Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2018, Тошкент вақти: 17:33

Тожикистонда аёллар ортидан эркаклар миллий либоси ҳам “тартибга солинмоқда"


Ҳукумат томонидан тожик хотин-қизларига тавсия этилаëтган миллий либослар намунаси.

Тожикистон Маданият вазирлиги яқин кунларда эркаклар миллий либоси намуналарини аҳоли эътиборига ҳавола қилишини билдирди.

Айни пайтда 13 февраль куни вазирлик ходимлари эркаклар миллий кийими деганда ўтган асрлардаги пахта кўйлак ва иштон ёки шалвор, тўн ва чопон назарда тутилаëтганини Озодликка шарҳлашни истамади.

Ўтган йил Маданият вазирлиги аёллар ҳамда ёшлар ишларига оид қўмиталар вакилларидан иборат давлат комиссияси хотин-қизлар учун миллий либос намуналарини тайёрлаб, “Тожикистон қизлари ва аёллари либослари ҳақидаги тавсиялар” номли ҳужжат чоп этган эди.

Намуналарни тайёрлаш чоғида аёлларнинг ёши ва йилнинг тўрт фаслида фойдаланишлари ҳисобга олингани билдирилган эди.

Маданият вазирлиги тожикистонлик эркаклар учун ҳам миллий либос намуналари тайёр бўлаётганини билдирди.

Замонавий Тожикистонда эркаклар фақат уй шароитида, аза ёки тўй маросимларида миллий либос кияди.

Миллий либослар коллекционери Жаъфар Жалол Озодлик билан суҳбатда кўчада миллий либос кийган эркакни кўрган шахс оиласида бирон фожиа юз берган деб ўйлаб¸ таъзия билдиришини айтади:

- Эркакларни фақат аза маросимда чопон, дўппи ва белбоғ билан кўриш мумкин. Ҳатто дўппи кийган эркак жамиятда азада бўлган шахс сифатида кўрилади, - деди Жаъфар Жалол.

Миллий либослар тадқиқотчиси Сайидали Гадоевнинг айтишича, ҳозирги шароитда Тожикистонда миллий либос қўшиқчилар, раққосалар ва қишлоқ аҳолиси орасида сақланиб қолган.

Сайидали Гадоевга кўра, Тожикистонда ҳам минтақанинг қолган қисмидаги каби шаҳарларда эркаклар европача кийинади.

Душанбелик Шуҳрат шаҳарга миллий либос билан чиқиш маданий қолоқлик ифодаси сифатида кўрилишини айтади:

- Шаҳарда бундай кийим билан юрган эркакни одамлар кўриб кулишади, масхара қилашди. Шунинг учун биз, йигитлар европача уст-бош кийиб, галстук тақиб кӯчага чиқамиз, - деди Шуҳрат.

Таҳлилчилар фикрича, 20-аср бошларида ҳозирги Тожикистон ҳудудида эркаклар турли хил ва бир-биридан фарқли либос кийган.

СССР даврида миллий либос давлат идоралари, мактаблар ва кўчаларидан аста-секин йўқола борган.

Ҳозир тожикистонлик эркакларнинг қайси минтақадан эканини улар кийган дўппиларидан аниқлаш мумкин.

Бадахшон, Дарвоз ва Кўлоб минтақаларида эркаклар рангли ва гуллик дўппи кийса, Сўғд вилоятидаги дўппи “Чуст” ёки “Тўрт гулли” номи билан машҳурдир.

2014 йили Тожикистонда “Оналар куни” сифатида нишонланадиган 8 март байрамида фаоллар билан учрашган президент Раҳмон мамлакат шаҳар ва қишлоқларида “тожик маданияти ҳамда анъаналарига зид равишда” қора кийим кийиб юрган тожик аёллари пайдо бўлганидан ташвиш билдирган эди.

Бундан авваллари ҳам Тожикистонда “тожикча анъаналар ва қадриятларни тарғиб қилишга” қаратилган қатор қонунлар қабул қилинган эди.

Жумладан, қонунларда исломий экстремизм ва фундаментализм рамзи сифатида кўрилаëтган аëлларнинг узун қора кийим ва ҳижоблари тақиқланган эди.

2017 йилда эса Диний қўмита азада қора кийишни ҳам тақиқлаб¸ тожикистонликларга мотам маросимларида ота-боболаридан қолган кўк чопон кийишни тавсия қилди.

Охирги 5 йил давомида Тожикистон ҳукумати диний экстремизмга қарши курашиш важи билан барча турдаги диний фаолиятни ӯз назорати остига олди: жомеъ масжидлар имомларини тайинлашдан бошлаб, аёллар либоси, эркаклар соқоли, масжид ва ҳажга борувчилар ёши устидан назоратни кучайтирди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG