Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:55

Тожикистонда қайнона-келин муносабатлари ўрганилди


Тожикистоннинг консерватив жамиятида қайнона томонидан келинга руҳий босим ўтказиш ва ҳаттоки уни уриш ва таҳқирлаш ҳолатлари учраб туради.

Халқаро «International Alert» ва мустақил ташкилотлар томонидан Тожикистонда ўтказилган «Қадрли ҳаёт» лойиҳаси шундай хулосага келди.

Лойиҳа доирасида 80 оилада қайнона ва келин муносабатлари ўрганиб чиқилган.

52 яшар Қурбонгул Бобиеванинг хонадонида тўрт келин бор.Қурбонгул келинлари билан жанжаллашмаслиги, тинч-тотув яшашини айтади.

Зеро у келинлик пайтида қайнонаси жабрини кўрган: тинимсиз руҳий ва жисмоний таҳқирлашларни бошдан ўтказган.

Қурбонгул Бобиеванинг фикрича, ҳозирги келинлар "кўнгли нозик", гап кўтармайди, тез-тез эрлари билан можаро қилишади ва аразлаб қизлик уйларига кетиб қолишади.

«Ҳозирги келинлар қайнона, қайнотани ёқтирмайди. Эрининг ака-ука ва опа-сингили билан яшашни хоҳламайди. Улар етим йигитларга турмушга чиқишни афзал кўришади» -дейди Қурбонгул Бобиева.

Хатлон вилоятида яшовчи 18 яшар Нозаниннинг ишонишича, агар қайнона келинига яхши муносабатда бўлса ва ўз қизидек кўрса, келин ҳам, қайнонасига хизмат қилиш, унинг ҳурматини бажо келтиришга ҳаракат қилади.

«Мен фақат келинга эр хонадонида азоб берилгани, унинг руҳий ва жисмоний камситилгани ҳақида кўп эшитаман. Айни шу қўрқув сабабли эрга чиқишни истамайман ёки турмушга чиқсам ҳам, етим, ҳеч кими йўқ йигитга турмушга чиқишни хоҳлайман» - дейди Нозанин.

Халқаро «International Alert» ва мустақил ташкилотлар томонидан Тожикистонда амалга оширилган «Қадрли ҳаёт» лойиҳасида қатнашган мустақил «Фародис» ташкилотининг раҳбари Меҳринисо Тўхтаеванинг айтишича, шимолий Тожикистондаги Панжакент ва жанубий минтақадаги Жомий туманларида 80 можароли ва нотинч оилада қайнона ва келин орасидаги муаммолар илдизлари ўрганилган ва муаммо ечими кўрсатилган.

«Одатда кайнона учун қизи келинидан юқори туради. Ҳатто келин эри билан ота-онаси уйига боришга ҳаққи йўқ. Биз қайноналарга бундай муносабат нотўғри экани ва келин билан ўз фарзандидек муомала қилиш лозимлигини тушунтирдик. Оилада «Эр бўлганидан кейин уради-да» деган тушунчаларга чек қўйишга чақирдик» - деди Меҳринисо Тўхтаева.

Расмий маълумотларга кӯра, Тожикистонда аёллар мамлакатнинг аҳолисининг 57 фоизини ташкил этади.

Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилотларига кўра, аёлларнинг учдан бир қисми эрларининг яқинлари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқларга дуч келадилар.

Натижада, баъзи ёш аёллар орасида ўзини осиш, дарёга ташлаш ёки сирка ичиш йўллари билан ўз жонларига қасд қилиш ҳоллари юз бериб туради.

Тожикистонда маиший зўравонликлар жонига теккан келинларнинг қайнона ҳаётига қасд қилган ҳолатлари ҳам кузатилади.

Икки йил олдин Тожикистоннинг Кубодиён туманида икки келин қайнонасини ваҳшийларча ўлдириб, кейин жасадини ёндириб юборганди.

Кубодиён туманида суд бу икки келинни умумий ҳисобда 43 йилга озодликдан маҳрум қилган.

XS
SM
MD
LG