V” вакцинаси Jurabek Laboratories фармацевтика ширкати томонидан Ўзбекистонда ҳам қуйилмоқда. Аввалроқ ширкат вакиллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилажак “Спутник V” вакцинаси шу йилнинг октябрь ойида мамлакат ички бозорига чиқарилишини ҳақида маълум қилишган.

ЖССТ текшируви “Спутник V” ишлаб чиқарувчиси томонидан вакцинани рўйхатга олиш ҳақида ариза берилиши муносабати билан ўтказилган.

Қирғизистонда Қумтор олтин конига оид иш бўйича собиқ бош вазир қўлга олинди

Жўўмарт Ўтўрбаев

Қирғизистонда собиқ бош вазир Жўўмарт Ўтўрбаев Қумтор олтин конига оид иш бўйича коррупцияда гумонланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Тергов тахминича, Ўтўрбаев хорижий ширкат манфаати йўлида Қирғизистон сув кодекси ҳамда “Сув тўғрисида”ги қонун талабларини бузган. Иддаога кўра, собиқ бош вазир олтин кони бош режаси бўйича экологик экспертизасини ўтказишда давлат комиссиясига босим ўтказган ва икки музликнинг йўқ қилинишига розилик берган.

Август ойи бошида Қумтор иши бўйича собиқ бош вазир Темир Сариев ҳибсга олинганди. Тергов тахминига кўра, у кон иши туфайли юзага келадиган экологик зарар суммасини пасайтирган.

Миллий хавфсизлик қўмитасидаги сўроқда собиқ президент Асқар Ақаев ҳам бўлган. 2005 йилдан бери Москвада яшаётган Ақаев ўтган ой ўз ихтиёри билан Бишкекка келган. У тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган. Сўроқдан кейин у яна Москвага учиб кетган.

Қумтор конидаги ишлар Канаданинг Centerra Gold ширкати билан биргаликда олиб борилган, бироқ кейинроқ Қирғизистон ҳукумати конни миллийлаштириш жараёнини бошлаган. Шу йил август ойидан расмий Бишкек кон бўйича шартномани денонсация қилишга киришган.

Навальний сафдошлари вазир Лавров ва олигарх Дерипаска алоқаларига оид суриштирув эълон қилди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг эҳтимолий қариндошлари тадбиркор Олег Дерипасканинг хусусий учоқлари, уйлари ва меҳмонхоналаридан фойдаланади. Бунинг эвазига Лавров тадбиркорнинг бизнес манфаатларини ҳимоя қилади. Бу ҳақда Алексей Навальнийнинг тарафдорлари ўтказган суриштирувда айтилган.

Суриштирув Давлат думаси сайловида овоз бериш бошланишидан бир кун олдин эълон қилинган. Сайловда Лавров фамилияси “Единая Россия” рўйхатининг дастлабки бешталигига киритилган.

14 сентябрь куни “Важние истории” нашри Светлана Полякова исмли қандайдир аёлга оид суриштирувини эълон қилган: унинг оиласи 1 миллиард рубль қийматли мол-мулкка эгалик қилади. Нашр бу аёл Россия ТИВ раҳбари билан “яқин алоқада” эканини иддао қилган. Полякова “Россия ТИВда катта обрўга эга” бўлиб, вазирга алоқадор бизнес билан шуғулланган.

Шу йилнинг 1 август куни турк блогери Йўрук Ишик Эгей денгизи соҳилида, Бодрум ҳудудида “Saluzi” номли яхтани пайқагани, унинг бортида Россиянинг юқори мартабали мулозимлари, жумладан Лавров ҳам дам олганини ёзиб чиққан эди.

Навальний тарафдорлари Лавров бу яхтадан Светлана Полякова ҳамда унинг қизи билан бирга фойдаланганини иддао қилишмоқда ва бунинг исботи сифатида Полякованинг парвоз йўналишлари жадвали ҳамда қизининг ижтимоий тармоқлардаги хабар ва суратларини келтиришган. Айтилишича, бу яхта ижара ҳақини (ҳафтасига қарийб 500 минг доллар) Олег Дерипаска тўлаган.

Суриштирувда хулоса қилинишича, Лавровга расмий халқаро сафарларда нафақат Светлана Полякова ва қизи, балки Полякованинг онаси ва жияни ҳам ҳамроҳлик қилади. Навальний тарафдорлари улар Олег Дерипаскага қарашли хусусий учоқда дам олгани Европага кўп марталаб учишганини аниқлашган. Светлана Полякованинг қизи Полина эса Дерипасканинг меҳмонхоналари ва виллаларида бир неча бор дам олган.

Бунинг эвазига Лавров Дерипаскага ёрдам бериб келади, хусусан, вазир ундан халқаро санкциялар олиб ташланишига эришган, дейилган суриштирувда.

ТИВ вакили Мария Захарова Навальний тарафдорлари тайёрлаган материални “сохта суриштирув” деб атаб, бу каби лойиҳалар чет эл махсус хизматлари томонидан дастакланишини айтган. “Лавровнинг профессионаллигига энг ашаддий рақиблари ҳам шубҳа қилишмайди. Унинг обрў-эътибори мустаҳкам”, деган Захарова.

Туркманистон Туркий кенгашнинг тўлақонли аъзосига айланади

Туркий кенгашнинг бундан олдинги йиғилиши 2019 йилнинг 15 октябрида Озарбайжонда ўтган эди.

Жорий йилнинг октябрида Туркманистон Туркий кенгашнинг тўлақонли аъзосига айланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Озарбайжоннинг Report.az нашри Туркия бош вазири Бинали Йилдиримга таянган ҳолда хабар берди.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги июнь ойи охирларида Ашхабод Туркий кенгашга махсус мақом билан аъзо бўлиш имкониятини ўрганаётганини билдирган эди.

Туркий кенгашнинг VIII саммити 12 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади. Туркия бош вазири Бинали Йилдиримга кўра, йиғилишда Туркий кенгаш номи “Туркий тилли давлатлар ташкилоти” деб ўзгартирилиши режалаштирилган.

Айни пайтда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия мазкур ташкилотга тўлақонли аъзо, Венгрия эса кузатувчи мақомига эга. Ташкилотга 2009 йилда асос солинган.

Қирғизистонда Тожикистоннинг икки фуқароси умрбод қамалди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистоннинг Боткен вилоят суди Тожикистоннинг икки фуқароси – Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, улар Қирғизистон Жиноят кодексининг “Тинчликка қарши жиноят” ва “Талончилик” моддалари асосида айбдор деб топилган.

Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоров апрель-май ойларида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма пайтида қўлга олинган. Ҳозирча Тожикистон ҳукумати ўз фуқароларининг қамалиши юзасидан муносабат билдирмади.

Тожикистон-Қирғизистон чегарасида 28 апрелдан 1 майгача содир этилган қуролли тўқнашув пайтида қирғиз томонидан 36 киши, жумладан, 2 ёш бола ҳалок бўлган, 180 дан ортиқ киши яраланган. Жами 136 ҳовли-жой, бир нечта мактаб, болалар боғчаси ва бошқа ижтимоий объектларга ўт қўйилган.

Тожикистон томони эса тўқнашувда 19 киши ўлгани, 87 киши яраланганини билдирган. Мазкур ҳодисада томонлар бир-бирларини айблаган.

КХШТ вазирлари Афғонистон таҳдид қилган тақдирда Тожикистонга ёрдам кўрсатишларини билдирди

Тожикистонда шу кунларда КХШТ ва ШҲТ саммити ўтмоқда.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти – КХШТга аъзо давлатлар Афғонистон таҳдид қилган тақдирда Тожикистонга ёрдам кўрсатишга ваъда бердилар. Афғонистондаги вазият 15 сентябрь куни Душанбеда ўтган КХШТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Мудофаа вазирлари кенгаши ва Хавфсизлик кенгаши котиблари қўмитасининг қўшма йиғилишида асосий мавзу бўлди.

КХШТ Бош котиби Станислав Зась Душанбе йиғилишида аъзо давлатлар Афғонистон тинчлик ўрнатилган, барқарор, террорчилик ва наркотиклардан ҳоли давлат бўлиши лозимлиги тўғрисда БМТ қабул қилган резолюцияни қўллаб-қувватлаганларини айтди.

Айни пайтда Зась Афғонистон билан чегараларда хавфсизликка таҳдид пайдо бўлса «аъзо давлатлар Тожикистонга барча керакли ёрдамни кўрсатишлари»ни таъкидлади.

1992 йилда ташкил этилган КХШТга Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон аъзо бўлган.
Тожикистон – Афғонистон чегарасининг узунлиги 1300 километрни ташкил қилади.

Толибон лидерларидан бири Бародар ички низо оқибатида ўлдирилгани тўғрисидаги хабарларни рад этди

Бародар қисқа интервьюси давомида Толибон ҳукумати ичида низолашув борлиги тўғрисидаги маълумотларни инкор қилди.

Толибон лидерларидан бири ва Бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Бародар ички низо оқибатида ўлдирилганини тўғрисидаги хабарларни рад этди.

“Бу ҳақиқатга зид. Мен соғ-саломатман”, -деди Бародар телевидениега берган интервьюсида. Мазкур интервьюни Толибоннинг Доҳадаги сиёсий офиси Твиттер саҳифасида эълон қилди.

Бародар қисқа интервьюси давомида Толибон ҳукумати ичида низолашув борлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳам инкор қилди.

Аввалроқ Афғонистонда Бародар кўринмай қолгани, у ўз тарафдорлари ва Толибонга алоқадор Ҳаққоний тармоғи аъзолари билан бўлган оммавий муштлашувда ўлдирилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

Россиялик фойдаланувчилар Google Docs блокировка қилинганини билдирмоқда

Россия ҳукумати ҳозирча блокировка тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирмади.

Россиялик фойдаланувчилар 15 сентябрдан бошлаб Google Docs блокировка қилинаётгани тўғрисида хабар бермоқда.

"Медиазона" нашрининг ёзишича, ntc.party сайти фойдаланувчилари Google Docsга кириб бўлмаётганидан шикоят қилган. GlobalCheck лойиҳаси ҳам мазкур муаммо тўғрисида хабар берди.

GlobalCheck ва Роскомсвобода лойиҳаларининг билдиришича, Google Docsда 19 сентябрда ўтадиган сайловда Алексей Навальний тарафдорлари жойлаштирган “Ақлли овоз бериш” платформаси мавжуд. Ҳукумат мана шу сабабдан ҳам Google Docsни тўсаётган бўлиши мумкин.

16 сентябрь куни эрталаб "Код Дурова" телеграм-канали Google Docsга кириш юз фоиз фойдаланувчилар учун қайта тикланганини билдирди.

Россия ҳукумати ҳозирча блокировка тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирмади.

АҚШ, Британия ва Австралия мудофаа альянсини ташкил этди

Уч давлат раҳбарлари видеоалоқа орқали саммит ўтказмоқда.

Австралия, Британия ва АҚШ мудофаа ва хавфсизлик соҳасида янги альянс – AUUKUS ташкил этганини билдирди.

«Мазкур ташаббус ҳар биримиз тез ривожланаётган таҳдидлардан ҳимояланиш учун энг замонавий воситаларга эга бўлишимизга қаратилган»,-деди АҚШ президенти Жо Байден.

АҚШ, Британия ва Австралия Хитойнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги ҳарбий ҳозирлиги кучайиб бораётганидан ташвишланмоқда. Уч давлат Хитойнинг минтақадаги таъсирини озайтиришни мақсад қилган.

AUUKUS доирасида Австралия ядровий қуролга эга бўлмаган атом сув ости кемалари билан таъминланади.

2017 йилда Австралия Франциянинг Naval Group кемасозлик ширкати билан 66 миллиард долларлик шартномани имзолаган эди. Шартномага асосан Франция Австралияга 12 та сув ости кемаси етказиб берадиган бўлган.

AUUKUS ташкил этилиши ортидан Австралия Франция билан имзоланган шартномани бекор қилди.

Франция ҳарбийлари «Саҳрои Кабирдаги Ислом давлати» лидерини ўлдирди

Малидаги Француз ҳарбийси мамлакат байроғини кўтармоқда.

Франция ҳарбийлари «Саҳрои Кабирдаги Ислом давлати» лидери Аднан Абу Валид ал Сахравийни ўлдиргани тўғрисида 16 сентябрга ўтар кечаси президент Эммануэль Макрон Twitter саҳифасида маълум қилди.

«Саҳрои Кабирдаги Ислом давлати» жангарилари Мали, Нигер ва Буркино-Фасо давлатларида кўплаб террор ҳаракатларини содир этган. Сўнгги пайтларда мазкур минтақада тинч фуқароларга нисбатан ҳужумлар кўпайган.

Франция Мали, Ҳабашистон, Буркина-Фасо, Нигер ва Чадга экстремистик гуруҳларга қарши курашда кўмак кўрсатиб келади. БМТ ва Европа Иттифоқи миссияси доирасида Малида Германиянинг бир неча юз аскари ҳам жойлаштирилган. Мазкур ҳудудда 5100 француз ҳарбийси бор.

Путин ўз атрофидаги ўнлаб киши коронавирусга чалинганини билдирди

Душанбеда ўтаётган КХШТ саммитида Путин онлайн иштирок этмоқда.

Россия президенти Владимир Путин ўз атрофидаги кишилардан “бир ёки икки нафари” эмас, балки “бир неча ўн киши” коронавирусга чалинганини билдирди.

Душанбеда ўтаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти - КХШТ саммитида онлайн иштирок этаётган Путин ўз нутқида мана шу сабабли Тожикистон пойтахтига бора олмаганини таъкидлади.

Владимир Путин 13 сентябрь куни ўзини изоляциялаш режимига ўтиши ҳақида билдирган эди. Кремль Россия президенти Тожикистон пойтахти Душанбеда ўтадиган КХШТ ва ШҲТ саммитларига бормаслиги маълум қилган. У мазкур саммитларда онлайн тарзда иштирок этади.

Душанбеда ўтадиган мазкур икки саммитининг асосий мавзуси Афғонистондаги вазиятни муҳокам қилишдир. Аввалроқ Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам ШҲТ саммитга келмаслиги хабар қилинган.

Тарихда илк бор коинотга профессионал астронавтсиз экипаж парвоз қилди

Dragon фазо кемаси

АҚШда 15 сентябрь куни “SpaceX” ширкатининг “Dragon” фазо кемаси коинотга парвозлар тарихида илк бор профессионал астронавтларсиз орбитага учди. Экипаж аъзолари бўлмиш тўрт кишининг барчаси космик сайёҳ бўлиб, улар Ер орбитасида уч кун бўлишади.

Мазкур ғоя америкалик миллиардер Жаред Айзекманга тегишли. Коинотга у билан бирга St. Jude болалар онкологияси шифохонаси ҳамшираси, лотерея ғолиби ва шаҳар коллежи ўқитувчиси парвоз қилишган.

Парвоздан расмий мақсад – болалар касалхонаси учун хайрия маблағлари йиғиш. Саёҳат сарф-харажатларини Айзекман тўлайди, бироқ бу қанчага тушиши очиқланган эмас.

Ушбу “Dragon” автоматик фазо кемаси коинотда олдин ҳам бўлган. У астронавтларни Халқаро космик станцияга (ХКС) этиб қўйганди. Уни Ер орбитасига олиб чиқиб, ортга қайтадиган “Falcon” ташувчи ракетаси эса аввал ҳам уч марта фазо кемаларини учиришда қўлланган.

Айзекман илтимосига биноан парвоз ноодатий баланд орбитада – Ер сатҳидан 575 километр ва ХКС айланадиган орбитадан 160 км юксакда кечади. Бошқарув жараёни тўлиқ автоматлаштирилган бўлса-да, парвоз иштирокчилари фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилишни ўрганиш учун олти ойлик тайёргарликдан ўтишган.

Мазкур парвоз, иштирокчилар ва ташкилотчилар умид қилишича, фазовий сайёҳликни оммалаштиришда муҳим қадам бўлади.

“SpaceX” ширкати навбатдаги сайёҳлик парвозини келгуси йил бошларида амалга оширишни режаламоқда. Унда уч нафар тадбиркор собиқ астронавт ҳамроҳлигида ХКСга жўнаб кетиши кутиляпти.

“Time” журнали Навальнийни дунёнинг энг нуфузли кишилари рўйхатига киритди

Петербургда Навальнийга бағишланиб чизилган граффити қаршисида турган полициячи

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний “Time” журнали томонидан тузилган анъанавий “Дунёнинг 100 нафар энг обрўли кишилари” рўйхатидан жой олди.

Навальний ҳақидаги эссени россиялик бошқа таниқли мухолифатчи Гарри Каспаров ёзган ва у журналда “Кумирлар” тоифасида эълон қилинган. Ушбу бўлимга Навальнийдан ташқари Британия шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл, америкалик хонанда Бритни Спирс, эронлик ҳуқуқбон Насрин Сотуде ва бошқалар кирган.

Каспаровнинг ёзишича, “дунёда ҳамма шахсий манфаатларини ҳимоя қилишга ва ўз жонини сақлаш тобора кўпроқ интилаётгани пайтда Навальний бу йил фидокорлик ва жасорат кўрсатиб, иложсиз ишни амалга оширган”. Бунда мухолифатчининг жорий йил январида Россияга қайтгани ва қамоққа олингани назарда тутилмоқда.

“Эндиликда Навальний Россиянинг энг ёмон қамоқхоналаридан бирида ўтирибди, унинг тақдири, мавжуд далилларга кўра, режимининг мисли кўрилмаган даражада коррупциялашиб кетганинини фош этгани учун Навальнийнинг жонига қасд қилишга уринган диктатор қўлида. Навальний ўз мамлакатида ўзгаришлар бўлишига эришиш учун борлиғини хавф остига қўйишдан бўлак чора топа олмади. Бу қўрқмас инсоннинг куч-қудратини Путиндек чексиз ҳокимият эгаси ҳам тан олади”, деб ёзган Каспаров “Time”да эълон қилинган эсседа.

Бир пайтлар “Йил одами” ўлароқ “Time” муқовасида чиққан Путиннинг ўзи бу сафар энг нуфузли кишилар юзталигида йўқ. “Етакчилар” тоифасида, жумладан, АҚШ президенти Жо Байден, унинг салафи Дональд Трамп, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Исроил бош вазири Нафтали Беннеттлар қайд этилган.

Алексей Навальний шу кунда ўтмишдаги “Ив Роше” ширкатига оид жиноят иши бўйича колонияда қамоқ жазосини ўтамоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари уни сиёсий маҳкум деб тан олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG