Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2022, Тошкент вақти: 14:19

Тожикистон ва Қирғизистон Россия билан савдода рублга ўтди. Фойда ва зарари


Қирғизистон Россия билан ўзаро ҳисоб-китобда рублдан фойдаланишга ўтди. Газ ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳам Россия валютасида харид қилинади.

Украинада уруш бошланиши билан Ғарб мамлакатлари Москвага қарши қатор санкцияларни жорий этган эди. Шундан сўнг Россия асосий ҳамкорлари билан ташқи савдони рублда юритадиган бўлди. Улар сирасида Тожикистон ва Қирғизистон ҳам бор.

Қирғизистон Россия рублида ҳисоб-китоб қилади

Россия Қирғизистоннинг иқтисодий ва сиёсий ҳамкори саналади. Томонлар ўзаро савдода рублдан фойдаланишга ўтди. Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев мазкур қарорга Москвага қарши жорий этилган Ғарб санкциялари сабаб бўлганини тасдиқлади. Мулозимга кўра, Россия-Қирғизистон савдо айланмасидан ташқари, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари (ЁММ) харидлари ҳам тўлиқ рублда амалга оширилади.

“Рублга тўлиқ ўтдик, десак ҳам бўлади. Чунки Россия SWIFT тизимидан узилган, амалиётни бошқа валютада амалга ошириш имкони йўқ. Россия билан божхона иттифоқида бож тўловлари рублда ва сомда ўтказилади”, деди Данияр Амангелдиев.

Илгари Қирғизистон газ ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини Россиянинг “Газпром”идан долларга сотиб оларди. Мулозим бу олди-сотдида рублга ўтиш натижасида Россия валютаси курси бир оз кўтарилганини қўшимча қилди.

Рублга ўтишнинг фойдаси ва зарари

Россия иқтисодиёти ҳамда валютаси оғир синовларга дуч келган айни дамда Қирғизистон-Россия савдосининг рублга ўтказилиши нималарга олиб келади?

Иқтисодий масалалар бўйича эксперт Темирбек Ажиқулов Қирғизистон олдин ҳам Россиядан айрим маҳсулотларини рублга харид қилганини эслатади. Россия валютасига тўлиқ ўтишнинг фойдали ва хатарли томонлари хусусида у шундай фикр билдирди:

“Масалан, Россиядан техника ва қурилиш материалларини рублга сотиб олардик, лекин газ ва бензинга фақат долларда ҳақ тўланарди. Газ билан ЁММ учун рублда пул тўлай бошласак, бу бизга фойдали бўлади. Арзонроққа тушади. Айни чоғда Хитой, Туркия ва Европа мамлакатлари билан ҳам тижоратимиз борлигини ва улар долларда ҳисоб-китоб қилишларини унутмаслигимиз керак. Яна бир катта масалалардан бири – Россия кўпдан бери ЕОИИ ҳудудида ягона валютага ўтишга қистаб келаётганидир. Бу биз учун хайрли эмас. Чунки иқтисодиётимиз кичик, ЕОИИга аъзо бошқа мамлакатлар иқтисодиёти билан рақобатга дош беролмаймиз. У ҳолда четдан келтирилажак барча маҳсулотларни Россия орқали олиб киришга мажбур бўламиз”.

2021 йилда Қирғизистоннинг маҳсулот айланмаси 7,2 млрд долларни ташкил қилган, шундан 2,2 млрд доллари (31,2 фоизи) Россия ҳиссасига тўғри келган эди. Ўтган йилда Россиядан Қирғизистонга жами 1,9 млрд долларлик маҳсулот импорт қилинган.

Сўнгги йилларда Қирғизистон ташқи савдо айланмасида Хитойнинг улуши тобора ортаётган бўлса-да, энг муҳим стратегик товарлар – газ, нефть маҳсулотлари, қурилиш ашёлари ва ғалла ҳануз Россиядан келтирилмоқда. Москва Бишкек учун нафақат савдо-иқтисодий, балки ҳарбий соҳада ҳам асосий ҳамкорлардан биридир.

Россия Тожикистондаги вазиятни кузатмоқда

Қирғизистон билан бир пайтда Тожикистон ҳам ташқи савдода рублдан фойдаланишга ўтди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Завқи Завқизода ўтган ҳафтада тожик ширкатларининг 70 фоизи Россиядан импорт қилинадиган маҳсулотлар учун рублда ҳақ тўлашга доир шартномага имзо чекканини маълум қилди.

“Бу жуда яхши кўрсаткич. Жорий йилнинг май ойида МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтган эди. Мазкур анжуман давомида аъзо давлатлар томонидан ўзаро ҳисоб-китобда миллий валюталардан фойдаланишдек муҳим ҳужжат қабул қилинган”, деди Завқизода.

Тожикистонлик эксперт Абдуманнон Шералиев Тожикистон билан Россиянинг ўзаро ҳисоб-китобда рублга ўтганини валюта бозорини тартибга солиш учун яхши шароит ўлароқ баҳолайди. Унинг фикрича, мазкур чора мамлакат иқтисодиётининг доллар дефицитидан қутулишига ёрдам беради.

Молиявий таҳлилчи Фозилжон Фатуллоев эса Россия рублининг барқарорлиги мигрантлар учун фойдали бўлиши билан бирга, экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг сарф-харажатларини кўпайтиришини айтади.

Тожикистон ва Россия президентлари жорий йилнинг 28 июнида учрашишган. Ўшанда 2022 йилнинг дастлабки 5 ойида икки мамлакат ўртасида маҳсулот айланмаси 50 фоизга ошгани қайд этилган, бироқ бундай кескин ўсиш хусусида бирон изоҳ берилмаган эди.

Россия ЕОИИ доирасида ягона валюта – рублга ўтиш ташаббусини илгари суриб келади. Масала кўпдан бери муҳокама қилинмоқда, Қозоғистон ва бошқа аъзолар ушбу таклифни келажак лойиҳаси ўлароқ дастакламади.

Яқинда АҚШ Молия вазирлиги санкцияга киритилган товарларнинг Россия ва Беларусь бозорларига етказишда қўлланиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини эълон қилган эди. Рўйхатда Қирғизистон ва Тожикистон ҳам бор. Ҳужжатда бу мамлакатлар санкция остидаги товарларни хомашё сифатида қонуний тарзда сотиб олиши мумкинлиги, бироқ уларни Россия ёки Беларусга экспорт қилиш тақиқланиши урғуланган.

Форум

XS
SM
MD
LG