Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:50

Тожикистонда кекса ота-онасини боқишдан бош тортганларга жазо кучайтирилади


Тожикистон парламенти 2017 йил 21 декабрь куни мамлакат Жиноят кодексига киритган қўшимчага биноан кекса ота-оналарига васийлик қилишдан воз кечганларга нисбатан жазо кучайтирилади.

Олдин масъулиятсиз фарзанд 120 дан 180 соатгача мажбурий меҳнат ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этиларди.

Тожикистон Миллий Мажлисининг юқори палатаси 21 декабрда Жиноят кодексига ўзгартиришлар киртиб, кексайган ота–онага қарашда масъулиятсизлик қилган шахсларга нисбатан жазо чораларни кучайтирди.

Тожикистон парламенти Қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари қўмитасининг аъзоси Бахтовар Сафаровнинг Озодлик радиосига айтишича, Жиноят кодексининг “Қариган ота-онага атайлаб қарамаслик” моддасига ўзгартириш киритилди ва бундан буён сабабсиз ва атайлаб ота-онага ғамхўрлик қилишдан бош тортган фарзанд 3 йилга қамалади.

2016 йил май ойида Тожикистонда бўлиб ўтганреферендумда Конституцияга “меҳнатга лаёқатли шахслар ота-онани молиявий жиҳатдан таъминлаш” борасида ўзгартириш киритилганди.

Консерватив тожик жамиятида фарзандлар ота-онага ҳурмат ва уларга ғамхўрлик қилиш руҳида тарбияланади.

Аммо охирги йилларда иқтисодий қийинчиликлар ортидан бу ахлоқий қадриятга бир қадар путур етгани айтилади.

Тожикистонда илк бор ўтган йил суд қария онанинг фарзандига нисбатан даъвосини кўриб чиқди.

Жанубий Тожикистондаги Қубодиён туманида яшовчи 82 ёшлиСангин Мирзоева унга қарашдан бош тортган ўғли устидан судга шикоят қилди.

Суд бу ишни кўриб чиқиб, фарзандни онасига ҳар ой 80 сомоний ёки қарийб 10 доллар миқдорида ёрдам кўрсатишга ҳукм этди.

Сангин она ўша пайт Озодлик радиосига бундай деганди:

”Ўғлимни тарбия қилиб, вояга етказдим. Уйлантирдим. Ҳозир кексайиб, касал бўлиб қолдим. Энди у менга ёрдам кўрсатиши шарт,”- деб айтганди Сангин она.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили 2015 йилга нисбатан кекса ота-оналарни фарзандлар томонидан қариялар уйиларигатопшириш ҳоллари қарийб 10 фоизга кўпайган.

Тожикистон парламенти қуйи палатасини ижтимоий масалалар, оила ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Ҳилолби Қурбонзоданинг айтишича, бундай вазият жиддий муаммога айланган.

“Расмий манбаларга кўра, ҳозир Тожикистон кексалар интернатларида мингдан ортиқ ёши олтмишдан ўтган қария яшамоқда. Афсуски, бундай кексалар сони ҳар йили кўпайиб бормоқда. Олдин кекса ота-онани интернатга топшириш жамиятда шармандалик ҳисобланарди, эди бу бир оддий ҳолатга айланган”, - деди Ҳилолби Қурбонзода.

Тожикистонда кексалар учун 43 интернат мавжуд бўлиб, уларда уч мингдан ортиқ қария яшайди.

XS
SM
MD
LG